Маълум тарихий даврларга тегишли ҳужжатлар. Бу туркум белгисига асосланиб ЎзР МАФ ҳужжатлари уч гуруҳга - 1917 йилгача бўлган ҳужжатлар, совет ва мустақиллик даври ҳужжатларига бўлинган.
Шу қоидага асосан кўп йиллар республикада махсус ЎзССР Марказий давлат тарихий архиви (МДТА), ЎзССР Октябр инқилоби марказий давлат архиви (ОИМДА) мавжуд эди. МДТАда республикадаги октябр тўнтаришидан олдинги барча архив ҳужжатлари сақланган. Вилоятлардаги октябрь тўнтаришидан олдинги барча архив ҳужжатлари ҳам шу архивда жамланган. ОИМДАда совет даври архив фондлари йиғилган. 1958 йили ҳар иккала архив ЎзР МДАга бирлашган ва ҳар иккала архив махсус бўлим ҳисобида сақланган. Ҳозирда мустақиллик даври ҳужжатлари ҳам ЎзР МДА да сақланмоқда.
Республика ва маҳаллий ташкилотларга тегишли ҳужжатлар. Архив ҳужжатларини марказий ва маҳаллий аҳамияти бўйича тақсимлаш, республика идораларига ва маҳаллий идораларга тегишли ҳужжатларга ажратиш, тегишли давлат архивлари - республика, вилоят, шаҳар, туман архивларини ташкил қилишга асос бўлади.
Республика идоралари ҳужжатлари марказий давлат архивларида, вилоят идоралари ҳужжатлари эса, вилоят давлат архивларида сақланади.
Вилоят, шаҳар ва туманларга тегишли ҳужжатлар. Архив ҳужжатлари қайси ҳудудда - вилоят, шаҳар, туманда тузилган бўлса, ўша жойда сақланиши керак. Шу қоидага асосан Туркистон генерал-губернаторлиги, Туркистон АССР республика идоралари архиви Тошкентда пайдо бўлганлиги туфайли Тошкент шаҳрида сақланади ва архив фондларида Ўзбекистон тарихидан ташқари барча Ўрта Осиё республикалари ҳамда Қозоғистон тарихига оид ҳужжатлар ҳам бор.
Давлат ва жамоат фаолиятининг маълум соҳаларига тегишли ҳужжатлар. Давлат ва жамоат фаолиятининг маълум бир соҳаларига тегишли архивлар ҳам бўлади. Бироқ, Ўзбекистон Республикасида ҳозир давлат ва жамоат фаолиятининг маълум соҳаларга тегишли давлат архивлари йўқ. Бошқа мамлакатларда бундай архивлар мавжуд. Масалан, Россияда Адабиёт ва санъат маркаьий давлат архиви, қуролли кучлар МДА, Марказий давлат ҳарбий-тарихий архиви ва ҳоказо архивлар бор.
Do'stlaringiz bilan baham: |