Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти


Хатти–ҳаракат ва имо–ишоралар


Download 1.06 Mb.
bet34/119
Sana13.12.2022
Hajmi1.06 Mb.
#999443
1   ...   30   31   32   33   34   35   36   37   ...   119
Bog'liq
Банк Этикаси Ниезов З Д Каримова А М

6.3. Хатти–ҳаракат ва имо–ишоралар
Мулоқот жараёнида инсон хатти–ҳаракатлари ва имо–ишораларининг «луғати» анча кенг бўлиб, улар ҳам жуда кўп ахборотни узатиши мумкин. Амалиёт шуни кўрсатадики, ўз ҳисларини намойиш этмоқчи бўлган одамлар ҳаракат ва имо–ишораларга мурожаат этадилар. Уларни тушуниш мулоқот пайтида одамларга тўғри баҳо бериш ҳамда вазиятга мувофиқ сўз ишлатиш ва ҳаракат қилиш имкониятини оширади. Мулоқот жараёнида қуйидаги ҳаракатлар тез–тез қўлланилади:
1) баҳолаш ҳаракатлари (киши олинган ахборотни баҳоляпти, тушунишга ҳаракат қиляпти, (даҳанини силаб қўйиш; кўрсаткич бармоғини юзига қўйиб туриш, ўрнидан туриш ва юриш ва ҳ.к.);
2) ўзига ишончни билдирувчи ҳаракатлар (бармоқларни гумбаз шаклида боғлаш: ўриндиқда чайқалиб ўтириш; қўлларини орқага олиш, кафтларини бир–бирига ишқалаш ва ҳ.к.);
3) асабийлашиш ва ўзига ишонмасликни билдирувчи ҳаракатлар (қўл бармоқларини тугун қилиб тутиш, кафтини чимчилаб–чимчилаб қўйиш, бармоқлар билан столни тақиллатиб туриш, қўлларни мушт қилиб сиқиб–сиқиб қўйиш ва ҳ.к.);
4) инкорни билдирувчи ҳаракатлар (гавдани орқага ташлаб ўтириш, буруннинг учини силаб–силаб қўйиш, қўлларни кўкрак қисмида чирмаштириб туриш, мийиғида кулиб туриш ва ҳ.к.);
5) хайрихоҳликни билдирувчи ҳаракатлар (кафтини кўксига қўйиш, суҳбатдошга қўлини текизиб қўйиш ва ҳ.к.);
6) устунликни намойиш этувчи ҳаракатлар (бошмалдоқни кўрсатиш, намойиш этиш билан боғлиқ ҳаракатлар, қўлни кескин силтаб–силтаб қўйиш ва ҳ.к.);
7) носамимийликни ифодаловчи ҳаракатлар (оғизни тўсишга қаратилган ҳаракатлар ёки бунинг яширинроқ шакли бўлган бурунга қўл текизиб қўйиш, назарни олиб қочиш, гавдани суҳбатдошдан четга буриш, кўзларнинг олазарак бўлиши ва ҳ.к.)
Аммо киши (суҳбатдош) хатти–ҳаракатларини баҳолашда ва ўз хатти–ҳаракатларини бошқаришда айрим истиснолар ҳам мавжуд. Жумладан, кафтларни бир–бирига ишқалаш ғалаба тараддудини билдиради, бироқ айрим ҳолларда бу ҳаракат сиз билан мулоқотда бўлган одамни ҳушёр торттириши, шубҳага боришига сабабчи бўлиши мумкин (масалан, раҳбар олдидаги бундай ҳаракат одобсизлик сифатида қабул қилиниши ёки ходим ўз раҳбарининг бундай ҳаракатини «ҳап сеними», «тақдиринг менинг қўлимда», «бир кўрсатиб қўяй» деган маънода англаши мумкин). Қўлларни минора қилиб жуфтлаш ўзига ишончдан далолат беради. Бунда бош орқага ташланиб, даҳан олдинга чиқарилса, субординацияни билдириш ҳаракатини англатади. Лекин муайян вазиятларда бундай ҳаракат манманлик, ўзидан ўта мамнунлик деб тушунилиши мумкин.
Нутқнинг оҳанги бўлгани каби, тана «тили»нинг ҳам оҳанги мавжуд ва унга қараб маъноси турланиши, ўзгариши мумкин. Мумтоз шеъриятимиздаги бир байтни ёдга олиш ўринли бўлади. Ошиқ севгилисига мурожаат этади. «Деди: қўяй оёғинг тупроғиға бош, Дедим: қўй». Бунда ёр қандай оҳангда айтганига қараб, «қўй» сўзи «керак эмас» ёки «бошингни эг» маъносини беради. Шунга ўхшаш, масалан, кифти пастга қараган ҳолда қўлни эгиш, букиш суҳбатдошни менсимаслик, назар–писанд қилмаслик маъносини беради, аммо вазиятга қараб ҳамда мазкур ҳаракат унга «оҳанг» берувчи бошқа ҳаракатлар билан уйғунлашганда диққат қилишга даъват, айтилган фикрга аниқлик киритиш, шошмасликка чақириш, жирканиш каби баъзан мутлақо бир–бирига зид маъноларни англатиши мумкин.
Мулоқотга киришган одамларнинг хатти–ҳаракатлари, «тана тили» ҳақида гап борганда, нотиқ унинг яна бир хусусиятини билмоғи керак. Инсон ўз ҳис–туйғуларини муайян ҳаракатлар (белги–ишоралар) орқали билдиради.
Аммо ҳис–туйғу билан уни ифодаловчи ҳаракат–белги ўртасида тескари алоқа ҳам мавжуд. Яъни киши бундай ҳаракатларни қилиш имкониятидан маҳрум этилса, унинг руҳий ҳолатида ҳам ўзгариш содир бўлади. Бошқа сўзлар билан айтганда, нафақат ҳаракат инсон руҳий ҳолатининг натижаси сифатида намоён бўлади, балки руҳий ҳолат ҳам ҳаракатнинг натижаси ўлароқ шаклланиши мумкин. Бу борада масалан, шундай тавсияни бериш мумкин: баҳс, суҳбат ёки музокара олиб борилаётган пайтда суҳбатдошни сизга салбий мунобат белгиси бўлган бир–бирига чирмашган бармоқларини ёзиш ва кафтларини очишга мажбур қилиш керак. Бунинг учун, айтайлик, унга чой узатиш, қўлларига бирон нарсани тутқазиш мумкин. Яна бир мисол: Маълумки, кўксида чирмашган қўллар ўзига хос ҳимояланиш ҳаракатини ифодалайди. Агар тингловчи (суҳбатдош) қўлларини ана шундай тутган бўлса, у ё асабийлашяпти, ё хавф сезяпти ёки гапираётган одамга нисбатан унда салбий муносабат шаклланган. Қандай бўлмасин, бундай ҳолатда одам тинглаётган ахборотнинг нисбатан кам қисмини ўзлаштиради. Бу борада мутахассислар ўтказган қизиқарли тажриба натижалари диққатга сазовор.
Тажриба жараёнида талабаларга аввал муайян ҳажмдаги матнни қўлларини кўкрагида жипслаштирган ҳолда тинглашни, сўнг эса матнда бўлган ва хотираларида қолган сўзларни ёзиб чиқишни сўрашган. Ундан кейин худди шундай ҳажмдаги бошқа матнни уларга ўқиб беришган. Бироқ бунда талабалар қўлларини эркин пастга туширган ҳолда ўтиришган. Иккинчи матндаги ёдда қолган сўзларни ёзишганда, улар 38% га кўпроқ чиққан. Шунинг учун нотиқ тингловчиларни унинг салбий муносабатидан далолат берувчи хатти–ҳаракат ва ҳолатларидан иложи борича ҳоли этиши керак. Бунинг учун, масалан, улардан қўлларини эркин столга қўйиш, танани бироз олдинга энгаштиришни сўраш, ўртага савол ташлаш мумкин. Хуллас, нотиқ (қисман бўлса ҳам) мақсадга эришиш, ўз фикрларини тингловчиларга етказиш, уларни ҳамфикр қилиш учун аудиторияни салбий муносабат аломатларидан халос этиб, илиқ, самимий муҳитни шакллантиришга ҳаракат қилиши керак.
Ахлоқийлик кишилар жисмоний ва руҳий тўлақонлигининг муҳим субъектив омили ҳисобланади. Жамоа фаолиятининг натижаси фақат раҳбарнинг ахлоқий сифатларигагина эмас, балки айрим шахснинг ва умумий жамоанинг ахлоқий соғломлигига ҳам боғлиқ.
Демак шахснинг ахлоқий сифатларига қуйидагилар киради:
– ахлоқий ҳис–туйғулар, булар ҳайратланиш, ғурур, шуҳратпарастлик ва нафратланиш каби субъектив кечинмаларда ифода топади;
– ҳулқий нуқтаи назардан, шахснинг ахлоқий тутган йўли, унинг дид–фаросати ва яшашдан мақсади йўналиши билан белгиланади, виждон ва бурч уларнинг асоси ҳисобланади;
– ахлоқий одатлар;
– ўзини тута билиш хулқ–атвор қоидалари.
Юқорида келтирилган жиҳатларни билиш раҳбарга иқтисодий ва ижтимоий қимматга эга бўлган шахсий таркиб ахлоқий соғлом мониторингини ўтказишга имкон беради.
Кишилар жамоасини ахлоқан соғлом жамоага айлантириш раҳбарнинг муҳим бошқарув мақсади ҳисобланади. Бунда раҳбар ва қўл остидагилар бир – бирлари билан келишиб ишлайдилар.
Жамоа ахлоқий соғлом муҳитининг асосий кўрсаткичлари қуйидагилар ҳисобланади:

  • жамоа аъзоларининг ахлоқий қадриятларининг умуминсоний қадриятларга мос келиши. Кишилар ўз меҳнат фаолиятининг фақат иқтисодий моҳияти ва технологик заруратинигина тушуниб қолмай, балки умуминсоний ҳиссиётлар, кайфият ва эътиқодлар мезонига мувофиқ маънавий эҳтиёжларни ҳам ҳис этмоқлари лозим;

  • ўз зиммасидаги вазифани бажариш учун ходимларнинг ўз ишига масъулият билан ёндашиши. Раҳбар берган топшириқни ҳар бир ходим ўз зиммасига олиши ва масъулият ҳис этиши муҳимдир;

  • онгли меҳнат интизоми. Хизмат вазифасининг қатъий тақсимланиши ва аниқ бажарилишига, ҳар бир ходим жамоанинг иқтисодий манфаатини яхши англашига асосланади;

  • хизмат бўйича муносабатнинг маънавий қониқтирувчанлиги. Жамоа аъзолари ўртасидаги расмий ва норасмий муносабатларга асосланади.

Раҳбар қанчалик ахлоқий соғлом меҳнат жамоасини тузишга муваффақ бўлса, жамоанинг фаолияти натижаси шунчалик яхши бўлади. Бундай жамоа тузиш мураккаб бошқарув муаммоси ҳисобланади. Уни самарали ҳал этиш учун ходимларни ахлоқий жиҳатдан ўрганиб чиқиш зарурати туғилади.
Зарарли одатларга мойил, хизмат мавқеидан қаноатлан-майдиган, иродасиз, ахлоқсиз, субутсиз, ижтимоий ҳасадга мойил инсонлар билан хайрлашиш лозим бўлади.
Ходимларнинг маънавий юксаклиги замонавий раҳбар бошқарув фаолиятининг муҳим сифат кўрсаткичи ҳисобланади. Бунга эришиш учун бошқарув одоби – ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва бошқаришнинг барча иштирокчилари хулқ–атвори тамойиллари ва меъёрлари яратилган. Жамоа фаолиятининг натижаси банк раҳбарнинг сифатларигагина боғлиқ эмас, балки ҳар бир шахс ва умумжамоа ахлоқий соғломлигига ҳам боғлиқ. Ўз жамоасини ахлоқий соғлом жамоага айлантириш банк раҳбарининг муҳим бошқарув мақсади ҳисобланади.



Download 1.06 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   30   31   32   33   34   35   36   37   ...   119




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling