O`quv-uslubiy majmua (I kurs talabalari uchun mo`ljallangan) Navoiy -2021


Download 0.64 Mb.
bet38/103
Sana25.03.2023
Hajmi0.64 Mb.
#1294293
1   ...   34   35   36   37   38   39   40   41   ...   103
Bog'liq
manaviyatshunoslik

SAVOL VA TOPSHIRIQLAR

  1. Asotir tushunchasi.

  2. Tuban asotir haqida nima bilasiz?

  3. Zardushtiylikning asosiy g`oyalari

  4. “Avesto”dagi bosh qahramonlar

  5. “Avesto”da ma’naviy mezonlarning ilk ko`rinishlari

  6. Ezgulik va yovuzlik o`rtasidagi kurash

7-mavzu: Islomgacha bo‘lgan diniy-mafkuraviy plyuralizm bosqichi.
Reja:
1.Iskandar Zulqarnayn istilosidan arablar istilosiga kadar (milodiy VIII asr boshi), taxminan ming yildan sal ko‘proq davom etganligi.
2.Moniylikning o ‘ziga Turon tuprog‘ida nisbatan kengroq ijtimoiy tayanch topganligi.
3.Turli dinlarga, etnik guruhlarga mansublik O ‘rta Osiyoliklarni o ‘zaro til topishiga, bir-biriga nisbatan bag‘rikenglik qilishga undaganligi.

Tayanch so`z va iboralar: Iskandar Zulqarnayn, diniy mafkura, moniylik dini, mafkuraviy plyuralizm, buddaviylik, etnik guruhlar.


Бу босқич Искандар Зулқарнайн истилосидан араблар истилосига қадар (милодий VIII аср боши), тахминан минг йилдан сал кўпроқ давом этди. Бу даврда халқларнинг, маданиятларнинг қоришуви, аҳоли миграцияси ва таркибий ўзгариши аввалги босқичга нисбатан анча кучайган ва тезлашган. Эрамиздан аввал IV асрнинг 30 йилларидан Искандар Мақдуний (Зулқарнайн, Македонский)нинг шарқ мамлакатларига юриши бошланди. 2-3 йилдан кейин унинг қўшинлари бизнинг шаҳар ва қишлоқларимизни келиб босди. Искандар ҳеч қаерда Ўрта Осиёдаги каби қаршиликка учрамаган эди. Ўрта Осиёнинг ўтроқ аҳолиси ҳам, кўчманчи чорвадор аҳолиси ҳам ўта жангари, мард ва қўрқмас эди.


Ўтроқ аҳолининг, айниқса шаҳар аҳолисининг турмуш маданияти юксак, моҳир ҳунармандлари кўп эди. Искандар шу сабабдан маҳаллий аҳолини варварлар сифатида эмас, маданий халқ сифатида қабул қилган ва маҳаллий ҳукмдорлардан бирининг қизи Рахшонага уйланган. Ўзи билан келган македон-юнон аскарлари ва лашкарбошиларининг маҳаллий қизларга уйланишига қаршилик қилмаган. Маҳаллий халқ тилини ва маданиятининг илғор жиҳатларини ўрганган.
Искандар даврида юнон ва яқин шарқ маданияти, урф-одатлари, политеистик дини, ҳунармандчилик буюмлари юртимизда тарқала бошлади. Айниқса юнон театри (бу даврда Еврипид театри) биз учун янгилик эди. Маҳаллий маданият юнонларнинг юксак маданияти ютуқлари ҳисобига бойиди. Тилимизда масхара ва масхарабоз деган сўзлар бор. Олимлар фикрига кўра, у юнонча “о маскарас”, ниқоб (кийган) таққан сўзидан олинган. Юнон театрида актёрлар худолар, маъбудлар ва афсонавий қаҳрамонларнинг ниқобини кийиб, уларнинг ролларини ижро этган. Дастлаб масхарабоз тилимизда актёр маъносида ишлатилган. Умуман Искандар фақат босқинчи эмас, шунингдек маданиятлар ривожига, ўзаро таъсири ва бойишига катта ҳисса қўшган шахс ҳам эди. У босиб олган мамлакатларда 30 га яқин юнон шаҳарларини, жумладан Ўрта Осиёда 8 та шаҳар қурдирган дейилади. Жанубий Ўзбекистон ва шимолий Афғонистонда Искандар вафотидан кейин салавкийларнинг Юнон-Бақтрия давлати сал кам икки аср яшади.
Иккинчи босқичда биз Марказий Осиёда жуда ранг-баранг маданият, бой шаҳарлар, юксак маънавият ривожланганини кўрамиз. Янги шаҳарлар пайдо бўлди. Бу даврда Самарқанд, Бухоро, Хива, Ўрганч, Термиз, Нахшаб (Насаф), Кеш, Ахсикент, Варахша, Марв, Балх, Ниса, Харойва (Ҳирот), Урва (Тус) шаҳарлари гуллаб яшнади. Зардуштийлик билан бир қаторда юнон кўпхудочилик дини, буддавийлик (буддизм), монийлик, кейинчалик эса христианликнинг несторий (насронийлик) мазҳаби кириб келди. Анимизм унсурлари ҳам кўчманчи ва яримкўчманчи аҳоли орасида, улар орқали шаҳар ва қишлоқларда турли шомонлар, қушночлар томонидан ирим-сиримлар, руҳий даволаш орқали тарғиб этиб турилди.
Фараз қилиш мумкинки, бу даврда минтақамизда диний мўътадиллик, хайрихоҳлик ва муросагўйлик қарор топган. Динлар ўртасидаги рақобат мутаассибликка, йирик ижтимоий ихтилофларга, тўқнашувларга олиб келмаган. Ҳар холда тарихий манбаларда (на ҳинд, на хитой, на Яқин Шарқ ва юнон-рим манбаларида), ривоят ва афсоналарда бизнинг минтақада яшаган маҳаллий аҳоли ўртасида йирик ички диний тўқнашувлар, урушлар тўғрисида махсус қайд этилган маълумотлар учрамайди. Археологик қазувлар далолат беришича, бу даврда аждодларимиз ҳунармандчиликда, амалий билимларда, санъатнинг барча турларида - ҳайкалтарошлик, ранг-тасвир, мусиқа, театр, рақсда юксак ютуқларни қўлга киритганлар.
Берунийнинг хоразмликлар арабларга нисбатан буржларни, йил ҳисоблари ва умуман юлдузлар илмини яхшироқ билганликлари, биргина Хоразмда бутун Арабистонга нисбатан астрономлар кўплиги тўғрисидаги маълумоти, Афросиёб, Варахша, Болаликтепа, Панжакент, Ажинатепа фрескалари (деворга ишлаган ранг-тасвир асарлари), Сополлитепа, Узунқир, Подаётоқ, Ерқўрғон, Қўйқирилганқалъа, Айритом, Холчаён, Далварзинтепа ва бошқа кўплаб археологик қазилмалардан чиққан сурат чизилган сопол идишлар, тангалар, санъат буюмлари, ҳайкалчалар, заргарлик ва ибодат буюмлари буни тасдиқлаб турибди. Бу босқичда якка ҳукмронлик қиладиган, ҳатто яққол етакчилик қиладиган бирор динни кўрмаймиз. Аввалги босқичда турли динлар, эътиқодлар анча-мунча учраса-да, ўтроқ халқ эътиқодида етакчилик вазифасини зардуштийлик ўйнаган, дейиш мумкин. Иккинчи босқичнинг биринчи чораги охирида Сурхон воҳаси ва Фарғона водийсида буддавийлик, ўрталарида эса монийлик зардуштийликдан кам мавқега эга эмасди. Зардуштийлик эса анча ўзгарган, у ўзаро таъсир натижасида бошқа динларнинг, балки зардуштийликдан ҳам аввалги архаик асотирий тасаввурларни (кўчманчи қабилалар таъсирида) ўзида акс эттирган. Буни археологик қазувлар ва мазкур давр санъат асарлари яққол исботлаб турибди.
Олимлар тахмин қилишларича, бизнинг минтақамиз буддавийликнинг энг илғор ва эстетиклашган шаклларидан бирининг маркази бўлган. Биздан у Хитой, Корея ва Японияга тарқаган. “Ўша замонларда (милодгача I – милодий III аср ўрталаригача – А.Э.),- деб ёзади акад. Э.Ртвеладзе – Шарқда Тинч океанидан тортиб ғарбда Атлантика океанигача бўлган бутун маданий дунё тўртта қудратли давлат – Хан империяси, Кушон ва Парфия давлатлари, Рим империяси тасарруфида эди. Муайян қарама-қаршиликларга қарамай мазкур давлатлар ўртасида товарлар, илмий-техник, маданий ютуқлар алмашилган, турли мамлакатлар ва халқлар орасида қизғин маданий алоқалар давом этган, ўзининг қулай географик жойлашуви туфайли Марказий Осиё бунда етакчи роль ўйнаган”33.
Олим ушбу жараёнда Буюк Ипак йўли ва Буюк ҳинд йўли (Э. Ртвеладзе бу икки йўлни аниқ ажратади ва буюк Ҳинд йўли анча олдин – бронза даврида эрамиздан III-II минг йил аввал шаклланганини эътироф этади – А. Э.) ниҳоятда катта роль ўйнагани таъкидлайди. Фикрини давом эттириб, ёзади: “Марказий Осиё мамлакатларига будда дини билан бирга қадимги ҳинд илм-фани ютуқлари, табобати, фалсафаси ҳам кириб келди. Ўз навбатида Узоқ Шарқ мамлакатлари – Хитой, Корея ва Японияга буддизм Бақтрия орқали кириб борди. Кўҳна Хитой ёзма манбаларида ушбу заминдан чиққан, буддавийликка оид асарларни Хитой тилига таржима қилган бир қатор тилмочлар, хусусан тармиталик (термизлик) монах Дхармамитранинг номи тилга олинади”34.
Монийлик ҳам тугал таълимот даражасига етиши учун ўзига Турон тупроғида нисбатан кенгроқ ижтимоий таянч топган. Монийликка оид адабиётлар асосан сосонийлар империясининг чекка ҳудудларида ёки қўшни худудларда (Шарқий Туркистон, Миср) топилгани, унинг Бобил ва империянинг марказий вилоятларида қаттиқ мафкуравий қаршиликка дуч келганлигидан, расмий доираларда мухолиф таълимот сифатида унга кўпроқ салбий муносабат қарор топганидан далолат беради.
Моний ўз таълимотини зардуштийлик, буддавийлик ва христианликни умумлаштириш асосида вужудга келган янги дин, деб эълон қилади. Моний ўзидан аввалги муқаддас китобларда, пайғамбарлар башоратида эътироф этилган маҳдийликка, охирги пайғамбар мақомига даъво қилади (кейинчалик ислом охирги пайғамбар деб Муҳаммадни тан олди). Монийнинг ушбу даъволари сосонийлар шоҳи Шопур учун махсус ёзилган «Шабурагон» асарида қайд этилган. Чунки Мисрда топилган бошқа бир манбада («Шабурагон»дан аввал ёзилган) Монийгача ўтган пайғамбарлар рўйхатида Зардушт, Будда ва Исо номлари эсланмайди. «Шабурагон»да эса Моний ўз салафлари орасида уларнинг учаласини ҳам санаб ўтади.
Марказий Осиёга келиб, диний-мафкуравий хилма-хилликни, бағрикенгликни кўрган Монийда эҳтимол уларни умумлаштириш истаги туғилиб, айнан шу ерда у ўз таълимотини тугал тизимга келтирган. Моний ўзи ва ўтмишдош пайғамбарлар орасида ворисийлик мавжудлигини тан олса, янги дин тарқалиши учун фойдали бўлишини шу заминда англагани мантиққа зид эмас (Монийнинг охирги пайғамбарликка даъволари тўғрисида «Ижтимоий фикр. Инсон ҳуқуқлари» журналининг 1998 йил 3-сонида чоп этилган француз олими Мишель Тардьёнинг «Мани и ряд пророков» — «Моний ва пайғамбарлар силсиласи» мақоласидан олиш мумкин. Моний қарашларидан Беруний «Ҳиндистон» асарида турли масалалар бўйича еттита иқтибос (парча, цитата) келтиради ва уларни бошқа халқлар, аввало ҳиндлар қарашлари билан қиёслаб таҳлил этади). Монийлик Ўрта Осиёнинг Шарқий Туркистони (ҳозирги Шинжон-Уйғуристон)да давлат дини даражасигача кўтарилди. Ўзидан катта маънавий мерос қолдирди. Монийнинг образи мумтоз ўзбек ва форс адабиётларида комил мусаввир, гўзаллик бунёдкори рамзига айланди.
Буддавийлик кушонлар ҳукмронлик қилган йилларда давлат дини мақомигача кўтарилгани юқорида қайд қилинган эди. Лекин Суғдга унинг таъсири Бахтар ва Фарғонадагидек бўлмаган. Эфталийлар, айниқса, қанглар пайтида анча сусайган. Буни турли динлар ўртасидаги рақобат ва тарғиботчилар фаолияти билан ҳамда минтақамиз этник таркибининг муттасил бойиб турганлиги билан изоҳлаш керак. Янгитдан келиб қўшилиб турган туркий халқлар чорвадорлиги ва маълум даражада жангари турмуш кечириши туфайли буддавийликнинг кўп жиҳатларини қабул қила олмаганлар. Улар ўзларининг эски эътиқодини узоқ вақт сақлаганлар, бошқа динлардан фақат мақбул жиҳатларини қабул қилиб дунёқарашларини бойитганлар. Турли динларга, этник гуруҳларга мансублик ўрта осиёликларни ўзаро тил топишига, бир бирига нисбатан бағрикенглик қилишга ундаган. Шу сабабли, Эрондан фарқли, Туронда мафкуравий муштараклик, бир диннинг ҳукмронлиги ва унинг оқибати сифатида диний-мафкуравий мутаассиблик қарор топмади. Мафкуравий хилма-хиллик сақланиб турди. Бу ранг-баранг, бой маданият, тафаккурда ва оламга муносабатда универсализм шаклланишига маънавий асос бўлди. Маданият ниҳоятда гуркираб ўсди. Санъатнинг баъзи турлари, айрим мусиқа асбоблари бизнинг заминда илк бор кашф этилди. Буни Айритом ва бошқа қазилмалар, мусиқа тарихи билан шуғулланувчи хорижлик олимлар тадқиқотлари тасдиқлайди. Буюк мусиқачи ва ихтирочи Барбуд ватани бизнинг замин. Кейинчалик у марказга, пойтахтга, Эронга кетиб қолган. Мусиқа ва рақс санъатимиз Шарқда Хитой, Корея, жанубда Ҳиндистонгача таъсир кўрсатганини, кейинчалик ислом дини таъқибида санъаткорларимизнинг мазкур ўлкаларга муҳожирликка кетиб қолгани ўша халқларнинг йилномаларида, тарихий ҳужжатларида ёзилган.

Download 0.64 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   34   35   36   37   38   39   40   41   ...   103




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling