Режа: Шахматни ўргатишнинг дидактик ва методик асослари


Download 112.3 Kb.
bet1/2
Sana17.10.2023
Hajmi112.3 Kb.
#1705357
  1   2
Bog'liq
ОЛИЙ ТАЪЛИМДА ШАХМАТНИ ЎҚИТИШ МЕТОДИКАСИ


ОЛИЙ ТАЪЛИМДА ШАХМАТНИ ЎҚИТИШ МЕТОДИКАСИ
Режа:

  1. Шахматни ўргатишнинг дидактик ва методик асослари

  2. Шахматни ўқитишнинг баъзи аспектлари ҳақида

  3. Шахматни ўргатишнинг дидактик ва методик принциплари

  4. Талабаларга шахматни ўргатиш

Талабаларга шахматни ўргатиш


Шахмат билан шуғулланиш шахснинг кўпгина муҳим томонлари ўйғун ривожланишига кўмаклашади. Шах­мат билан шуғулланиш жараёнида мантиқий ҳамда интуитив тафаккур, узоқ вақт давом этувчи ва оператив хотира ривожланади, диққатни бир жойга тўплаш қобилияти такомиллашади. Шахмат тафаккурни сафарбар қилиш, ечим (юриш)ни танлашга ёрдам беради. Қабул қилинган ечим-қарор, яъни юриш қилишни изчил амалга ошириш, муайян мақсадга эришиш зарурати иродани шакллантириш, қатъийлик ва эмоционал турғунликка имкон яратади. Энг муҳими, шахмат одамдаги ўзига нисбатан танқидий муносабатни тарбиялайди. Деярли ҳамма кишиларда эгоцентризм хар хил даражада ривожланганлиги боисдан одам, ҳатто, хатолар қилган ҳолларда ҳам уларни тан олмаслик, ёки оқлашга мойил бўлади. Шахмат ўйини, маҳоратни такомиллаштириш ҳамма вақт ўйналган партияларни таҳлил қилиш зарурати, ўйин пайтида қилинган хатоларни топиш ва текшириб чиқиш, кейинчалик уларни йўқотиш билан боғлиқдир.
Шундай қилиб, шахмат ҳаққонийликни ўстириш, ўз хатти-ҳаракатларига нисбатан танқидий муносабатда бўлишга кўмаклашади. Шахмат инсон нигоҳини ўз-ўзига қаратади, қилинган хатоларни тан олиш ва тузатиш жуда зарур эканлигини кўрса­тиб беради. Бундан 70 йилдан кўпроқ бурун бу хақида Э.Ласкер жуда соз ёзган эди: «Шахмат тахтасида сохталигу риёкорликка ўрин йўқ. Шах­мат комбинациясининг гўзаллиги унинг доимо хақиқатлигидадир. Шахматда ифодаланган шафқатсиз ҳаракат риёкорнинг кўзини ўяди».
Шахматнинг фойдаси ҳақида бу ўйинни севган ва аксар бўш вақтларини унга бағишлаган кўплаб машҳур кишилар ёзишган. Машхур философлар Ж.Руссо, Д.Дидро шахматга жуда қизиқанлар; таниқли сиёсат арбоблари Франклин, Наполеон шахматни севганлар; рус подшоси Пётр I шахмат­ни севиб ўйнаган ва юксак қадрлаган; шахмат машхур мусиқачиларнинг қизиқарли машғулоти бўлган. ХVIII аср иккинчи ярмининг энг кучли шахматчиси А.Филидор бир вақтнинг ўзида атоқли композитор – комик опера асосчиси ҳам эди; ажойиб совет композитори С.Прокофьев шахмат ўйнаган; улуғ рус ёзувчилари И.С.Тургенев билан Л.Н.Тол­стой шахмат машғулотларига катта эътибор беришган. Кўплаб йирик олимлар — академиклар А.А.Мар­ков, А. Е. Фаворский, С.Г.Струмилинлар шахмат ўйнаганлар. Бунинг устига геннал математик, академик Л.Эйлер ХVIII асрдаёқ шахматни математиканинг бир соҳаси сифатида баҳолаган. Шахмат бу машҳур кишининг ўрганиш предмети бўлиб, у биринчи марта илмий ёндашиш асосида шахмат доналарининг нисбий кучини ҳисоблаб чиққан эди. Хуллас, шахмат, шубҳасиз, фойдалидир, у одамнинг интеллектуал ўсишига кўмаклашади ва инсон тафаккурининг гўзаллигини очиб, эсте­тик таъсир кўрсатади.
Қандай қилиб шахматчи бўлиш мумкин? Қандай қилиб бу қадимий ўйин сирларини ўрганса бўлади? Кўп талабалар шахмат ўйнашни севадилар. Уларнинг баъзилари шахмат билан мактабда ўқиб юрганларидаёқ танишган, лекин ўйинни жиддий ўрганишни институтда ўқиган йилларидагина бошлашган. Бошқалар илгари шахмат ўйнашни билишмаган ва уларни ўйин қоидалари билан биринчи марта талаба дўстлари таништирганлар. Шахснинг психологик хусусиятлари, жўшқинлиги, қизиқувчанлиги, мантиқий хулоса чиқариш қобилияти, фантазиянинг ривожи ва энг муҳими шахмат ўйнашни ўрганишга қизиқиш даражасига қараб ёш шахматчи шаклланишини белгиловчи кўникмалар ҳосил бўлади ва унинг кейинги спорт муваффақиятлари юз беради.
Одатда ўқиш-ўқитишда шахмат­чининг ўсишини белгиловчи бир неча даврларни ажратиб кўрсатиш мум­кин. Ўйинга жиддий берилиб кетганлар тез енгиб ўтадиган (бошқалар эса узоқ вақт бир жойда ўралашиб қоладиган) биринчи - бошланғич даврни аниқ режасиз ёки айрим ибтидоий стратегия элементлари билан бўлган ўйин деб бахоласа бўлади. Гап шундаки, бошловчи шахматчини ўйин қоидалари билан таништирилгандан кейин у яна ё ўз ҳаракатларини режалаштирмай маълум мақсадга бўйсундирилмаган юришни танлайди ёки юриш танлаш асосига рақиб сипоҳи ёки пиёдасига ҳужум қилишдек жўн стратегияни қўяди, бундай юришларнинг оқибати ҳисобга олинмай қолади.
Методик жиҳатдан пухта ўйланган, бир мақсадга йўналтирилган тарзда ўйинни ўргатиш бошловчи шахматчиларнинг такомиллашуви учун муҳим аҳамиятга эга. Дарҳакиқат, агар бошловчи шахматчи фақат кучи тенг рақиб билан ўйнаса, маҳорат даражаси жуда секин ўсади. Модомики, жўн стратегия элементлари, чунончи рақиб донасига позициявий жиҳатдан асоссиз ҳужумга ўтар экан, у кўпинча ўзини оқлаши турган гап. Бошловчи шах­матчилар навбатдаги юришни ўйлаётганда ҳали диққатни ёмон тақсимлайдилар, кўпинча уларнинг диққат-эътибори тарқоқ бўлиб, оқибатда анқовлик юз берадики, бу натижани олдиндан белгилаб қўяди. Шундай қилиб, ўз-ўзига ташлаб қўйилган бошловчи шахматчилар ўйин жара­ёнида асосан диққатни машқ қилдириб, «шахмат» тафаккурини камроқ ўстирадилар.
Педагог-тренер раҳбарлигида шахматни ўрганиш, шахмат адабиётини ўрганиш аналитик ва интуитив шах­мат тафаккурининг шаклланишига кўмаклашади, бу ўйинда тез ўсишга олиб боради. Шу ерда шахматга қизиқиб қолган, энди турли ўқув қўлланмалари билан ишлашга кўникма ҳосил қилган талаба шахмат адабиётларини танлашда маълум қийинчиликларни бошдан кечириши мумкинлигига эътибор бериш лозим. Қандай адабиётларни тавсия қилиш мумкин? Аввало Э.Ласкер ҳамда Х.Р.Капабланкаларнинг шахмат ўйини клас­сик дарсликларини. Бошловчи шах­матчилар учун И.Л.Майзелис ва М.М.Юдович, А.Н.Кобленц, Г.Я.Левенфиш, Ю.Л.Авербах ва М.А.Бейлинлар ёзган шахмат қўлланмалари, шубҳасиз, қимматга эга.
Лекин ҳар ҳолда педагог-тренернинг жонли сўзларисиз, китобга қараб шахмат билан шуғулланиш одатда педагог раҳбарлигидаги шахмат коллективидаги машғулотларга қараганда самарасизроқ бўлади. Бу педа­гог, шахматчининг индивидуал мойилликлари-ю имкониятларини баҳолай олиши ва шу туфайли унга нафақат шахмат адабиётларини, бал­ки бошловчи шахматчига у билан ўйнаш қизиқ ва фойдали бўладиган бой шерикни маслаҳат беришга ҳам қодир эканлиги билан боғлиқдир. Тағин тажрибали педагоглар машғулотларнинг ўзини ҳам шогирдларида ўйинга нисбатан кўпроқ қизиқиш уйғотадиган қилиб ўтказадилар. Улар машғулотлар учун шогирдларининг имкониятларига мос келувчи материални танлаб йиғадилар, ўйиннинг турли босқичларидан олинган мисолларни ечишни таклиф қиладилар ва шу туфайли вазифани мураккаблаштира бориб, шахматнинг асосий стратегияларини ўргатадилар. Айни вақтда педагог кичик турнирлар ўтказиш билан ўз машғулотларини жонлантиради, турнирлар ўйиндаги амалий кўникмаларнинг ўсишига ёрдам беради ва улар ўтаётганда шахматчи ўйиннинг баъзи психологик томонларини ҳам фаҳмлай бошлайди. У рақибларнинг бири шохга яхши ҳужум қилишга эришаётгани, иккинчиси эса эндшпилни яхши ўйнаб, кескин позпцияларда ўзини йўқотиб қўяётганлигини пайқайди. Бу кузатувлар аста-секин шахматчида ўйинга психологик ёндашишни ҳам шакллантиради. Албатта, шахматчининг ўзи ҳам ўз мойилликлари ва имкониятларини баҳолайди, уларни қўллашга ўрганиб боради ва муҳими, нима устида кўпроқ ишлаши, бирин­чи галда ўйинидаги қанақа камчиликларни бартараф этиши кераклигини тушуна бошлайди. Талабаларга шахматни ўргатганда уларни ўйин тарихи билан таништириш муҳим ҳамиятга эга эканлигини назарда тутмоқ лозим. Шахмат тарихини ўрганиш ўйин стратегияси ва тактикасини белгиловчи асосий ғояларнинг ривожланиб боришини яққолроқ кузатиб боришга ёрдам бе­ради.
Масалан, Филидор ижоди билан танишиш уларга ўйиннинг асосий принципини – хар бир юриш маълум бир мақсадга бўйсуниши, шунинг учун ўйин давомида битта ҳам «бекорчи» юриш қилмаслик кераклигини тушунишга ёрдам беради. Бу буюк мастернинг ижоди шахмат айрим ҳолларда туғри юришни топишга кўмаклашувчи баъзи қонунларга ҳам бўйсунишни тушунишга имкон яратади.
Ўргатиш жараёнида А. Андерсен ва П.Морфи ижоди билан танишиш катта ёрдам беради. Бу буюк мастерларнинг комбинациявий ҳиссиёти шахматнинг гўзаллигини очиб бера­ди ва комбинацияларни ахтаришга, комбинациявий ечимларни қидиришга кўмаклашувчи позициявий нишонларни топишга ўргатади, яъни комбинациявий дидни ривожлантиришга ёрдам беради.
Ўргатиш жараёнида шахматдаги ҳамон ғояларини шакллантириш учун В.Стейниц ижодининг аҳамиятини очиб бериш муҳимдир, чунки шахмат тарихини билиш шахмат ғояларининг изчил тараққий қилишини кўрсатади ва шунинг учун хозирги замон ўйин даражасини чуқур баҳолашга имкон беради.
Шахматда такомиллашиш, албатта, талабаларни асосий машғулотлар - институтда ўқишдан чалғитмаслиги лозим ва энг муҳими, улар­нинг жисмоний жиҳатдан ўсишлари ва соғлиқларини яхши сақлашга кўмаклашувчи спорт машғулотлари би­лан оқилона қўшиб олиб борилиши даркор.



Download 112.3 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling