1. Соҳада фундаментал ва амалий тадқиқотлар ҳамда инновацион фаолиятнинг истиқболли йўналишларини ривожлантириш
Ҳозирда қишлоқ хўжалиги илм-фанини ривожлантиришни белгилаб берувчи фундаментал ва амалий тадқиқотларни мутаносиб равишда амалга ошириш, илм-фан ютуқлари ҳамда илғор технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этишда инновацион ишлар салмоғи паст даражада қолмоқда.
Экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи ноанънавий экинлар селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехникалари, замонавий қишлоқ хўжалигини юритиш механизми ва унинг самарали шаклларини яратиш, қишлоқ ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш каби долзарб йўналишларда илмий изланишлар кўлами талаб даражасида эмас.
Экин майдонларининг унумдорлигини ошириш, ерларнинг мелиоратив ҳолати ва сув таъминотини яхшилаш мақсадида давлат дастурлари доирасида кенг кўламли ирригация ва мелиорация тадбирлари амалга оширилмоқда.
Глобал иқлим ўзгариши натижасида сўнгги йилларда даврий равишда кузатилаётган сув танқислиги ва ички ирригация тармоқларининг асосий қисми яроқсиз ҳолатга келганлиги суғориладиган экин ерларининг мелиоратив ҳолатини ёмонлашишига ва йиллар давомида фойдаланишдан чиқиб кетишига олиб келган.
Юзага келган ҳолат қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва ишлаб чиқаришни диверсификациялаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни жадаллаштириш, бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш асосида соҳанинг самарадорлигини таъминлашни талаб этмоқда.
Ушбу йўналишнинг истиқболли мақсадлари қуйидагилардан иборат:
- қишлоқ хўжалигида бозор муносабатларини ривожлантиришнинг ташкилий, иқтисодий ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш соҳасида:
қишлоқ хўжалигида кооперация муносабатлари ҳамда кластер тизимининг ташкилий-иқтисодий ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;
қишлоқ хўжалиги ва унинг тармоқларини инновацион ривожлантириш;
қишлоқ хўжалигида ер-сув ва бошқа моддий ресурслардан самарали фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва оширишнинг рағбатлантириш механизмларини такомиллаштириш;
“яшил иқтисодиёт” тизимини ривожлантириш ҳамда уни қўллаб-қувватлаш;
қишлоқ хўжалиги экинларини замонавий технологиялар асосида парваришлаш ва етиштириш бўйича намунавий технологик карталарни ишлаб чиқиш, уларнинг мобил электрон дастурини шакллантириш.
ҳудудларнинг мелиоратив ҳолатини баҳолаш индикаторлари асосида “дала паспорти” нинг рақамли мобил илова дастурини ишлаб чиқиш.
агробизнес субъектлари ўртасида ишлаб чиқариш, сервис, маркетинг ва логистика тизимидаги иқтисодий, шартномавий ва ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштириш;
қишлоқ хўжалигида хўжалик юритиш субъектларининг кўп тармоқли ҳамда ҳудудларнинг ихтисослашган фаолиятини қўллаб-қувватлаш;
қишлоқ хўжалигида молия-кредит, шартнома, солиқ, лизинг ва суғурта муносабатларини тубдан такомиллаштириш;
қишлоқ ҳудудларида урбанизация ва уларнинг ижтимоий инфратузилмасини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш;
қишлоқ хўжалигини экологик-иқтисодий жиҳатдан мутаносиб ривожланишини таъминлаш;
“органик қишлоқ хўжалиги” ни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш;
IT ва рақамли технологиялари асосида ташқа ва ички бозорлардаги коньюнктуралар бўйича маълумотлар базасини яратиш ҳамда агробизнес субъектларига етказиш;
қишлоқ хўжалиги экспорт салоҳиятини ривожлантириш ва географиясини кенгайтириш бўйича илмий асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш.
Do'stlaringiz bilan baham: |