311-модда. Ҳуқуқларни даъво тартибида тиклаш
Шахснинг меҳнат қилиш, пенсия олиш ва уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқларини тиклаш, шунингдек мол-мулкни қайтариш ёки унинг қийматини тўлаш тўғрисидаги талаби қаноатлантирилмаган бўлса ёхуд шахс қабул қилинган қарорга рози бўлмаса, у тегишли талаб билан даъво ишини юритиш тартибида судга мурожаат қилишга ҳақлидир.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси II бўлимининг 2-кичик бўлими.
312-модда. Талаб қилиш муддати
Мулкий зиённи қоплаш учун пул товони тўлашни реабилитация этилган шахс ёки ушбу Кодекс 304-моддасининг учинчи қисмида кўрсатилган шахслар бундай тўловларни амалга ошириш ҳақидаги ажрим ёки қарорни олган пайтдан эътиборан икки йил мобайнида талаб қилишлари мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Бошқа ҳуқуқларни тиклашни реабилитация этилган шахс ҳуқуқларини тиклаш тартибини тушунтирувчи билдириш хати олган пайтдан эътиборан бир йил мобайнида талаб қилиши мумкин. Узрли сабабларга кўра бу муддат ўтказиб юборилган ҳолларда у манфаатдор шахснинг аризасига биноан суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд томонидан тикланиши лозим.
(312-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 6 сентябрдаги ЎРҚ-442-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 36-сон, 943-модда)
313-модда. Реабилитация этилган ҳарбий хизматчиларнинг мулкий ва бошқа ҳуқуқларини тиклаш
Реабилитация этилган ҳарбий хизматчиларнинг хизматга оид, пенсия олиш, уй-жойдан фойдаланиш ва бошқа шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқларини тиклаш ва уларга етказилган мулкий зиённи қоплаш, маънавий зиён оқибатларини бартараф этиш ушбу бобда белгиланган қоидаларга мувофиқ ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Мудофаа вазири, Ички ишлар вазири ва Миллий хавфсизлик хизмати раиси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизматининг 2014 йил 4 мартдаги 4-қ/қ, 5, 5, 21-сонли қарори Билан тасдиқланган «Реабилитация этилган ҳарбий хизматчиларнинг хизматга оид, пенсия олиш, уй-жойдан фойдаланиш ва бошқа шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқларини тиклаш ва уларга етказилган мулкий зиённи қоплаш, маънавий зиён оқибатларини бартараф этиш тартиби тўғрисидаги низом».
[ОКОЗ:
1.16.00.00.00 Хавфсизлик ва ҳуқуқ тартибот муҳофазаси / 16.11.00.00 Жиноят-процессуал қонунчилиги / 16.11.08.00 Процессуал муддатлар ва чиқимлар]
Do'stlaringiz bilan baham: |