13-модда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришда иштирок этиши
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар жисмоний тарбия-спорт жамоат бирлашмалари, касаба уюшмалари, ёшлар ташкилотлари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари билан биргаликда жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги давлат дастурларини ҳамда бошқа дастурларни амалга оширишда иштирок этади.
3-боб. Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фаолиятни ташкил этиш
14-модда. Жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги мутахассислар
Спортчилар, тренерлар, спорт ҳакамлари ва Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан махсус ваколатли давлат органи билан биргаликда касблари ва лавозимларининг таснифланган рўйхати белгиланадиган бошқа мутахассислар жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги мутахассислардир.
Спорт турлари бўйича спортчи, тренер ва спорт ҳаками касблари ва лавозимларига доир малака талаблари махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланади, жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги бошқа мутахассисларнинг касблари ва лавозимларига доир малака талаблари эса қонун ҳужжатларида белгиланади.
15-модда. Ҳаваскорлик спорти ва профессионал спорт
Фуқаролар ҳаваскорлик спорти, шунингдек профессионал спорт билан спортчи, тренер ёки спорт ҳаками сифатида шуғулланиш ҳуқуқига эга.
Ҳаваскорлик спорти ва профессионал спорт соҳасидаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ташкил этилиши ҳамда фаолият кўрсатиши тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.
16-модда. Жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари. Жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги якка тартибдаги тадбиркорлик
Фаолиятнинг асосий тури сифатида жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фаолиятни амалга оширувчи юридик шахс ёки бошқа юридик шахснинг таркибий бўлинмаси жисмоний тарбия-спорт ташкилотидир.
Якка тартибдаги тадбиркорлар жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фаолиятни амалга ошириши мумкин.
Жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фаолиятни амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорлар аҳолининг турли гуруҳлари ўртасида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш бўйича ишларни ташкил қилишда иштирок этади, спортчиларни ва спорт мусобақаларида ҳамда ўқув-машқ тадбирларида иштирок этувчи бошқа мутахассисларни тайёрлаш, уларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлаш учун шарт-шароитлар яратади, спортчилар ва тренерларга машғулотлар учун зарур шарт-шароитларни таъминлайди, шунингдек ушбу мутахассисларга спорт натижаларига эришиши учун бошқача тарзда кўмаклашади.
Жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари, шунингдек жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фаолиятни амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорлар халқаро спорт ташкилотларининг аъзоси бўлиши мумкин.
Жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари чет давлатларнинг спорт ташкилотлари билан муносабатларда халқаро спорт ташкилотлари томонидан тасдиқланган низомлар (регламентлар), қоидалар ва талабларга ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига риоя этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |