Зуҳриддин ИСМОИЛ
ОНАМГА
Бир нур ёритади минг йилки хонам,
Парилар рақс тушган олтин остонам.
Бу — онам юзидан таралган ёғду,
Равзаи жаннатим, ризвоним онам.
Бир гул аёзларда эгмайди бошин,
Бағрида асрайди севги қуёшин.
Оқшомлар ёстиқлар кўрди кўз ёшин,
Беҳиштдан нур олган мужгоним, онам.
Бир қўл чарчамоқни уят, ор билди,
Меҳнатдан ўзини бахтиёр билди.
Етимларни боқиб йиғлади, кулди,
«Гул етим»лар боққан боғбоним, онам.
Бир қуш полапонлари олтита оташ,
Отасиз қолса не, керак-ку яшаш.
Ким топар онадан ортиқроқ дилкаш,
Аллаларда ширин забоним, онам.
Бир дил дилбандларига «ўқинглар», — деди,
«Инсонлик илмини уқинглар», — деди.
Сирғасин китобга алишган эди,
Зарлардан воз кечган урфоним, онам.
Бир йўл яратганга етиб борадир,
Савоблар китобин битиб борадир.
Оналарни кафтида тутиб борадир,
Карвонлар бошида сарбоним, онам.
Усмон БЕК
ОНАЖОН
Сизни роса қийнаб юбордим,
Ва кўриндим ҳаммага ёмон.
Кўплар сурди ўзидан нари,
Сиз қучдингиз маҳкам онажон.
Иситмадан ёнсангиз-да лек,
Чўғ кафтингиз артолди ёшим.
Хотирамда дарддан қалтираб,
Ювганингиз кир усти бошим.
Тилим чиқди, оёқладим сўнг,
Аста-секин ташладим қадам.
Ва англадим она бўлмаса,
Зим-зиё бир бўшлиқдир олам.
Бугун анча қариб қолгансиз,
Камайгандек парволарингиз.
Бироқ яйрар кунимга ҳамон,
Сутдек тотли дуоларингиз.
Юлдузой ЎРМОНОВА
ОНАМГА
Сиз менинг олий бахтим,
Бахтдан-да азиз тахтим,
Сиз-ла мазмунлидир ҳаётим,
Борлиғимсиз, онажон!
Сиз қалбимнинг чироғи,
Кўзимнинг нур-қароғи
Кўнглимнинг чин ардоғи,
БорлиҚимсиз, онажон!
ОНА
Дунёда энг улуғ зот,
У борки бор одамзод.
Буюкликда ягона —
Мўътабар, азиз она.
Унинг кўзи меҳрли,
Унинг сўзи сеҳрли.
Улуғликда ягона —
Мўътабар, азиз она.
Кимга дўстдир вафодор,
Кимгадир суюкли ёр,
Меҳри мисли дурдона —
Мўътабар, азиз она.
Жаннат унинг пойида,
Дунё меҳри қалбида
«Болам» дея яшар мардона —
Мўътабар, азиз она.
Do'stlaringiz bilan baham: |