Ўпкада газлар диффузиясининг бузилиши
Маълумки, альвеоляр бўшлиқдан кислородни қонга кириши ва қондан карбонат кислотасининг альвеоляр бўшлиққа чиқарилиши диффузия қонунлари бўйича содир бўлади. Аниқланишича, молекуляр кислород гемоглобин билан боғланиши учун у альвеолалар ҳужайралари сатҳидаги юпқа суюқлик қатлами альвеоляр капиляр мембрана (альвеола ва эндотелиал ҳужайралар қатлами)ни, улар орасидаги толали элементларни, бириктирувчи тўқиманининг оралиқ моддаси, қон плазмаси қатлами ва эритроцитнинг мембранаси орқали ўтиши зарур.
Карбонат кислота шу қатламларни қарама-қарши йўналишида ўтади. Ўпканинг диффузион қобилияти асосан шу қатламларнинг қалинлигига ҳамда газлар учун уларнинг ўтказувчанлик даражасига боғлиқ. Бундан ташқари диффузияни нормал кечиши учун О2 ва СО2 ўтадиган мембрананинг умумий сатҳи ва қоннинг альвеоляр ҳаво билан контакт вақт оралиғи аҳамиятга эга. Шу омиллардан биронтасининг бузилиши нафас етишмовчилигининг ривожланишига олиб келиши мумкин.
Альвеоляр капилляр мембрана структурасининг бузилиши
Ўпкада альвеолалар ва капилляр томирлар девориининг қалинлашуви ва улар орасидаги, бириктирувчи тўқима миқдорининг кўпайиши билан кечувчи патологик жараёнлар ривожланиши мумкин. Бундай вақтда газлар диффузияси учун оралиқ ортади, мембраналар ўтказувчанлиги камаяди, альвеолокапилляр қамал (блок) ривожланади. Альвеолокапилляр блокнинг пайдо бўлишига ўпканинг ҳар хил диффуз шикастланишлари олиб келади. Буларга саркоидоз, ҳар хил этиологияли пневмокониоз, фиброз, склеродермия, пневмония (ўткир ва сурункали), эмфизема, ўпка эдемаси мисол бўлади. Шуни қайд қилиш керакки пневмония ёки юрак етишмовчилигини декомпенсация босқичида ўпка артериолалари кавагида ҳамда ўпка тўқимасида суюқлик кўпайиши натижасида газлар ўтадиган оралиқ ортади.
Газлар диффузияси кечадиган мембрана сатҳининг камайиши ўпканинг бир қими резекция қилинганида, ўпканинг катта соҳаси деструкцияга учраганда (каверноз сил, абсцесс), ўпка альвеолалари вентиляцияси бутунлай тўхтаганида (ателектаз) ёки капиллярлари тўри сатҳи камайганида (эмфизема, ўпка васкулити) кузатилиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |