O`quv-uslubiy majmua (I kurs talabalari uchun mo`ljallangan) Navoiy -2021
Download 0.64 Mb.
|
manaviyatshunoslik
Ибтидоий синкретизм. Лекин ибтидоий одамнинг табиат ва инсон ҳақидаги билимлари, тасаввурлари, қарашлари то уруғ-қабила муносабатлари парчаланиб, бронза ва темир даврида илк шаҳарлар ва давлат пайдо бўлгунга қадар, анча қашшоқ эди. Унинг онги ва маънавий фаолияти чегараланган, алоҳида соҳаларга, йўналишларга, мустақил шаклларга бўлинмаган эди. Бундай ҳолат фанда ибтидоий синкретизм (яхлитлик, муштараклик) дейилади. Ибтидоий синкретизм – бу одамлар онгида ахлоқнинг, илм-фаннинг, санъатнинг, диннинг ва маънавий фаолият бошқа шаклларининг куртак отиб ривожлана бошлаган, аммо ҳали бир-биридан ажралмаган ҳолатидир. Ибтидоий синкретизм унсурлари бизгача етиб келган қадимги эртаклар, асотирлар, афсоналар. ривоятлар қолдиқларида анча ўзгарган кўринишда сақланиб қолган.
Масалан, ўзбекларда шундай эртак бор: илон Сулаймон пайғамбарга бир хизмат кўрсатади. Пайғамбар эвазига илоннинг ҳар қандай илтимосини бажаришга ваъда беради (аслида эртакка айланган архаик асотирда пайғамбар эмас, балки худолардан бири бўлган). Шунда илон ўзига дунёдаги энг гўшти ширин махлуқни хўрак сифатида белгилаб қўйишни сўрайди. Пайғамбар, ваъдага биноан, энг гўшти ширин махлуқни аниқлашда илонга ёрдам беришни пашшага топширади. Пашша барча жониворлардан бир томчидан кон келтириб илоннинг тилига томиза бошлайди. Навбатдаги жонзотдан қон келтираётган пашшага йўлда қалдирғоч учрайди ва ундан кимнинг қони энг ширинлигини аниқладингми, деб сўрайди. Пашша жавобан, одамзоднинг қонидан ширинроғи йўқ эканини, ҳозир одам қони томчисини илонга олиб кетаётганини айтади. Шунда қалдирғоч пашшани йўлдан қайтаришга ҳаракат қилади. Аммо пашша қалдирғочга қулоқ солмасдан, илон томон учиб кетади. Қалдирғоч пашшани қувиб, у илон тилига энди қонни томизаётган пайтда етиб олади ва илоннинг тилини чўқиб, унинг учини иккига айириб юборади. Аммо ўгирилиб қочмоқчи бўлган қалдирғоч думининг учини илон тишлаб олади. Натижада илоннинг тили, қалдирғочнинг думи айри бўлиб қолади. Шундан буён илон қалдирғочни таъқиб қилади, қалдирғоч эса одамларга яқин, ҳатто улар яшайдиган уйларнинг ичкари шифтига уя қуради. Инсон қалдирғочни доимо ҳимоя қилади. Эртакнинг (асотирнинг) қисқача мазмуни шундай. Лекин маънавий мазмуни жуда теран. Унда, биринчидан, ибтидоий одамнинг илк зоологик кузатишлари, билимлари мустаҳкамланган. Ҳақиқатан, қушлар орасида қалдирғочдан бошқа бирортасининг думи айри эмас (чумчук, мусича, кабутар, қумри, ҳудҳуд, тўрғай, тўти, майна ва бошқа қушларни эсланг). Худди шундай ҳайвонот оламида тили айри махлуклар ниҳоятда кам (улар асосан судралиб юрувчилардир). Ибтидоий одам бундай ўхшашликни бир бирига боғлаган ва асотирда бирлаштириб ва ўзича тушунтиришга ҳаракат қилган. Иккинчидан, келтирилган парчада инсон табиатдаги энг улуғ, энг эъзозли жонзот, у ҳеч бир махлуққа ем бўлиши мумкин эмас, деган ғоя илгари сурилган. Бу ғоя ибтидоий одамнинг табиатдаги ўз ўрнини англаши, ўзини табиатнинг эгаси деб билишини акс эттиради. Табиатдаги ҳар бир жонивор, қалдирғоч каби, инсонга хизмат қилиши лозимлигини ифодалайди. Учинчидан, асотирда ҳақиқатнинг нисбий эканлиги, агар у инсонга зарар етказса, аксилинсоний бўлса, ундан воз кечиш кераклиги ифодаланган. Тўртинчидан, яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтариш, яхшиликни унутмаслик тарғиб этилган (инсоннинг қалдирғочга муносабати, уйи шифтидан жой бериши). Бешинчидан, ибтидоий одамнинг маълум диний ва дунёвий тасаввурлари, эътиқоди асотирда акс этган. Олтинчидан, бу эртак (асотир)нинг ўзи фольклорнинг, халқ оғзаки бадиий ижодиётининг гўзал бир намунасидир. Унда ибтидоий одамнинг бадиий диди, қарашлари аксини топган. Бу асотир яратилаётган пайтда аҳлоқий, диний, фалсафий таълимотлар тизими, табиатшунослик фани, ихтисослашган санъат турлари бўлмаган. Шу боис бир асотир диний, фалсафий, ахлоқий, табиатшунослик билимларининг унсурларини ўзида мужассам этган. Ижтимоий амалиёт кенгайиб, одамларнинг тажрибаси ва меҳнат кўникмалари ошган сайин, уларнинг аҳлоқий, диний тасаввурлари янги тамойиллар, меъёрлар билан, табиат ва инсон ҳақида тўпланган билимлар билан бойиб бораверган. Лекин улар ибтидоий жамиятда асрлар давомида яхлит, синкретик тарзда ифодаланган. Download 0.64 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling