Педагогика назарияси I боб. Педагогиканинг умумий асослари


-расм. Кадрлар тайёрлаш миллий моделининг асосий таркибий қисмлари


Download 0.79 Mb.
bet2/97
Sana26.03.2023
Hajmi0.79 Mb.
#1296796
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   97
Bog'liq
maruza

1-расм. Кадрлар тайёрлаш миллий моделининг асосий таркибий қисмлари



Шахс узлуксиз таълим жараёнида дунёвий, илмий билимларни ўзлаштиради, фан асосларини пухта эгаллайди, ишлаб чиқариш соҳалари билан танишади, шунингдек, ўзида ижтимоий таъсирлар ёрдамида маънавий-ахлоқий сифатларни тарбиялаб боради. Шахсда ўзлаштирилган билим, фаолият кўникмалари ва ҳаётий тажриба асосида касбий маҳорат ҳам шаклланиб боради. Юксак маънавий-ахлоқий сифатлар ва юқори даражадаги касбий малакага эга бўлиш учун шахс ўз олдига муайян мақсадни қўя олиши ҳамда унга эришиш йўлида тинимсиз изланиши, ўқиб-ўрганиши лозим. Шундагина у ижтимоий рақобатга чидамли, малакали кадр бўлиб шаклланади.


Ўз-ўзини англаш туйғусига эга бўлиш, таълим соҳасидаги хизматлардан тўлақонли, самарали фойдалана олиш, илмий ва касбий билимларни пухта ўзлаштиришга эришиш шахсга етук мутахассис бўла олиши учун пойдевор яратади. Инсон камолоти, энг аввало, унинг ўзига боғлиқдир. Шу боис миллий дастурда шахс ва унинг камолотини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Таълим хизматларининг истеъмолчиси сифатида шахсга давлат таълим олиш ва касб-ҳунар тайёргарлигидан ўтиш кафолатланади. Таълим олиш жараёнида шахс давлат таълим стандартларида ифода этилган талабларни бажариши шарт.
Шахс таълим хизматларининг яратувчиси сифатида тегишли малака даражасини олгач, таълим, моддий ишлаб чиқариш, фан, маданият ва хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият кўрсатади ва ўз билими ҳамда тажрибасини ўргатишда иштирок этади».
Шахс камолоти нафақат ўзи учун, балки давлат ва жамият тараққиёти, равнақи учун ҳам муҳим аҳамиятга эгадир. Бинобарин, фуқаролари юксак маънавиятга эга жамият ҳар томонлама тараққий эта олади.
Шахс ва давлат (жамият) ўртасидаги алоқа икки томонлама хусусиятга эга. Шу боис ҳар қандай давлат (жамият) ўз фуқароларининг яшаши, меҳнат қилиши, иқтидори ва салоҳиятини рўёбга чиқариши, уни намоён эта олиши учун етарли даражада шарт-шароит яратиб бера олиши лозим. Республика таълим тизимида давлат ва жамият шахснинг ҳар томонлама шаклланиши, ўзлигини намоён эта олиши учун етарли даражада шарт-шароит яратиб бериш масъулиятини ўз зиммасига олувчи субъект сифатида намоён бўлади.

Давлат ва жамият таълим муассасаларининг юқори малакали рақобатбардош мутахассисларни тайёрлаш йўлидаги фаолиятини ҳам уйғунлаштиради ҳамда қуйидагиларга кафолат беради:
– фуқароларнинг билим олиш, касб танлаш ва ўз малакасини ошириш ҳуқуқларнинг рўёбга чиқарилишига;
– мажбурий умумий ўрта таълим ҳамда академик литсей ёки касб-ҳунар коллежида таълим олиш йўналишини танлаш ҳуқуқи асосида мажбурий ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини олишга;
– давлат грантлари ёки пулли-шартномавий асосда олий таълим ва олий ўқув юртидан кейинги таълимни олиш ҳуқуқига;
– давлат таълим муассасаларини маблағ билан таъминлашга;
– таълим олувчиларнинг ўқиши, турмуши ва дам олиши учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги вазифаларнинг ҳал этилишида жамоатчилик бошқарувини ривожлантиришга;
– таълим жараёни қатнашчиларини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга;
– соғлиқ ва ривожланишида нуқсони бўлган шахсларнинг таълим олишига.

Узлуксиз таълим кадрлар тайёрлаш тизимининг асоси, Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминловчи, шахс, жамият ва давлатнинг иқтисодий, ижтимоий, илмий-техникавий ва маданий эҳтиёжларини қондирувчи устувор соҳа бўлиб, ижодкор, ижтимоий фаол, маънавий бой шахснинг шаклланиши ва юқори малакали рақобатбардош кадрларнинг жадал тайёрланиши учун зарур шарт-шароитларни яратади.
Узлуксиз таълим жараёни шахснинг ҳар томонлама қарор топиши учун энг қулай давр саналади. Мазкур даврда шахс фан асослари ҳамда касб-ҳунар маълумотларини ўзлаштиради, юксак маънавий-ахлоқий сифатларга эга шахс ва малакали кадр сифатида камол топиб боради. Унда муайян дунёқараш шаклланади.
Ўзбекистон Республикасида узлуксиз таълим Давлат таълим стандартлари ҳамда ўқув дастурлари талабларига мувофиқ ташкил этилади.
Узлуксиз таълим қуйидаги таълим турларини ўз ичига олади:
– мактабгача таълим;
– умумий ўрта ва ўрта махсус таълим;
– касб-ҳунар таълими;
– олий таълим;
– олий ўқув юртидан кейинги таълим;
– кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
– мактабдан ташқари таълим.
Кадрлар тайёрлаш миллий моделининг таркибий қисмларидан бири сифатида фан, яна шунингдек, «таълим мазмунини тубдан янгилашда: таълим стандартлари, таълим дастурлари, ўқув дарсликлари ва қўлланмалар тайёрлашда, илмий-методик таъминотни амалга оширишда бевосита ва билвосита иштирок этади».

Фан юқори малакали мутахассисни тайёрловчи ва улардан фойдаланувчи, илғор педагогик ва ахборот технологияларини ишлаб чиқарувчи бўлиб, «кадрлар тайёрлаш миллий тизимида табиат ва жамият тараққиёти қонуниятлари тўғрисидаги янги фундаментал ва амалий билимлардан фойдаланишни, юқори малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар таркибини шакллантиришни, улардан таълим тизимида унумли фойдаланишни, шунингдек, кадрлар тайёрлаш жараёнининг илмий тадқиқотлар инфраструктурасини яратиш, таълимнинг ахборот тармоқларида фойдаланиш учун билимнинг турли соҳалари бўйича ахборот базасини шакллантиришни ҳамда илмий тадқиқотлар даражасига янгича қарашлар замирида ёш олимларнинг, илмий-педагогик ходимларнинг ижтимоий мавқеи ва обрўсини оширишни ва шу кабиларни қамраб олади».

Авваллари ишлаб чиқариш тайёр кадрлар кучи ва салоҳиятидан фойдаланувчи истеъмолчи сифатидагина фаолият олиб борган бўлса, бугунги кунда ушбу фаолиятнинг мазмуни тубдан ўзгарди. Эндиликда ишлаб чиқариш кадрларни тайёрлаш сифати ва савиясига нисбатан ўз талабларини қўя олади. Шу билан бирга сифатли ҳамда юксак савияли мутахассисни тайёрлаб етиштириш йўлида узлуксиз таълим ҳамда фан тармоқларининг молиявий, моддий-техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Шу асосида кадрлар тайёрлаш тизимининг фаол иштирокчисига айланди.
Таълим соҳасида амалга оширилган янги ислоҳотлар. 2017 – 2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ўрта муддатли истиқболда давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаб берган энг муҳим дастурий ҳужжат ҳисобланади. Мазкур ҳужжат асосида таълим соҳасига доир қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Таълим тизимини халқ билан мулоқот ва илғор хорижий тажрибалар асосида ислоҳ қилишга асосий эътибор қаратилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-йил 30-сентабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» ПҚ-3305-сон қарори асосида республикамизда илк бор Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди.

Узлуксиз таълим тизимининг муҳим бўғини бўлган мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, самарали давлат бошқаруви тизимини яратиш, мактабгача таълим муассасалари давлат ва нодавлат тармоғини кенгайтириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, мактабгача таълим муассасаларига болаларни қамраб олишни кескин ошириш, таълим-тарбия жараёнларига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этиш орқали болаларни ҳар томонлама интеллектуал, маънавий-эстетик, жисмоний ривожлантириш ҳамда уларни мактабга тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-йил 30-сентабрдаги «Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5198-сон Фармони қабул қилинди. Мазкур фармонда қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгиланди:
биринчидан, мактабгача таълим соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
иккинчидан, илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда мактабгача ёшдаги болаларни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш;
учинчидан, республикада давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасалари орасида соғлом рақобат муҳитини яратиш ҳисобига барча болаларнинг мактабгача таълим муассасаларига босқичма-босқич қамраб олинишини таъминлаш, уларга солиқ имтиёзлари ва преференсиялар бериш, бюджетдан субсидиялар ажратиш, шунингдек, болаларнинг мактабгача таълими ва тарбиясининг муқобил шаклларини амалиётга татбиқ этиш;
тўртинчидан, замонавий инноватсион педагогик технологияларни, таълим ва тарбиянинг самарали шакллари ҳамда усулларини таълим-тарбия жараёнига, шу жумладан нодавлат секторида жорий этиш;
бешинчидан, миллий маданий-тарихий қадриятларни акс эттирувчи ва болаликдан китоб ўқишга қизиқишни уйғотувчи ўқув-методик, дидактик материаллар, ўйин ва ўйинчоқлар, бадиий адабиётлар билан мактабгача таълим муассасаларини таъминлаш;
олтинчидан, замонавий педагогик технологиялар ва методларни ҳисобга олган ҳолда болаларни тарбиялаш ва ҳар томонлама ривожлантириш масалаларини профессионал даражада ҳал этишга қодир бўлган мактабгача таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
Еттинчидан, мактабгача таълим муассасалари ходимларини моддий рағбатлантириш тизимини яратиш ва тажрибали юқори малакали ва касбий жиҳатдан пухта тайёрланган педагог кадрлар ҳамда тарбиячиларни таълим-тарбия жараёнига жалб қилиш;
саккизинчидан, мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчи-ларининг ратсионал ва белгиланган меъёрлар асосида соғлом ва тўғри овқатланишини таъминлаш учун муносиб шароитлар яратиш, кўнгилочар ва билим берувчи машғулотлар элементлари бўлган, ҳажмлари ва интенсивлиги асосий тиббий тақдимномалар билан белгиланувчи серҳаракат ўйинлар ва машқлар уюштириш;
тўққизинчидан, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда мактабгача таълим муассасаларида болаларга тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда уларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш бўйича профилактика чора-тадбирларини мувофиқлаштириш.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-йил 30-сентабрдаги «Ўзбекистон республикаси Халқ таълими вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги ПҚ-3304-сон Қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга мувофиқ, қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин:
биринчидан, халқ таълими тизимини ривожлантиришга қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълимни ҳар томонлама ривожлантириш, ўқувчиларнинг билими ва маънавий-ахлоқий даражасини янада юксалтириш;
иккинчидан, ўрта таълим мактаблари ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўртасида ўзаро интеграцияни таъминлаш орқали 11 йиллик ўрта таълимни жорий этиш бўйича ташкилий-методик тадбирлар тизимини амалга ошириш;
учинчидан, умумий ўрта таълим мактабларининг 10–11-синф ўқувчиларига касб-ҳунар ўргатиш ҳамда умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартларига ва мактабдан ташқари таълимга қўйиладиган давлат талабларига мувофиқ халқ таълими муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда ўқувчиларга касб-ҳунар ўргатишда методик раҳбарлик қилиш;
тўртинчидан, умумий ўрта таълим муассасаларида чет тилларини ўқитиш самарадорлигини таъминлаш, ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва меҳнат таълимини яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
бешинчидан, ўқув-тарбия жараёнига ўқитишнинг замонавий илғор шаклларини, янги педагогик ва ахборот технологияларини, ўқувчиларнинг ўқув, психологик ва жисмоний юкламасини оптималлаштиришни ҳисобга олган ҳолда таълим-тарбиянинг самарали шакллари ва усулларини жорий этиш;
олтинчидан, мазмун ва сифат жиҳатидан халқаро талабларга жавоб берадиган, илғор педагогик ва ахборот-коммуникатсия технологияларини қўллаган ҳолда янгиланган ўқув режа ва дастурларга мувофиқ ишлаб чиқилган ўқув ва ўқув-методик адабиётларнинг янги авлоди яратилиши ва нашр этилишини ташкил қилиш;
еттинчидан, меҳрибонлик уйлари фаолиятини такомиллаштириш, ота-оналар қаровисиз қолган болаларнинг ижтимоий-психологик реабилитатсиясини ва ҳуқуқий ҳимоя қилинишини таъминлаш, уларнинг ижтимоий-меҳнат кўникмаларини ҳосил қилишига ва жамиятга уйғунлашувига кўмаклашиш;
саккизинчидан, ривожланишида турли нуқсонлари бўлган ҳамда даволанишга ва соғломлаштиришга муҳтож бўлган болаларнинг (шу жумладан инклюзив) ижтимоий кафолатларини таъминловчи чора-тадбирлар самарадорлигини янада ошириш, уларнинг таълим-тарбия олишлари учун мослашув муҳитини яратиш, имкониятлари чекланган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари (мактаблар, мактаб-интернатлар) фаолиятини мувофиқлаштириш;
тўққизинчидан, халқ таълими муассасаларида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бўлимлари фаолиятини самарали йўлга қўйиш орқали ўқувчиларни умуминсоний қадриятлар, юксак маънавият, инсонпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг қалби ва онгига мустақиллик ғояларини янада чуқур сингдириш, «оммавий маданият» кўринишидаги ёт ғояларга қарши иммунитетни мустаҳкамлаш;
ўнинчидан, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасалари томонидан давлат таълим стандартлари ва талаблари бажарилишининг тизимли мониторингини олиб бориш;
ўн биринчидан, таълим муассасаларида бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланишни ҳамда бюджет интизомига риоя этишни таъминлаш;
ўн иккинчидан, таълим муассасаларида бино ва иншоотлардан самарали фойдаланиш ишларини мувофиқлаштириш ва мониторингини олиб бориш.
Меҳнат бозорининг замонавий эҳтиёжларига мувофиқ узлуксиз таълим тизимини такомиллаштириш ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш, таълим хизматларининг очиқлиги ва сифати масалаларига давлат томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018-йил 25-январдаги «Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5313-сон Фармони қабул қилинди. Фармонга мувофиқ, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб мажбурий умумий ўрта ва ўрта махсус таълим умумтаълим мактабларида, шу жумладан, ихтисослаштирилган мактабларда, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаб-интернатларида, ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатларида ҳамда академик литсейларда узлуксиз ва 11 йиллик муддатда; 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб касб-ҳунар коллежларига ўқишга қабул қилиш умумтаълим мактабларининг 11-синфлари битирувчилари ҳисобидан, ихтиёрийлик асосида, тегишли мутахассисликка (касбга) эга бўлиш учун 6 ойдан 2 йилгача бўлган ўқитиш муддатларида амалга оширилиши белгилаб берилди.

Умумий ўрта таълим муассасаларининг 10–11-синфлари ўқувчилари таълим олишлари билан биргаликда уларга касб-ҳунар ўргатиш, ўқувчиларнинг қизиқиш ва қобилиятларидан келиб чиққан ҳолда келажакда уларнинг таълимни давом эттиришлари ёки эгаллаган касблари бўйича меҳнат фаолияти билан шуғулланишларига шарт-шароитлар яратиш, ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини ташкил этиш ва уларни зарур жиҳозлар билан таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2017-йил 24-октабрдаги «Умумий ўрта таълим муассасаларининг 10–11-синфлари ўқувчиларига касбий таълим беришга ихтисослашган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 868-сон қарори қабул қилинди.

Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуасида касбий таълим беришнинг вазифалари этиб қуйидагилар белгилаб қўйилди:
ўқувчилар томонидан касб-ҳунар кўникмаларининг ўзлаштирилишини таъминлаш, махсус ва чуқурлаштирилган тайёргарликни талаб этмайдиган касбларни ўргатиш орқали уларнинг касб-ҳунар олишга бўлган эҳтиёжини қондириш;
касбий таълим бериш жараёнида «уста-шогирд» анъаналари, маҳаллий ва хорижий илғор тажрибани ўрганган ҳолда энг мақбул усуллардан фойдаланиш ҳамда касбларнинг малака талаблари ва касбий таълим бериш жараёнининг методик таъминотини такомиллаштириб бориш;
касбий таълим бериш жараёнига инноватсион педагогик ва ахборот-коммуникатсия технологияларини кенг жорий этиш орқали касбий таълим бериш сифатини таъминлаш;
ўқувчиларда мустақил ижодий фикрлаган ҳолда меҳнат жараёнини ташкил этиш кўникмаларини шакллантириш орқали уларнинг меҳнат фаолияти билан фаол шуғулланиши имконини берувчи касб эгаси бўлишларини таъминлаш;
меҳнат бозори учун махсус ва чуқурлаштирилган тайёргарлик талаб этилмайдиган касблар бўйича рақобатбардош кадрлар тайёрлашни таъминлаш.
Академик литсей – ўрта махсус ўқув юрти. Академик литсей ўқувчиларнинг интеллектуал қобилиятларини жадал ўстиришни, уларнинг чуқур, табақалаштирилган ва касб-ҳунарга йўналтирилган билим олишларини таъминлайди. Академик литсейда ўқувчилар ўзлари танлаб олган таълим йўналиши (гуманитар, техника, аграр ва б. соҳалар) бўйича билим савияларини ошириш ҳамда фанларни чуқур ўрганишга қаратилган махсус билим олиш имкониятига эга бўладилар.

Академик литсейларнинг фаолиятини улар жойлашган ҳудуднинг демографик, иқтисодий ва бошқа омилларини ҳамда битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш натижалари нуқтаи назаридан олиб борилган таҳлиллар бу соҳадаги ишларнинг қониқарли эмаслигини кўрсатмоқда. Ҳозирги пайтга келиб академик литсейлар сонини оптималлаштириш, улардаги таълим сифатини ошириш ва мазмунини янгилаш, уларни битириб чиқаётган ёшларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичларини тубдан яхшилаш бўйича қатор чора-тадбирларни амалга ошириш зарурати пайдо бўлмоқда.
Мазкур соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш ҳамда академик литсейларда ўқув жараёни сифати ва самарадорлигини тубдан ошириш, академик литсейларда умумтаълим мактабларининг энг қобилиятли битирувчиларини жамлаш, умумтаълим мактаблари битирувчиларининг танланган касблар ва мутахассисликларни эгаллаб олишга бўлган эҳтиёжини қондириш учун шарт-шароитлар мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-йил
14-мартдаги «Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПҚ-2829-сон қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорнинг 2-бандида академик литсейларнинг муҳим вазифалари ва фаолияти йўналишлари белгилаб берилди:
умумтаълим мактабларининг энг истеъдодли ўқувчиларини танлаш, уларнинг интеллектуал қобилиятларини янада ривожлантириш ва ўқишни олий таълим муассасаларида давом эттиришга мақсадли чуқур тайёрлаш;
ўқувчиларнинг ижодий салоҳияти намоён бўлиши ва фаоллашишига кўмаклашувчи, индивидуал истеъдодларни ва ҳар бир ўқувчининг қобилиятлари ҳамда хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда билимларни эгаллаб олиш жараёнида мустақил фаолият кўникмаларини шакллантирувчи ва ривожлантирувчи таълим муҳитини яратиш;
илғор маҳаллий ва хорижий таълим муассасаларининг тажрибасини ҳисобга олган ҳолда таълим жараёнини ташкил этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш ва унинг мазмунини доимий равишда янгилаб бориш.
Олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, кадрлар тайёрлаш мазмунини тубдан қайта кўриш, халқаро стандартлар даражасига мос олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш учун зарур шароитлар яратилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-йил 20-апрелдаги «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2909-сон Қарори қабул қилинди.

Қабул қилинган қарорга кўра, қуйидагилар олий таълим тизимини келгусида комплекс ривожлантиришнинг энг муҳим вазифалари этиб белгиланди:
ҳар бир олий таълим муассасаси томонидан хориждаги етакчи турдош илмий-таълим муассасалари билан истиқболли ҳамкорлик алоқаларини яқиндан йўлга қўйиш, ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган энг замонавий педагогик технологиялар, таълим дастурлари ва ўқув-методик материалларни кенг жорий этиш, илмий-педагогик фаолиятга юқори малакали чет эл ўқитувчилари ва олимларини жалб этиш;
олий маълумотли кадрларни тайёрлашнинг мақсадли мезонларини шакллантириш, олий таълим муассасаларидаги ихтисослик йўналишлари ва мутахассисликларни ҳудудлар ва соҳалар бўйича жорий этилаётган дастурларнинг талаб ва эҳтиёжлари, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларни комплекс тараққий эттириш истиқболларини инобатга олган ҳолда оптималлаштириш;
янги авлод ўқув қўлланмаларини яратиш ва олий таълим тизимига кенг татбиқ этиш, олий таълим муассасаларини замонавий ўқув-методик ва илмий адабиётлар билан таъминлаш, жумладан, энг янги хорижий адабиётларни сотиб олиш ва таржима қилиш негизида ахборот-ресурс марказлари фондларини мунтазам янгилаб бориш;
педагог кадрларнинг касб малакаси ва маҳоратини сифат жиҳатидан мунтазам ошириб бориш, педагог ва илмий ходимларнинг стажировкадан ўтишини йўлга қўйиш, олий таълим муассасалари битирувчиларини ПҳД дастури ва хорижий магистратура дастурлари асосида ўқитиш;
олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш, олий таълим тизимида илмий тадқиқотларни янада ривожлантириш, уларнинг академик илм-фан билан интеграциясини кучайтириш, профессор-ўқитувчилар таркибининг илмий фаолияти самарадорлигини ошириш, иқтидорли талаба-ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга жалб этиш;
олий таълимнинг маънавий-ахлоқий мазмунини кучайтириш, талаба-ёшларнинг қалби ва онгига миллий истиқлол ғоясини, халқимизнинг юксак маънавияти ва инсонпарварлик анъаналарига садоқат туйғусини чуқур сингдириш, биз учун мутлақо ёт ва бегона бўлган ғояларга нисбатан уларда мустаҳкам иммунитет ва танқидий муносабатни шакллантириш;
олий таълим муассасалари моддий-техника базасини уларнинг ўқув ва илмий-лаборатория биноларини, спорт иншоотлари ва ижтимоий-муҳандислик инфратузилмаларини қуриш, капитал таъмирлаш ва реконструксия қилиш орқали янада мустаҳкамлаш, замонавий илм-фан соҳаларининг устувор йўналишлари бўйича ўқув-илмий лабораториялар базасини замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш;
олий таълим муассасаларини замонавий ахборот-коммуникатсия технологиялари воситалари билан таъминлаш, талабалар, ўқитувчи ва ёш тадқиқотчиларнинг жаҳондаги илғор таълим ресурслари, илмий адабиётлар ва маълумотлар базаси бўйича электрон каталогларга кириш имкониятини кенгайтириш.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида» 2017-йил 16-февралдаги ПФ-4958-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2017-йил 22-майда «Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» Қарори қабул қилинди.

Таянч докторантура – Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган, ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда мутахассисликни чуқур ўрганиш ва докторлик диссертатсиясини тайёрлаш ва ҳимоя қилиш мақсадида улар томонидан илмий изланишлар олиб бориш бўйича фалсафа доктори (ПҳД) илмий даражаси изланувчилари учун ОТМ ва ИТМларида ташкил этиладиган олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар ихтисосликлари бўйича олий ўқув юртидан кейинги таълим шакли.
Докторантура – Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган, ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда мутахассисликни чуқур ўрганиш ва докторлик диссертатсиясини тайёрлаш ва ҳимоя қилиш мақсадида улар томонидан илмий изланишлар олиб бориш бўйича фан доктори (ДСc) илмий даражаси изланувчилари учун ОТМ ва ИТМларида ташкил этиладиган олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар ихтисосликлари бўйича олий ўқув юртидан кейинги таълим шакли.
Мустақил изланувчилик – ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда докторлик диссертатсиясини тайёрлаш ва ҳимоя қилиш мақсадида мутахассисликни чуқур ўрганиш ва улар томонидан илмий изланишлар бўйича фалсафа доктори (ПҳД) ёки фан доктори (ДСc) илмий даражалари изланувчилари учун ОТМ ва ИТМларда ташкил этиладиган олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар бўйича олий ўқув юртидан кейинги таълим шакли.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2015-йил 12-июндаги ПФ-4732-сон Фармонигамувофиқ олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимининг ўқитиш шакллари ва усулларини, педагог кадрлар таркибининг сифат даражасини замонавий талаблардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2015-йил 20-августдаги «Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 242-сон қарори билан «Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курслари тўғрисида»ги Низом тасдиқланди. Вазирлар Маҳкамасининг 2017-йил 27-февралдаги 103-сон Қарори билан мазкур Низомга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Юқорида қайд этиб ўтилган ҳужжатларга асосан қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқиш тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган қайта тайёрлаш ва малака ошириш курси ўқув режасининг намунавий тузилмаси асосида ишлаб чиқилган 288 соат ҳажмдаги ўқув дастурлари бўйича икки ой давомида, ишдан ажраган ҳолда амалга оширилади.
Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари тингловчилари ўқишни тугатгандан кейин аттестатсия комиссиялари томонидан ўтказиладиган аттестатсиядан ўтишлари керак. Аттестатсия комиссияси тегишли соҳалардаги етакчи олимлар ва мутахассислар, илмий кенгаш аъзолари, ўқув-услубий ишлар соҳасидаги йирик мутахассислар сафидан камида 7 кишидан иборат бўлган олий таълим муассасаси ректори ёки фан доктори илмий унвони бериш бўйича илмий кенгаш раиси бошчилигида шакллантирилади. Аттестатсиядан муваффақиятли ўтган қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари тингловчиларига қатъий ҳисобда турадиган давлат намунасидаги ҳужжат ҳисобланадиган малака аттестати берилади.
Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқиш якунлари бўйича аттестатсиядан ўтмаган олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрлари бир йил мобайнида пулли асосда ўқишнинг тегишли ёки турдош йўналиши (мутахассислиги) бўйича кейинги қайта тайёрлаш ва малака ошириш курси якунида аттестатсиядан ўтишади.
Олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини такроран ўзлаштириши асосий ишдан ажралмаган ҳолда курсларнинг ўқув дастурларини мустақил равишда ёки масофадан ўқитиш усуллари орқали ўзлаштириш асосида амалга оширилади.
Мустақил равишда ёки масофадан ўқитиш усуллари орқали қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари ўқув дастурлари бўйича тайёрланиб келган тингловчилар якуний аттестатсияга киритилади. Якуний аттестатсия тегишли йўналишлар бўйича таянч олий таълим муассасалари ҳузуридаги аттестатсия комиссиялари томонидан амалга оширилади.
Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқиш якунлари бўйича аттестатсиядан такроран ўтмаган ёки асосий иш жойи бўйича белгиланган муддатда қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидан такроран ўтмаган тақдирда, ушбу ходимлар билан тузилган меҳнат шартномасининг амал қилиш муддатидан ҳамда бўш турган педагог лавозимини эгаллаш танлови даврининг тугаган муддатидан қатъи назар, меҳнат шартномаси белгиланган тартибда икки ой мобайнида бекор қилинади. Бунда улар ўз педагогик фаолиятини бошқа таълим муассасаларида (олий таълим муассасаларидан ташқари) давом эттириши ёхуд бошқа ташкилотларда ишлаши ҳамда ўзининг касбий малакасини мустақил равишда ошириши мумкин.

1. Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг асосий мақсад ва вазифалари нималардан иборат?
2. Кадрлар тайёрлаш Миллий моделининг таркибий қисмларига изоҳ беринг.
3. Узлуксиз таълим тизимининг ислоҳ қилиниши қандай омиллар билан боғлиқ?
4. 11 йиллик мажбурий таълимга ўтилишининг сабабларини изоҳланг.
5. Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуасининг асосий мақсадини тушунтириб беринг.
6. Касб-ҳунар таълимини ташкил этишга янгича ёндашувни қандай баҳолайсиз?
7. Олий таълим тизимининг ислоҳ қилиниши асосида қандай натижаларга эришилади?
8. Олий ўқув юртидан кейинг таълим босқичларига изоҳ беринг.
9. Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган талабларга баҳо беринг.



Download 0.79 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   97




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling