Уч=ыр\он туман, +ай=и +ФЙ, Бо\кыча мащалласида


Download 266 Kb.
bet1/3
Sana15.02.2023
Hajmi266 Kb.
#1201552
  1   2   3
Bog'liq
Х.Кодиров тахлилий



ЎЗБEКИСТОН РEСПУБЛИКАСИ
ПРОКУРАТУРАСИ
ФАРҒОНА ВИЛОЯТ
ПРОКУРАТУРАСИ
Учкўприк туман прокурори катта ёрдамчиси
Кодиров Ҳаётжон Атхамжон ўғли
“ТИЛИМИЗ ДАРВОЗАСИ ОЧИҚМИ”
Мавзусида ёзилган
Т А Х Л И Л И Й И Ш И
Телефон: +99897-597-39-19
Фарғона шаҳри - 2022 йил

ТИЛИМИЗ ДАРВОЗАСИ ОЧИҚМИ”
Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир”.


Ш.М.Мирзиёев


К И Р И Ш

Авваламбор, туркий тилларнинг катта оиласига мансуб бўлган ўзбек тилининг тарихи халқимизнинг кўп асрлик кечмиши, унинг орзу-интилишлари, дарду армонлари, зафарлари ва ғалабалари билан чамбарчас боғлиқдир. Аждодларимиз, ота-боболаримиз айнан она тилимиз орқали жаҳонга ўз сўзини айтиб келганлар. Шу тилда буюк маданият намуналарини, улкан илмий кашфиётлар, бадиий дурдоналар яратганлар.


Ўтмишда ўлкамизни босиб олган турли ёвуз кучлар бизни аввало ўз тилимиздан, тарихимиз ва маданиятимиздан, дину диёнатимиздан жудо қилишга қайта-қайта уриндилар. Улар эл-юртимиз бошига қандай азоб-уқубатлар, кулфат ва мусибатлар солгани тарихдан яхши маълум.
Аммо жасур ва матонатли халқимиз ҳар қандай оғир синовларда ҳам ўз озодлиги ва истиқлоли учун мардона курашди. Бу йўлда беҳисоб қурбонлар берди. Ҳар қандай зулм ва зўравонликларга қарамасдан, ўз она тилини — миллий ғурурини сақлаб қолди. Нафақат сақлаб қолди, балки уни ҳар томонлама ривожлантириб, бугунги авлодларга безавол етказиб берди.
Бу борада маънавий жасорат ва фидойилик кўрсатган буюк арбобларимиз, адиб ва олимларимиз, уламоларимиз, улуғ санъаткорларимизнинг хотирасини бугун ҳурмат ва эҳтиром билан ёд этамиз.
Ушбу қутлуғ айёмни байрам қилар эканмиз, аввало,
1989 йил 21 октябр санасини — «Давлат тили ҳақида"ги қонун қабул қилинган кунни эслашимиз ўринлидир.
Юртимизда мустабид тузум ҳали ўз ҳукмини ўтказиб турган ғоят оғир шароитда халқимизнинг тақдири ва келажагини ҳал қиладиган бу қонунни қабул қилиш биз учун осон кечмаган эди.
Қонун лойиҳаси икки марта умумхалқ муҳокамасига қўйилган эди. Унинг атрофида қандай қизғин баҳс ва тортишувлар бўлиб ўтганини, ўйлайманки, кўпчилик юртдошларимга тарихдан маълум.
Бу муҳим ҳужжатнинг қабул қилинишида фидойи ва ватанпарвар зиёлиларимиз, кенг жамоатчиликнинг қатъий шижоати ҳамда Биринчи Президентимиз муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг сиёсий иродаси катта ўрин тутди.
Ўзбек тили давлат тили сифатида халқимизни бирлаштирадиган, жамиятимизни улуғ мақсадлар сари сафарбар этадиган қудратли куч бўлиб майдонга чиқди. Айни вақтда у Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги сари қўйилган биринчи дадил қадам эди.
Бу қонун халқимизнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш йўлидаги азму қарорининг ёрқин намоёни бўлди. Орадан икки йил ўтиб, Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги айнан она тилимизда жаҳонга эълон қилинди.
Мамлакатимизнинг Асосий қонуни — Конститутсиямизнинг ўзбек тилида яратилиши унинг нуфузини янада юксалтирди.
Юртимиз бўйлаб ва халқаро майдонларда она тилимизда янграётган Давлат мадҳияси ҳам қалбларимизда Ватан туйғусини жўш урдиради.
Ўзбек тили ўтган йиллар давомида мамлакатимиздаги юздан ортиқ миллат ва элат вакилларини ўзаро боғлайдиган меҳр-оқибат тилига айланди.
Бундан беш аср муқаддам ҳазрат Алишер Навоий «Турк назмида чу мен тортиб алам, Айладим ул мамлакатни якқалам", деб ёзган эди. Яъни, ул зот она тили байроғини баланд кўтариб, бутун эл-улусни, юртларни шу байроқ остида бирлаштирдим, деб ифтихор қилган.
Барчамизга яхши аёнки, она тили — миллат маънавиятининг мустаҳкам пойдеворидир. Улуғ маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний таъкидлаганидек, ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадиган ойинаи ҳаёти — бу унинг миллий тили ва адабиётидир.
Шу маънода дунё ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллашни мақсад қилиб қўйган ҳар қайси давлат аввало ўз халқининг миллий тили ва маданиятини асраб-авайлашга, ривожлантиришга интилади.
Мустақиллик йилларида она тилимизни том маънода давлат тилига айлантириш йўлида катта чора-тадбирлар амалга оширилди.
Шу ўринда бир фикрга эътиборингизни қаратмоқчиман. Ҳозирги кунда Ер юзида 7 мингдан зиёд тил мавжуд бўлса, уларнинг фақат 200 га яқини давлат тили ёки расмий тил мақомига эга.
Шу нуқтаи назардан қараганда, ўзбек тилига давлат тили мақомини ҳуқуқий жиҳатдан муҳрлаб берган мазкур қонуннинг халқимиз ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.
Бу тарихий воқеадан сўнг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш ҳақида яна бир муҳим қонун қабул қилинди.

Тилимиз дарвозаси очиқми” Ушбу иборанинг келиб чиқиш сабаблари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида содир бўлаётган ҳолатлар.


Юқоридагиларга асосан, эссе шартида баён қилинган ҳолатларни келтириб чиқариш сабаблари ва омилларини баён қиламиз?


Таржима тилни бойитадиган асосий воситалардан, дейишади. Бу – айни ҳақиқат. Чунки шу аснода янги маънолар билан бирга янги сўзлар, бошқача ифода шакллари ҳам иккинчи тилга кириб келади. Аммо бу бойишнинг ўзига хослиги шундаки, таржима қилинган матнлар орқали эмас, балки таржима қилиш асносида таржима қилинмаган сўзларни иккинчи тилга ҳам олиб кириш туфайли тил кўпроқ бойийди. Ўзлашмалар деб аталадиган ва ҳозирги ўзбек тили лексиконининг жуда катта қисмини ташкил этадиган калималар – араб тилидан олинганми, ёинки форсий, русча-байналмилал манбадан кириб келганми, бундан қатъий назар, уларнинг ҳаммаси она тилимизда муқобили бўлмагани учун қабул қилинган ва ўзбек тили бойиган.
Телефон, стол, стул, компютер, экран, клавиатура, осмон, дарвоза, дутор, панжара, пиёла, пиёз, куй, парча, ҳайрат, ғайрат, ҳиммат, манфур, ғурур, жоҳил сингари минглаб ва ўн минглаб сўзларнинг барчаси – беистисно равишда – туркий тилда муқобили бўлмагани сабабли ёинки мавжуд туркий сўзлар кўзда тутилаётган маъно товланишини тўлароқ акс эттирмагани сабабли ўзбек тили хазинасидан ўрин олган. Масалан, қадимги туркий тилимизда атмосферанинг юқори қисми кўк дейилган. Унинг булутсиз кундаги тусини тасвирламоқчи бўлсак, кўм-кўк кўк дейиш керак. Ҳолбуки, шу муддаони мовий осмон, ложувард само каби четдан кирган лексик бирликлар тўлароқ ифодалайди. Илм-фан ривожлангани сари, бундай сўзларнинг маъно доираси ҳам кенгайиб бораверади. Чунончи, коинот (бор нарсалар)нинг маъноси ўзгариб, космосни англатадиган бўлиб қолди.
Бугунги глобаллашув замонида, фан-техника ва технология тез оммалашаётган бир даврда тилга янги сўзларни қабул қилиш ўта жадаллашиб кетди. Бундан чорак аср аввал у ёки бу тилга, айтайлик, бир йилда нечта сўз четдан кирганини аниқлаш мумкин бўлса, ҳозир бунинг иложи йўқ: хорижий сўзлар экинзорларни босган чигирткалардай шиддат билан ёпирилиб келяпти, уни тасниф қилиш, таърифлаш, статистикасини юритишга фурсат етишмайди, чунки бир-икки ой ичидаёқ бу маълумотлар эскириб қолади. Бу, албатта, ижобий ҳолат эмас. Чунки қабул қилиш ўринли ва зарур бўлган сўзлар билан бирга она тилимизда бор, аммо таржимоннинг нўноқлиги, тил билмаслиги сабабли ўзбекча муқобилига алмаштирилмаган сўзлар ҳам кириб қолиб, азалдан қўллаб келинаётган сўзларни сиқиб чиқаряпти ёки функсиясини чеклаяпти. Масалан, бирон йилнинг нари-берисида креатив деган бир “жозибали” сўз пайдо бўлди ва у ижодий, ташаббус сингари калималарни бўғиб ташлаб, ўрни бўлса-бўлмаса қўлланяпти. Ана шунақа “модний” сўзлардан яна бири мотиватсия бўлиб турибди. Унинг энг тўғри ва оп-осон таржимаси – рағбат. Бироқ креатив фикрлашга ноқобил мутаржимларимизда уни ўгириш мотиватсияси камлиги сабабли бу иккала сўз бугун жуда фаоллашиб, “замонавий, ажнабий манбалардан хабардор одам” эканини кўрсатишга хизмат қиляпти.
Чет сўзлар қанча кўп кириб келса, иккинчи тилнинг талаффузи шунчалар бузила боради. Масалан, форсий калималар энг кўп қўлланган ХИИ–ХИХ асрлардаги ўзбек тилида ана шундай олинма сўзларнинг хуружи натижасида ота, она, тоға, қора каби ўнлаб асл туркий, чинакам ўзбекча сўзларнинг талаффузи, бора-бора эса имлоси ҳам ўзгариб, ато, ано, тағо, қаро тарзида айтишга ва ёзишга ўтилган.
Аксар мутахассислар тил бойлиги деганда бирон халқ тилида неча минг сўз борлигини назарда тутишади. Ҳолбуки, бошқа тиллардан фақат лексикон – сўзларгина эмас, жумла тузилишлари, янгича ифода шакллари ҳам иккинчи тилга кириб келади. Бошқа тилдан кирган сўзлар, ҳар ҳолда, тилни бойитишга хизмат қилса, ўзга тиллардан кириб келган калималар тилнинг миллий хоссаларини, оздир-кўпдир, емиришга хизмат қилади.
Профессор Фаттоҳ Абдуллаевнинг “Тил қандай ривожланади?” деган рисоласи (1972)да кўрсатилишича, ўтган асрнинг йигирманчи йилларида тузилган бир луғатдаги сўзларнинг 28,6 фоизи арабча, 16,9 фоизи тожикча, 4,7 фоизи рус-интернатсионал, 50,3 фоизи асли ўзбек сўзларидан иборат” бўлган (33-бет). Асарда ўзбек тили луғат таркибида йиллар ўтгани сари русча сўзлар ҳиссаси ортиб боргани ҳисоб-китоб орқали далиллаб берилган.
Албатта, совет даврида бу табиий ҳол эди. Мустақиллик йилларига келиб тилга бошқа тиллардан сўз олиш тарзи бирмунча ўзгарди. Бир ёқдан маъвиза, ақиқа, валийма, ҳасанот сингари арабий калималарнинг ҳиссаси кескин ортди, айни пайтда, инглиз тили лексиконига мансуб рейтинг, холдинг, бот, пиар, гигабайт, кластер каби сўзлар ҳам ўзбек тилига бодраб кириб келяпти. Дуруст, аммо ажнабий сўзлар қанча кўп олинса, тил хоссалари шунча барбод бўлиши ҳам бор гап. Ўз қадим хусусиятларини кўпроқ сақлаб қола олган, биз “унча ривожланмаган” деб биладиган айрим тиллар, масалан, Сибир элларининг тили бизга қараганда анча тоза экани, асл томирларидан узилмай яшаб келаётганининг сабаби ҳам шунда.
Сўз сатҳидан жумла сатҳига ўтадиган бўлсак, бу ёқда ҳам хийла нуқсонлар борлиги кўзга ташланади. Ўрисча ўйлайдиган, аммо ўшани бир амаллаб “ўзбекча” қилиб гапирадиганларга эргашиб, она тилимизда ҳам “Мен ўйлайманки” деб гап бошлайдиганлар, шундай ёзадиганлар кўпайиб қолди. Ўзбек кишиси бунақа гапирмайди, бунақа деб ёзмайди-ку?
Чунки ҳар бир тилда жумла тузилиши ўзгача. Русча гапни ўша тахлитда ўзбекка айтсангиз, тушунмайди. Мана, “Жаҳон бестселлерлари” туркумида Толстой, Достоевский, Чехов каби адиблар асарларини пайдар-пай чиқараётган “Буукмедианашр” нашриёти китобларидаги бир жумла: “Демак, гап шундай, мен сизни нега чақирдим: сизга таклиф билдирмоқчиман, менинг дўстим бўлинг”. Тавба, бунақа сўзлаган кишидан кўра, этигини пойма-пой кийиб юрганлар соғроқ эмасми?
Тағин бир масала. Ўзбек тилида ҳар бир жумла узунлиги – бир нафас олиб чиқаргунча айтиб тугалланадиган беш-ўн сўздан иборат бўлади. Гап нафасда ёки жумладаги сўзлар саноғида эмас. Ўзбек, ботиний онгининг тарзига кўра, ўша ҳажмдаги жумлалар мағзини осон ҳазм қилади, буни ҳисобга олиш шарт. Чираниб, ўрисча ё бошқа тилдаги жумлалар каби узун жумлалар тузиш ўқувчини муаллифдан, асар руҳидан узоқлаштиради.
Яхши таржима-чи? У тилнинг ифодавий имкониятларини кескин оширади. Масалан, оддийгина, бир қарашда ўгирма экани ҳам билинмайдиган нуқтайи назар деган бирикмани олиб қаранг. Биз деярли ҳар куни фикр далилламоқчи бўлсак, “шу нуқтайи назардан”, деб гап бошлаймиз. Ўзимизнинг ўзбекчадай. Аслида эса бу – “точка зрения” деган русча бирикманинг қойилмақом таржимаси, холос. Ёки яқингача учрамаган яна бир сўз тилимизда пайдо бўлди-ю, оммалашди-кетди. Қадрият дейдилар уни. Бу – таржима меваси, “тсенност” сўзининг чиройли ўгирмаси.
Аммо четдан кирган сўзларни “ўзимизники” қилиб олгач, уни ҳар кўйга солиш тамойилидан воз кечишимиз зарурлигини ҳам айтиб ўтайлик. Таржиманинг тотли меваси бўлган “қадрият” – табаррук, улуғ сўзлардан. Энг яхши диний ва миллий хоссаларимизни қадриятларимиз деб биламиз, шундай деб ардоқлаймиз. Шунинг учун катта баннерларда бир ошпаз йигит қўлидаги нарсани кўз-кўзлаб, “Ўз қадриятига эга колбаса!” деб хитоб қилишини кўриб, сўзнинг увол бўлганига, қадрсизланганига ҳайфсинади киши. Аслида, энг катта қадрият – Сўз ҳазрати олийлари эмасми?
Таржима соҳасидаги ишкалликлардан яна бири, боя айтганимиздай, ҳар қандай ажнабий сўзни “мусулмонча”лаштиришдан иборат. Яқинда бир матндаги “... амалга ошириш тамойиллари” деган ифодага кўзим тушди. Амалга оширишда қанақа тамойил бўлади? Принсип деб қолдирган дуруст эмасми? Наҳотки принсип энди тамойилга айланиб кетган бўлса? Тамойил, ахир, бунинг нақ айнан акси – принсипсизликни билдиради-ку? Қандай қилиб, дейсизми? Тамойил – арабча сўз; бирон нарсага мойилликни, майл қўйишни билдиради.
Мойил бўлиш эса принсипсизлик демак. Тамойилнинг ўзи рус тилига тенденсия деб ўгирилади. Араб сўзларини биздан кўпроқ истифода этадиган ва шунга мойилроқ бўлган тожикларда ҳам принсип сўзи принсип деб, ундан кейин эса асос, қонун, усул, бунёд, шарт деб изоҳланган. Аммо ўзбек таржима амалиётида чорак аср аввал бир тамойил пайдо бўлди – ҳар қандай русча ва рус тили орқали кириб келган байналмилал сўзларни, бирон арабча ё тожикча сўз билан алмаштириш! Бу эса принсипсизликнинг ўзгинаси эди. Ана энди “принсипиалный человек”ни, ё бўлмаса, “принсипиалная ошибка”ни нима деб ўгиришни ўйлаб кўринг. Бундай мушкулотлар ё аввалги каби “принсипиал одам”, “принсипиал хато” деб берилади ёки ўрнига қараб “қатъий, эътиқодида собит одам” деб алмаштирилади, “асос-еътиборига кўра хато”, “мутлақо хато” дегандай муқобил топиб берилиши ҳам мумкин. “Принсип” сўзини кейинги пайтда баъзилар “қатъият” деган калима билан алмаштиришяпти. Лекин, айтайлик, машинанинг ишлаш принсипи бор, аммо ишлаш қатъияти бўлмайди-ку? Қолаверса, қатъиятли одам – “решителный человек”дир, принсипиал одам яна бошқа тушунча.
Мен интернетдаги онлайн-таржимон дастурига “принсип” сўзини киритиб кўрдим. Унда ҳам принсип ўзбек тилида тамойил бўлади, деб кўрсатиляпти (боягидай билармонлар киритган-да). Сўнг ана шу сўзнинг араб, форс, озар, тожик, қозоқ, қирғиз ва бошқа тилларга ўгирилишига юзландим. Уларнинг ҳеч бирида принсип – тамойил деб берилмаган.
Тил соҳасида юз бераётган бу ғайриилмий интилишни эҳтимол баъзилар ҳар бир тилни тоза сақлашга бўлган тадорик – пуризм, деб ўйлар. Аммо, афсуски, бу пуризм ҳам эмас-да. Уни эса нима деб номлашни ҳам билмайсан, киши. Хўп, мусулмончалаштириш йўлидаги уриниш дейлик. Аммо... у, лоақал, тўғри бўлиши керак-ку. Арабларнинг ўзи принсипни “мабда”, “қоида” деб турганида, тожиклар эса ўзгартирмасдан принсип деганида, биз ўзбеклар – олисдаги бир туркий халқ вакиллари – араб тилини арабларнинг ўзига ўргатамизми, бу тилнинг араблардан ҳам қизғинроқ фидойиси бўлиб оламизми? Бизнинг “тамойил”га араблар-у форслар, турклар, озарлар, афғонлар, уйғурлар... кулмасмикин? Улар тамойил бошқа, принсип бошқа нарса эканини яхши билишади-ку?
Шунинг эпкинида яна бир туппа-тузук сўзга ҳам путур етди – метод, методист, методикани кимдир чиқитга ўтказиб, услуб, услубчи, услубиёт кабиларини қулоғидан тортиб майдонга опчиқди.
Аввало, савол бергинг келади – нима сабабдан барча ғарб сўзларидан воз кечиш керак? Қолаверса, метод сўзи услубга тўғри келадими ёки усулга? Биз кўрган китобларда метод – метод деб берилган ва талқин маъносида усул, йўл, тарз, равиш тарзида шарҳланган. Аммо ҳеч бир манбада услуб дейилган эмас!
Чунки услуб – бошқа нарса. Абдулла Қаҳҳор услуби деган гапни эшитгандирсиз? Бу калима Абдулла Қаҳҳорнинг методи эмас, ёзиш тарзи, ижоддаги ўзига хослиги дегани. Публитсистик услуб, расмий услуб, бадиий услуб деган тушунчалар бор. Уни қайтариб русчага ўгирсангиз, масала ойдинлашади – стил! Стилистика – услубиёт, стил писателя – ёзувчи услуби дегани. Методни – услуб десак, унда “стил”ни нима қиламиз?
Кўрамизки, таржима – қудратли бир қурол. Унинг ёрдамида она тилимиз бойиши, мисли кўрилмаган кўламлар касб этиши мумкин. Аммо шу билан бирга, айнан таржима тилни хароб қилиши, унинг асл миллий табиатини йўққа чиқариши, пировардида, экспрессия (ифода воситалари) кучайгани сари, импрессия (таъсир қилиш имкониятлари) камайиб кетиши ҳам мумкин.



Download 266 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2   3




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling