Натижавийлик (самарадорлик, фойдалилик) ҳусусияти тизимнинг мавжуд бўлиш шартларидан биридир. Агар тизим натижа бермаса, тизим бутунлай йўқ бўлиб кетади ёки бундай тизимнинг мавжудлиги фақатгина ортиқча сарф-харажатга олиб келади, бефойда хатти-ҳаракатлар бўлиб қолади.
Педагогикада “тизим” тушунчаси жуда кенг қўлланилади, масалан, таълим тизими, тарбия тизими, таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш шакллари ва методлари тизими ва ҳоказо. Ижтимоий тизимнинг турларидан бири ҳисобланган педагогик тизим – инсонларга ва ёш авлодга таълим ва тарбия бериш, таълим жараёнини ташкил этиш ва бошқариш мақсадларига хизмат қилувчи турли структуравий ва функционал боғлиқ бўлган компонентлар мажмуидан иборат бўлади.
“Тизим” тушунчаси ўз моҳиятига кўра, иерархик жараён, чунки у тизим ҳақида тушунчаларнинг худди тизимнинг ташқи муҳит билан ўзаро ҳамкорлигини ифодалайдиган, йирикроқ тизимнинг айрим қисми, ўзининг баъзи яхлитлиги ва шахсий бўлакчалари йиғиндисини кўзлайди. Тизимнинг муҳим жиҳати воқеликнинг ички таркибий қисмларига эгалиги, ушбу қисмлар орасида поғанали буйсунишнинг юзага келиши ҳамда бу қисмларнинг нисбий мустақиллигида акс этишидир.
Шунингдек илмий адабиётларда “тизим” ва “система” иборалари синоним, айнан бир хил маъноли сўзлар тарзида қўлланади. Фалсафий қомусий луғатда: “тизим”, система (қисмлардан иборат бутун) – ўзаро муносабат ва алоқада бўлган, муайян яхлитликни ҳосил қилувчи кўп қисмлар (элементлар) мажмуи, - деб таъриф берилган. Яна шу манбада қуйидаги изоҳларни учратиш мумкин. “Система” – яхлит бир бутунлик сифатида ташкил топган объектни ифодаловчи ижтимоий-фалсафий категория. Одатда, системани энг муҳим умумий тарзида элементлар ўртасидаги ўзаро алоқалар бирлиги сифатида таърифлайдилар. “Система” тушунчаси ўз маъносига кўра “алоқа”, “элемент”, “бутун”, “бирлик”, “структура”, (элементлар ўртасидаги алоқалар схемаси) тушунчалари билан боғлиқ. Ушбу ўринда тизимли тадқиқ этишнинг асосий вазифалари: тизим элементлари, алоқалари ва структурасини, элементлар ўртасидаги боғлиқликни ажратишдир. Тизимнинг моҳиятини методологик тушунишга кўра тизимлилик объект ва ҳодисанинг ўз ҳоссаси деб эмас, балки фаолиятнинг аниқ бир мақсадга йўналтирилиши, тафаккурни ташкил этиш сифатида таърифланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |