O`quv-uslubiy majmua (I kurs talabalari uchun mo`ljallangan) Navoiy -2021


Инон – эҳтиёжлари юксалувчи мавжудот


Download 0.64 Mb.
bet32/103
Sana25.03.2023
Hajmi0.64 Mb.
#1294293
1   ...   28   29   30   31   32   33   34   35   ...   103
Bog'liq
manaviyatshunoslik

Инон – эҳтиёжлари юксалувчи мавжудот. Ҳайвонот оламида биологик эҳтиёжлардан ташқари эҳтиёжлар деярли йўқ. Айрим қушлар ва ҳайвонларнинг «ишқий» ўйинлари, жуфт бўлиб яшашини биологик эҳтиёж доирасидан чиқади, дейишга асос йўқ. Ҳайвонот оламида эҳтиёжлар юксалмайди, фақат ўзгаради, натижада биологик организм табиатга мослашади, холос. Биринчи мавзуда таъкидланганидек, инсонда эса эҳтиёжлар муттасил юксалади: моддийлари ҳам, маънавийлари ҳам. Инсонда бир эҳтиёжнинг қондирилиши ундан юксакроқ бўлган янги эҳтиёжларни туғдиради,
Янада мукаммалроқ, яхшироқ, гўзалроқ буюмни ёки санъат асарини яратишга интилиш, янада чуқурроқ ва кенгроқ, аниқроқ билимни эгаллашга, янада мукаммалроқ техник асбоб-ускуналарни, компьютерларни, машиналар, механизмлар ва технологияларни ихтиро этишга ҳаракат, турмуш даражасини янада кўтариш ва фаровон қилишга уриниш инсоннинг асл инсоний хусусиятидир, объектив равишда туғиладиган ижтимоий эҳтиёждир. Инсон ҳеч бир вақт ўзининг ҳолати билан қониқмайди (гап алоҳида шахснинг маиший аҳволи, мансаби ва ш.к. ҳақида эмас, инсониятнинг тарихий жараёндаги аҳволи ҳақида кетмоқда), у доимо ўз мавжудлик ҳолатини такомиллаштиришга ҳаракат қилади. Ҳайвонда такомиллашиш мўлжали йўқ. У ўз мавжудлик ҳолатини англай олмайди, уни такомиллаштиришга ҳаракат қилмайди.
Ижтимоий тараққиёт асосида мавжуд ҳолат билан қониқмаслик ётади. Вужудга келган қийинчиликларни енгиш, янги куч, ғайрат тўплаш учун, ривожланиш заминини тайёрлаш учун инсонга ирода - онгли танлаш, чидам, сабр-тоқат керак. Сабру тоқатни ўз ижтимоий ҳолатидан қониқиш билан чалкаштирмаслик керак. Сабру тоқат ривожланиш жараёнининг дискрет ва вақтинчалик шакли, мукаммалликка интилиш, эҳтиёжлар юксалиши эса доимий ҳолатидир.
Ўз ижтимоий ҳолати, эришган даражаси билан қониқмаслик туфайли янги эҳтиёжларнинг туғилиши ижтимоий тараққиётнинг, шу жумладан маънавий ривожланишнинг асосида ётади. Ўз ҳолати ва эришган даражаси билан қониқиш янги, янада юксакроқ эҳтиёжларни вужудга келтирмайди, натижада маънавиятда турғунликни келтириб чиқаради. Соғлом моддий эҳтиёжлар юксалмас экан, оқибатда маънавий эҳтиёжлар ҳам юксалмайди. Инсоннинг эркинликка, адолатга, меҳр-муҳаббатга, гўзалликка, камолотга интилиши, ўз қобилиятларини воқе қилишга, ижод қилишга уринишлари унинг маънавий эҳтиёжларидир.
Лекин эҳтиёжларни мавҳум баҳолаш ярамайди. Эҳтиёжлар соғлом ёки носоғлом бўлиши мумкин. Инсоннинг эркин камолотига хизмат қиладиган, ундаги ижобий қобилиятларни, фазилатларни бойитадиган, ривожлантирадиган эҳтиёжлар соғлом эҳтиёжлардир. Аксинча, нафснинг кучайишига, молпарастликка, шаҳватпарастликка, мансабпарастликка, инсондаги салбий қобилиятларнинг кучайишига хизмат қиладиган эҳтиёжлар носоғлом эҳтиёжлардир. Улар инсон маънавиятининг қашшоқланишига, унинг ўз нафси ва ҳирсининг қулига айланиб, шахснинг емирилишига олиб келади. Инсонда соғлом эҳтиёжларнинг шаклланишига, ўз шахси билан ихтилофга бордирмасдан, унинг асл инсоний мавжудлигини таъминлашга хизмат қиладиган ақлий ва ҳиссий муҳит, фалсафий, ахлоқий, илмий, диний, бадиий ва бошқа маданий қадриятлар, меъёрлар, идеаллар ҳамда ижодий фаолиятнинг ўзаро муштараклиги –маънавиятдир.
Эҳтиёжлар юксалиши ва маънавият ривожланиши ўзаро чамбарчас боғлиқ. Эҳтиёжлар юксалса, маънавият ривожланади, ривожланган маънавият эса юксак эҳтиёжларни тақозо этади. Ривожланган маънавият бу қондирилган эҳтиёжлардир ва айни пайтда нисбатан юксакроқ янги эҳтиёжларнинг туғилишидир. Эҳтиёжлар аввалги тараққиётнинг чўққиси, якуний нуқтаси ва айни пайтда кейинги тараққиётнинг асоси, бошланғич нуқтасидир. Масалан, Интернетнинг пайдо бўлиши жаҳон миқёси умумий ахборот маконига нисбатан эҳтиёжнинг натижасидир. У сал кам 175 йил давом этган ахборот узатиш ва қабул қилиш воситаларидир. Дастлаб кабелли телеграқлар, телеқонлар, телетайп, телевидение, сунъий юлдош ёрдамида амалга ошириладиган алоқалар вужудга келди. Ниҳоят 1989 йилдан Интернет ишга тушди. Интернет ахборотга бўлган эҳтиёжларни қондириш ҳаракатининг ўзига хос босқичи якунидир ва айни пайтда бутун дунё миқёсида аҳолининг барча қатламларида глобал ахборотга нисбатан янги юксакроқ эҳтиёжларнинг туғилганидир ва бу борадаги янги тараққиёт босқичининг бошланғич нуқтасидир. Ҳақиқатан, электрон почта, электрон алоқа, масофадан ўқиш, жаҳон кутубхоналари, архивлари, музейлари материаллари билан уйда ўтириб танишишни имкониятлари, электрон ҳукумат, интернет орқали савдо – сотиқ ва ҳ.к. кейинги чорак асрда интернет туқайли вужудга келди. Лекин эҳтиёжларнинг ўзи бевосита маънавият таркибига кирмайди, балки унинг шарт-шароитини, ҳаракатлантирувчи кучини ташкил қилади. Шундай қилиб, эҳтиёжларнинг юксалиши инсон табиатига, асл мавжудлигига мос. Ушбу маънода инсонни «эҳтиёжлари юксаладиган мавжудот» дейиш ҳам ўринлидир.
Инсоннинг «асл мавжудлиги» ёки ўз инсоний табиатига мос яшашини экзистенциализм, юқорида қайд этилганидек, аутентлик деб атади. Экзистенциализмнинг инсон ҳақидаги концепциялари жиддий камчиликлардан ҳоли бўлмасада, аутентлик тушунчаси Ғарбнинг бугунги кунда кўпчилик ижтимоий фанлари томонидан қабул қилинган. Ҳақиқий маънавият инсоннинг аутентлигини таъминлаш билан боғлиқ. Шу борада яна бир хулоса диққатга сазовор: «Маънавиятга ким содиқ, бўлса, у аутентлидир, ноаутент киши маънавиятсиздир».23
Инсон ўз аутентлигига турфа қадриятлардан баҳраманд бўлиш ҳамда ижтимоий алоқалар, мулоқот орқали эришади. Демак, инсоннинг асл мавжудлигини юзага чиқариш учун тегишли ижтимоий муҳит зарур. Инсоннинг ақлли ва ижтимоий мавжудотлигини ҳисобга олсак, унинг онги ва қарашлари, эҳтиёжлари ва интилишлари фақат жамиятда шаклланиши мумкинлигини англаймиз. Шахснинг ўзи, унинг онги, маданияти ва маънавияти ижтимоий ҳаёт ва муҳит маҳсулларидир. Муҳит эса ҳеч қачон индивидуал шахс муҳити бўла олмайди, у ҳамиша ижтимоийдир.
Инсон ўз табиатига зид эмас, балки мос яшаши лозим. Шундай экан, инсон табиати тушунчаси каби, маънавият тушунчаси «инсоннинг яшашдан мақсади нима» деган масала ечими билан бевосита боғлиқ.
Яшашдан мақсад” саволига жавоб излаш инсон табиатининг муҳим белгисидир. Халқимизнинг асрий турмуш тажрибаси асосида қарор топган кундалик онгида мазкур саволга қуйидагича жавоб берилади: инсоннинг яшашдан мақсади эзгу ишлар қилиб, муносиб фарзандлар тарбиялаб, яхши ном қолдиришдир. Мазкур содда ва ниҳоятда доно фикрдан келиб чиқиб, инсон табиати – бу эзгуликка йўналтирилган орзу-ҳаваслари, ақл-заковати, билимлари ва амалий ишлари асосида ётган иродасидир дейиш мумкин ва жоиз.
Фалсафий ва диний таълимотларда инсоннинг яшашдан мақсади, деган саволга мураккаблашган ва чалкаш жавоблар берилади. Жаҳоннинг барча йирик динлари бу дунёни фоний, ўткинчи ҳисоблайди. Инсоннинг яшашдан мақсади фоний дунёда хайрли (савобли) ишлар қилиб боқий дунёга тайёргарлик кўриш, жаннатга (буддавийликда – нирванага) сазовор бўлиш деган ғояни ёқлайди. Айрим диний оқимлар ва мазҳаблар бу масалани янада кескинроқ қўядилар. Масалан, христианларда ўрта асрларда «руҳингни қутқариш учун пуштингни сўндир», деган даъват кенг тарқалган эди. Тасаввуф риёзат чексанг, нафсониятдан, хусусий манфаатлардан қутулсанг, ўзлигингдан кечсанг, Ҳақ васлига восил бўласан, дейди. Агар маънавият — инсон табиатини юзага чиқаришга, мустаҳкамлашга ва ривожлантиришга, инсоннинг яшашдан кўзлаган мақсадига эришишга хизмат қиладиган ақлий ва ҳиссий талабларни ҳам қамраб олишини назарда тутсак, юқоридаги қарашлар бугунги тушунчадаги маънавият мазмунини тўлиқ очиб беролмаслигини кўрамиз.
Дунёвий фалсафа вакиллари антик замонларданоқ инсоннинг яшашдан мақсади завқ-лаззатли, ҳузур-ҳаловатли умр кечириш (гедонизм) ёки бахтли бўлиш (эвдемонизм), деб билганлар. Бу қарашлар турли даврларда турлича ифодаларда қайтарилган. Форобий эвдемонизм тарафдори бўлган. «Инсонлик моҳияти ҳақиқий бахт-саодатга эришув...», «Инсоний вужуддан мақсад энг олий бахт-саодатга эришувдир», деб уқтирган аллома24. Ўз фикрини давом эттириб, Форобий инсон аввало бахт-саодатнинг нималигини билмоғи зарурлигини, унга эришувни ўзига олий мақсад қилиб олмоғи, унга элтадиган иш-амал ва воситаларни билмоғи ва бажаришга киришмоғи лозимлигини таъкидлайди. Форобий тушунчасидаги бахт-саодат ва фаровонлик бу завқ-шавқнинг, лаззатланишнинг авлоддан-авлодга ўсиб боришидир. Форобий эвдемонизми руҳоний гедонизмга асосланган.
Форобий қарашларидан келиб чиқиб маънавиятни аниқлайдиган бўлсак, у биринчи навбатда инсоннинг (жамиятнинг) ижобий, мусбат билимлари, завқ-шавқи, ҳаётдан лаззатланиш туйғулари, олий мақсадга, идеалга ва бунёдкорликка, бахт-саодатга интилишдир.
Марксизм, эвдемонизм ва гедонизмни инкор қилмасада, лекин уларга нописанд қараб, инсоннинг яшашдан мақсади ўз имкониятларини юзага чиқариш, ҳаётда шахс сифатида ўзини намоён қилиш, деб ҳисоблайди. Шахс деганда эса ҳар томонлама уйғун ривожланган, жисмонан етук, «ҳақиқий илмий дунёқарашга» эга фаол кишини тушунади. Марксизмнинг масалага бундай ёндашуви билан қўшилиш мумкин бўларди, агарда у синфийлик, партиявийлик ва жангавор атеизм тамойилларини илмий дунёқарашнинг ўзаклари деб қарамаса. Мазкур тамойиллар эса «илмий дунёқараш» ва «уйғун ривожланган шахс» тушунчалари мазмунини жуда-жуда чеклаб, бирёқлама қилиб қўяди. Ахир бирёқлама, ҳатто баъзан мутаассибларча фикрлайдиган шахсни ҳар томонлама уйғун ривожланган шахс деб бўлмайди.
Инсон табиати, инсоннинг яшашдан мақсади ҳақидаги барча таълимотларни, улар ўртасидаги ўхшашлик ва фарқларни, бу таълимотлар ўртасидаги ворисийлик ва мунозараларни таҳлил қилиш алоҳида мавзу. Юқорида келтирилган асосий қарашларни умумлаштириб, хулоса қиладиган бўлсак, маънавият инсоннинг асл табиатини, унинг ижтимоийлигини (жамоавийлигини) ва шахс сифатида индивидуаллигини, миллий ва индивидуал иродасини мустаҳкамлашга, унинг ақлий ва ҳиссий ички дунёсини тарбиялашга, камол топтиришга, ижодий ва бунёдкорлик имкониятларини (қобилиятини) юксалтиришга, жамиятнинг маданий меросини бойитишга, муҳитини яхшилашга хизмат қилади ҳамда унинг ўзи улардан ташкил топади.
Индустриал жамият ва унга хос бозор иқтисодиёти қарор топиши иқтисодиётни ва ишлаб чиқариш муносабатларини тубдан ўзгартириб юборди. Бу ўз навбатида одамларнинг ўзаро ва жамият билан алоқаларига, муносабатларига жиддий таъсир кўрсатди, уларни анча ўзгартирди. Постиндустриал жамиятда жуда кучли ривожланган истеъмолчилик психологияси, инсоннинг зўравонликка асосланмаган ҳар қандай эҳтиёжларини қондириш, кескин индивидуализм, эгоцентризм ва вульгар антропоцентризм инсон табиатига ҳам жиддий салбий таъсир кўрсатди.
Ўзбекистон мустақил тараққиётининг асосий мақсади “ислоҳотлар ислоҳот учун эмас, инсон учун” тамойилида ифодаланади. Ислоҳотлардан мақсад – инсон омили ривожланиши учун, у тўқ ва фаровон, эркин ва озод яшаши, ўз имкониятларини тўла юзага чиқариши, юксак идеаллар, эзгу орзу ҳаваслар йўлида мудом такомиллашиши учун барча шарт-шароитларни яратишдир, яъни инсоннинг асл табиатини ривожлантиришдир, уни ҳақиқий маънавий шахсга айлантиришдир.



Download 0.64 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   28   29   30   31   32   33   34   35   ...   103




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling