Мулк хуқуқи(Миср)
Download 130.86 Kb.
|
Мулк хуқуқи
- Bu sahifa navigatsiya:
- “кудурру” (чегара, оралиқ)
Мулк хуқуқи(Месопатамия)
Xаммурапи ҳукмронлиги даврида хусусий мулкчилик энг юқори даражага эришган. Бобилда ерга эгаликнинг хилма-хил шакллари мавжуд бўлган. Булар: подшо ерлари, ибодатхоналарнинг ерлари, жамоа ерлари ва хусусий ерлардир. Подшо ерлари ҳам, ибодатхоналарнинг ерлари ҳам подшо томонидан идора этилган ва муҳим даромад манбаи бўлган. Давлат ерлари подшо ерлари сифатида, саройга тегишли ерлар сифатида кўрилган. Подшо бундай ерларнинг бир қисмини майда ишлаб чиқарувчиларга (деҳқонларга) бериб, эвазига натура тарзида ҳақ олиб турган; баъзан деҳқонларга ер билан бирга зарур ишлаб чиқариш қуроллари ва ашёлар ҳам берилган. Подшо ўз ерларининг бошқа қисмини мансабдор шахсларга ва жангчиларга маълум хизматлар ўташ шарти билан бериб қўйган. Чиновникларга ва жангчиларга берилган ер участкалари хизмат ўтаётган вақтлари давомида уларнинг қўлида бўлган ва ўғиллари ўша хизматни давом эттирса, уларга мерос бўлиб ўтган. Жангчиларга ер участкалари билан бирга баъзан ерга бириктириб қўйилган деҳқонлар ҳам берилган. Чиновникларга ва жангчиларга тақдим этилган бундай ерлар, шунингдек, уйлар ва ашёлар алоҳида даражадаги мулкни – илку мулкни ташкил этган. Xаммурапи қонунлари бўйича, ерлар, уйлар ва бошқа илку мулклар фуқаролик оборотидан чиқарилган: уларни сотиш, сотиб олиш, хотини ёки қизига васият қилиб қолдириш, жангчини асирликдан сотиб олиш учун сарфлаш, қарзни тўлаш учун бериш мумкин эмас эди. Агар бирор киши жангчига тегишли ер, боғ ва уйни сотиб олса, бундай шартнома ҳақиқий эмас, деб ҳисобланган. Уларни сотиб олган киши унга тўлаган барча нарсасидан маҳрум бўлган. Ер, уй, боғ уларнинг эгасига қайтарилган (35-39-моддалар). Xаммурапи қонунларининг 40-моддасига биноан, илку мулкини сотиш мумкин бўлган фақат иккита ҳолат белгиланади: биринчидан, бундай мулкни фақат тамкар сотиши мумкин эди; иккинчидан эса, илку мулкини сотиб олаётган шахс хазинага тўлов тўлаб туриши лозим эди. Илку мулкининг эгаси давлатга шахсан ҳарбий хизмат ўтаб туриши лозим бўлган. Агар у ўз ўрнига ўринбосар ёллаб, хизматга жўнатса, ўлимга маҳкум этилган ва унинг ери, уйи ва бошқа илку мулки ўша ёлланиб хизматга борган кишига ўтказилган (26-модда). Агар жангчи асирга тушиб қолса, унинг ери ёки илку боғи вояга етмаган ўғлига хизмат ўташ шарти билан ўтказилган. Агар ўғли вояга етмаган бўлса ёки хизматни ўтай олмаса, у ҳолда илку мулкининг учдан бир қисми онасига ўғлини жангчи қилиб тарбиялаш учун берилган. Жангчи ўзига берилган илку ерни ишлашга мажбур бўлган. Агар ерни ишлатмай қаровсиз уч йил давомида ташлаб қўйса ва кимдир буни барча мажбуриятларни зиммасига олган ҳолда эгаллаб олса, бу мулкнинг дастлабки эгаси ўзининг ерга нисбатан барча ҳуқуқларини йўқотган (30-модда). Бобилда ерга нисбатан жамоа мулкчилиги давлат мулкчилиги билан бир қаторда узоқ сақланиб қолган. Жамоа мулкини ташкил этган ерлар қишлоқлар ўртасида тақсимланган. Жамоа ҳудуди анча майда ҳудудий бирликларга бўлинган. Жамоа ерлари парселлаларга бўлиниб, улар мазкур жойлар аҳолиси – “қўшнилар” ўртасида тақсимланган. Бу қуръа ташлаш йўли билан амалга оширилган бўлса керак. Ерлар номаълум муддатга вақтинча фойдаланиш учун бериб қўйилган; жамоа уни хоҳлаган вақтда қайтариб олиши мумкин эди. Жамоанинг алоҳида аъзолари ерни бегоналаштириш ёки мерос тариқасида ўтказиш ҳуқуқига эга бўлмаган. Баъзи ҳоллардагина, кўпинча подшо фойдасига ерни бегоналаштиришга йўл қўйилган. Ерни сотиш учун қўшниларнинг розилиги талаб қилинган. Ер эгаликлари чегараларига “кудурру” (чегара, оралиқ) деб номланадиган тош-ҳужжатлар қўйиб қўйилган. Бу тош-ҳужжатлар ер эгаларининг ушбу ерга нисбатан мулк ҳуқуқини англатган. Бундай тошлар дастлаб далаларга қўйилган бўлса, кейинчалик ибодатхоналарга жойлаштирилган, яъни кудурру нусхаси ибодатхоналарда сақланган. Баъзан кудурру хусусий мулкни ҳимоя қилиш мақсадида қўйилган. Подшо кўпинча жамоалардан тортиб олган ерларни айрим кишиларга кудурру асосида берган. Бундай ерлар хусусий, мерос тариқасида ўтадиган мулк бўлиб қолган. Мулк эгалари эса турли мажбуриятларни ўз зиммаларига олганлар. Бунда подшо фойдасига суғориш иншоотларини тартибга келтириш, йўллар ва кўприклар қуриш ва улар билан боғлиқ мажбуриятларни ўтаганлар. Жамоа фойдасига – ўт-ўланлар, пичанлар, дон йиғиштириш, чўпон тақдим этиш, чорва учун бино бериш ва бошқа мажбуриятларни бажарганлар. Қўшнилар фойдасига – сувдан фойдаланишга рухсат бериш, даласидан ўтишга имкон яратиш ва ҳоказо мажбуриятлар эди. Подшо ерларни инъом этиб, баъзан уларга турли имтиёзлар ҳам берган. Имстиёз олган кишилар каналлар ҳақида ғамхўрлик қилишдан, янги суғориш иншоотлари қуришда иштирок этишдан, ибодатхоналар фойдасига солиқлар тўлашдан ва бошқа мажбурий хизматлардан ҳам озод этилган. Бобилда хусусий мулк жуда қаттиқ чоралар билан ҳимоя қилинган. Агар ўғри қонунда белгиланган катта миқдордаги жаримани тўлай олмаса, ўлимга маҳкум этилган. Мулк эгаси ўз мулкини ҳар қандай кишидан талаб қилиб олиш имкониятига эга бўлган. Агар мулк эгаси ўз мулкини бировдан топиб олса, бунда уни эгаллаб турган шахс мулкни бошқа шахсдан сотиб олганлигини кўрсатса, мулкнинг ҳақиқий эгаси судга мулк ҳақиқатда уники эканлигини тасдиқлайдиган гувоҳлар келтириши, уни сотган кишини ва ушбу шартнома тузилишида иштирок этган гувоҳларни судга олиб келиши лозим бўлган. Гувоҳларни сўроқ қилиш натижасида бегона ашё сотилганлиги аниқланса, мулк эгаси ўз ашёсини қайтариб олган, мулкка эгалик қилиб турувчи шахс (сотиб олувчи) эса уни сотган кишидан берган тўлов ҳақини қайтариб олган, мулкни сотган сотувчи ўғри деб топилган ва ўлимга маҳкум этилган (9-модда). Агар мулкка эгалик қилиб турган шахс ашёни сотган кишини кўрсата олмаса ва гувоҳлар тақдим эта олмаса, мулкнинг ҳақиқий эгаси гувоҳлар ёрдамида ашёга бўлган ҳуқуқини исботласа, мулкка эгалик қилиб турган шахс ўғри деб топилган ва ўлимга маҳкум этилган (10-модда). Агар, аксинча, даъвогар ушбу мулкка бўлган ҳуқуқини исботлай олмаса, тухматчи сифатида ўлимга маҳкум этилган (11-модда). Агар бегона ашёни сотган шахс ўлиб кетган бўлса, у ҳолда ушбу ашёни сотиб олган киши фойдасига сотувчининг уйидан мулк қийматининг беш баравар ҳажмида мулк ундирилган (12-модда). Download 130.86 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling