O`zbеkiston Rеspublikasi Oliy va o`rta ta'lim vazirligi
Download 455.5 Kb.
|
tilshunoslik va tabiiy fanlar
Автоматик таржима
Ҳозирги даврда матнни автоматик ишлаш ва машина ёрдамида таржима қилиш тобора ривожланиб бормоқда. Бу эса тилшуносликнинг кибернетика билан мустаҳкам алоқаси туфайли рўёбга чиқмоқда. Автоматик таржима (машина таржимаси) муайян бир тилдаги матнни ЭҲМ (электрон ҳисоблаш машинаси) орқали бошқа тилдаги мазмуни бир хил бўлган текстга айлантириш йўли билан амалга оширилади. Автоматик таржимани амалга ошириш учун ЭҲМга дастур (алгоритм), таржима қилинаётган ҳар икки тилларнинг хилма-хил ахборотларни билдирувчи луғати киритилади. Дастур машина хотирасига шундай киритиладики, унинг ҳар бир хотира уясида сўзнинг барча маъно ва шакллари ҳамда турли хил таржима усуллари ўрин олади. Таржима қоидаси қисқа формулалар шаклида жуда аниқ ва лўнда тузилиши лозим. Дастур киритилгандан сўнг машина таржима учун матн қабул қилишга тайёр ҳолга келади. Машина фақат рақамлар орқали иш кўргани сабабли матн рақамларга кодлаштирилади. Ҳар бир ҳарф маълум рақам орқали ифодаланади. Ҳар икки тилда бир хил фонемани ифодаловчи ҳарфлар бир хил рақам билан ифодаланади. Масалан, инглиз ва ўзбек тилларида а=16; ингл. в, ўзб. б=06; ингл. m, ўзб. м=11; ингл. n, ўзб. н=15 ва ҳ.к. Шундай қилиб, инглизча method сўзининг ҳарфлари 11 08 26 28 30 рақамларига тенг. Демак, бу рақамларнинг кетма-кетлиги юқоридаги сўз ҳарфларининг кетма-кетлигини ифодалайди. Рақамлар кетма-кетлигининг бузилиши бошқа сўзнинг ифодаланишига олиб келади. Рақамлар, ўз навбатида, электр импульслар орқали шундай кодлаштириладики, ҳар бир ҳарф бешта импульс комбинацияси орқали берилади. Чиқиш охиридаги ҳарф босувчи қурилма (телетайп) рақамли кодни сўзларга айлантиради. Машина берилган матнни олгандан сўнг таржимага киришади. Таржима учун машина матнни, аввало, таҳлилдан бошлайди, сўнгра синтезлаштиради: матн таркибидаги сўз қайси маънода қўлланиляпти? Уни қандай сўз билан таржима қилиш мумкин? Сўз қайси грамматик шаклда турибди ва у таржима қилинаёттан тилнинг қайси сўз шаклига мос келади? Бу саволларга жавоб қидириб, мос сўз шаклини топгандан сўнг, машина сўзни бошқа тилнинг амал қиладиган сўз тартиби қонунияти асосида жойлаштиради. Машинанинг ҳар бир ҳаракати «ҳа» – «йўқ» жавобларидан бирини танлаш йўли билан амалга ошади. Масалан, инглизча many сўзи таҳлили дастурини қўриб чиқайлик. Бу сўз кўп маъноли. Унинг қайси маънода қўлланилаётганини бошқа сўзлар билан қўшилиш орқали аниқлаш мумкин. Машина ҳаракат дастури (алгоритми) қуйидагича бўлади: Текшириш: many сўзидан олдин how сўзи турмайдими? Агар «Ҳа» бўлса, how many бирикмаси «қанча» сўзи орқали таржима қилинади. Агар «Йўқ» бўлса, бу сўзнинг олдида as сўзи келмайдими? Агар «Ҳа» бўлса, аs many «шунча» деб таржима қилинади. Олинган натижа таҳрирга муҳтож. Баъзан машина сўз шаклларини, сўзнинг фонетик вариантини, гапда сўзлар тартибини нотўғри танлаб қўйиши мумкин. Машина баъзи ўринларда сўзнинг оптимал варианти билан қавс ичида имконият даражасидаги вариантни ҳам келтириши мумкин. Шу билан бирга, машина хотирасида керакли сўз бўлмаса, мазкур сўзни таржима қилмасдан оригинал тилдаги шаклда бераверади. Кўринадики, автоматик таржима кибернетика билан тилшуносликнинг ўзаро мустаҳкам алоқаси туфайли амалга ошади. Бу жараёнда дастурчи албатта таржимага берилаётган ва таржима қилинаётган тилларнинг ўзига хос фонетик, грамматик хусусиятларинн, лексик имкониятларини, лексемаларнинг семик тузилишларини яхши эгаллаган бўлиши керак. Автоматик таржима биринчи марта 1954 йили АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида синаб кўрилди. Унда айрим иборалар рус тилидан инглиз тилига таржима қилинди. Шундан сўнг мазкур муаммо билан Франция, Канада, Россия каби бир неча мамлакатлар шуғуллана бошлади. Автоматик таржиманинг бар қатор системалари вужудга келди: СИСТРАН (АҚШ, Канада, Европа), ЛОГОС (АҚШ), КУЛЬТ (Гонконг) ва ҳ.к. Собиқ шўролар даврида автоматик таржима илк марта И.К.Бельский ва Д.Ю.Панов томонидан 1954 йили Аниқ механик ва ҳисоблаш техникаси институтида синаб кўрилди. И.К.Бельский алгоритмнинг лингвистик асосларини, Д.Ю.Панов амалга ошириш дастурини ишлаб чиқди. Ҳозиргача машина хотирасига киритилган сўзларнинг ҳажми 1000 дан ошмайди. Бу имконият билан фақат илмий-техник ва қисман расмий матнларни таржима қилиш мумкин. Кўп маънолиликка, образлиликка асосланган бадиий матнларни таржима қилиш автоматик таржима олдида турган энг долзарб муаммолардандир. Айрим мутахассислар бадиий асарни машина йўли билан таржима қилиш мумкинлигига шубҳа билан қарайдилар. Чунки бадиий асар тилида ўн минглаб сўзлар ишлатилади. Шу билан бирга, мазкур сўзлар бир неча кўчма маъноларда қўлланилган, ифодалилик, экспрессив-эмоционал маъноларга йўғрилган бўлади. Машина билан таржимада матн мазмунидан ташқари, асар муаллифининг ўзига хос индивидуал услуби, бадиий-эстетик қуввати, қўйингки, асарнинг барча бадиий хусусиятларини таъминлаб турувчи бадиий-тасвирий воситаларини, хилма-хил лексик-грамматик воситалар ёрдамида ҳосил қилинган асарнинг бутун гўзаллигини бериш керак. Буларни формаллаштириш, алгоритмга солиш ниҳоятда қийин кечади. Шунинг учун буни амалга ошириш амалда мумкин эмас деб ўйлайдилар. Download 455.5 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling