Маънавий-ахлоқий тарбия методлари. Маънавий-ахлоқий тарбияда турли метод ва усуллардан фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга.
Маънавий-ахлоқий тарбия методлари деганда, ўқувчиларнинг ахлоқий тасаввур ва билимларни эгаллаб олишга, уларда маданий хулқ ва ижобий муносабатларни, шахснинг ахлоқий ҳис-туйғулари ва сифатларини тарбиялашга қаратилган фаолият усуллари йиғиндисидир.
Маънавий-ахлоқий тарбия методларини шартли равишда қуйидагича тасниф этиш мумкин:
Маънавий-ахлоқий онгни шакллантириш методлари: ҳикоя, тушунтириш, этик суҳбат, изоҳлаш, насиҳат, ўгит, кўрсатма, намуна ва бошқалар.
Маънавий-ахлоқий хулқ-атворни шакллантириш методлари: машқ, ўргатиш, педагогик талаб, тарбияловчи вазият, топшириқ ва ҳакозолар.
Маънавий-ахлоқий мотивасияни ҳосил қилишга доир методлар: рағбатлантириш, мусобақа, танбеҳ бериш кабилар.
И. Маънавий-ахлоқий онгни шакллантириш методлари. Маънавий-ахлоқий мавзудаги ҳикоя – ахлоқий мазмундаги воқеа-ҳодисаларни ёрқин эмосионал баён этилишидир. Ҳикоя тарбияланувчиларнинг ҳис-туйғуларига таъсир этиб, уларга ахлоқий меъёр ва қоидаларни тушуниш ҳамда ўзлаштиришга ёрдам беради. Яхши баён тавсифига эга ҳикоя ахлоқий тушунчаларнинг моҳиятини очиб беришгагина хизмат қилиб қолмай, балки тарбияланувчиларда маданий хулқ-атвор қоидаларига ижобий муносабатнинг юзага келишига хизмат қилади. Маънавий-ахлоқий мазмундаги ҳикоя бир нечта вазифани бажаради: билимлар манбаи бўлиб хизмат қилади, тарбияланувчининг хулқ-атвор тажрибасини катталарники асосида бойитади.
Ушбу методнинг асосий вазифаларига қуйидагилар киради:
1) тарбияланувчиларда ижобий ахлоқий ҳисларни уйғота олиш, ҳикоя қаҳрамонларига ҳамдардлик билдириш – ютуғидан қувониб, мувафаққиятсизлигига биргалишиб ачиниш;
2) тарбияланувчиларга тушунарсиз бўлган айрим ахлоқ қоидаларининг мазмунини очиб бериш;
3) маънавий-ахлоқий мавзулардаги ҳикоялардан машғулот-ларда, сайрларда, тарбияланувчиларнинг ўз ҳаёти билан боғлиқ бўлган жойларда ҳам фойдаланиш.
Маънавий-ахлоқий мазмундаги ҳикоя самарадорлигини таъминлаш учун қуйидаги шартларга риоя қилиниши зарур:
1. Ҳикоя тарбияланувнинг ижтимоий тажрибасига мос келиши лозим. Ҳикоянинг қисқа, эмотсионал, тушунарли бўлиши мақсадга мувофиқ.
2. Ҳикоянинг расмлар билан, мусиқа жўрлигида баён қилиниши унинг яхши идрок қилинишини таъминлайди.
3. Маънавий-ахлоқий мавзудаги ҳикоянинг яхши идрок қилиниши учун унга мос муҳитнинг яратилганлиги муҳим аҳамиятга эга.
4. Ҳикоядан кўзланган мақсадга эришиш учун уни моҳирона баён этиб бера олиш лозим. Ишонарсиз, бир хил оҳангда ҳикоя қилиш орқали буни амалга ошириб бўлмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |