Коллоквиум (лот. суҳбат, сўзлашиш) – 1) таълим тизимида талабаларнинг билим даражасини аниқлаш ва ошириш мақсадида ўтказиладиган ўқув машғулоти шаклларидан бири; 2) маърузалар тингланиб, муҳокама қилинадиган илмий йиғилиш; 3) ўқувчилар билим даражасини аниқлаш мақсадида ўқитувчининг улар билан амалга оширадиган мулоқоти.
Комил инсон – бекаму-кўст, тўлиқ камолотга эришган етук шахс.
Комил инсон ғояси – бекаму-кўст, тўлиқ камолотга эришган етук шахсни шакллантириш ҳақидаги концепция.
Коммуникабеллик – алоқа ва муносабатлар ўрнатиш, мулоқотга мойиллик лаёқати. Коммунакабеллик хусусиятига эга бўлган шахс мулоқотда ёқимли ва атрофдагилар билан осон муносабат ўрната олади.
Коммуникатив – мунозара фаолият технологияси – ўқитувчининг ўқув жараёнига инновацион ёндашувини талаб қиладиган технология.
Коммуникативлик – шахслар орасидаги ўзаро ахборот алмашинув, алоқа, муносабат.
Коммуникатив маданият – юксак даражадаги мулоқот кўникмаларига эгалик.
Коммуникатив технология – шахсларнинг ўзаро мулоқотга киришишини таъминловчи технология.
Компетенция – у ёки бу соҳа бўйича билимдонлик.
Компьютер - муайян дастур бўйича ишлайдиган автоматик қурилма.
Компьютерли моделлаштириш – компьютер воситасида муайян ўқув моделларини яратиш жараёни.
Компьютерлаштирилган ўқитиш технологияси – компьютер воситасида амалга ошириладиган таълим тизими.
Конант педагогикаси – педагогика тарихида алоҳида ўрин эгаллаган таълим олувчиларнинг синфий фарқларга эътибор қаратилмайдиган, миллий бирликка ундайдиган йўналиш.
Кондуктив педагогика – педагогиканинг майиб ёки имконияти чекланган болаларни ўқитиш билан боғлиқ масалалар билан шуғулланувчи тармоғи.
Концепция – 1) муайян соҳага оид қарашлар, тамойиллар тизими, далил ва ҳодисаларни тушуниш, англаш ва изоҳлашнинг муайян усули, асосий нуқтаи назар; 2) педагогика соҳасидаги етакчи ғоя, назарий фикр, ҳодиса ва жараёнларни турлича тушуниш, қарашлар тизими; 3) таълимнинг муайян соҳаси ёки педагогика фанини ривожлантиришга йўналтирилган давлат ҳужжати; 4) адабиётда бирор асарнинг асосий ғояси..
Do'stlaringiz bilan baham: |