Самарқанд давлат чет тиллар институти беҳзод турниёзов


-§.ТУБ СТРУКТУРА ВА ТЕНГ КОМПОНЕНТЛИ МСҚ СИНТАКТИК ДЕРИВАЦИЯСИ


Download 0.52 Mb.
bet5/26
Sana02.02.2023
Hajmi0.52 Mb.
#1147142
TuriМонография
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   26
Bog'liq
A Hozirgi o\'zbek tilida teng komponentli 2008 B Turniyozov (2)

1-§.ТУБ СТРУКТУРА ВА ТЕНГ КОМПОНЕНТЛИ МСҚ СИНТАКТИК ДЕРИВАЦИЯСИ.


Синтактик қурилмалар, шу жумладан МСҚларнинг деривацион қонун-қоидаларини ўрганишда ҳам туб структура тушунчаси ғоят муҳим аҳамият касб этади, зотан, у синтактик структура шаклланиши учун асосий «хомашё» саналади. Лекин шуни алоҳида қайд этиш керакки, туб структура масаласи жаҳон тилшунослигида ҳозиргача ўз ечимини тўлиқ топа олгани йўқ. Баъзи тилшунослар уни таянч структура (ядерная структура) тарзида талқин этсалар, бошқалари мазкур структурани семантик структура билан тенглаштирадилар. Эҳтимол, шу боис таниқли рус тилшуноси В.А.Звегинцев бу ҳақда қуйидагиларни таъкидлаган эди: «Ҳозирги тилшуносликда туб структура (глубинная структура) категориясидан ўзга ўта оммалашиб кетган ва шу билан бирга, ўта мавҳум категорияни топиш қийиндир»76.
Дарҳақиқат, туб структура тушунчаси, айниқса рус ва ғарб тилшуносликларида, кейинги йилларда чоп этилаётган структур тилшунослик ва семантик тилшунослик билан боғлиқ қарийб барча илмий тадқиқот ишларида қўлланилмоқда. Аммо бу соҳада олимлар фикрлари муштарак эмас.
Туб структура тушунчасини лингвистик тадқиқотларга дастлаб Н.Хомский киритади ва уни «тафаккурдаги тушунча» («данную уму») маъносида изоҳлайди77. Бунда Н.Хомский туб структурани аниқ маъноси синтаксисда ўз ифодасини топиши лозим бўлган мавҳум структура тарзида тушунади. Лекин «туб грамматика», «юзаки грамматика» («глубинная грамматика», «поверхностная грамматика») тушунчалари дастлаб америкалик тилшунос Ч.Хоккет томонидан қўлланилган эди78.
О.Есперсен таълимотида туб структура ўрнида «маъно категорияси» тушунчаси қўлланади.Бунда О.Есперсен тил категорияларининг мантиқ категориялари билан узвийлигини ва шу билан бирга, уларни фарқлай билиш лозимлигини алоҳида таъкидлайди ва қуйидагиларни ёзади: «Грамматика мутахассисининг вазифаси шундан иборатки, у ҳар бир конкрет вазиятда маъно ва синтактик категорияларни бир-биридан ажрата билмоғи даркор»79.
Кўринадики, Н.Хомскийда ҳам, О.Есперсенда ҳам туб структура қандайдир маънода мантиқий категория сифатида талқин этилади. Умуман олганда, туб структура тушунчаси мантиқ билан узвий боғлиқдир. Чунки нутқда шаклланган ҳар қандай синтактик структура мантиқсиз, яъни асемантик ҳолда бўлмайди. Сўз бирикмаларидан бошлаб матнгача бўлган синтактик майдонда ана шу ҳолат устувор аҳамият касб этади. Бироқ бу билан мантиқ ва синтаксисни муштарак категорияларга эга деб бўлмайди. Бундай бўлиши асло мумкин эмас, зотан, уларнинг ҳар бирининг ўзига хос қонун-қоидалари ва категориялари мавжуд. Шунинг учун юқоридаги мулоҳазалардан мантиқ ва синтаксис ўртасидаги ўзаро муносабат тўғрисида хулоса чиқариш мумкин.
В.А.Звегинцев туб структура (глубинная структура) грамматик жиҳатдан ҳам, психик жиҳатдан ҳам мақомга эга бўлолмаслигини айтади ва уни синтактик структуранинг семантик тасаввури тарзида тушунади80. Шунга яқин мулоҳаза С.Д.Кацнельсонда ҳам кузатилади. У туб структурани маъно ёки, аниқроғи, тафаккур структураси деб изоҳлайди. Бироқ С.Д.Кацнельсон туб структура лингвистика предмети эканлигини қайд этади ва бунинг далили сифатида туб структурада синтактик томондан тўлдирилиши лозим бўлган бўш ўринларни кўрсатади81.
Туб структура хусусида юқорида айтилган фикрлар бир-биридан фарқланса-да, улар ўртасида қандайдир умумийлик белгиси ҳам борлиги кўзга ташланади. Бироқ шундай бўлса ҳам, назаримизда, масала моҳияти С.Д.Кацнельсон тадқиқотларида тўлиқроқ ифода этилган кўринади. Шу боис бу ҳақда айтилган С.Д.Кацнельсон фикри, яъни туб структура тафаккур структураси эканлиги тўғрисидаги мулоҳазадан фойдалиниш мақсадга мувофиқ деб ўйлаймиз.
Шуни ҳам айтиш лозимки, туб структура тушунчаси ўзбек тилшунослигида ҳали махсус тадқиқот мавзуси бўлганича йўқ. Бу ҳақда айрим тилшуносларнинг қисқача берилган фикрларини кузатиш мумкин, холос82.
Шундай қилиб, биз мазкур ишимизда туб структура деганда (С.Д.Кацнельсон ортидан бориб), гапнинг синтактик структураси деривацияси учун асос бўладиган ички семантик (ёки тафаккур) структурасини тушунамиз. Бу структура нисбий мавҳумлик белгисида ва имкон қадар минимал ҳолатда бўлади. Чунки мавҳумлик тил системаси белгиларининг барчасига хос бўлиб, у фақат белги нутққа кўчирилгандан кейин конкретлашади. Бу нарсаларнинг барчаси, албатта, сўзловчининг нутқий фаолияти билан чамбарчас боғлиқдир. Чунки инсон тафаккури тил билан ва, ўз навбатида, тил инсон онгининг фаолияти билан узвий алоқадордир. Шу боис С.Д.Кацнельсон туб структурани тафаккур структураси деб атаганда ҳақлидир.
Туб стуктурадан таянч структура, ундан эса ҳосила ва яна ҳосиладан ҳосила структуралар синтактик деривацияси воқеланар экан, тил ҳодисалари билан сўзловчининг муносабати ҳам такомиллаша боради. Бошқача айтганда, тил системаси белгиларининг асосий сифатларидан бири-ифодаланувчи (означаемое) томонидан янада юқорига қараб борар эканмиз, чексиз равишда шаклланиши мумкин бўлган хабар парадигмаларига эга бўлишимиз мумкин. Бу эса, ўз навбатида, тил ҳодисаларига субъектив омилнинг таъсири кучининг ҳам ошиб бораётганини кўрсатади83.

Download 0.52 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   26




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling