Ҳар томонлама етук, комил инсонни тарбиялашда Ўзбекистон тарихининг ўрни каттадир. Бугунги кунда халқнинг, айниқса, ёшларнинг маънавий руҳини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш борасидаги ишлар давлатнинг олдида турган муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Маънавият, маънавий баркамоллик шундайгина киши руҳига кириб қолмайди. Унга ҳар куни ва ҳар соатда тинмай меҳнат қилиш орқали етишиш мумкин. Бу хайрли ишда Ўзбекистон тарихини ўрганишнинг ўрни беқиёсдир. Миллий қадрият, маънавият, маданият умумбашарий қадрият, маънавият ва маданиятининг сарчашмасидир. Ана шу сарчашма маълум маконда, яъни Ватанда вужудга келади. Шундай экан, миллий қадрият ва маданият бевосита ватанпарварлик билан узвий алоқадорликдадир.
Туркистон халқлари тарихи инсониятнинг энг олижаноб орзу-умидлари,
эзгу ниятларини ўзида мужассамлаштирган ана шундай ватанпарварлик ҳис-туйғулари билан тўлиб-тошган, десак муболаға бўлмас. Тўмарис, Спитамен, Муқанна, Темурмалик, Жалолиддин Мангуберди, Соҳибқирон Амир Темур, Бобур, Дукчи Эшон, Қўчқор Турдиев, Собир Раҳимов... яна қанча довюрак қалблар...”
Халқимизнинг азалий орзуси миллий мустақилликка эришганимиз туфайли Амир Темур асос солган буюк давлат тарихини ўрганишга бағишланган мавзуни ўтишнинг ўзи ватанпарварлик тарбияси учун катта оригинал фактик маълумотлардан фойдаланиш имкониятларига эгамиз. Бугунги кунда Амир Темурга бағишланган халқаро конференсиялар ўтказилиб, унинг шахсига холисона таъриф берилган.
3.Фанни ўрганишнинг назарий-услубий асослари.
Тарихий воқеа, ҳодисаларни ўрганиш, таҳлил этиш ва ёритишда холисона, ҳаққоний, адолатли ёндашув муҳим методологик қоидадир. Холислик қоидаси тарихий воқеа, ҳодисаларни ўрганаётганда улар билан боғлиқ бўлган барча фактларнинг, ҳеч бир истисносиз, бутун мажмуини бирга олиб текширишни, аниқ, ҳаққоний далилларга асосланишини талаб қилади. Тарихий ҳодисаларни бир бутун ҳолда ўзаро алоқада ва муносабатда деб текшириш лозим.
Тарихни ўрганишда тарихийлик методологияси муҳим аҳамиятга эга. Тарихийлик қоидаси воқеа, ҳодисаларни ўз даврининг аниқ тарихий шароитидан келиб чиққан ҳолда ўрганишни тақозо этади.
Воқеа, ҳодисаларни ўрганишда тарихий боғланиш, тарихий ривожланиш жараёнига эътибор қилмоқ зарур. Ҳар бир воқеа, ҳодисани бошқа воқеалар, ҳодисалар билан боғлаб ўргангандагина мазкур воқеа-ҳодисанинг умумий тарихий жараёндаги ўрнини тўғри аниқлаш, белгилаш мумкин бўлади. Ҳар бир воқеа, ҳодисага умумий тарихий жараённинг бир қисми, бўлаги деб қарамоқ зарур. Ҳар бир ҳодиса қандай тарихий шароитда, муҳитда пайдо бўлганлигини, бу ҳодиса ўз тараққиётида қандай асосий босқичларни ўтганлигини, кейинчалик у қандай бўлиб қолганлигини билиш тарихийлик қоидасининг асосий талабидир. Масалан, ибтидоий даврда айрим қабилаларда одамхўрлик бўлган, бу бугунги кун назаридан баҳо берсак, ваҳшийлик, лекин ўша давр шароитидан келиб чиқиб баҳо берсак, бу зарурият (иложсизликдан қилинган ҳаракат) дир.
Do'stlaringiz bilan baham: |