5-боб. Платформа маркетплейс тизимининг ишлаш тартиби
35. Платформанинг маркетплейс тизимида товар ва хизматларни сотиш истаги бўлган ишлаб чиқарувчи ва унинг савдо агенти учун очиқ электрон савдо майдони ҳисобланади. Бунда ишлаб чиқарувчи ва унинг савдо агенти Платформа орқали маркетплейс тизимига кириб, ўз қурилмалари тўғрисидаги маълумотларни мустақил равишда жойлаштириши ҳамда тизимнинг имкониятларидан эркин фойдаланиши мумкин.
36. Платформанинг маркетплейс тизимида ишлаб чиқарувчилар ундан фойдаланиш тартиби ва шартлари билан танишганлиги ҳамда ушбу шартларга рози эканлиги тўғрисида электрон шаклдаги оммавий офертани (шартнома тузиш ҳақида таклиф) акцептлаш (таклифни қабул қилиши) орқали иштирок этади ва шунга асосан ишлаб чиқарувчи ёки унинг савдо агентида Платформа маркетплейс тизимидан фойдаланиш имкони мавжуд бўлади.
Ишлаб чиқарувчи ёки унинг савдо агентидан ўз товар ва хизматларини маркетплейс тизимига жойлаштирганлиги учун тўлов ундирилмайди.
37. Ишлаб чиқарувчи ёки унинг савдо агенти томонидан ариза берувчига маркетплейс тизимида танлаган қурилмалар шартнома тузилган кундан бошлаб ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатда етказиб берилиши ва ўрнатилиши лозим.
6-боб. Ишлаб чиқарувчи ва унинг савдо агентини Платформанинг маркетплейс тизимида иштирок этишдан четлатиш тартиби
38. Жамғарма қуйидаги ҳолларда ишлаб чиқарувчини Платформанинг маркетплейс тизимида иштирок этишдан четлатади ва Ноҳалол таъминотчилар реестрига киритади:
ишлаб чиқарувчи ёки унинг савдо агенти ва ариза берувчи ўзаро келишган ҳолда маблағни мақсадсиз ишлатганлиги аниқланганда;
ишлаб чиқарувчи ёки унинг савдо агенти томонидан ўн ва ундан ортиқ шартнома бўйича қурилмалар етказиб берилмаганлиги ва ўрнатилмаганлиги аниқланган тақдирда;
йил якуни билан молиявий ҳисоботлар асосида ўтказилган таҳлиллар натижасига кўра иқтисодий кўрсаткичларнинг салбий ўзгаришлари;
ўзига нисбатан банкротлик тартиб-таомиллари жорий этилган бўлса;
ишлаб чиқарувчи ёки ўзининг савдо агенти орқали таклиф этилаётган қурилмалар малакавий, техник ва тижорат талабларига жавоб бермаса;
ишлаб чиқарувчи ёки унинг савдо агенти томонидан бўлиб-бўлиб тўлаш ва (ёки) қурилмани танлаш (етказиб бериш ва ўрнатиш) жараёнида ариза берувчилар томонидан бирор-бир хатти-ҳаракатнинг содир этилишига, қарор қабул қилинишига ёки бирор-бир харид қилиш тартиб-тамойилининг қўлланилишига таъсир ўтказиш мақсадида:
ариза берувчи ишлаб чиқарувчи ва унинг савдо агенти ёки бошқа давлат органининг исталган ҳозирги ёки собиқ мансабдор шахсига ёки ходимига ҳар қандай шаклдаги ҳақни, ишга ёллаш тўғрисидаги таклифни ёхуд исталган бошқа қимматбаҳо ашёни ёки хизматни бевосита ёхуд билвосита таклиф қилса, берса ёки беришга розилик билдирса;
ишлаб чиқарувчи ёки унинг савдо агенти рақобатга қарши ҳаракатларни содир этса ёки қонунчиликни бузган ҳолда манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқарса.
39. Жамғарма томонидан ишлаб чиқарувчи ёки унинг савдо агенти Платформанинг маркетплейс тизимида иштирок этишдан четлатилганда, автоматик равишда Платформанинг маркетплейс тизимидаги Ноҳалол таъминотчилар реестрига жамоатчилик учун эълон жойлаштирилади.
40. Ноҳалол таъминотчилар реестрига киритилган таъминотчининг бир йил давомида маркетплейс тизимида иштирок этиши мумкин эмас, ушбу муддат тугагандан кейин таъминотчи Ноҳалол таъминотчилар реестридан чиқарилган ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |