Пул муомаласи, кредит ва банклар (4 соат) i-машғулот Режа


Download 89.09 Kb.
bet1/18
Sana09.06.2023
Hajmi89.09 Kb.
#1471011
  1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   18
Bog'liq
6-мавзу молия тизими


6-МАВЗУ. МОЛИЯНИНГ МОХИЯТИ ВА МОЛИЯ ТИЗИМИ, ДАВЛАТНИНГ СОЛИҚ-БЮДЖЕТ СИЁСАТИ. ПУЛ МУОМАЛАСИ, КРЕДИТ ВА БАНКЛАР (4 соат)
I-машғулот
Режа:
1. Молиянинг моҳияти ва вазифалари. Молия тизими
2. Солиқ тизими ва унинг вазифалари
3. Бюджет тақчиллиги ва давлат қарзлари.
4. Солиқ-бюджет сиёсати.
5. Ўзбекистонда бюджет ва солиқ тизимини такомиллаштириш масалалари.


I I-машғулот
Режа:
1. Пул муомаласи ва унинг амал қилиш қонуниятлари. Пул агрегатлари.
2.Пулга бўлган талаб ва пул таклифи. Пул таклифи ва унинг мультипликатори.
3. Кредитнинг моҳияти, манбалари ва вазифалари
4.Кредит-пул тизимини давлат томонидан тартибга солиш.
5. Банк тизими: Марказий банк, тижорат банклари. Банк операциялари.


I-машғулот
1. Молиянинг моҳияти ва вазифалари. Молия тизими


Ҳар қандай мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланиши энг аввало давлат, унинг турли минтақа ва ҳудудлари, иқтисодиётнинг тармоқ ва соҳалари, ишлаб чиқариш бирликлари, аҳоли турли қатламлари ўртасидаги пул маблағлари оқимининг самарали ташкил этилишига боғлиқ бўлади. Бундай пул оқимлари жамият реал ҳаёти жараёнларини акс эттириб, мамлакатдаги фуқаролар ва юридик муассасалар ўртасида ўзаро муносабат ва алоқаларни ўрнатади. Давлат корхона ва ташкилотлар, турли молиявий муассасалар, аҳоли устидан ўзининг барча вазифаларини айнан молия механизми орқали амалга оширади. Молия миллий иқтисодиёт ва аҳоли фаровонлигининг ўсишини акс эттириб, корхоналар ишлаб чиқариш харажатларининг пасайиши ва уларнинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини ошишини рағбатлантиради, ишлаб чиқариш тузилмасини, тармоқлараро ва ҳудудий нисбатларни шакллантиради.
Шунга кўра, молия – пул маблағларидан фойдаланиш ва унинг ҳаракатини тартибга солиш билан боғлиқ бўлган муносабатлар тизими бўлиб, унинг воситасида турли даражада пул маблағлари фондлари вужудга келтирилади ва улар такрор ишлаб чиқариш эҳтиёжлари ва бошқа ижтимоий эҳтиёжларни қондириш мақсадида тақсимланади.
Молия иқтисодиёт доирасида ўзаро боғлиқ бўлган бир қатор вазифаларни бажаради.
1. Молия иқтисодий жараён ва тадбирларни молиявий таъминлаш, уларга хизмат кўрсатиш вазифасини бажаради.
2. Молиянинг тақсимловчи вазифаси моддий ишлаб чиқариш соҳаларида яратилган ялпи миллий маҳсулотни, айниқса, унинг миллий даромадни ташкил қилувчи қисмини давлат ва мулкчиликнинг турли шаклларига асосланган корхоналар, иқтисодиёт тармоқлари, моддий ишлаб чиқариш соҳалари, мамлакат ҳудудлари ўртасида тақсимлаш ва қайта тақсимлашда намоён бўлади. Миллий даромаднинг бир қисми корхона ва аҳоли даромадларидан турли хил солиқлар олиш, рента ва божхона тўловлари, акциз йиғимлари кабилар орқали давлат қўлида тўпланади. Ўз қўлида тўпланган миллий даромаднинг катта қисмини давлат молия воситасида аҳолининг ижтимоий маданий эҳтиёжларига (уй-жой қурилиши, тиббий хизмат кўрсатиш, маориф, нафақа ва стипендияларни тўлаш ва бошқалар), даромадларнинг меъёрдаги даражасини ушлаб туриш, миллий мудофаани таъминлаш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва шу кабиларга сарфлайди.
3. Молиянинг рағбатлантирувчилик вазифаси, биринчидан, яратилган маҳсулот қийматини тақсимлаш жараёни орқали, иккинчидан, пул фондларини ташкил қилиш ва сарфлаш механизми орқали амалга оширилади. Ҳар икки ҳолда ҳам молия ишлаб чиқариш самарадорлигига, унинг пировард натижасига, маҳсулот сифатига сезиларли таъсир кўрсатади.
4. Молиядан ишлаб чиқариш, тақсимлаш ва истеъмол устидан назорат қилиш воситаси сифатида фойдаланилади. Молиявий назорат корхона (фирма)ларнинг молия интизомига риоя қилиш учун моддий жавобгар бўлиш тизими, турли солиқлар ундириб олиш ва маблағ билан таъминлаш тизими орқали амалга оширилади.
Молиявий муносабатлар ва уларга хизмат қилувчи махсус муассасалар жамиятнинг молия тизимини ташкил қилади. Молия тизими ўз ичига турли даражадаги бюджетларни, ижтимоий, мол-мулк ва шахсий суғурта фондларини, давлатнинг валюта заҳираларини, корхона ва фирмалар, тижорат ва нотижорат тузилмаларининг пул фондларини, бошқа махсус пул фондларини олади.
Энг аввало, корхоналар (тармоқлар) ва умумдавлат молиясини бир-биридан фарқлаш лозим.
Корхона ва тармоқлар молияси улардаги такрор ишлаб чиқариш жараёнида ҳамда алоҳида фондлар яратиш йўли билан ходимларнинг ижтимоий эҳтиёжларига хизмат қилади.
Умумдавлат молияси давлат бюджетини, ижтимоий суғурта фондини ҳамда давлат мол-мулкий ва шахсий суғуртаси фондини ўз ичига олади. Давлат пул маблағларининг асосий марказлашган фонди бўлмиш давлат бюджети молия тизимининг асосий бўғини бўлиб хизмат қилади. Давлат бюджети – бу давлат харажатлари ва уларни молиявий қоплаш манбаларининг йиллик режасидир. Давлат даромадлари ва харажатларининг асосий қисми давлат бюджети орқали ўтади. Унинг асосий вазифаси молиявий воситалар ёрдамида иқтисодиётни самарали ривожлантириш ва умумдавлат миқёсидаги ижтимоий вазифаларни ҳал қилиш учун шароит яратишдир.
Давлат бюджети таркибига кирувчи ташкилий тузилмалар мажмуи мамлакат бюджет тизимини намоён этади. Мазкур тизим энг аввало мамлакатнинг давлат тузилиши хусусиятига боғлиқ бўлади. Айрим мамлакатларда, жумладан, Ўзбекистонда бюджет тизими икки даражали – давлат ва маҳаллий бюджетдан иборат бўлади. Федератив давлат тузилишига эга бўлган мамлакатларда (масалан, АҚШ, Россия Федерацияси, Германия) яна оралиқ бўғин – штатлар, Федерация субъектлари ва бошқа тегишли маъмурий тузилмалар бюджетлари мавжуд бўлади.
Давлат бюджетининг икки томони бўлиб, бир томонида бюджетга келиб тушадиган даромадлар таркиби ва уларнинг манбалари, иккинчи томонида эса асосий харажатларнинг таркиби ва миқдори ўз ифодасини топади.
Маҳаллий бюджет ҳокимият қуйи органларининг (вилоят, туман ва шаҳар) бюджетларидан иборат бўлиб, бундай бўлиниш мавжуд молиявий ресурсларни нисбатан тўлароқ жалб қилиш ва улардан самарали фойдаланиш имконини беради. Ҳокимият қуйи органлари бюджетининг даромадлари ўз ҳудудидаги корхоналар даромади, аҳолидан олинадиган солиқлар, мулк солиқлари ва шу кабилар орқали шаклланади.
Маҳаллий бюджет даромади қисман давлат бюджетидан бериладиган субсидиялар ҳисобига ҳам тўлдирилади. Маҳаллий бюджет маблағлари тегишли ҳудудда таълим, соғлиқни сақлаш, ободончилик, йўл қурилиш ва шу кабиларга сарфланади.
Давлат мол-мулк ва шахсий суғуртаси умумдавлат молиясининг кейинги бўғини ҳисобланиб, мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхоналар ва фуқароларга жорий қилинади. У мажбурий ва ихтиёрий бўлиши мумкин. Бу мақсадлар учун фондлар корхона ва аҳолининг тўловлари ҳисобига шаклланади. Фонд маблағлари мол-мулкий суғуртасига ва шахсий суғуртага пул тўлашни кўзда тутади.
Шахсий суғурта аҳолининг пул жамғармаларини ташкил қилишнинг шаклларидан бири бўлиб ҳам хизмат қилади.
Жамият молия тизими ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ишлар билан шуғулланувчи ташкилот ва муассасаларнинг молиясини ҳам ўз ичига олади. Касаба уюшмалари, сиёсий партиялар, ёшлар, хотин-қизлар, фахрийлар ташкилотлари, ижодий уюшмалар, спорт жамиятлари ва бошқа илмий-маърифий жамиятларнинг ҳам ўзига хос молияси мавжуд бўлади. Бундай ижтимоий ташкилотларнинг молиявий ресурсларининг манбаи ташкилотга аъзолик тўловлари ва даврий бадаллари, тижорат фаолиятидан келган даромад, ҳомийлар ажратган ёки хайрия қилган маблағлардан иборат бўлади. Жамият молия тизимида махсус ва хайрия фондлари ҳам алоҳида ўрин тутади. Бу фондлар турли хўжалик субъектлари ва аҳолининг пул маблағларини аниқ бир мақсад йўлида бирлаштиради ва ишлатади. Мазкур фондларга республикамизда амал қилиб турган “Маҳалла”, “Наврўз”, “Орол”, “Улуғбек” сингари фондларини мисол қилиб кўрсатиш мумкин.
Бозор иқтисодиётига ўтиб бориш билан жамият молия тизимида турли хил суғурта (ижтимоий суғурта, тиббий суғурта) фондлари ва бюджетдан ташқари молия фондлари (пенсия фонди, аҳолини иш билан таъминлаш фонди, табиатни муҳофаза қилиш фонди, тарихий ёдгорликларни сақлаш фонди, тадбиркорларга кўмак бериш фонди ва бошқалар)нинг аҳамияти ортиб боради.

Download 89.09 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   18




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling