Муомала – кишилар билан муносабат, сўзлашув ва ш-дек, иш, хизмат ва б барча соҳалар билан боғлиқ алоқаларни ифода этувчи т. Энг гўзал М. лутф-карамдир. Навоий бобомиз бундай М. ни “муомала-пардоз” деб атаган
Download 64.65 Kb.
|
3-мавзу
2. Мулоқот усуллари ва маданияти
Учта тушунча замон ва макон танламайди. Булар сўзлаш, тинглаш ва англашдир. Одамзот яралибдики, ўзаро муносабат жараёнида ана шу уч бирликка амал қилиб келинади. Бунинг намоён бўлиши ҳар бир халқнинг ўз менталитетига мос ва хос. Ўзаро муносабат, мурожаат қилиш жараёнидаги ўзни тутиш ва фикр алмашувлар муомала маданияти тушунчасида уйғунлашади. Муносабат, мурожаат, мулоқот, мунозара, мубоҳаса, муҳокама, мулоҳаза сингари тушунчаларнинг барчаси муайян миллатнинг тийнатига мос бўлган зийнатлар бўлиб, у этик ва эстетик меъёрлар, қоидалар билан амалга оширилади. Мулоқот қисман монологик, асосан, диалогик, полилогик шаклда бўлади. Бошқача айтганда, икки ёки ундан ортиқ кишиларнинг ўзаро муносабатларида реаллашади. Дунё гўзаллик қонуниятларига биноан қуриларкан, демак, инсонннинг хулқи ва нутқи ҳам, кўриниши ва кийиниши ҳам, муносабати ва мулоқоти ҳам гўзал бўлиши мақсадга мувофиқ. Халқимизнинг “Ўзингга қараб кутарлар, сўзингга қараб кузатарлар” – деган ўгити бежиз эмас. “Тил яраси битмас, тиғ яраси битар” – деганида ҳам инсон учун зарур бўлган муомала жараёнига эътибор заруриятини сезиш қийин эмас. Шахс маънавиятининг узвий бир бўлаги муомала маданияти бўлса, хулқ-атвор, одоб-ахлоқ, нутқий фаолият тушунчалари унинг замирига киради. Асрлар оша ҳар бир халққа хос бўлган, миллий-маънавий қадриятлар юксак маданият рамзига айланган урф-одатлар, юриш-туриш, яшаш тарзи барчаси киши шахсиятида акс этиши табиий. Поэтика, риторика назариясини илк тадқиқотчиларидан ҳисобланган Аристотел санъат ва маданият оламининг пайдо бўлишидаги илк асос сифатида муомалани назарда тутгани ҳам бежиз эмас. Қолаверса, француз адиби Антуан Сент-Экзюперининг “Бу дунёдаги бирдан-бир ҳақиқий неъмат одамларнинг бир-бири билан мулоқотидир”,-деган фикрида теран маъно бор. Таълим талаби нутқ билан, тарбия талаби хулқ билан боғлиқ экан, шахс маънавияти, муомала маданияти, муомала сирлари ва одоби масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарблик касб этаверади. Муомала “тарозиси”нинг икки палласи бўлиб, бири хулқ, иккинчиси нутқдир. Китоб шу хусусда. Дарҳақиқат, таълим ва тарбия ўзаро уйғун тушунчалар. Улар аслида, ажралмас. Бамисоли инсоннинг вена ва артериал қон айланиш тизимига ўхшайди. Таъбир жоиз бўлса, уларни бир танганинг орқа ва олди ёки эт ва тирноққа қиёс қилиш мумкин. Шундай экан, ана шу узвий бирлик баркамолликнинг белгиси ҳамдир. Инсон хушфеъл, камсуқум, хокисор, олиҳиммат, мулойим, беозор бўлса, кўпчиликнинг эътирофу эътиборига тушади. Чунки, эътироф эътиборга, эътибор эҳтиромга, эҳтиром эса эъзозга эшик, эзгуликка бешикдир. Одамзотиннг кимлигини, маънавиятини атрофдагиларига бўлган муносабатидан англаб олиш қийин эмас. Чунки, муомала инсон хулқ-атворининг зийнатидир. Киши хулқи билан назарга ҳам, ҳазарга ҳам дучор бўлиши ҳеч гап эмас. Ўзаро тушуниш ва бир-бирини англаш туйғуси муомала маданиятининг асоси ҳисобланади. Баъзан бир замонда, бир маконда яшаймиз, бир жамоада ишлаймиз-у, лекин бир-биримизни тушунмасдан дилхираликларга йўл қўямиз. Ҳар кимнинг характери, савияси, диди ҳар хил бўлгани учун, ўзига яраша муомалани талаб қилади. Одамзотдаги ҳар қандай касаллик, иллат, аслида, унинг руҳиятидаги сиқилиш, безовталикдан бошланади. Демак, касаллик руҳиятдан танага кўчади. Биз танани даволашга кўпроқ эътибор қиламиз. Шу боис бормаган жойимиз, учрашмаган докторимиз, ичмаган доримиз, кўрсатмаган табибимиз қолмайди. Танани ҳар хил кимёвий моддалар билан тўлғизамиз. Тўғри, дори-дармон сабаб маълум муддат тузалиб, касалликнинг олдини олишимиз ҳам мумкин. Лекин руҳият даволанмас экан, тана тўла ҳолда шифо топмайди. Одамзотнинг тириклиги тан, жон ва руҳ бирлигидан иборатдир. Улар соғлом бўлмаса, баркамоллик йўқ. Баркамоллик белгиси ақлий ва жисмоний кучга таянади. Шунинг учун ҳам бир пайтлари дуохонлар, азайимхонларга эҳтиёж сезилган бўлса керак. Сўз ва нутқ орқали инсон руҳиятига таъсир этиш ва уни даволаш – синашта ҳол. Инсон баданида иллатга мойил кучлар бўлгани ҳолда, унга қарши иммунитетлар, инстинктлар ҳам борлигини инкор этиб бўлмайди. Сўз бузади, сўз тузади. Олқиш ҳам сўз билан, қарғиш ҳам сўз билан. Омонлик-у ёмонлик ҳам, ободлик-у барбодлик ҳам у билан. Сўз ўлдиради, сўз кулдиради. Бунёдкор ғоялар ҳам, бузғунчи ғоялар ҳам у билан. Сўз хусусидаги бу таърифлар бежиз айтилмаган. Маърифатпарвар адиб Абдулла Авлоний “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асарида одамзот табиатидаги мақбул ва номақбул хислатларни қайд эта туриб, инсонларни яхшиликка чақирувчи, ёмонликлардан қайтаргувчи илм бу ахлоқ эканини таъкидлайди. “Инсон икки нарсадан мураккабдур. Бири жасад, иккинчиси нафсдур. Жасад кўз ила бор нарсаларни кўрур. Аммо нафс идрок ила яхшини ёмондан, оқни қорадан айирур. Жасаднинг ҳам, нафснинг ҳам бирор сурати бордурки, ё яхши ва ё ёмон бўладур. Жасаднинг сурати ҳаммага маълум бир нарсадурки, ҳар вақт кўзга кўриниб турадур. Аммо нафснинг сурати кўзга кўринмайдурган, ақл ила ўлчанадурган бир нарсадурки, буни хулқ деб аталур. Агар бир киши ёшлигида нафси бузулуб, тарбиясиз, ахлоқсиз бўлиб ўсдими, бундай кишилардан яхшилик кутмак эрдан туриб юлдузларга қўл узатмак кабидур.” (А.Авлоний.,”Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” Т, Ўқитувчи, 1992 й.11-б.) Маърифатли, маънавияти юксак бўлган инсонлар муомала маданиятида кўпчиликка ибрат бўла олади. Хушмуомалалик, хушфеъллик, беозорлик, мулойимлик, ҳаё-иболилик уларнинг ҳуснига ҳусн, обрўсига обрў қўшган. Алишер Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида “Вафосизда ҳаё йўқ, ҳаёсизда вафо йўқ” – дея бежиз таъкидламаган. Беандишалилик, бефаҳмлик, бефаросатлик эса кишини ақлдан, ҳаёдан жудо қилади. Шарқ одобномасида қаерга бориш, қандай сўрашиш, қаерда ўтириш, қандай сўзлаш, кимларнинг суҳбатида бўлиш муомала маданиятининг мезонлари сифатида кўп бор тилга олинган. Саъдий Шерозий “Ширин сўзли шилгай душман пўстини, дағал сўзли душман қилгай дўстини” – дея ўринли таъкидлаган. Жон озиғи ҳам, қозиғи ҳам, яхши сўз билан илон инидан, ёмон сўз билан пичоқ қинидан чиқиши борасидаги доно халқимизнинг уқтиришлари замирида ҳам муомала маданияти мавжудлигини инкор этиб бўлмайди. Шарқона лутф, шарқона тавозеъдан бехабарлик инсоннинг не куйларга солмайди, дейсиз. Муомала жараёнида сўзлашишдан олдин суҳбатдошингизнинг юз-у кўзидаги ифода ёхуд табассуми сиз учун муҳим. У қовоғини солиб гапирса, ўша совуқлик сизгаям кўчиши аниқ, ёки аксинча. Табассум кўпгина муаммоларнинг калити эканини билсак ҳам баъзан амал қилмаймиз. Негадир хоҳламаймиз. Айниқса, бизга биров бирон бир хизмат ёки илтимос билан келса, афтимизни буриштириб раҳбарлик “виқори” ёдимизга тушибми қовоғимизни солиб оламиз. Ўзимиз сезмаган ҳолда суҳбатимиз оҳангида кибру ҳаво ҳукмронлик қила бошлайди. Бу мулоҳазалар сизга эриш туюлмаслигини биламан. Ҳаётингиз мобайнида сиз ҳам худди шундай совуққон биронта корхона ёки ташкилот раҳбарчасига учрагансиз. Ундаги манманлик ёхуд сизга бўлган беписандликнинг гувоҳи бўлгансиз. Тўғри, кайфияти ёмон пайтда келибман, юқори ташкилотларнинг биридан дакки эган бўлиши мумкин, деб ўзингизни овутган ҳам бўласиз. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам очиқюзлилик, ўзбекона бағрикенглик ва меҳридарёлик халқимиз табиатига хослигини унутмаслик зарур. Баъзан ғарбдаги беҳаёлик ва таназзулга юз тутаётган жамият ҳақида гапирамиз. Шогирдларимдан бир нечтаси хориждаги нуфузли ўқув юртларида ўз малакасини ошириб қайтишди. Улар суҳбат жараёнида кўча-кўйда қовоғини солиб юрган кишиларни кам учратганини, ўзларининг ташвиш-у муаммолар бўлсада, бошқаларга унинг таъсири бўлмасин, деб табассумли қиёфада юриши ва иш тутишларини айтишди. Сўнгра қайтиб келганларида, автобусдаги айрим кимсаларнинг бақир-чақириғи, телефонда баланд овозда гапиришлари эриш туюлганини айтишди. Оилада, ишхонада баъзан муаммоли вазиятлар туғилиши, асаббузарликларга йўл қўйилишини инкор қилмаймиз. Гарчи, шундай бўлсада, “шайтонга ҳай бериб” шарқона муомала маданиятини унутиш ярамайди. Қаердадир эшитгандим. Бир япон йигит ишхонасида очиқ чеҳра билан ишга уннаб, “навбатчи” табассум билан юрганмиш. Шунда касбдошларидан бири “тунов куни отанг дунёдан ўтганди, шекилли, нимага хомуш эмассан”, – деса, “вафот этган менинг отам, ҳамкасбларимникимас, тушкун, хомуш ҳолатда юриб уларнинг қайғумга ҳасратдош, шерик бўлишларини истамайман” – деб жавоб берган экан. Ривожланган мамлакатларда қовоқ солиб юриш, хўмрайиш кўча этикасига зид ва ҳурматсизлик саналади, “инглиз, немис, француз, испан, италян каби халқлар вакиллари оддий мулоқотдан олдин албатта, узр сўрайдилар ва суҳбат охирида миннатдорчилик билдиришни унутмайдилар. Ўзаро суҳбат давомида сизни майин табассум билан сийлаб турадилар. Бу «навбатчи» табассумнинг фойдаси катта, очиқ юзли одам ҳаммада ҳамиша яхши таассурот қолдиради. Тўғри, ўзининг тушкун қиёфатини, маҳзун ҳолатини бошқаларга ҳам раво кўриш, гўёки ўзининг касалини бошқаларга юқтиришга ўхшайди. Совуққон, тунд қиёфада муомалада бўлувчи кимсалар борасида Мирзо Абдулқодир Бедил шундай ёзганди: “Яхшилик излама совуқ кишидан, музлаган чечакнинг ҳиди жуда кам.” Буларнинг барчаси инсон қалбига йўл топиш тилсимларига бориб боғланади. Муомала сирлари ҳақида жуда кўплаб алломалар тадқиқот ишлари олиб боришган. Ўзбек китобхонларига рус тили орқали бўлса-да, таниш бўлган руҳиятшунос олим Дейл Карнегидир. Одамлар билан муомала қилиш, уларнинг қалбини ром этиш сир-синоатлари ҳақида кўп ва хўп ёзган. Лекин унинг фикр-мулоҳазаларининг аксарияти шарқона менталитетга унчалик мос келмаслиги аниқ. Баъзи мулоҳазалари бизнинг миллий, маънавий ва ахлоқий қарашларимизга тўғри келмаслигини инкор этиб бўлмайди. Умуман олганда, миллатидан, ирқидан қатъий назар инсон руҳияти, талаб ва эҳтиёжларида муштарак жиҳатлар бўлгани учун айрим масалаларда яқинлик ҳам бор. Одамларга ёқишнинг усуллари, дўст орттирш йўллари ҳақида қизиқарли маълумотлар келтиради. У ёзади: “Дўстим, сиз дунёда дўст орттиришга энг уста бўлган жониворни биласизми? Албатта, биласиз. Сиз уни хар куни кўчада учратишингиз мумкин. У сизни 10 қадам наридан кўриши биланоқ, думларини ўйнатиб олдингизга югуриб келади. Агар сиз тўхтаб уни сийпаласангиз, у сиздан хурсанд ва сизни жуда яхши кўришини англатиш учун турли хил қилиқлар қилаётганлигини кўрасиз. Сиз бу шодликнинг орқасида яширин бир интилиш йўқ эканлигини – у сизга бирон-бир нарсани сотиш ёки сиз билан турмуш қуриш илинжида эмаслигини яққол ҳис қиласиз. Сиз бирор марта ит кун кечириш учун ишлаши шарт бўлмаган ягона жонивор эканлиги хақида ўйлаб кўрганмисиз? Товуқ тухум қилиши керак, сигир сут бериши керак, булбул эса сайраши керак. Ит-чи? Ит кун кечириши учун сизга ўз садоқатини кўрсатиши, сизга вафодор бўлиши керак, холос. Ит ўз умрида руҳиятга оид бирор китоб ўқиган дейсизми? Лекин у қандайдир туғма инстинкт ёрдамида одамзодга суйкалиб, икки ой давомида икки йилда орттирган дўстларидан ҳам кўпроқ дўстлар орттириш мумкинлигини билади.” Бу борада Дейл Карнегининг фикрларига қўшилиш мумкин. Лекин шуни унутмаслик керакки, инсонлараро муомала жараёнида қизиқиш, манфаат, эҳтиёж деган тушунчалар муҳим рол ўйнайди. Кўп йиллар сиз билан дўстлик риштасини мустаҳкамлаб юрган дўстингиз нимадир сабаб бўлиб бир илтимосини бажаролмасангиз, тўнини тескари кийволиб сизга бўлган муомаласи, муносабати кескин ўзгаради. Маърифатда бирлаштирувчилик манфаатда (моддий) айирувчилик кучи бор. Одатда, муносабатларнинг бузилиши манфаатларнинг тўқнашувидан пайдо бўлади. Табиийки, бу ҳолатда самимий муомалага, дўстликка путур этади. Бир куни Жалолиддин Румийдан сўрашади: Кучукларга қаранг, бир-бирларини ялаб-юлқаб, ўйноқлаб юришибди. Ана шундай аҳиллик наҳотки, инсонларда йўқ? Румий уларга жавобан шундай дейди: Ўша кучукларнинг олдига бир бўлак суяк ташлаб кўринг-чи, суяк қолиб, бир-бирини ғажишга тушишади.” Тўғри, муомала қизиқиш манфаатдан ташқари кайфият билан ҳам дахлдор. Сизнинг муомала жараёнида кайфиятингиз, руҳий ҳолатингизнинг суҳбатдошга таъсири борлигини унутиб бўлмайди. Хулқ-атворингиз ундан озиқ олиши ҳеч гап эмас. Унга ҳам сизнинг кайфиятингиз юқади. Бунинг эса масаланинг ижобий эчимига сезиларли таъсири бўлиши аниқ. Горвард университетининг профессори У. Джеймс шундай ёзади: “Хулқ-атвор кайфият натижаси деб ҳисобланади, лекин улар бир-биридан ажралмасдир. Биз ўз иродамиз билан хулқ-атворимизни бошқарар эканмиз, бевосита иродамизга бўйсунувчи кайфиятимизни ҳам бошқарамиз.” Тўғри, бу ўринда уларни юзага чиқарувчи муайян вазият ва шароитни ҳам ҳисобга олиниши мақсадга мувофиқдир. Мулоқот жараёнида муомаланинг қандай йўсинда бўлиши яна нималарга боғлиқ деб ўйлайсиз? Гап сўздами, маънодами, мазмундами ёки фикрдами?- деган саволга В.Г.Белинский “йўқ, гап оҳангда” – дея жавоб бергани бежиз эмас. Биргина “салом” сўзини бир неча хил оҳангда айтиш мумкин. Пичирлаб, баланд овозда, кесатиш, пичинг оҳангида, истеҳзо, киноя билан ва ҳоказо. Шу орқали суҳбатдошингизнинг қандай қабул қилишини, қандай ҳолатга тушишини билиб олишингиз мумкин. Чунки, оҳангда муносабат, мурожаат тарзи, антипатия ва симпатия шундоққина сезилиб туради. Муомала майл, қизиқиш, талаб, эҳтиёж, манфаат, мақсадли ҳаракатдан туғилади. Бошқача айтганда, коммуникация воситалари ёрдамида инсонни ўрганиш ва билиш демакдир. Муомала маъно ва мазмун жиҳатидан амаллар омили, таомили демакдир. Шунинг учун ҳам амал, омил, муомала, таомил сўзлари бир ўзакдан ясалган арабча сўзлардир. Қадимда шарқда болаларга бирон нарса харид қилиши учун муайян миқдорда пул бериб, бозорга юбориб унга муомала қилиш йўлларининг ўргатилгани ҳам бежиз эмас. Ширин муомала ва мулозамат қўрс, қўпол ҳаракатдан доим устунлик қилган. Муҳими, мақсадингизни, фикрингизни ифода этиш йўлларини билишингиз муваффақиятларингиз гаровидир. Шунинг учун ҳам “йўлни билиш эмас, йўлини билиш муҳим” деган ибора беҳуда айтилмаган. Жангда ҳам ғалабани таъминлашда стратегия эмас, тактика муҳимлигини инкор этиб бўлмайди. Қачон, қаерда, қандай ҳужумга ёки ҳимояга ўтишни билиш зафар қозонишнинг муҳим омилидир. Риторика усуллари, мантиқий мушоҳада, жестлар, мимика, ташқи кўриниш, қўйингки, ҳаммаси муомала қобиғида, хулқий маданиятингиз кўринишида акс этади. Шундай экан, болаларда нимани, кимга, қандай ифода эта олиш кўникмаларини шакллантириш ижтимоий масала эканини унутиш ярамайди. “Қуш уясида кўрганини қилади” – деган нақл бежиз эмас. Муомала маданиятини фарзанд оиладан, аввало, ота-онаси ва барча яқинларидан ўзи сезмаган ҳолда ўзлаштира боради. Тарбия олгангина тарбия бера олади. Ёшларнинг камолоти, маънавияти, тарбиясига эътиборсизлик юртимиз истиқболига, ватанимиз равнақига бефарқликдир. Муомала, таълим, тарбия тушунчалари ўзаро уйғун бўлиб, бу маънавият аталмиш уммонда уйғунлашади. Шундай экан, буларнинг ёшларимиз онгу шуурига қандай этиб бориши ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир. Президентимизнинг “Маънавият инсонга она сути, ота ибрати, аждодлар ўгити билан бирга сингади” дейишлари бежиз эмас. Ёшларимиздаги фаоллик ва юрт келажагига дахлдорлик туйғуси ҳам ўзаро мулоқотдан, муомала маданиятидан, нарса-ҳодисаларга тўғри баҳо бериш ва холисона қараш ҳиссини шакллантиришдан иборат. Шекспирнинг таъкидлашича, ҳеч бир нарса яхши ёки ёмон бўлиши мумкин эмас – улар бизнинг нарсаларга қандай қарашимизга боғлиқдир. Қараш эса шахсий манфаат, худбинлик қобиғида эмас, балки, умумхалқ манфаати нуқтаи назаридан бўлиши мақсадга мувофиқ. Юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, ижтимоий ҳамкорлик комил инсон масаласига бориб боғланар экан, демак, муомала маданиятининг узвий бўлаги хулқ-атворимиз ибратли бўлиши керак. Болалар дунёнинг барча давлатларида бир хил йиғлайдилар, ўхшаш, лекин улғая бошлагач, ҳар хил қилиқлар қилишади, шубҳасизки, бунга сабаб, хулқ, тарбия ва муомаладир. Кишилараро кўча-кўйдаги ўзаро мулоқотдаги муомала билан раҳбар ва ходимлар орасидаги мулоқот маданияти масъулият ҳисси ва мажбурият бурчининг юқорилиги билан ажралиб туради. Айтиш мумкинки, нотиқлик, муомала маданияти барча касбларнинг, санъатларнинг асосида мавжуд. Ўз фикрини оммага чиройли тарзда, аниқ ва содда тушунтира олиш ва ишонтира билишга бўлган ҳаракат деярли барча соҳа, касб эгаларининг табиатида бор. Бу уларнинг доимий орзуси ҳамдир. Машина механизмларни бошқариш учун шу касбга оид чуқур билим, тажриба, лаёқат, шижоат бўлишининг ўзи кифоя. Одамлар орқали ишни бошқариш, уларга раҳбарлик қилиш бошқа нарса. Шу хакда фикр юрита туриб Ш. Раззоқов «Раҳбарлик учун махсус билимлар, кўникмалардан ташқари, одамлар билан муомала қилиш, қўл остидагилар билан тил топишиш, топқирлик, ҳозиржавоблик, қалтис вазиятлардан чиқа олиш, вазиятни баҳолаш, энг асосийси, ҳар қандай мушкул вазифани қийин вазиятларда ҳам уддалай оладиган аҳил ва жипслашган жамоа тузиш қобилияти мужассам бўлиши лозим», – деб ёзади. Ҳусн ва хулқ ярим ризқ бўлса, нутқ ва ҳунар бутун ризқдир. Ҳадисона мазмун касб этган бу ҳикмат муомала маданиятининг икки асоси борасидаги мулоҳазамизни тасдиқлайди. Бири хулқий маданият бўлса, иккинчиси нутқий маданиятдир. Энди эса унинг иккинчи томони нутқий маданият борасида фикрлашамиз. Зотан, нутқ хулқнинг ойнасидир. Қолаверса, инсон қалбига йўлнинг нурли чироғи ҳам у биландир. Дил – қулф, тил – калит Уйингиздаги ёки ишхонангиздаги хоналарнинг эшикларига разм солинг. Қулфлоғлиқ эшикни очиш мушкул. Ҳарчанд киришга уринманг, бефойда. Бировига тушадиган калит иккинчисига тўғри келмайди. Ҳар бирининг ўз очқичи, “тиш”лари бошқача. Одамзот қалби ҳам шунга монанд. Ҳар бири ўз диди, савияси, билими, фикрлаш ва яшаш тарзи ва дунёқараши билан ажралиб туради. Сиз ана шуларни билган ҳолда муомалада бўласиз, акс ҳолда,”қовун тушириб қўйишингиз” ҳеч гап эмас. Ҳамманинг қалбига йўл ҳар хил йўсинда. Дид билан диллашиш мушкул. Фарзандларингиз, ота-онангиз, ҳатто, турмуш ўртоғингиз билан ҳам дидингиз бир хил бўлавермайди. Баъзи масалаларда маслакдошсиз, эмак, ичмак, киймак бобида дидингиз ҳар хил. Демак, руслардаги “вкус и свет товариши нет”дегани бежиз эмас. Кўнгил қулфига мосу хос очқич бу сўзингиз, нутқингиздир. У қандай бўлиши керак? Бунинг учун эса муомала маданиятининг иккинчи муҳим жиҳатига эътиборни қаратиш зарур. Алишер Навоийнинг “кўнгил хазинасин қулфи тил, калити сўз”, деганларида, муомала тилсимотига ишора қилганларини илғаб олиш қийин эмас. Қолаверса, тил муомала одобининг аввали эканини Маҳмуд Қошғарий “Ардам (одоб) боши – тил” дея эътироф этган. “Киши сўзлашу, йилқи йизлашу” деганида ҳам кишилар бир-бирларини сўзлашиб билиб олганларидек, ҳайвонлар ҳидлашиб билишади деган фикрни қайд этади. Буларнинг барчаси мулоқот жараёнида сўзга, нутққа эҳтиёткорона муносабатда бўлиш заруратини англатади. Биз кўрган-билган, эшитган, ўқиб ўрганган ёки шоҳид бўлган ҳар бир нарса-ҳодисанинг ўз таянч нуқтаси бор. Бу фақат курраи заминимиздаги воқеликка тааллуқли бўлиб қолмасдан, галактикадаги барча сайёра, юлдуз, самовий жинсларга ҳам дахлдор. Таянч нуқтаси бор бўлмаган нарсанинг ўзи йўқ. Бўлган тақдирда ҳам, у омонат. Эътибор беринг ҳашаматли, нақшинкор, баланд иморат олдида турибсиз. Қанчалик кўкка бўй чўзмасин, ёки қанчалик «виқор»ли бўлмасин, унинг таянч нуқтаси-пойдевори бўлмаса, у ҳеч нимадир. Эрта-индин қулаши, харобага айланиши тайин. Ҳатто, эрнинг ҳам таянч нуқтаси бор. Беруний, Архимедлар бу ҳақда қанчалик ўй суриб, умрини банд этган бўлмасин, таянч нуқта мутлоқ ҳақиқат эканлигини англаб этишган. Эрнинг таянч нуқтаси бўлмаганда эди, у аллақачон орбитадан чиқиб кетган бўларди. Шундай экан, инсониятнинг, элларнинг, дилларнинг, тилларнинг ҳам ўз таянчи, суянчи бор. Тинчлик, тотувлик, ўзаро бирдамлик ҳар бир дамда, ҳар қадамда бир-бирини тушунишлик халқлар осойишталиги ва фаровонлигининг таянчи бўлса, ҳар бир тилнинг таянчи эса айни халқ нутқида истифода этилувчи сўзлардан иборат. Тилнинг бойлиги, гўзаллиги, нафосати ҳам ундаги сўзларнинг сони ва жилоси билан боғлиқ. Унинг боқийлиги эса ундан фойдаланувчи миллатнинг маънавияти ва истиқболига тегишли. Таъбир жоиз бўлса, дейлик сиз меъморсиз. Ўз заҳирангизда мавжуд бўлган сўзлардан фойдаланиб, фикр этказасиз ва қабул қиласиз. Бошқача айттанда, тафаккур иморатини бунёд этасиз. Шундай экан, сўз ана шу иморатга қўйилган ғиштдир. Ғиштнинг таркиби қум, лой каби жинслардан иборат бўлгани каби сўзнинг таркиби ҳам товуш, фонемалардан иборат. Тўғри таъкидланганидек, гап сўзнинг сони ёки сифатида эмас, балки уларни билиш ва ўз ўрнида қўллай олишдадир. Демак, сўз – неъмат, сўз – рағбат, сўз – ташвиқ, сўз – даъват, сўз – давлат, сўз – савлат, сўз – ҳикмат, сўз – ҳиммат, сўз – ҳурмат, сўз – раҳмат, сўз – заҳмат, сўз – фазилат, сўз – иллат, сўз – тузувчи, сўз – бузувчи, сўз – илм, сўз – тилсим, сўз – билим, сўз – зулм, сўз – сабоқ, сўз – таёқ, сўз – ҳавас, сўз – ҳасад, сўз – ғурбат, сўз – ғийбат, сўз – дўст, сўз – душман, сўз – шарофат, сўз – офат, сўз – олқиш, сўз – қарғиш, сўз – меҳр, сўз – қаҳр … хуллас, сўз – ҳамма нарса. Фақат уни қачон, қаерда, қандай қилиб қўллаш сўзловчига боғлиқ. Бу эса сўзловчининг онгу шуурига, ақлу идрокига, фаҳму фаросатига дахлдордир. Демак, тил, нутқ одоби инсон маънавияти ва камолотида этакчи мезон эканини Юсуф Хос Ҳожибнинг «Сўзнинг ўрни – сир» деган фикридан ҳам уқиш мумкин. Сўзнинг сир-синоатларини идрок этиб, ўрнини топа олган зукко суханварларгина сўзнинг саҳоватларидан баҳраманд бўла олади, ўзгаларни ҳам баҳраманд қила олади. Юқоридаги фикрларнинг ўзиёқ, сўзнинг номинатив функциясидан ташқари фикр этказувчи ва қабул қилувчи орасидаги коммуникатив жараённи ҳам таъмин этишини англатади. Сўзнинг хосияти шулар билан чекланмайди. Унинг имконият қирраларини этук нотиқлар кашф этадилар. Ҳар бир нарсанинг хусусиятлари унинг тўла таърифини бериши учундир. Маълумки, нутқнинг, фикрнинг асосини ташкил қиладиган бирлик бу сўздир. Сўз орқали нутқ ва фикр ойдинлашади. Сўзларниниг характерини яхши билган киши ҳеч қачон қийналмайди. Ҳар қандай сўзнинг хосияти эса уни ўз ўрнида, тўғри ишлата олиш билан белгиланади. Сўз, товуш ҳамда маънонинг диалектик бирлигидан иборатлигини билган нотиқ уни ифодалашда қуйидаги босқичларни эътиборда тутиши лозим: 1. Топиш. 2. Танлаш. 3. Қўллаш (айтиш ёки ёзиш). Топиш сўзловчининг сўз бойлигига дахлдор бўлса, танлаш диди, савиясига, қўллаш эса унинг маҳоратига тегишлидир. Топиш тил бойликларидан, синонимлардан қандай фойдалана олишингизга мезон бўлса, танлаш психологик, ахлоқий ва эстетик нормаларга амал қилиш заруратини билдиради. Қўллаш эса оғзаки ёки ёзма равишда амалга оширилади. Сўзнинг хосияти қанчалик эътиборли бўлса, шунга мувофиқ нутқнинг моҳияти ҳам муҳимдир. Нутқ қатор хусусиятлар билан бирга нутқий воситаларга ҳам эга. Бу ҳолат унинг, нутқ маданиятининг ҳар иккала кўринишига, оғзаки ва ёзма нуткқа баравар тааллуқлидир. Товуш – сўзнинг моддий томони. Бошқача айтганда, товушлар талаффузи тилнинг ҳаракатдаги амалий жараёни. Ҳар товушнинг ўз сифати, жаранги, оҳанги ва талаффуз меъёри бор. Бу жиҳатларни доимо назарда тутиш керак. Чунки нутққина фикрни содда, тушунарли ва теран бўлишини таъмин этади. Нутқнинг моҳияти унинг маданийлиги, оммавийлиги ва ижтимоий қиммати билан белгиланади. Жонли нутқнинг икки қаноти бир-биридан куч олади. Бу нутқ маданиятининг иккита кўринишидир. Муомала жараёни буларни пухта билиш, ўзлаштириш ва амалда муваффақиятли қўллашни тақозо этади. Бу оғзаки ва ёзма нутқ маданиятини эгаллашдир. Кимдир оғзаки нутққа моҳир бўлса, кимдир ёзма нутққа. Аслида, ҳар иккаласининг ҳам устаси бўлиш керак. Халқ ибораси билан айтганда, «гапга дўппи кийгизадиган» сўз усталарининг нутқи кишини ўзига ром этмасдан қўймайди. Устозлардан бири шундай деган эди: «Мен минбарга чиқсам, ўзимни милтиқ ўқталган овчи олдида дағ-дағ титраётган қуёнга ўхшатаман, ёзиш учун столга яқинлашсам, ўзимни бамисоли арслондек тасаввур қиламан». Бу оғзаки нутққа, сўзга чечанлигим йўқ, фикрни қоғозга тушириш ва этказиш бобида уқувим йўқ эмас, деганидир. Оғзаки нутқнинг ҳам, ёзма нутқнинг ҳам ўз талаблари, имконият доираси бор. Шундай ҳамкасбларимиз борки, сўз бобида биров олдига тушолмайди, ҳеч кимга гап ҳам, гал ҳам бермайди. Лекин, ёзиш бобида ожиз. Иккита жумлани бир-бирига боғлаб, фикрни қоғозга тушира олмайди, умумлаштира олмайди. Оғзаки ва ёзма нутқ аслида, бир-бирини тўлдиради, бойитади. Ҳар иккала нутқнинг имконияти ва қамровини билмаган нотиқ на унисида зўр, на бунисида. Хўш, муомала маданиятининг таркибий қисми бўлган оғзаки ва ёзма нутқнинг фарқли жиҳатлари бири талаффуз, иккинчиси ёзув билан ифодаланишидами? Йўқ, албатта. Оғзаки нутқ ёзма нутққа нисбатан анча фаол, жонли жараён. Оғзаки нутқ қўлланиш усулига кўра икки хил бўлади: оддий сўзлашув нутқи ва адабий сўзлашув нутқи. Оддий сўзлашув нутқи кундалик ҳаётимизда, ўзаро муомала жараёнида ишлатилса, адабий сўзлашув нутқи муайян шахслар доирасида тилнинг меъёрий мезонларини қўллаш орқали рўёбга чиқади. Оғзаки нутқда шевачилик таъсири сезилиб туради. Биз қайси вилоят, қайси гўшадан бўлмайлик, нутқимизда маълум муддат яшаган маконимизнинг сўзлашувига хос шеванинг таъсири бўлади. Бу нутқ товушларининг талаффузида ёки шевага хос сўз ва ибораларни қўллашда сезилади. Оғзаки нутқ тезкор, автоматик жараён бўлгани сабабли ўйлаб туриш, сўнг сўзда давом этиш қийин. Сўзлов ва ўйлов бир вақтнинг ўзида амалга ошади. Бошқача айтганда, сўзлаб туриб ўйланилади. Оғзаки нутқ шахсий, индивидуал фаолиятдир. Шунинг учун ҳам фикрий баён ва нутқий услуб, овоз ифодалари бир-бирига ўхшайвермайди. Оғзаки нутқ сўзловчининг кайфияти, руҳияти, табиатига ҳамда вазиятга, нутқий аъзоларнинг соғлом ва нормал ишлашига ҳам боғлик. Одамнинг беҳол, касалванд вақтидаги нутқи билан соғлом, руҳан тетик пайтидаги нутқи орасидаги фарқни сезиш қийин эмас. Киши сўзлаётганда ўз нутқига ёзаётгандагидек этарли даражада эътибор беравермайди. Маълум бир даврада сўзлаётганида нутқида камчиликка йўл қўйганини ўзи сезиб қолса, нутқнинг кейинги ҳолати ҳам кўнгилдагидек бўлмайди. Оғзаки нутқ ўзига хос грамматик тузилишига ва қурилиш тартибига эга бўлади. Унда гап бўлакларининг тушиб қолиши, қисқариши, алмашиниши, такрорлар, кераксиз унсурларнинг бўлиши кузатилади. Оғзаки нутқдаги маъно оттенкалари, муносабатдаги тасдиқ ёки инкор аломатлари, оҳанг, талаффуз, имо-ишора воситалари орқали амалга оширилади. Ёзма нутқда эса бу хусусиятларни ифода этувчи бошқа белгилар мавжуд. Унда имловий ва пунктуацион нормалар муҳим рол ўйнайди. Ёзма нутқ, аввало, у манба. Хоҳлаган пайтда уни қайта ўқиш, тузатиш, бошқа сўз ва сўз бирикмалари билан алмаштириш мумкин. Ёзма нутқ намунасидаги мақсадни тўла англаш учун имло ҳамда тиниш белгиларининг хусусиятларини ўқувчи ҳам яхши ўзлаштирган бўлиши лозим. Акс ҳолда, матн завқу шавқидан бебаҳра қолинади. Нутқни ёзма равишда баён этиш қадимдан қўлланиб келинган. Муншийлар, котиблар ва алломалар бу санъатни юқори даражага кўтарганлар. Ёзма ва оғзаки нутқнинг жилоси тафаккур машқларидир. Шу ҳақда сўз юритиб, профессор Нусратилло Жумаев ёзади: «ёзма нутқ билан шуғулланмаган нотиқ нутқининг ривожи суст, сайқал топиши қийин кечади. Унинг сўз бойлиги, ифода имкониятлари чекланган бўлади ». Оғзаки ва ёзма нутқнинг ўзаро боғлиқлиги уларнинг шаклланиш жараёнидагина эмас, балки тараққий этишида, сайқал топишида муҳим ҳам муқимдир. Даврага чиқувчи нотиқ демоқчи бўлган мақсадини тўла бўлмаса-да, хомаки тарҳини қоғозга тушириб режалаштиради. Нимадан нимага ўтиш, қанча тўхталиш, нималарни айтиш ёки айтмаслик ҳақидаги чизгилар нотиқ сўзлаётган пайтда ҳам унинг кўз олдида худди қоғоздагидек хаёлий суврати намоён бўлиб туради. Акс ҳолда, нутқ меъёри бузилиб, вақт чўзилиб кетиши, аудитория яхши қабул этмаслиги мумкин. Қўпол айтганда, нотиқ ўзининг фикр тизгинини жиловлай олмасдан талмовсираб қолиши мумкин. Юқорида келтирилган иқтибоснинг давомида худди шундай ибратомуз фикрларни ўқиймиз: «Нотиқнинг фикру ўйлари, қалб кечинмалари ёзма нутқ жараёнида роса ишланади, пишиб мумтоз даражага этади. Сўнг оғзаки нутқда жамол кўрсатади. Оғзаки нутқ ҳам ижод жараёни. Унда инсон фавқулодда ноёб фикр, ғояларни, бадиий ифодаларни кашф этади. Уларни сўзлаб юриб, пишитиб сайқал топтиради ва қиёмини қуйма қилиб ёзма нутқида териб ёзади». Оғзаки нутқнинг қатор вазифавий кўринишлари мавжудки, улар кези келганда, ёзма нутққа жило беради. Унинг таъсирчанлигини оширади. Кундалик сўзлашув нутқи, лекторлар нутқи, радио ва телевидение нутқи, саҳна нутқи буларнинг ҳар бири алоҳида тадқиқни талаб этади. Кўз, қулоқ, мия, юрак бу кўриш, эшитиш, англаш, ҳис этиш демакдир. Уларнинг рўёби тил, нутқ орқали иккинчи вужудга, том маънода айтадиган бўлсак, оммага этиб боради. Биз бир-биримизга фикримизни, тушунчаларимизни нутқ орқали этказиб англатамиз. Уларда тасдиқ ёки инкор маъносида фикр уйғотамиз. Шунинг учун ҳам алломалар наздида тилга эътибор алоҳида аҳамият касб этган. Ҳадиси шарифлардан бирида “сўзда сеҳр, шеърда ҳикмат бор” дейилиши бежиз эмас. Сўзнинг сеҳрини билиш учун унга меҳр қўйиш заруриятини ҳам ёддан чиқазмаслик зарур. Кишилик жамияти пайдо бўлибдики, сўз ва нутқдан фойдаланиш, унинг имкониятлари доирасида фикр этказиш ва қабул қилишнинг турли усуллари шаклланган. Нотиқлик, воизлик, риторика, ораторлик, красноречие, хатоба ана шундай санъатдир. Ушбу санъатлар ҳар бир даврда ўша замоннинг мафкурасига хизмат қилиб келган. Турли “изм-изм”лар, ҳар хил мафкуравий оқимлар ундан усталик билан фойдаланишган. Шу маънода, нотиқликни дудама ханжарга ўхшатишади. Яъни, у икки томони ҳам кесувчи қуролдир. Бир томонида адолат турса, иккинчи томонида адоват. Ким ундан қандай фойдаланишига боғлиқ. Демак, воиз ва воизлик санъатининг сир-асрорлари ва моҳиятини чукур билиш керак. Воиз ўзи ҳам сўзи жоиз бўлиши учун чуқур билим ва малакага, этук дунёқараш ва савияга эга бўлиши керак. Токи, унинг ҳар бир сўзи халқ фаровонлиги, юрт тинчлиги, ватан равнақига хизмат қилсин. Ҳозирги замонда халқ қалби ва онгги учун кураш кетаётган пайтда турли хил усуллар билан ўз манфаатларини ифода этувчи ғайри кучлар пайдо бўлаверади. Буларга қарши чуқур билим ва маърифат билан жавоб бера олиш, воизлик маҳорати орқали фикр этказиш санъатини эгаллаш лозим. “Мафкура полигонлари ядро полигонларига нисбатан катта кучга эга” эканлиги “Юксак маънавият – энгилмас куч” асарида таъкидланиши бежиз эмас. Мафкура, ғоя бирлиги ҳам сўз билан. Сўз ғоя байроғи, мафкура маёғи, хулқ қаймоғи, нутқ аймоғидир. Қандай ёш ва қандай касбда бўлишдан қатъий назар, ҳар биримиз кишилар билан нутқий муносабатда бўламиз – сўзлаймиз, тинглаймиз, фикрлашамиз. Ҳар кимнинг ўз диди, савияси, дунёқараши, сажияси, феъл-атвори, кўриниши, кийиниши бўлганидек, унинг овози, сўзлашиш услуби, тил ва нутқий маданиятни эгаллаш даражаси ҳам ўзига хос. «Ўзингга қараб кутарлар, сўзингга қараб кузатарлар»- деган нақл бор. Кишининг фаҳм-фаросати ва савияси икки оғиз сўзидаёқ намоён бўлади. Киши фикрининг аниқ, самимий ва таъсирли этиб бориши сўзловчининг тил ва унинг ҳаракатдаги ифодаси бўлган нутқ қоидаларини қанчалик билиши ва амал қилишига боғлиқ. Шундай экан, нутқнинг аниқлиги-тафаккурнинг тиниқлигига дахлдор бўлса, талаффузнинг аниқлиги-нутқнинг тиниқлигига боғлиқдир. Нотиқ нутқининг мантиқий қудрати, таъсир кучи, жозибаси ҳам, аслида шу билан. Нотиқ нутқи, воиз ваъзи ҳар бир даврларда, ҳар бир маконларда жоиз бўлгани ҳақ. Демак, нутқий маҳоратни эгаллашга интилиш нутқ одоби, аниқроғи, тил ва нутқ воситаларини пухта билишни тақозо этади. Назарий маълумотлар амалий машғулотлар билан уйғунлашмас экан, бунга эришиш мушкул. Ҳар қандай сўзнинг хосияти нутқнинг моҳияти билан алоқадоргина эмас, балки мантиқий тафаккур мезони ҳамдир. Нутқ, нотиқ, мантиқ, нотиқлик атамаларининг бир ўзакдан ясалгани ҳам бу тил бирликларининг ўзаро узвий боғлиқликда намоён бўлишини англатади. Бири бирисиз рўёбга чиқмаслигини, бири иккинчисини тақозо этишини билдиради. Нутқий маҳоратнинг икки омили бор. Бири нутқ хусусиятларини билиш бўлса, иккинчиси нутқ техникасини эгаллашдир. Нутқнинг тўғрилиги, аниқлиги, мантиқийлиги, софлиги, бойлиги, ифодавийлиги, таъсирлилиги, жўялилиги, мақсадга мувофиқлилиги унинг хусусиятларини ташкил этса, оғзаки нутқдаги овоз, дикция, пауза, урғу, оҳанг, интонация, ёзма нутқдаги тиниш белгилари силсиласи нутқий техникадир. Фикрлаш техникангиз кучли, аммо овозингиз паст, таъсирсиз бўлса, ёки аксинча ўктам овоз, ўткир нафасга эга бўла туриб тафаккурингиз бўлмаса, бари беҳуда. Ҳар иккаласи омихта бўлиши мақсадга мувофиқ. Тингловчи эътиборини, даставвал, нотиқнинг кўриниши, сўнгра унинг овози тортади. Овоз ўқитувчининг ҳам, нотиқнинг ҳам биринчи қуроли. Шунинг учун ҳам италян актёрлари Томаззо Салвинидан «Актёр учун нима бирламчи?» – деб сўраганларида, у «биринчидан овоз, иккинчидан овоз, учинчидан овоз, тўртинчидан бошқа нарсалар»– деб жавоб бергани бежиз эмас. Бу мулоҳазалар тарғибот ва ташвиқот ишларида маънавият ва маърифат тарғиботчиларига масъулият ва огоҳлик, ҳушёрлик ва сергаклик юклайди. Шунинг учун ҳам Навоий ҳазратлари “Ваъз бир муршид ва огоҳ ишидур ва анинг насиҳатин қабул этган мақбул кишидир” дейишлари бежиз эмас. Нотиқлик, авваломбор, ишонтириш санъати. Унинг учун далилларга бой асосланган таъсирли нутқ зарур. Якка ёки жамоа билан мулоқот жараёнида муомала маданиятига амал қилувчилар ушбу қоидаларни билиши фойдадан холи эмас. Тарғибот ишлари самараси камайган жойда турли хил англашилмовчилик ва низолар пайдо бўлиши аниқ. Шу ўринда аҳли донишлардан бирининг “бир кун сўз тўхтаса, эртасига замбарак, тўплар ишга тушади” – деган фикрини эслаш кифоя. Ҳар қандай мафкура омма онгига тўғри сингдирилгандагина, у қудратли куч касб этади. Шундай суҳбатдошлар бўладики, улар сўзга чечанлиги, сўзининг таъсири кучи, аниқроғи сўзни топиб, танлаб, киши руҳиятига боғлаб, эшитувчини кўринмас иплар билан боғлаш хусусиятига эга. Иллюзион ўйинлар кўрсатувчи сеҳргарнинг ҳаракатига, манипулясион машқларига қараб, ҳайратдан ёқа ушлаймиз. Биз эплай олмайдиган ҳаракатларни қилиб ҳар хил усулда фокуслар кўрсатади. У шу йўл билан кўзимизни боғлайди, томоша кўрсатади. Шунинг учун ҳам у кўз бойлоқчидир. Нотиқ эса сўз бойлоқчи. У сўз сеҳгари. Фокусчи оддий томоша билан кўзни боғласа, воиз таъсирчан сўзи билан мияни боғлайди. Сўз магияси, унинг таъсир кучи ва доирасига эътибор кучли бўлмас экан, Миллий ғоя моҳиятини этказиш, тарғиб этишда ожиз қолаверамиз. Сўз ва нутқ яхшининг ҳам, ёмоннинг ҳам қўлида қурол. Гўё қалам ва пичоқнинг моҳиятига ўхшайди. Қалам билан бировга соғинчлик салом хати ёзиш ҳам, бировнинг устидан ёзиш ҳам мумкин. Пичоқ билан сабзи, пиёз тўғраш, картошка арчиш сингари рўзғор юмушларида фойдаланиш ҳам ҳатто, одамзот жонига қасд қилиш ҳам мумкин. Ким ундан қандай ниятда фойдаланса, унга хизмат қилаверади. Шунинг учун ҳам воизлик дудама, яъни икки дамли ханжарга ўхшайди. Икки томони ҳам кесади. Бир томонида адолат бўлса, иккинчи ёнида адоват. Қайси томони билан кесиш кесувчининг ниятига боғлиқ. Нутқ таъсирчанлиги ҳақида сўз кетганда, шуни айтиш керакки, нимага одоб-ахлоққа йўғрилган амри маъруфни берилиб тинглаймизу, ўқув юртларидаги аудиторияда баъзи ўқитувчиларнинг маърузасини эшитиш ўрнига мизғиб ўтирамиз. Демак, сийқаси чиққан сўз, номигагина ўқилаётган, ҳаёт ва замон билан онқадар боғланмаган нутқ кишини бездириши тайин. Ҳар йили мунтазам равишда Республика маънавият тарғибот марказининг ташаббуси билан ўтказиб келинаётган “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” Республика кўрик-танлови ҳам моҳият эътибори билан аҳамиятлидир. Танловда Қорақалпоғистон республикаси, Тошкент шаҳри ва республикамиз вилоятларидан сараланган маънавият тарғиботчилари иштирок этишади. Улар ўз чиқишларида нутқининг таъсирчан, мазмунли ва жозибадор чиқиши учун аудио ва видео техник воситаларидан, турли кўргазма қуроллардан фойдаланишлари мақсадга мувофиқ бўлмоқда. Улар кўтарган мавзулар долзарблиги билан ажралиб турди. Аср вабоси дея эътироф этилган гиёҳвандлик, диний экстремизм ва одам савдосига қарши мавзуларда ўз мулоҳазаларини этказиш усуллари тарғиботчиларда йилдан-йилга шаклланиб бораётганлиги кишини қувонтиради. Кимки мавзуни чуқур ва атрофлича билиб ўрганган бўлса, унинг нутқи равон бўлиши табиий. Мавзуга дахлдор маълумотларни тўплаш, далил ва асосларни йиғиш ҳамда уларнинг таъсирчанлигига эътибор қилиш тарғиботчиларнинг диққат марказида бўлади. Download 64.65 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
ma'muriyatiga murojaat qiling