O`quv-uslubiy majmua (I kurs talabalari uchun mo`ljallangan) Navoiy -2021


Шарқ ва Ғарб маънавиятини пайвандлаган минтақа


Download 0.64 Mb.
bet40/103
Sana25.03.2023
Hajmi0.64 Mb.
#1294293
1   ...   36   37   38   39   40   41   42   43   ...   103
Bog'liq
manaviyatshunoslik

Шарқ ва Ғарб маънавиятини пайвандлаган минтақа. Айнан мана шу иккинчи босқичнинг биринчи чорагида Буюк Ипак йўли қарор топди. Бу маданиятларнинг ўзаро алоқасини, таъсирини ниҳоятда кучайтирди. Марказий Осиё икки савдо йўлининг йўналиши - Шаркий (Хитой) ва Жануби-Шарқий (Ҳиндистон) ҳамда Жануби-Ғарбий (Эрон - Яман - Шом - Ҳижоз - Миср) ва Шимоли-Ғарбий (Итил-Булғор, Қрим-Болқон, Рум-Европа) туташадиган минтақа сифатида Шарқ ва Fapбнинг энг илғор ғояларини ўзаро учраштирди.38 Улар бу ерда ота-боболаримиз заковати туфайли бир-бирига ҳамда маҳаллий халқ ютуқларига пайвандланиб, янада бойитилди, янги поғонага кўтарилди. Шу сабабли биз эрамизгача IV асрдан то эрамизнинг VIII асри бошигача бўлган даврда Марказий Осиёда плюралистик диний эътиқодлар, ниҳоятда бой ва ранг-баранг маънавий маданият вужудга келганининг гувохи бўламиз. Ҳали бу давр ўз тадқиқотчиларини кутиб ётибди.
Бизнингча, унинг ўзини Марказий Осиёнинг Иккинчи тамаддуни дейиш, балки, мумкин бўлар. Агар биринчи тамаддунимиз маънавияти асосан илк зардуштийлик негизида шаклланган бўлса, Иккинчи тамаддунимиз маънавияти эътиқодлар хилма-хиллиги негизида вужудга келди. Фараз қилиш мумкинки, Буюк Ипак йўли туфайли Марказий Осиёга хитой ва ҳинд табобати, математикаси, астрономияси ютуқлари кириб келган ва бу сохаларда маҳаллий халқ эришган ютуқларни бойитган. Ва, аксинча, бизнинг ютуқларимиз бошқа минтақаларга тарқалган.
Худди шундай юнон илми ва маданияти ютуқларининг бизгача келиши ҳам Юнон-Бақтрия давлати ва салавкийлар сулоласи барҳам топганидан кейин тўхтаб қолмаган. Юқорида келтирилган Кофирқалъа буллаларидан бирида икки гўдакни эмизаётган бўри тасвирланган. Шундай сюжетли тасвир тушган олтин танга Панжакентдаги ибодатхонани қазишда, медальон эса Оҳангарон дарёси чап томондаги Гулдурма дарасидан топилган. Мутахассислар ҳар иккала топилмани VI асрга оид деб ҳисоблайдилар. Уструшона давлатининг ҳукмдори саройининг деворига икки гўдакни эмизаётган бўри сурати туширилган. Италия давлати пойтахти Рим шаҳрининг бронза ҳайкалида абадийлаштирилган рамзи ҳам айнан икки гўдакни – Рем ва Ромулни эмизаётган она бўридир.
Бу ерда шунчаки тасодифий ўхшашлик бўлмаса керак. Икки минтақа ўртасида алоқалар анча ривожланган. Булардан ташқари Наҳшаб яқинида Зевс сурати тушириган гемма, Римда эса Нахшаб олтин типратиканининг нусхаси топилганини қўшимча қилиш мумкин. В.М. Жирмунскийнинг Алпомиш ва Одессия эпосларидаги архаик сюжет қолдиғи ўхшашлигини уларнинг умумий манбаси бир эканлиги билан изоҳлаганини эслатиш ҳам ортиқча бўлмас. Туркий халқларнинг уруғбошиси айнан она бўри эканлигини назарда тутсак, асотир қандайдир фанга номаълум йўллар билан Аппенин яриморолига бориб қолган бўлиши мумкин (бирор кичик гуруҳнинг миграцияси, ёки қадимги савдо алоқалари туфайли). Ҳар холда топилмалар маънавиятимиз тараққиётининг II-босқичида бу алоқалар мавжудлигидан далолат беради.
Марказий Осиё Шарқ ва Ғapб ютуқлари ўзаро пайванд бўлиб бойийдиган, янги сифат касб этадиган маданий-маънавий марказга, манбага айланган эди. Буни ҳамма олимлар, жумладан Арнольд Тойнби ҳам эътироф этади. Марказий Осиёда шундай кучли ижодий-интеллектуал салоҳият вужудга келган эдики, унинг таъсири Хитой ва Кореядан Шому Мисргача бир неча асрлар мобайнида, ҳатто ўзидан кейинги босқич – ислом тамаддунининг энг ривожланган йилларида ҳам давом этди. Боз устига, ислом тамаддуни, маънавияти ва маданиятига бебаҳо ҳисса қўшди. Масалан, Бағдодда Хорун-ар-Рашид асос солган «Байтул ҳикма»да Маъмун даврида амалга оширилган энг буюк оригинал тадқиқотлар ва кашфиётлар, кейинги асрларда ислом оламида табиатшунослик ва тиббиёт, фалсафа ва тилшунослик, диний илмлар соҳасидаги кўпгина ютуқлар Марказий Осиёдан чиққан бизнинг аждодларимиз номи билан боғлиқ.
Бежиз Ал-Хоразмий ҳинд математикаси ютуқларини қайта ишлаб ўнлик системаси, сонлар позицияси ва умуман ҳозирги математик тафаккурга асос солмаган. Хоразмий таълимоти айнан буюк пайвандга, унинг асосида принципиал янги сифатдаги тафаккур, идрок ва илм вужудга келишига мисолдир. Аждодларимиз ёрдамида, воситачилигида маданиятларнинг бундай ўзаро таъсири ва бир-бирини бойитиши ўша даврларда бошланган эди.
Савдо карвонлари билан табиблар, ҳунармандлар, машшоқлар, актёрлар Буюк Ипак йўли бўйлаб ўзларига омад ва даромад излаганлар, олимлар эса саёҳат қилиб дунёни ўрганганлар, ўзга юртлардаги ҳамкасблари билан суҳбат қуриб, фикр алмашганлар. Бу ўша даврда анча демократик ва ижодий руҳдаги маънавий муҳитни вужудга келтирган. Буюк Ипак йўлининг маданий алоқаларни ривожлантириш, турли минтақаларда яшайдиган халқлар маънавиятининг ўзаро бир-бирини бойитишига қўшган ҳиссаси ниҳоятда беқиёсдир.
Савдо карвонлари орқали халқлар ранг-баранг моллар, моддий маҳсулотларни ўзаро алмашиш баробарида илғор илмий, адабий, бадиий, аҳлоқий, ҳуқуқий, диний ғоялар, санъат асарлари ва айрим ишлаб чиқариш технологиялари билан ҳам алмашганлар. Бунга мисол қилиб адабиётда ва халқ оғзаки ижодида кенг тарқалган сайёр сюжетларни келтириш жоиз. Ҳиндистондан «Калила ва Димна» шимолга ва ғapбгa қараб, Юнонистондан Эзоп масаллари шарққа қараб тарқалган. Рус олими И.С.Лисевич Эзопнинг «Деҳқон ва унинг ўғиллари» масали сюжетининг шарқ мамлакатларига тарқалишини тадқиқ этган. У хитой, тибет, ҳинд, мўғул, грузин, рус, Ўрта Осиё халқлари ва бошқалар орасида ушбу сюжет тарқалганини аниқлаган ва мисоллар келтирган.
Суғд тилидаги монийликка оид матн парчаларида дур тешгич уста тўғрисида ҳикоя қилинади. У эрталабдан кечгача ишламасдан хожаси учун най чалади. Кечқурун эса иш ҳақи талаб қилади. Мазкур сюжет биздан Ҳиндистонга бориб, масалга айланган, сўнг «Калила ва Димна» орқали Буюк Ипак йўли бўйлаб тарқалган. Уйғурча матнлар орасида Бодхисатва тўғрисидаги ривоятнинг монийча талқини топилган. Айнан шу монийча талқин кейинчалик Эрон, Сурия ва араб мамлакатларига тарқалган ва жуда машҳур бўлган. Охири Европага бориб Варлаам ва Иосафат тўғрисидаги ривоятга айланган.
Китобат санъати, қўлёзмаларни суратлар билан безаш III асрдаёқ жуда юксак даражага кўтарилган. Безатилган китоблар орасида энг машҳури Моний ўз қўли билан Туркистон ғорларидан бирида яратган «Артанг» («Аржанг») китоби ҳисобланган. Бу китобни 1092 йилда Абул Маъали Ғазнавийлар хазинасида кўрган, лекин у бизнинг давргача етиб келмаган (Ғўрийлар ғазнавийлар саройига ўт қўйганда ёниб кетган бўлиши мумкин).
Хулоса қиладиган бўлсак, ислом кириб келиши арафасида шаклланган маданият ва маънавиятни кўп қиррали, бир неча диний-фалсафий қарашлар, турли халқларнинг ранг-баранг маданияти асосида шаклланган, мужассамлашган плюралистик маданият ва маънавият дейиш ўринлидир.
Марказий Осиёда араб истилоси арафасида маънавият ва мафкурада, юқорида таькидлинганидек, ягона дин ҳукмронлигини ва бошқа динларнинг таъқиб қилинишини кўрмаймиз. Албатта, турли динлар ва эътиқодлар бор экан, улар ўртасида рақобат ва кураш бўлади. Бу кураш баъзан кескинлашиб, ножўя кўринишларда кечган бўлиши мумкин. Лекин бирор диннинг давлат мақомини олиши ва ўз рақиблари билан курашда давлатнинг кучидан фойдаланиши – бу мутлақо бошқа гап. Бизнинг аждодларимизга диний бағрикенглик хос бўлган. Шу сабабдан улар илм-фанда, санъатда ва ижодда юксак натижаларга эришганлар. Ўша даврда яратилган илмий ва ижодий салоҳият кейинчалик ислом даврида ҳам ўзини ҳар томонлама кўрсатди. Халқимизга хос бағрикенлик илдизлари ўша даврга бориб тақалади ва миллий менталитетимизда архетип сифатида ҳамон мавжуддир.
Юқорида эътироф этилганидек, Марказий Осиёнинг ҳар иккала тамаддунига ўзбек халқи, шунингдек, бошқа қўшни халқлар ҳам ворисдир. Бинобарин, ўзбек халқи маънавияти шаклланиши ва ривожланишининг дастлабки икки босқичи шу даврларга тўғри келади.



Download 0.64 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   36   37   38   39   40   41   42   43   ...   103




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling