Муомала – кишилар билан муносабат, сўзлашув ва ш-дек, иш, хизмат ва б барча соҳалар билан боғлиқ алоқаларни ифода этувчи т. Энг гўзал М. лутф-карамдир. Навоий бобомиз бундай М. ни “муомала-пардоз” деб атаган


Талабаларда муомала ва маданиятини шакллантириш


Download 64.65 Kb.
bet4/4
Sana16.01.2023
Hajmi64.65 Kb.
#1095710
1   2   3   4
Bog'liq
3-мавзу

3.Талабаларда муомала ва маданиятини шакллантириш
Муомала маданияти, нотиқлик санъати бу тилшунослик фани объэкти эмас, у мантиқ, руҳиятшунослик, этика, эстетика, фалсафа, тафаккур, сиёсатшунослик, жамиятшунослик илми ҳамдир. Шундай экан, масала моҳиятини теран англаган ҳолда, тажрибали воизларни жамлаб муомала маданиятини, нотиқлик санъатини ўргатишга қаратилган махсус ўқув муассасаларини ташкил этиш давр талабидир.
Мулоқот воситаси сифатида коммуникация нутқий (оғзаки ва ёзма), паралингвистик (товуш оҳанги, гап тезлиги, овоз тембри), кинетик (хатти-ҳаракат, мимика, ҳаракатнинг бошқа шакллари) ва нарса белгили (ҳайкал, расмлар) воситалар тарзида амалга оширилган. Ҳар даврнинг ўз ғоялари ва шакллари бўлади. Инсон камолотида диний ва дунёвий таълимотнинг ўз таъсири бўлар экан, воизлик ҳам янгича кўринишда яшашга ҳақли. Муомала маданияти эса унинг узвий бир бўлагидир. Маънавиятли, маърифатли жамият ўлмас ғоя ва шакллардан фойдаланиб келганлиги ҳақ.
Жамоа билан олиб бориладиган муомала ижтимоий моҳиятга эга бўлишини назарда тутиш ўринлидир. Байрам тадбирлари, ижодий кеча, концерт дастурлари ёхуд тўй маросимларидаги бошловчилик ҳам маънавият тарғиботчиси сифатида жамоа билан муомала маданиятини намоён этувчи кўзгудир. Бунинг ўзига хос талабларини билмаслик муомала жараёнида оқсаш, нутқий нуқсон, ноқулай вазиятларга сабаб бўлади.
Тўғри, маънавият тарғиботчиси уйда ҳам, тўйда ҳам, кўча-кўйда ҳам маърифат тарқатади. Шундай экан, ҳар бир давранинг тош-тарозиси, талаби бор. Дидли бошловчи буни ҳис этган ҳолда иш тутади. Тўй даврасини олиб борувчилар сўзга чечан, вазиятга мос ва хос сўз айтадиган бўлиши керак. Тўтиқушга ўхшаб у эр, бу эрдан йод олган сўзларини такрорлайверувчи бўлмаслиги керак. Улар турли ҳудудларда, турлича номлар билан юритилади: даврабоши, давра раиси, ўртакаш, бошловчи, тамада, бошқарувчи ва ҳоказо.
Якка шахс ёки жамоа билан мулоқот ўзига хос муомала маданиятини талаб этса-да, сўзни ўринли қўллаш, унинг мазмун-моҳиятини билиш катта аҳамиятга эгадир. Муомала жараёнида амал қилиниши зарур бўлган сўзга муносабат тарзидаги адибларимизнинг асарлари билан танишиш фойдадан холи эмас. Тилда умумийлик, нутқда эса индивидуаллик бор. Тил ва нутқ муносабати масаласидаги боғлиқликни Алишер Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида образли тарзда ифодалаган. “тил шунча шарафи билан нутқнинг қуролидир. Агар нутқ номаъқул бўлиб чиқса, тилнинг офатидир”.
Кайковус “Қобуснома”сида келтирилади: “агар сендан сўрасалар, сўз сеникими, ё сен сўзникими, жавоб айғил, сўз меники, мен сўзники.” Бу ўринда тилдаги сўзлар халқники, агар сиз уни ўз нутқингизда қўлласангиз сизники бўлади. Чунки айтилган сўз отилган ўқдек этиб бораркан, энди сиз айтган сўзингизга масъулсиз.
Демак, сиз айтган сўзингиз туфайли якка шахс ёки жамоада қандайдир кайфият, ўзингизга нисбатан муносабат уйғотасиз. Бу борада эҳтиёткорона ҳаракат зарурлиги таъкидланаяпти. Шунинг учун ҳам айтилган сўз мис, айтилмагани олтин дейилади. Масъуллик айтган сўзингиз ва қилган ишингизга жавобгарлик демакдир. Йирик мутафаккир шоир Абу Абдуллоҳ Етти ўлчаб бир кесишни биладиганлар, ўйнаб гапирса ҳам ўйлаб гапирадиганлар бу борада оқсамасликлари аниқ. Маълум бир вазиятда, жаҳл отига миниб турган бир дамда ўйламай-нетмай айтган бир сўзи учун умр бўйи хижолат чекиб юрганларнинг ҳам гувоҳи бўлгансиз. Бировнинг гапига кириб муносабатларни бузиш, қариндошлик риштасини узиш, юз кўришмас бўлиб кетиш муомала маданиятига зид. Ўринсиз хатти-ҳаракат ёхуд бир оғиз айтилган ноўрин сўз сабаб дилхираликларга йўл қўйиш хунук иллат. Шарқона одоб-ахлоқ меъёрларини билмаслик, риоя қилмаслик, уни буни баҳона қилишлар ақли расо инсонларга ярашмаслиги аниқ. Муомала жараёнида зиддиятлар авжга чиққан пайтда сукут ва сабр энг тўғри йўл экани адабий манбаларда эътироф этилган. Ривоятлардан бирида келитирилишича, ғазабнок бир кимса “мен ҳақимда фалон одам ундай дебди, бундай дебди, мен ҳозир ундан аламимни оламан, дўппослаб хуморимдан чиқаман, уни ҳақорат қилишга қандай ҳуқуқи бор, дея ёши улуғ, сўзи қутлуғ бир донишманддан сўрабди. Донишманд айтибди:
Яхшиси, уйингга бор, дамингни ол, сабр иймондандир, эртага гаплашасан.
Нега, ахир, темирни қизиғида босган яхшимасми?!
Сен темир эмас, одамсан, билмайсанми, кийимингга лой сачраган бўлса, у қуригандан кейин яхшироқ тозаланади.
Тилдан тўғри ва ақлу идрок, фаҳму фаросат билан фойдаланилса, мулоқот кўнгилдагидек кечади. Қизиққонлик билан қилинган ҳаракат эса мақсадга путур этказади. Турли муаммоларни келтириб чиқаради. Булар айни пайтда бошга кулфатлар олиб келиши мумкин. Шунинг учун ҳам бунга “тил офатлари” дейилади.
Тилдан келадиган офатлар кўп ва турли-туман бўлиб, улар қалбни сархуш қилади. Одам табиатида ҳам уларга мойиллик бор. Мазкур офатлардан қутулишнинг энг осон йўли жим туриш орқали бўлади. Бу жуда катта фазилатдир. Жим туриш ҳимматни жамлайди ва фикрни софлайди.
Таниқли аллома Муҳаммад Зоҳид Қўтқу “Тилни тийиш – бу хоинлик, туҳмат, ёлғон, ғийбат, чақимчилик, истеҳзо, бировни масхаралаш, ёлғон қасам ичишдан тийилиш каби тил воситасида бажариладиган беҳуда ва ёмон амаллардан ўзини сақлашдир” деб бежиз таъкидламаган.
Тил офатлари борасида сўз кетганда, зарур бўлмаган, кераксиз, ортиқча сўздан четда туриш муомала маданиятининг мақбул жиҳатлари сифатида тилга олинади.
Ҳаким зотларларнинг биридан: «Сени бунчалик ҳикматга нима этказди?» деб сўралганда, «Билган нарсамни сўрамайман, кераксиз нарсани гапирмайман», деб жавоб берганлиги ҳам шунга асосдир. Алишер Навоий ҳикматларидан бири шундай: Сиҳҳат тиласанг кам э, иззат тиласанг кам де. Кам гапиришнинг фойдаси борасида кўплаб нақл ва ривоятлар бор.
Бундан англашиладики, тил кишининг бошқа аъзоларини бошчиси ва даъватчиси ҳамда уларни этакчиси (яхшилик ёки залолатга) эканлиги билинади. “Мўминнинг танасида тилчалик аллоҳ севган парча эт йўқ. Аллоҳ мўминни тили туфайли жаннатга олиб боради. Кофирнинг вужудида Аллоҳга тилчалик ёқимсиз парча эт йўқдир. Аллоҳ таоло кофирни тили туфайли дўзахга ташлайди.” Худди шу ҳадис мазмунидаги битикка монанд Алишер Навоий “Оғзига келганни демоқ нодоннинг иши, олдига қўйганни эмоқ ҳайвоннинг иши” дея бежиз айтмаган. Гапи кўпайганнинг хатоси кўпаяди дейилишида ҳам мантиқ йўқ эмас. Кайковус сўзнинг икки томони, яъни яхши ва ёмон томони борлигини айта туриб уни қўллашда юксак дид ва гўзал ахлоқ бўлишини таъкидлайди. Одатда, кўпчилик ана шу сўзларни чалкаш қўллаш орқали эътибордан эътирозга сабабчи бўладилар. Ёмон сўз жондан имонга ўтиши ҳақидаги ушбу битикка эътибор қилайлик. Айтишларича, Баҳром Гўр бир дарахтнинг остида ўтирган эди. Ногоҳ шохлар орасидан бир қушнинг овози эшитилди. Баҳром ўқ билан бемаврид “сўзловчи” бу қушнинг ишини тамом қилди. Қушнинг тани мих мисол шохларга урилди ва жони эса ўқ-ёйнинг иссиқ сихи билан тилинди. У деди: “Қуш ҳам, инсон ҳам ўз тилини сақласа омон бўларкан!”
Байт: Ямон сўзким, келиб жонға урғай,
Ки жондин ўтиб имонға урғай.(Навоий)
Шубҳасизки, муомала маданияти нозик табъликни, сезгирлик ва зийракликни талаб этади. Нутқ одоби муомала маданиятининг туб моҳиятини ифода қилиш билан бирга кишининг кимлигини намоён этувчи ойнадир. Шунинг учун ҳам сўзлик ўзлик учун кўзгудир. Нутқ одобига илмий таъриф бериладиган бўлса, у этказилиши керак бўлган маълумотларни эшитувчига бўлган ҳурмат ва самимиятни сақлаган ҳолда, дилини оғритмасдан, яъни кўнглига тегмасдан адабий нормадаги ифодалар, иборалар билан ахлоқий меъёрларга мос ҳолда этказишдир.
Ўзи гувоҳ бўлган хунук ҳодисани икки киши бировга этказиш зарурияти бўлса, икки хил этказади. Бунинг учун улар тилнинг ифода имкониятларини, адабий меъёрларини, нутқий фаолиятни қай даражада эгаллаганлигига боғлиқдир. Мудҳиш хабарни қандай тарзда айтиш ҳам инсоннинг нутқ маҳоратига, одобига боғлиқ. Тингловчининг руҳий ҳолатини кузатиш, унинг кайфиятига мослаш орқали этказилган хабар қандай бўлишидан қатъий назар тингловчига малол келмайди. Мулойим, ёқимли сўзлаш кишининг сажиъаси, яъни характери, қандай темперамент типларига дахлдорлиги билан ҳам изоҳланади. Ёшликдан олинган таълим-тарбия, кимларгадир эргашиш, тақлид қилиш ёки таъсирланиш орқали нутқ одобига, муомала маданиятига эришилади. Тилшунос олим Т. Қудратов ўқувчи учун энг яхши намуна ўқитувчи нутқидир, буни ўқитувчи ҳар доим ҳис этиб туриши, ўз нутқида ҳеч вақт одоб-ахлоқ, нутқ маданияти нормаларидан чиқмаслиги лозим деб ўринли мулоҳазаларни илгари суради.(77-б).
Шундай экан, ибратли инсонларга, маҳоратлик воизларга, этук нотиқларга эргашиш ижобий ва ижодий маънода бўлиши ўринлидир. Ўқувчиларга берилаётган таълим тарбия қобиғида этказилмас экан, кейинчалик, олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин деган ҳикматни такрорлашдан нарига ўтилмайди. Акс ҳолда, Маҳатма Гандининг ушбу сўзлари бежиз айтилмаганига иқрор бўламиз. “Сўзларингизга ҳушёр бўлинг тушунчангизга айланмасин, тушунчангизга ҳушёр бўлинг хатти-ҳаракатингизга айланмасин, хатти-ҳаракатингизга ҳушёр бўлинг ҳис-туйғуларингизга айланмасин, ҳис-туйғуларингизга ҳушёр бўлинг, баҳойингизга айланмасин, баҳойингизга ҳушёр бўлинг феъл-атворингизга айланмасин, феъл-атворингизга ҳушёр бўлинг тақдирингизга айланмасин”.
Учрашувдаги икки ҳолатга эътибор қилайлик. Саломлашув ва хайрлашув. Шунинг ўзидаёқ, мақсад-муддао, нутқий ва хулқий маданият намоён бўлади қолади. “Сўз боши – салом, иш боши – интизом”. Бу мақолни ҳаммамиз яхши биламиз. Лекин, саломлашиш одобини жойига қўя оламизми? Саломлашиш суҳбатнинг дебочаси, уни қандай давом этишига омилдир. Берилган салом, олинган алик суҳбатдош ўртасидаги яқинликни билдиради. У холис, самимий, ҳурмат нуқтаи назаридан бўлса, албатта. Акс ҳолда, саломига яраша алик бўлади. Саломлашишнинг, салом беришнинг ўзига яраша шарқона қонун-қоидалари бор. “Ассалому алайкум”(сизга соғлик тилайман), “валайкум ассалом”(сизга ҳам соғлик тилайман) маъносида илк учрашувдаги нигоҳлар тўқнашуви, қўллар боғланиши ёки ўнг қўлни кўкрак устига қўйиш бу ҳурматнинг белгиси. Баъзан шу сўзнинг талаффузида, (ўзлари маъносини билмаган ҳолда, албатта) хоразмча шевада эркалангансимон “соммаким” дейишади. Бу ўта хунук сўз. Сом арабча ўлим дегани. Сизга ўлим тилайман деган маънони беради. Ундан кўра, қисқа қилиб “салом” дейилгани дуруст.
Ҳозирги пайтда кўришишнинг янги бир “шакли” пайдо бўлгани сир эмас. Олдинига ёш болаларда шу одат бўларди. Яъни, қўчқорга ўхшаб бош уриштириш. (Ушбу фикрларни қоғоз юзига тушираётган муаллиф ҳам қайсидир дўсти келиб бош билан кўришганда, иложсиз бош уриштирган.) Бу одатнинг оммалашиб кетишини ким ўйлабди, дейсиз.
Хайрлашишнинг ҳам бир неча маънодошлари бор. “Кўришгунча”, “ҳозирча хайр, омон бўлинг”, “Учрашгунга қадар, хайр”, “Саломатликда кўришайлик”, “Хайр, яхши қолинг”, “Хайр, яхши боринг”… ва ҳоказо. Хоҳ юзма-юз бўлсин, хоҳ телефонда бўлсин дейлик, сизнинг суҳбатингизни тинглаб ўғил-қизингиз ёнингизда туришган бўлса, саломлашиш, сўрашиш ва хайрлашиш маданиятини сиздан юқтиришга ҳаракат қилиши табиий. Сўз орасида “Майли, пока”, “Бўпти, гаплашамиза”, “Хайр, до встреча”, “Майли, хўпчик” деган ғайриадабий сўзларни қўлласак, бу ҳам оммавийлашиб кетмаслигига ким кафолат бера олади. Шундай экан, муомала маданиятида оддий, эътиборсиз бўлиб кўринган нарса кейинчалик миллий-маънавий маданиятимизга ўзининг салбий таъсирини ўтказиши муқаррар. Навоий ҳазратлари ўз вақтидаёқ, “Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз” – дея ҳушёрликка чорлаганлар.
Сўзларнинг ўз маъно доирасини билмаслик, сўзлашув нутқи билан адабий нутқ меъёрини фарқламаслик, аниқроғи, ҳис этмаслик кишини ғалати ҳолатга солиши мумкин. Дўстим билан шинамгина кафега кирдик. Қаҳвахона ораста, хизмат ҳам аъло даражада эди. Табассум қилиб бир ўспирин келди. Официант экан. Салом бериб бўлди-да, “биринчисига нима буюрасизлар,” деди. Биз айтдик, у ёзиб ола бошлади. Бироз кутиб тургандан кейин “иккинчисига ҳеч бало керакмасми?” деди. Официантнинг бир оғиз сўзи дўстимнинг табъини тирриқ қилди, шекилли, “кетдик,” – деб ўрнидан турди. Официант йигитчага “кафега бало эйиш учун келишмайди” деб тушунтирган бўлдим. У юз бор истиҳола қилиб, ҳижолат чекиб узрлар сўрай бошлади. Узрини қабул қилдим, кейин билсам, “ҳеч нарса” деган сўзни синоними ўрнида уйда ҳам шундай қўллашларини айтиб, қайта-қайта кечирим сўраб қолди. Маданиятли инсон ўз айбини мардона тан олиб кечирим сўраши ҳам хушмуомалалик белгиси, ўз ғурурини эрга уриш эмас, балки одоблилик аломатидир. Бирон қилинган иш учун ўз вақтида миннатдорликни билдириш ҳам ҳар иккала томоннинг ўзаро ҳурмат-эҳтиромини билдиради. “Баракалла”, “раҳмат”, “қойил”, “гап йўқ, сизга”, “миннатдорман” деган сўзларни эшитиб кўринг, сизга қай даражада таъсир этиб, руҳиятингизга тетиклик, кайфиятингизга кўтаринкилик бахш этишини ҳис этасиз.
Тўғри ва ёлғон сўзга муносабат ҳам муомала маданиятида муҳим ўрин тутади. Бошингга қилич келса ҳам тўғри гапир, тўғри сўзнинг тўқмоғи бор, яхшидур аччиқ ҳақиқат, лек ширин ёлғон ёмон мазмунидаги ростгўйликка даъват этувчи битикларни биламиз. Шунингдек, ёлғоннинг умри қисқа, ёлғон ё фарзандга урар, ё давлатга каби алдоқчиликни инкор этувчи нақллар ҳам бор.
Тўғри, баъзан тўғри сўзни айтиш ҳам ўринли бўлмайдиган ҳолатлар бўлади. Буни айтмаслик, андиша ва истиҳола қилиш каби шарқона одоб қоидаларини инкор қилиб бўлмайди. Бу, албатта яхшиликка, эзгуликка хизмат қилса. Навоий ҳикматларидан бири шундай: “Хирадманд чин сўздин ўзга демас, лекин бари чин ҳам дегулик эмас” Мазмуни: Ақлли киши тўғри гапдан бошқа нарса айтмайди, лекин барча тўғри гаплар ҳам ҳар доим айтилавермайди. Муснади Аҳмадда шундай келтирилади: “Одам фарзандига барча ёлғонлар ёзилади. Илло, икки бандани яраштириб қўйиш учун сўзланган ёлғон бундан мустасно.”
Иккала битикда тўғри ва ёлғон гапнинг айтилиш ўрни, ҳолатини эътиборга олмаслик адоват уруғини сочишга, низо ва нифоқнинг кучайишига хизмат қилиши мумкин деган ақида бор. Шарқона ҳаё, мулозамат, одоб доирасида ўзига хос тавозеъ ва илтифот борлигини англаб олиш қийин эмас.
Шарқона муомала маданияти чин ёхуд ёлғон сўзни қандай айтиш билан эмас, балки, айтувчи ҳамда тингловчининг ёши ва жинси масалаларига ҳам эътиборни қаратади. Ота, она, ўғил, қизнинг ва бошқа наслий яқинликларнинг оилада ўз ўрни, ўз сўзи, ўз хизмати, ўз ҳурмати борлиги эътироф этилади. Шарқона одоб-ахлоқ қоидаси сўзловчининг фойдаси эканини билиши, қаерда қандай йўл тутишига, ҳаётда доимо ўз ўрнини топишига хизмат қилилини англаш фойдадан холи эмас. Мақбул ва манзур адибимиз Тоҳир Малик шундай ёзадилар: “Фойдасиз сўз фойдасиз дори кабидир. Бошқачароқ айтилса – дорининг ҳам, сўзнинг ҳам ортиқчаси зарарлидир. Сукут вақтида сукут сақлашни, суҳбат пайтида сўзлашни билган киши бахтиёр инсонлардан ҳисобланади. Маъносиз, пойма-пой сўзламоқдан кўра, сукут қила билиш нодир фазилатдир. Зеро, сукут лозим бўлганда, сукут сақлаган, суҳбат лозим бўлганда, суҳбатлашишни билган инсонни буюклар сафига қўшарларки, вақтида сукут сақламак – оқил сўзламакнинг шартларидан биридир.”
Кўнгил қулфи ўзига хосу мос очқични талаб этаркан, уни танлаш топиш ва очиш эса калит ушлаган, мулоқотга киришаётган нотиқнинг, тарғиботчининг диди, фаросати ва уқувига боғлиқ. Суҳбатдошининг қизиқиши билан қизиқмаган нотиқнинг қизиғи йўқ. Бу оддий ҳақиқат, оддий муомала, холос. Дейл Карнеги “Мен қаймоқ солинган қулупнайни яхши кўраман, балиқ эса чувалчангни”- дейди ва савол қўяди: “Балиқ овига бораяпман нима олиб боришим керак?” Албатта, чувалчангни-да. Мулойим хулқингиз, ёқимли нутқингиз, самимий мулоқотингиз билан ром эта олмасангиз, сиз ўзингизга садоқатли суҳбатдошни топа олмайсиз. Ҳар қандай воиз ўзи ёқимли, сўзи юқумли бўлмас экан, муомала жараёнида ютқизиб қўйиши тайин. Ҳар қандай стратегик мақсад тактика орқали амалга оширилишини билиш зарур. Тил калит бўлса, дил қулф, шундай экан, ҳар қандай қулфга ҳар қандай калит тушавермайди. Тилингиз дилингизга, дилингиз дидингизга мос бўлсагина марра сизники.
Муомала маданияти билим ва маърифатдан, ахлоқий тарбиядан, ўтмиш бобокалонларимиз меросини яхши билиш ва маънавий қадриятларимизга садоқатдан келиб чиқар экан, унинг жамият маданий-маърифий тараққиётининг, миллат маънавий камолотининг муҳим аломати эканига шубҳа йўқ. Шунинг учун ҳам, мустақиллигимизнинг илк кунларидан бошлаб, маънавий-маърифий масалаларга, таълимий ва тарбиявий соҳаларга эътиборнинг қаратилганидан буни англаш қийин эмас. Бу соҳадаги ислоҳотларнинг барчаси, юртимизнинг эртаси, халқимизнинг истиқболи бўлгувчи ёшларимизга бўлган, аниқроғи, ақлан ва жисмонан соғлом, баркамол авлодга бўлган меҳр ва муҳаббатдан келиб чиқади.
Республикамизнинг “Давлат тили ҳақида”ги, “Таълим тўғрисида”ги қонунларида, “Кадрлар тайёрлаш бўйича миллий дастури” ва бошқа жуда кўплаб ҳужжатларида юқорида қайд қилинган масалаларга алоҳида аҳамият берилган.
Мулоқот, муомала тушунчалари бугунги кунда ижтимоий сиёёсий моҳият касб этишини ҳаммамиз яхши идрок қилишимиз зарур.
Халқаро майдонда мафкуравий, ғоявий ва информацион курашлар кучайиб бораётган ҳозирги мураккаб ва таҳликали даврда маънавий-маърифий тарғибот ишларини замон талаблари асосида ташкил этиш, ёшларимизни турли мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш, юртдошларимизнинг ҳаётга онгли муносабатини шакллантириш, ён-атрофда юз бераётган воқеаларга дахлдорлик ҳиссини ошириш, мамлакатимиз мустақиллиги, тинч-осойишта ҳаётимизга хавф туғдириши мумкин бўлган тажовузларга қарши изчил кураш олиб бориш вазифаси ушбу соҳадаги ишларни қайта кўриб чиқиб, такомиллаштиришни, “жаҳолатга қарши маърифат билан” баҳсга кириша оладиган мулоқот ва муомала қила оладиган ритор ва иқтидорли нотиқларни тайёрлашни талаб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти таъкидлаганидек, “…инсониятнинг кўп минг йиллик тажрибаси шундан далолат берадики, дунёдаги зўравон ва тажовузкор кучлар қайси бир халқ ёки мамлакатни ўзига тобе қилиб, бўйсундирмоқчи, унинг бойликларини эгалламоқчи бўлса, авваламбор, уни қуролсизлантиришга, яъни энг буюк бойлиги бўлмиш миллий қадриятлари, тарихи ва маънавиятидан жудо қилишга уринади”. (“Юксак маънавият – энгилмас куч”, Т.: 2008 йил)
Бутун дунёда тарғибот ва ташвиқот тизими шиддат билан ривожланиб, кучайиб бормоқда. Дунёнинг энг чекка қисмида содир бўлган воқеа-ҳодиса бир зум ўтмай исталган мамлакатда пайдо бўлиб, ўз таъсир доирасини яратмоқда. Барча мамлакатларда бўлгани каби мустақил Ўзбекистоннинг ҳам ўз маънавий-маърифий тарғибот тизими шаклланиб, янада такомиллашиб бормоқда. Мазкур соҳа ривожига қаратилган бир қанча фармон ва қарорлар қабул қилинди. Уларнинг маънавий ҳаётимиздаги тарихий аҳамияти ҳақида кўп гапириш мумкин.
Бутун халқни бирлаштирадиган байроқ бўлмиш мамлакатимиздаги маънавий тарғибот ишлари самарадорлигининг амалий жиҳатларини тадқиқ этиш ҳамда нотиқлик санъати тарихини ва долзарб муаммоларини назарий ўрганишни Президент қуйидагича таърифлайди: – “Эндиги энг долзарб вазифамиз – бу жараёнларнинг илмий-назарий асосларини, уларнинг янги-янги қирраларини мукаммал очиб бериш, ўқувчиларимиз, талабаларимизга, кенг жамоатчиликка содда, лўнда қилиб тушунтириб бериш ва уларни янги ҳаёт, замон талабларига жавоб берадиган жамият қурилишининг фаол ва жўшқин иштирокчиларига айлантиришдан иборат”.
Жамият қурилишининг фаол ва жўшқин иштирокчилари миллий ғоямиз ҳимоячиси бўлишлари учун тил, сўз, нутқ масалаларига уларнинг эътибори янада юқори бўлиши доим таъкидланади. Тарғибот, ташвиқот, мулоқот, муомала тушунчалари ўзаро узвий боғланиб кетган. Уларнинг барчаси замирида сўз туради. Мавлоно Румий:”Сўз – ҳақиқатнинг сояси ва парчасидир. Модомики, соя ўзига тортар экан, у ҳолда ҳақиқат янада яхшироқ жазб этади. Сўз – баҳонадир. Бир инсонни бошқа бир инсонга тортган нарса сўз эмас, балки иккаловида мавжуд бўлган руҳий бирликдан бир парчадир”, – дея эътироф этади.
Бу руҳий бирлик, қалблар яқинлиги, мақсадлар муштараклиги демакдир. Чунки, аҳиллик, ўзаро бирлик, муайян мақсад сари оғишмай собитқадамлик билан илдамлашгина Мустақил ватанимизни янада юксак қоялар ва улуғ ғоялар сари этаклайди.
Мулоқотлар мезони, муомала моҳияти бўлган хулқий ва нутқий маданиятимиз ҳамиша ғоя байроғи, мафкура маёғига боғланган ижтимоий бирликдир.


Назорат учун саволлар

1.Муомала инсон ҳаётида қандай рол ўйнайди?


2.Муомала ва унинг асосий тушунчалари нималар?
3. Мулоқотда муомала қанда ўрин тутади?
4. Қандай мулоқот усулларини биласиз?
5. Мулоқот маданияти нима?
6.Талабаларда муомала маданиятини ошириш учун нима қилиш лозим?
7. Бўлажак ўқитувчи қандай мулоқоти маданиятига эга бўлиши лозим?
Download 64.65 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling