O`quv-uslubiy majmua (I kurs talabalari uchun mo`ljallangan) Navoiy -2021
Инсон табиатига экзистенциалистик ва бошқа постклассик ёндашувлар
Download 0.64 Mb.
|
manaviyatshunoslik
Инсон табиатига экзистенциалистик ва бошқа постклассик ёндашувлар. Инсон табиати тўғрисидаги марксистик қарашларга баъзан мухолиф, баъзан камчиликларни тўлдирувчи бўлиб, экзистенциализм ўртага чиқди. Экзистенциализм (К. Ясперс, М. Хайдеггер, Ж. П. Сартр) инсоннинг – аутентлиги – асл мавжудлиги, жамиятдаги турли талаблар, меъёрлар таъсирида бузилмаган асл табиати, инсоннинг ҳақиқий эркинлиги ҳақидаги ғояни илгари сурди.
Экзистенциалистлар диний (Ясперс), ёки атеистик (Сартр) позицияда туришларидан қатьи назар инсон табиатига жамиятни маълум даражада ёт деб биладилар. Улар инсоннинг аутентлиги кўпроқ «чегаравий ҳолатлар»да рўёбга чиқади, деб ҳисоблайди. Чегаравий ҳолат деганда инсоннинг уйқу ва уйғоқлик, қўрқув ва ботирлик, қаҳр ва муҳаббат, бурч ва худбинлик, ўлим ва ҳаёт ўртасидаги ҳолати ва бошқа шунга ўхшаш ўтиш ҳолатлари тушунилади. Чегаравий ҳолатда инсон такаббурлик, иккиюзламачилик қилолмайди. Одоб-ахлоқ қоидалари ҳақида ўйлаб, уларга хатти-ҳаракатини мослаштиришга имкони ёки вақти бўлмайди. Унинг асл табиати юзага чиқади. Ўз асл табиатига мос кишигина эркинликка эришади. Кўриниб турибдики, экзистенциализм баъзи жиҳатдан фрейдизмга ҳамоҳанг фикрларни айтган. Лекин экзистенциализмнинг инсон эркинлиги тўғрисидаги ғоялари ва қарашлари фрейдизмга (руҳий таҳлил таълимотига) нисбатан ҳам, марксизмга нисбатан ҳам анча инсонпарвар. Марксизм асл, ҳақиқаий, реал гуманизмни имконият салоҳият тарзда ифодалашига қарамасдан, уни воқеликка айлантира ололмади. Мафкуравий ва амалий-сиёсий масалаларда ўзидан суст бўлган экзистенциализмга илмий ташаббусни олдириб қўйди. Инсон табиати ҳақида оригинал фикр юритганлардан бири Э. Кассирер бўлди. Э. Кассирер инсон турли рамзлар яратувчи ҳайвон деган ғояни ўртага ташлади - animal symbolicum20. Инсон ўзи ва табиат оралиғини турли рамзлар билан тўлдиради ҳамда улар орқали жамият ва табиат билан боғланади. Сўзлашув тили - инсон яратган шундай рамз. Аслида у товушлар комбинациясидан ясалган рамз, белги (сўз) орқали воқеликни акс эттиришдир. Маданиятнинг ҳар бир ҳодисаси - рамз. Рамзларни яратиш ва улардан фойдаланиш кишиларга ҳар қандай инсоний фаолиятни амалга оширишга кўмаклашади. Масалан, тил нафақат кишиларнинг ўзаро алоқасини таъминлайди, уларнинг жамоага бирлашишига, жамиятни вужудга келтиришига шарт-шароит туғдиради, тафаккурини юзага чиқаради. Рамз (тил) туфайли инсон ақлли мавжудот, ва «ижтимоий ҳайвон» бўла олди. Рамз яратиш орқали инсон бирламчи табиатни қайта ишлаб, иккинчи табиатни (жамиятни), шу жумладан ўз инсоний табиатини яратди ва такрор яратиб туради. Э. Кассирернинг инсон рамзлар яратувчи ҳайвон эканлиги тўғрисидаги хулосаси шаклан оригинал бўлсада, лекин айрим деталларни ҳисобга олмаганда, мазмунан инсон моҳиятини очиб берувчи янги тамойилларни олға сургани йўқ. Қуйидаги фикр, назаримизда, адолатлидир: «Инсоннинг ушбу хоссалари – ақл, яратувчилик, жамиятга мансублик ва рамз ижод қилиш инсон табиатини тўлиқ ташкил этмасаларда, ҳақиқатан моҳиятлидир. Улар инсоннинг умумтарқалган имкониятларидир, аммо «инсон табиати» деб аташ жоиз бўлган нарсани ташкил этмасликлари мумкин... Бу хоссаларнинг барчасига эга бўлиб ҳам, инсон эркин ёки қарам, эзгу ишли ёки гуноҳкор бўлиши, очкўзликни ёки идеалларни дастур қилиб олиши мумкин».21 Аммо инсон табиатини ташкил этувчи қанча янги тамойиллар олға сурилмасин, бари бир масала охиригача ечилмай қолади. Чунки инсонга нафақат тафаккур, шунингдек, ҳиссиёт, туйғулар ҳам хос. Инсоннинг биологик табиати емасдан, ичмасдан, ташқи атроф-муҳит билан модда алмашмасдан яшай олмайди. Инсоннинг ақли-заковати эса озиқ-овқат, бошпана ва ҳаёт кечириш масаласида тўғри ва самарали ҳаракат қилишга, ўзини хавф-хатардан сақлашга қаратилади. Инсонга Фрейд айтган ҳаёт ва ўлим туғма инстинктлари қаторида ижтимоий рефлекс сифатида ҳосил бўлган ижтимоий инстинктлар ҳам таъсир кўрсатади. Инсон эҳтирослари баъзан унинг хулқ-атворини жуда ўзгартириб юборади ва ҳар қандай оқилоналикни четга суриб қўяди. Инсон фаолиятининг асосида мақсадга мувофиклик билан бир қаторда эҳтирос ётибди. Инсон учун гўзалликдан, эзгуликдан, самимийлик ва болаларча беғуборликдан завқ-шавқ туйиш, ёвузликдан қаҳр-ғазабга тўлиш, нафратланиш, ижод илҳомидан жўшиш ва ш.к. эҳтирослар, том маънодаги индивидуал тарзда намоён бўладиган асл ижтимоий ҳиссиёт хос. Шу боис инсонни «эҳтиросли мавжудот» ҳам дейиш мумкин. “Дунёдаги ҳеч бир улуғ иш эҳтироссиз содир бўламайди” , - дейди Гегель. “Эҳтирослар инсоннинг маънавий бойлигидир”, қўшимча қилади атоқли адиб Анатоль Франс. Таъкидлаш жоизки, кўпчилик нозик ва мурккаб масалалар каби, эҳтиросларга бериладиган баҳолар ўзаро кескин фарқ қилади. Биз юқорида келтирган фикрларга тамомила тескари фикрлар бор. Чунки мазмунан ва оқибатан эхтирослар бир хил эмас. “Эҳтиросга ихтиёрни бериш оқилнинг иши эмас” (Қобус), аммо айни пайтда унутмаслик керакки, “эҳтирослар елканларни ишга солувчи шамоллардир, баъзан кемаларни ғарқ қиладилар-у, аммо шамолсиз сузиш мумкин эмас”(Вольтер). Инсон ижтимоий туйғулари, ижодий эҳтироси туфайли юксалган, жамиятни такомиллаштирган, эзгулик учун курашган, керак бўлса, жонини фидо қилган. Инсон табиати фақат умумий инсоний хоссалардан ёки тамойиллардан иборат эмас. У, шунингдек, инсоннинг конкрет тарихий-ижтимоий ва индивидуал мавжудлик ҳолати билан боғлиқ. Бу ҳолат шахснинг мойилликлари, у ёки бу нарсани яхши кўриши, эркин танлаши ва севиши, нималаргадир сиғиниши, тақводорликка мойиллик ёки уни инкор қилиш каби ахлоқий, ҳуқуқий, эстетик, диний туйғу ва меъёрларни ўз ичига олади. «Ишқсиз эшак, дардсиз кесак» деганида, ота-боболаримиз инсон табиатининг энг муҳим жиҳатларидан бирини эътироф этганлар. Шахснинг собит мойилликлари, собит, барқарор ҳиссиёти (кайфияти эмас) ҳам инсон табиатини ташкил этади. Инсон бир нарсага меҳр қўйишга, у ҳақда қайғуришга, уни парваришлаб, авайлаб эъзозлашга ёки унга эришиш учун катта куч-ғайрат сарфлашга, турли тўсикларни, қийинчиликларни бартараф этишга, ҳатто ўз-ўзини қайта яратишга (масалан, мутахассислигини ўзгартириш учун қайта ўқишга ва ш.к.) қодир ва қобил. Буни Алишер Навоий сўфиёна тарзда ифода этган: инсон жазм қилса, Ҳақ васлига эриша олади. Зеро, Инсонга Ҳаққа восил бўлиш қобилияти берилган: Ким сен-ўқ сен ҳар неким мақсуд эрур, Сендин ўзга йўқ неким мавжуд эрур. Зотнинг ишмолиға тафсилсен, Ҳам вужуд ишколиға таъвилсен. Ўз вужудингға тафаккур айлағил, Ҳар не истарсен ўзингдин истагил. Турфа қушсен равза нахлистонидин, Пок тойирсен шараф бўстонидин. Лек Симурғ истаган ул жамъи тайр, Ким сулук ичра риёзат бирла сайр Айлабон чун ўзни қобил қилдилар, Ул талабдин васл ҳосил қилдилар. Сенда ҳам билқувва ул мавжуд эрур, Феълға келса даво мақсуд эрур. Тасаввуф мутафаккирлари каби Алишер Навоий Оллоҳга муҳаббат (ишқ)ни ва унга фано орқали етиша олишни инсон табиатига хос қобилият, деб ҳисоблаган. Оллоҳга ишқ муҳаббатнинг олий кўриниши. Унгача инсон муҳаббатнинг турли шақлларини бошдан кечириши мумкин. Бу унинг сева олиш қобилиятига боғлиқ. Фаноликка кўтарилиш (ўзлигидан кеча олиш) инсон қобилиятининг энг юқори чўққисидир. Фақат тўлиқ камолотга эришганларгина ҳақиқий ишққа ва фанога сазовор бўладилар ва, аксинча. Камолотнинг турли мақомлари учун эса муҳаббатнинг ва қобилиятнинг тегишли шакллари ва даражалари хос. Муҳаббат ва бошқа қобилиятлар инсон табиатининг мазмунини ташкил этадиган, юқорида қайд этилган тамойилларни тўлдирадиган муҳим фазилатлардир. Шу боисдан қуйидаги фикр адолатлидир: «Инсон табиати нафақат тамойилдир, шунингдек қобилиятдир. Бошқача қилиб айтганда, инсон муҳаббатини ва ақлини такомиллаштиргандагина, у ўзининг (асл) мавжудлигига интилган бўлади. Айтиш мумкинки, инсон мавжуд экан, севишга ва мулоҳаза юритишга қобил ва, аксинча, у мулоҳаза юритишга ва севишга қобил экан, у мавжуд. Ўзини, ўз экзистенциал вазиятини англай олиш уни инсонга айлантиради: бу қобилият, моҳиятан, унинг табиатини ташкил этади».22 Бу хулоса инсон табиатини янги бир муҳим белги билан бойитади, аммо охиригача у ҳам очиб бермайди. Бизнинг фикримизча, инсон табиатига юқорида келтирилган тамойиллар ва қобилиятлардан ташқари, инсон эҳтиёжларининг юксалиб бориш қонуни киради. Шу қонунни ҳам юқоридаги тамойилларга, белгилар ва қобилиятларга қўшиб таҳлил этсак, инсон табиатини янада аниқроқ тасаввур этишга, чуқурроқ тушунишга, бинобарин, маънавиятни яхшироқ билишга имкон яралади. Download 0.64 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling