Озодбек Раджабов Ўзму катта ўқитувчиси


Download 71.5 Kb.
Sana19.06.2023
Hajmi71.5 Kb.
#1606643
Bog'liq
Янги Ўзбекистоннинг янги марралари


Янги Ўзбекистоннинг янги марралари (Темир йўллар соҳасидаги бунёдкорликлар мисолида)
Озодбек Раджабов
ЎзМУ катта ўқитувчиси

Жаҳон мамлакатлари ўртасида интеграция жараёнлари кундан-кунга ривожланиб, такомиллаши0808б бораётган бугунги кунда ички ва ташқи коммуникация алоқалари, инфратузилма масалаларини тадқиқ этиш долзарб вазифага айланиб бормоқда. Мамлакатларнинг иқтисодий салоҳиятини белгилашда транспорт ва инфратузилма тармоқлари билан аҳолининг қамраб олиниши даражасига алоҳида индекс сифатида эътибор қаратилиши одат тусига кирган. Айни пайтда транспорт тизими, хусусан, темир йўллар тармоғи давлатларнинг нафақат иқтисодий ҳолатига, балки, аҳоли турмуш тарзига ҳам ўзининг сезиларли таъсирини кўрсатиб келмоқда. Йўловчи ва юк қатновида энг қулай ва нисбатан ресурс тежовчи тармоқ шубҳасиз темир йўллар тизимидир. Айниқса, халқаро транзит савдо йўлларидан узоқда жойлашган минтақа ва мамлакатлар иқтисодиётида темир йўллар аҳамияти янада юқорироқдир.


Дунёда муайян мамлакат ёки минтақаларнинг коммуникация ва транспорт тузилмалари йўналишларида илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Шу жумладан, Марказий Осиё минтақасининг моддий ва кишилик ресурсларига энг бой ҳудуди ҳисобланган Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, халқ хўжалиги тармоқларининг собиқ совет давридаги аҳволи, жумладан, транспорт тизими, темир йўлларнинг республика иқтисодий ҳаётида тутган ўрни, ривожланиш босқичлари, тармоқнинг саноатдаги мавқеи, аҳолининг турмуш даражасига таъсири, темир йўл шаҳобчалари ва тармоқ йўлларининг такомиллашуви жараёнлари каби муаммоларни устувор мавзулар сифатида ўрганаётганлиги муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда темир йўл тизимини такомиллаштириш ҳамда аҳоли, тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган темир йўл хизматлари сифатини яхшилаш масалаларига алоҳида аҳамият берилмоқда. Хусусан, Янги Ўзбекистон Тараққиёт Стратегиясининг 36-мақсадида “шаҳарлараро ва шаҳар атрофи темир йўл қатновлари жозибадорлигини ошириш, транспорт логистика хизматлари бозори ҳамда инфратузилмасини ривожлантириш, темир йўл инфратузилмасини электрлаштириш даражасини 60 фоизга етказиш ва автомобиль йўллари тармоғини жадал ривожлантириш”1 каби вазифалар кўрсатиб ўтилганлиги эътиборга моликдир. Зеро, мазкур жараёнда муаммонинг тарихий таҳлилини холисона тадқиқ этиш муҳим саналади. Мамлакат иқтисодиётида ўзига хос ўрин эгаллаган темир йўл транспортини жаҳон стандартларига мослаштириш, шунингдек, темир йўл транспорти ходимларининг малакасини ошириш, темир йўлчиларнинг меҳнатларини муносиб рағбатлантириш мақсадида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 февралдаги ПФ–5647-сон “Транспорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, 2019 йил 1 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида​”ги ПҚ-4143-сон Қарори, 2019 йил 3 мартдаги «Юк ва йўловчи ташиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4230-сон Қарори, 2020 йил 4 майдаги ПҚ-4703-сон «Транспорт соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорлари ҳамда соҳага оид бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларни амалга ошириш соҳанинг ҳуқуқий асосларини ўзида акс эттиради.
“2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” 2 асосида Темир йўллар фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида Қарши-Термиз темир йўл линиясини электрлаштириш3, Бухоро-Мискин янги темир йўл линиясини қуриш4, Поп-Наманган-Андижон темир йўл участкасини электрлаштириш5 каби лойиҳаларни назарда тутувчи турли ҳуқуқий фаолиятлар амалга оширилди.
2017 йил мартда Президент Ш.М. Мирзиѐев қарори билан Навоий Конимех–Мискин темир йўл трассаси йўналиши Бухоро–Мискин йўналиши деб ўзгартирилганлиги сабабли инвестиция лойиҳаси оптималлаштирилди. Мазкур йўл Қорақалпоғистон, Бухоро ва Хоразм вилоятларининг транспорт инфратузилмасини янада ривожлантирди. Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ва ваколатли экспертиза органлари билан биргаликда темир йўл қурилишининг янгиланган техник-иқтисодий асосини, трассада вужудга келадиган ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда Бухоро–Мискин темир йўл қурилиши лойиҳаси 2017 йил июлида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида тасдиқланди, Молия вазирлиги, Республика тикланиш ва тараққиѐт жамғармаси, Миллий банк ҳамда "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ аввал берилган давлат кафолати ва кредит битимларига ўзгартиришлар киритилди6. Хива шаҳрининг тарихий обидалари ва уларни кўришга кўплаб туристлар келаѐтгани эътиборга олиб, ―Afrosiyоb поездларига мослаб темир йўл барпо этиш кўзланди. Мазкур қурилиш лойиҳаси Президент Ш.М.Мирзиѐевнинг 2017 йил 27-28 январда Хоразм вилоятига ташрифи вақтида таклиф қилинди. 2017 йил 25 апрелда Президент қарори билан умумий қиймати 35,9 миллион АҚШ доллари бўлган Урганч–Хива оралиғида янги темир йўл участкасини қуриш, янги Хива вокзалини барпо этиб, атрофни ободонлаштириш ишлари белгиланди7.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиѐевнинг 2017 йил 25 апрелдаги Урганч–Хива янги темир йўл линиясининг қурилиши тўғрисидаги ПҚ-2927-сонли қарорига асосан Урганч–Шовот бекатлари оралиғининг 402-километридан янги темир йўл қурилиши бошланди8.
Катта ҳажмдаги бунѐдкорлик ишларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон темир йўллари давлат акционерлик жамияти раиси О.Ж. Раматов раҳбарлик қилди. Бунѐдкор темир йўлчилар дастлаб Урганч вокзалидан Хива шаҳригача умумий узунлиги 33,78 км (асосий йўл 29,6 км.) бўлган темир йўлни замон талаблари даражасида қурдилар. Шу билан бир қаторда 831.000 кубм. тупроқ ишлари бажарилди, 93 та сунъий сув иншоотлари, 5 та кўприк ва 1 та йўл ўтказгич, 10 та қўриқланувчи переезд, 32,8 км. 10 квт/с. электр линияси барпо этилди ва ишга туширди 386. Янги вокзал атрофини ободонлаштириш, фаввора қуриш ва кўкаламзорлаштириш ишларига 204,75 млрд. сўм. сарфланди, шундан қурилиш монтаж ишларига‒189,8 млрд. сўм. харажат қилинди9.
Хива шаҳрида вагонларга техник хизмат кўрсатиш депоси ва станция, 200 йўловчига мўлжалланган ва миллий услублар билан уйғунлашган замонавий вокзал барпо этилди. Яна ҳудудда 84 ва 56 ўринга мўлжалланган иккита меҳмонхона, майдони 57 сотихли сунъий кўл, 27 хил аттракцион, амфитеатр, замонавий савдо расталари бўлган Хива‒Локомотив истироҳат боғи барпо этилиши давом эттирилди. Урганч‒Хива янги темир йўл линиясининг қурилиш ишлари 2018 йил сентябрь ойида тугатилди. 2018 йил 30 ноябрда биринчи поезд келди ва вокзал 4 декабрдан бошлаб йўловчиларга хизмат кўрсата бошлади10.
Қолаверса, “2022-2026-йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Ресоубликаси Президентининг фармонига кўра, транспорт соҳасида ташқи савдо учун “яшил коридорлар” ҳамда транзит имкониятларини кенгайтириш ва транзит юк ҳажмини ошириш мақсадида “Осиё тинч океани давлатлари – Хитой- Қирғизистон- Ўзбекистон- Туркманистон- Озарбайжон-Грузия -Европа” мултимодал транспорт коридорини ривожлантириш, “Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой” темир йўл линиясини қуриш лойиҳасини жадаллаштириш, “Шимол-Жануб” йўналишида ташилаётган юкларни Ўзбекистон Республикаси ва Трансафғон коридори (“Термиз-Мозори Шариф-Қобул-Пешовар”) орқали мултимодал ташувларини ривожлантириш, “Ўзбекистон — Россия” ўртасидаги келишувга кўра “Агроекспресс” агромаҳсулотларни ташишни “яшил коридорлар” тузган ҳолда йўлга қўйиш ва ўрнатилган тариф ставкаларига имтиёзлар тақдим этиш, “Термиз — Мозори Шариф — Қобул —Пешовар” темир йўл линиясини қуриш лойиҳасини жадаллаштириш каби яқин келажакда бажариш учун белгилаб олинди11.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, барпо қилинаётган янги темир йўл тармоқлари нафақат иқтисодий кўрсаткичларнинг ўсиб боришига, балки, аҳоли фаровонлигини яхшилаб, турмуш тарзига ижобий таъсир ўтказади. Бу эса ислоҳотлардан кўзланган олий мақсад – “Инсон қадри учун” тамойилининг ҳаётимиздаги яққол намоён бўлишидир.


1 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сонли «2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт Стратегияси тўғрисида»ги Фармони // https://lex.uz/uz/docs/5841063

2 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича стратегияси. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947 сонли Фармони Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017-й., 6-сон, 70-модда, 20-сон, 354-модда, 23-сон, 448-модда, 37-сон, 982-модда.

3 Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг заёмидан фойдаланган ҳолда “Қарши-Термиз темир йўл участкасини электрлаштириш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 21 февралдаги ПҚ-1712-сонли Қарори,

4 Бухоро-Мискин темир йўл линиясини қуриш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 мартдаги ПҚ-2827-сонли Қарори, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017-й., 11-сон, 155-модда

5 “Поп-Наманган-Андижон темир йўл линиясини электрлаштириш” лойиҳасини Осиё Тараққиёт банки иштирокида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 октябрдаги ПҚ-3336-сонли Қарори, Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 18.10.2017-й., 07/17/3336/0137-сон

6 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 27 июлдаги ―Навоий–Конимех–Мискин темир йўли қурилиши лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" ПҚ-2376-сонли қарори. https://www:lex.uz.27.07.2015.

7 Начато строительство железной дороги ―Ургенч–Хива‖ // www.gazeta.uz›ru. 10.02.2018.

8 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 апрелдаги Урганч–Хива янги темир йўл
линиясининг қурилиши тўғрисидаги ПҚ-2927-сонли қарори. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017, 17-сон(777).

9 Урганч темир йўллар бошқармаси маълумотномаси, 2019 йил.

10 Хиваликларнинг азалий орзуси ушалди// ―Халқ сўзи" газетаси, 2018, 5 декабрь, №250.

11 2022-2026-yillarga mo‘ljallangan Yangi O‘zbekistonning taraqqiyot strategiyasi. O‘zbekiston Respublikasi Preziden747tining 2022-yil 28-yanvardagi PF-60-son Farmoni../../../-http:/cli.lex.uz/ld/lps/doc/5841063

Download 71.5 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling