Ҳозирги ўзбек тили


Download 299.43 Kb.
bet2/84
Sana05.10.2023
Hajmi299.43 Kb.
#1692623
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   84
Bog'liq
portal.guldu.uz-Hozirgi o`zbek adabiy tili8

Агар бир қавм, ва гар юз, йўқса - мингдур -
Муқаррар турк улуси худ менингдур.
Олибмен тахти фармонимға осон
Черик тортмай Хитодин то Хуросон.
Кўнгул бермиш сўзимга турк жон ҳам,
На ёлғиз турк, балким туркмон ҳам.
(“Фарҳод ва Ширин”дан)
Турк назмида чу тортиб мен алам,
Айладим ул мамлакатни якқалам.
("Лисонут тайр"дан)
Ва, ҳатто, «турк сортдин тезфаҳмроқдур» ("Муҳокаматул луғатайн") деб ёзади.
[Турк] сўзи туркий тилларда (жумладан, ўзбек тилида) - кенг ва тор маънога эга. Кенг маънода ўз ичида бир неча ички гуруҳларга бўлинадиган ўзаро қариндош (келиб чиқиш, лексик ва грамматик воситалари билан ўзаро ўхшаш бўлган) тиллар (туркий тиллар шаклида) ва шу тилларда сўзловчи халқ ва улар аждодларининг умумий, барчаси учун хос бўлган номи сифатида қўлланилади. Тарихий манбалар ва ҳозирги илмий адабиётларда туркий тилларнинг ўзаро яқинлик даражасига кўра икки тармоғи - Ғарбий хун, Шарқий хун тармоқлари, ҳар бир тармоқнинг бир неча гуруҳи ажратилади. Туркий тилларнинг Ғарбий ҳун тармоғи қуйидаги асосий ички гуруҳларга бÿлинади.

  1. қарлуқ гуруҳи (ҳозирги ўзбек, уйғур тиллари);

  2. қипчоқ гуруҳи (қорақалпоқ, қозоқ, татар, бошқирд, нўғой тиллари);

  3. ўғуз гуруҳи (туркман, озарбайжон, турк, Туркия туркчаси, гагауз тиллари);

  4. булғор гуруҳи тиллари (чуваш тили) гуруҳлардан иборат бўлса, шарқий ҳун тармоғи қуйидаги гуруҳларга ажратилади:

  1. уйғур-ўғуз гуруҳи (қадимги туркий тил, ёқут, хакас, тува тили, тўфалар тили,)

  2. қирғиз-қипчоқ гуруҳи (қирғиз, олтой тиллари) .

[Турк] сўзи кенг маънода шу тиллар ва халқларнинг умумий номи сифатида қўлланилади ва туркий тил ҳамда халқларни нотуркий (чунончи, араб, форс, тожик, мўғул, славян в.б.) тил ва халқлардан ажратади.
Тор маънода [турк] сўзининг маъноси ва қайси тил ва халққа нисбатан ишлатилаётганлиги бу сўзнинг муайян ишлатилиш ўрни (ҳудуди) ва даври билан узвий боғлиқ равишда ўзгаради. Жумладан, Маҳмуд Кошғарий Х-ХII асрларда [турк] сўзини тор маънода «Қорахонийлар давлатида етакчи мавқега эга бўлган, бошқа ёндош туркийзабонлардан (ўғуз, туркман, уйғур, қипчоқлардан) тил жиҳатидан маълум даражада фарқланган тоифа» маъносида қўллайди. Алишер Навоийда келтирилган парчада [турк] ва [туркман] сўзлари зидланишидан англашилиб турганидек, [турк] сўзи кенг маънода ҳам, тор маънода ҳам ишлатилган. Тор маънода [турк] сўзи билан Маҳмуд Кошғарий каби қарлуқ тоифасига мансуб, ўзбек халқининг шаклланишига таянч асос бўлган ўтроқ аҳолини номлаган.
Кавказ, Туркия, Олтой, Волгабўйи, Болтиқбўйи, Шарқий Европа ҳудудида қўлланилган [турк] сўзининг тор маъноси (қайси халқ ёки этник гуруҳни атаб келаётганлиги) даври ва минтақаси шарт-шароитига мос аниқланади ва ҳар бир давру ҳудуд учун ўзига хос.
ХIII асрда ҳозирги Ўзбекистон аҳолиси таркибида катта ўзгариш содир бўлди: Темурийлар давлати Дашти Қипчоқдаги (Сирдарёнинг ўнг қирғоғидан шимол-шарқда жойлашган Қозоғистон чўлларида) Муҳаммад Шайбонийхон бошчилигида қипчоқ тоифасига мансуб кўчманчи ўзбеклар томонидан босиб олинади ва 92 уруғга мансуб бўлган кўчманчи ўзбек тоифаси вакиллари бу ҳудудга кўплаб келиб жойлаша бошлади. Кўчманчилар ўтроқ аҳолини сорт деб атаганлари сабабли кўчманчи ўзбеклар ўзлари босиб олган ва ўзини турк деб номлаган ўтроқ (жуда кўп ҳолларда зуллисонайн, шаҳарда истиқомат қилувчи ёки суғорма деҳқончилик билан шуғулланувчи) аҳолини, одатига кўра, сорт деб атади. Натижада ХIII аср ва ундан кейинги даврда ҳозирги Ўзбекистонда (Шайбонийлар давлати ҳудудида) аҳолини сорт-ўзбекка ажратиш оммалашди. [Сорт] атамаси билан Қорахоний-Чингизий-Темурийлар давлатида турк деб аталган, қарлуқ тоифасига мансуб туркийзабон (ва зуллисонайн) ўтроқ аҳолининг (уларга сингиб кетган бошқа элатларнинг) авлодлари, ўзбек номи билан қипчоқ тоифасига мансуб Шайбонийхон билан келган кўчманчи чорвачилик ёки лалмикор деҳқончилик билан шуғулланувчилар аталган. ХVII-ХIХ асрларда бадиий адабиётда [сорт] ва [ўзбек] атамаларининг фарқли қўлланилиши шу фарқланиш билан боғлиқ. Турди Фароғий шеъриятида, Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" ва "Меҳробдан чаён" асарларида бунинг ёрқин намунасини кўриш мумкин. Чунончи, Турди ғазалларидан бирида шундай байтлар мавжуд:
Ўзбак ўғли ўқиса тафсир ила мишкотни,
Рўз савм-у шаб қиём афзун этиб тоотни,
Етса торожи ҳаводис, жамъ ўлуб авбоша дер:
"Саҳмгин солиб сурон ур, молин олғил сортни".
[Ўзбек] сўзининг бугунги кунда тилимизда баъзан воқелантирадиган «содда», «оқ кўнгил», «тўғри» каби маънолари ҳам шу фарқ билан боғлиқ:
Севсам, севибман-да, ўзбекман, содда. (Ғ.Ғулом)
Рус истилоси даврида ҳам IХ-Х асрдаги туркларнинг авлоди бўлган аҳоли [сорт], [сарт] номи билан юритиларди. Шунинг учун ХIХ аср охирларида ÿзбек тилининг рус ҳарбийлари томонидан ўрганилиши учун Н.П.Остроумов, М.С.Андреев, Л.А.Зимин кабилар томонидан тузилган илк қўлланмаларда у шу ном билан аталган.
ХХ аср бошларида бугунги ўзбек миллатининг расмий номланиши анча баҳсу мунозарага сабаб бўлди. Асосий баҳс [турк][туркистонлик][сорт] [ўзбек] атамасидан бири устида борди. Шу даврда илғор адиблар кўпроқ [ўзбек] атамасини маъқуллашди.
[Ўзбек] сўзи этноним (халқ номи) сифатида қадимги даврдан қўлланиб келинган. IХ аср араб манбаларида ўзбеклар, уларнинг ботирлик ва қўрқмасликлари, шунинг учун халифа сардорлари улардан ўзлари учун қўриқчилар ёллаганлиги ҳақида маълумот бор. Лекин фанимизда рус ва совет даврида бир фикр - ўзбек сўзи Олтин Ўрдада 1313-1342-йилларда хонлик қилган Султон Муҳаммад Ўзбекхон номидан олинган деган талқин тарғиб этилган. Бу – хато талқин. Зеро бу сўз этноним сифатида, айтиб ўтилганидек, ХIV асрдан анча олдин ҳам қўлланган. Аксинча, Султон Муҳаммадга бу антропоним (киши номи) [ўзбек] этноними асосида берилган.
Ғарбий Европа ÿзбек тили ва маданияти билан ХVII-ХVIII асрлардан бошлаб яқиндан таниша бошлади ва тилимиз Ғарбий Европада чиғатой тили номи билан машҳур бўлди. Бу ном ҳақиқатан ҳам чингизий Чиғатой ибн Чингиз (вафоти 1242-й.) билан боғлиқ. Бунга сабаб шуки, ХVII ва ундан кейинги асрларда мумтоз адиблар ҳудудимизга ХIII-ХIV асрларда кирган Чиғатой улуси номи асосида тил ва адабиётимизни ҳам шу ном билан атаган. Европада бу номнинг кенг оммалашишида Ҳерман Вамберининг ХIХ аср ўрталарида минтақада кенг ёйилган "Chagatayishe sprachstadium" ("Чиғатой тили дарслиги") дарслигининг хизмати катта.
Европада ÿзбек тили, бундан ташқари, (қорахоний), (шарқий турк), (шарқий туркча), (шарқий Туркистон тили), (исломой шарқий туркий), (чигилий), (туркий туроний), (Навоий туркийси) ва бошқа номлар билан маълум. Бу атамадан ҳар бирининг ўзига хос илмий-тарихий асоси бор.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, ўзбек тили ва халқининг илдизи қадим-қадимдан бошланган ва қарлуқ қавмлари ҳамда лаҳжалари турли даврларда ўғуз, уйғур, қипчоқ каби туркий қавмларини, шунингдек, эроний, арабий, мўғул каби нотуркий қавм вакиллари лаҳжаларини ўзига сингдирган, IХ-Х асрдан бошлаб ҳозиргача узлуксиз ижтимоий-маданий тараққиёт натижасида миллат ва миллий тил сифатида шаклланган. Бу мураккаб тарихий жараён таъсири тилимизнинг шевавий бўлинишида (ўзбек умумхалқ тилининг уч катта лаҳжага ажралишида), лексик-грамматик хусусиятида (чунончи, қаратқич келишигининг қарлуқча [-нинг] қўшимчаси билан мен, сен олмошларида ўғузча [-инг] кўринишининг сақланиши, илон сўзининг шу ўғузча шаклда тилда меъёрлашиши, унинг қарлуқча йилон шаклининг эскириши ва қипчоқча шевавий жилан кўринишининг мавжудлиги, тилимизда катта миқдордаги тарихан арабий, форсий, қисман мўғулча бўлган сўзларнинг борлиги в.ҳ.) ўз аксини топган. Шунинг учун «номи ўзидан, ўзи номидан қадимийроқ» ибораси ўзбек тили ва миллати тарихига ҳам дахлдор.

Download 299.43 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   84




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling