O`quv-uslubiy majmua (I kurs talabalari uchun mo`ljallangan) Navoiy -2021
Маънавият вужудга келишига оид турлича қарашлар
Download 0.64 Mb.
|
manaviyatshunoslik
Маънавият вужудга келишига оид турлича қарашлар. Маънавият вужудга келиши тўғрисида турли назариялар мавжуд. Улар асосан инсон онги, тафаккури, эътиқоди келиб чиқиши билан боғлиқ назарияларидир. Биз уларни маънавиятга нисбатан қўллаймиз. Улардан кенг тарқалганларидан бири меҳнат назариясидир. Унга мувофиқ, одамлар ишлаб чиқаришнинг янги турларини, янги меҳнат қуролларини ва усулларини кашф этиши жараёнида билимлари, кўникмалари ривожланган, маҳсулотлар алмашуви ва бошқа моддий, ижтимоий алоқалари хилма-хиллашган ва мураккаблашган. Булар ўз навбатида янги тартиб-қоидалар, ахлоқий, иқтисодий, ҳуқуқий, диний ва шахслараро меъёрларга эҳтиёж туғдирган.
Маънавиятнинг келиб чиқишини диний қарашлар бевосита Яратганнинг иродаси билан боғлайди. Оллоҳ гўёки инсонни онги, ахлоқи ва ш.к. қарашлари, имон-эътиқоди билан яратган. У баъзан адашиб, гуноҳ ишларга қўл урса-да, Яратган унинг қалбига аслида тўғри имон-эътиқодни солган ёки тўғри йўл кўрсатиш учун пайғамбар жўнатган. Инсон ўз қалбига, кўнглига қулоқ тутиши лозим. Суфиёна (тасаввуфий) қарашларда бутун моддий ва маънавий олам Оллоҳнинг тажаллиси (иманацияси) ўзгача шаклдаги инъикосидир. Бинобарин, асл маънавият илоҳий мазмунга эга, у Парвардигор иродасига мос келади. Маънавият келиб чиқишини бошқа турли-туман назариялар нуқтаи назаридан ҳам ўрганиш мумкин. Масалан, позивитизм (неопозитивизм) маънавиятни одамларнинг ўзаро келишуви билан боғлайди, конвенционал ҳодиса деб ҳисоблайди. Позитивистлар қарашларини қуйидагича ифодалаши мумкин: бирор қоида ёки меъёр кўпчиликка маъқул келсагина, одамлар унга риоя этиш тўғрисида келишсагина, шаклланади, яшаб қолади ва ривожланади. Барча меъёрлар, баҳолар, қонунлар, қоидалар асосида одамларнинг ўзаро келишуви ётади. Агар одамлар бу қоида ва меъёрларга риоя этмасалар, улардан ҳеч қандай фойда бўлмайди. Бошқа назариялар тўғрисида кейинги ўринларда айтиб ўтамиз. XIX асрнинг забардаст олимларидан бири америкалик Л.Морган инсоният тарихини уч даврга бўлади: ёввойилик, варварлик ва цивилизация. Аслида бундай учга бўлиш ғояси шотландиялик файласуф Адам Фергюссонга бориб тақалади. Фергюссон 1768 йилда олға сурган таснифи асосига хўжалик юритиш усули ва мулкий муносабатлар ривожланиш даражасини қўйган. Унинг қарашлари француз маърифатпарварлари, айниқса Антуан Кондорсе томонидан ривожлантирилади. 1836 йилда даниялик олим Кристиан Юргенсен археологик маттериаллар асосида инсоният тарихида уч асрни – тош асри, бронза асри ва темир асрни ажратиш ғоясини ўртага ташлади. Албатта, ушбу “асрлар”нинг хронологик давоми шартли эди. Инсон ёввойилик, варварлик ва цивилизация даврларини бошдан кечирганлиги тўғрисидаги концепция кўплаб олимлар томонидан қабул қилинади ва ривожлантирилади. Улар орасида биринчи галда инглиз этнографи Э. Б. Тайлор номини эслаш жоиз. Аммо америкалик Люис Морган мазкур концепцияни ҳар томонлама ривожлантирди ва илмий далиллади. Шу сабабдан концепция кўпроқ унинг номи билан боғланади. Морган ўзининг «Қадимги жамият» асарида бу уч даврнинг ҳар бирини алоҳида босқичларга бўлади. Ҳар бир даврни моддий ишлаб чиқариш ривожланиши, алоҳида йирик ихтиролар тарихи билан боғлаб таҳлил этади. У ибтидоий оила ривожланиши босқичларини ажратиб кўрсатади.13 Морган фикрларига, айрим хулосаларига кейинчалик фан анча аниқликлар киритди. Баъзиларини қайта кўриб чиқди. Лекин унинг асари конкрет далилларга, материалларга бойлиги учун бугунги кунгача аҳамиятини йўқотгани йўқ. У таклиф қилган даврлаш, камчиликларидан қатъи назар, ҳозир ҳам қўлланилиши мумкин, ўз замонасида эса анча ижобий роль ўйнаган. Морган қарашлари меҳнат назариясига оид қарашлардир. Ёввойилик даврида инсон пода бўлиб яшаган, ўзаро муносабатларини биологик қоидалар асосида онгсиз, стихияли қурган. Варварлик даврида ypyғ, жамоа-ypyғ, қабилаларга уюшган, турмуши анча онгли кечган, маънавияти шаклланиб, сезиларли ривожланган, ўзаро муносабатлар қатьий қоидалар, урф-одатлар орқали тартибга солинган. Ва, ниҳоят, цивилизация даврида ақлий меҳнат жисмоний меҳнатдан ажралиб чиққан ва махсус маънавий фаолиятга айланган. Аҳлоқ, дин ҳамда давлат билан бирга туғилган хуқуқ меъёрлари (қонунлар) одамларнинг ўзаро муносабатларини, ижтимоий ҳаётини қаттиқ тартибга солган, назорат қилган. Таъкидлаш жоизки, бу уч давр ўртасида аниқ чизиқ ўтказиш мумкин эмас. Айниқса ёввойилик қачон тугаб, инсон қачон варварликка ўтгани, хатто инсон қачон гапира бошлаганини узил-кесил фалон вақтда юз берди, дейиш қийин. Лекин ёввойилик бир неча миллион йил давом этганини, варварлик 250-300 минг йилдан кам бўлмаганини, цивилизация бошланганига бор-йўғи 6 минг йилдан сал ошганини айтиш мумкин. Албатта, Морган таснифи шартли ва тахминий. Неандертал одамни биз Homo sapiens – ақлли инсон тоифасига киритамиз. Аммо варварлик деганда кўз олдимизга неандертал одам эмас, кроманьон одам, яъни қиёфаси замонавий бўлган, биздан фарқ қилмайдиган, кучли қабилаларга уюшган, кўчманчи, ярим ўтроқ ва ўтроқ ҳаёт кечирадиган, аммо ҳали ўз давлатини тузмаган янги тош асри одами келади. Бу, балки, бизнинг ўтмишни психологик қабул қилишимизнинг, неандертал одамлар жамоаси ичидаги ва турли жамоалар ўртасидаги муносабатларни, турмушнинг ташкил этилишини, ўша пайтдаги воқеаларни, жамият тарихини аниқ билмаслигимизнинг натижасидир. Шу боис маънавият шаклланишини ҳаммага маъқул тарихий даврларга бўлиш қийин. Аммо ёзма адабиёт, илм-фан вужудга келиб, маънавият цивилизация доирасида ривожлана бошлагандан кейинги жараённи анча батафсил ёритиш мумкин. Ибтидоий одамларнинг табиат берган тайёр махсулотларни йиғиб истеъмол қилишдан уларни ўзлари ишлаб чиқаришга ўтиши, ўрта юқори палеолитдан бошлаб янги тош асри (неолит)га қараб ривожланиши давомида айрим ҳайвонларни хонакилаштириши, баъзи ўсимликларни экиб, ўстира бошлаши уларнинг билими, тафаккури, онги ривожланишини тезлаштирган. Уларда чорвачилик ва деҳқончиликка оид илк билимлар, янги меҳнат қуроллари пайдо бўлган, эскилари такомиллашган. Тошни шунчаки қўпол йўниш ўрнига, унга сайқал бериш усуллари топилган. Ижтимоий турмуш ривожланиши тезлаша бошлаган. Ниҳоят янги тош асри даврида меҳнатнинг биринчи тарихий тақсимоти юз берган: деҳқончилик ва чорвачилик бир-биридан ажралиб чиққан. Download 0.64 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling