Процессуал ҳуқуқ(Миср) Фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича суд ишларини юритиш бир хил бўлган
Download 97.33 Kb.
|
Процессуал ҳуқуқ
Процессуал ҳуқуқ(Хиндистон)
Суд жараёни Артхашастра ва дхармашастраларда суд ишларини юритиш ҳақида батафсил баён қилинган. Суд жараёни жиноят ишлари бўйича ҳам, фуқаролик ишлари бўйича ҳам айблов характерига эга эди. Фуқаролик ва жиноят жараёнлари ўртасида фарқ бўлмаган. Суд маъмуриятдан ажратилмаган. Подшонинг ўзи брахманлар ва тажрибали маслаҳатчилари билан бирга олий судни амалга оширган ёки бунинг учун брахманлардан бирини судя этиб тайинлаган (Ману қонунлари, VIII боб, 1-2-моддалар). Суд ишлари давлат органларининг ташаббуси билан эмас, манфаатдор шахсларнинг даъво аризаси билан қўзғатилган. Судларда ишларни кўриш тортишувчилик характерига эга бўлган. Низолашаётган томонлар судда ўзларининг ҳақ эканликларини ўзлари исботлашлари ва бунинг учун судга тегишли далилларни тақдим этишлари лозим эди. Қонунларда даъволарнинг судда кўриб чиқилишига асос бўлган сабаблар аниқ санаб кўрсатилган. Булар: қарзни тўламаслик, гаров, бегона мулкни сотиб юбориш, уюшмаларда иштирок этиш, солиқ-ўлпонлар бермаслик, маош тўламаслик, битимни бузиш, олди-сотди шартномасини бекор қилиш, хўжайиннинг чўпон билан низоси, чегара ҳақидаги низо, туҳмат ва ҳақорат, ўғрилик, зўрлик, бевафолик, мерос тақсимлаш, ошиқ (қимор) ва гаров ўйнаш бўлиб, жаъми 18 та бўлган (Ману қонунлари VIII боб, 4-7-моддалар). Ману қонунлари бўйича судда ҳақиқатни аниқлашнинг асосий воситалари гувоҳларнинг кўрсатмалари ва турли хилдаги синовлар бўлган. Қандайдир дастлабки ҳаракатлар бўлган (айниқса давлатга қарши жиноятлар бўйича), лекин улар махсус дастлабки суриштирув ёки тергов ҳаракатлари эмас эди. Қоида бўйича, тергов суд мажлисининг ўзида бошланган ва тугаган. Судда кўрсатма беришдан бош тортиш ёки ёлғон кўрсатма бериш гуноҳ ҳисобланган (Ману қонунлари VIII боб, 13-модда). Гувоҳларнинг кўрсатмаларига баҳо беришда гувоҳларнинг сифати, яъни қайси варнага мансублиги ҳисобга олинган. Шудра юқори варнадагилар иши бўйича гувоҳ бўла олмаган. Умуман қуйи варнадаги кишилар юқори варнадаги кишиларга қарши гувоҳликка ўта олмаганлар. Қонунларда “гувоҳлик кўрсатмаларини аёлларга нисбатан – аёллар, икки марта туғилганларга нисбатан – шундай икки марта туғилганлар, шудраларга нисбатан – тўғри сўз, софдил шудралар, бир марта туғилганларга нисбатан – бир марта туғилганлар берсин” – деб кўрсатилади (Ману қонунлари VIII боб, 68-модда). “Қулларнинг, қариндошларнинг ва болаларнинг” кўрсатмалари ишончли эмас, шу боис уларга мурожаат этмаган маъқул деб ҳисобланган. Бундан ташқари манфаатдор шахслар ва ожизалиги туфайли аёллар судда гувоҳлик қила олмаганлар. Фақат тегишли гувоҳлар бўлмагандагина болаларнинг, кексаларнинг, шогирдларнинг (устозларга нисбатан), қариндош-уруғларнинг, қулларнинг ва аёлларнинг гувоҳликка ўтишига рухсат этилган (Ману қонунлари, VIII боб, 70, 71 ва бошқа моддалар). Артхашастрада бу рўйхатга яна касаллар, кастадан чиқарилганлар, “тегилмайдиганлар”, ҳиссий аъзолардан маҳрум бўлганлар ҳам қўшилади (Архашастра, III боб, 11-модда). Гувоҳлар бўлмаса процессуал ҳуқуқда ордалия (синаш) усулидан фойдаланилган. Ҳинд процессуал ҳуқуқи беш хил синаш усулини билади: тарози билан, олов билан, сув билан, заҳар билан ҳамда қасам билан синаш. Tарози билан синашда айбланувчи ёки гумон қилинувчи икки марта тортиб кўрилган, иккинчисида енгил чиқса, у айбдор ҳисобланган. Олов билан синаш турли шаклларда амалга оширилган. Улардан энг кўп тарқалгани ёниб турган гулхандан ўтказиш бўлган. Бунда агар судланувчи танасининг ҳеч бир жойи куймаса, у айбсиз деб топилган. Сув билан синашда у сувга ташланган, агар сув уни ўз қаърига тортиб кетса, у айбсиз ҳисобланган (Ману қонунлари, VIII боб, 115-модда). Қонунларга кўра, “брахманни – тўғрисўзлиги билан, кшатрийни – жанговар араваси ва қуроли билан, вайшийни – сигири, ғалласи ва олтини билан, шудрани – барча оғир жиноятлар билан қасам ичишга мажбур этиш лозим” бўлган (Ману қонунлари, VIII боб, 113-модда). Шуни таъкидлаш керакки, ордалия фақат алоҳида ҳолларда, биринчидан, томонларнинг розилиги билан, иккинчидан, иш бўйича муҳим далиллар бўлмаганда ва ниҳоят, учинчидан, ошкора равишда қўлланилган. Судда ашёвий далилларга ҳам эътибор берилган. Адолатли подшо – дейилади Ману қонунларида, ўғирланган нарсани топмай туриб ўғрини қатл этмайди (Ману қонунлари, IX боб, 270-модда.). Download 97.33 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling