Гауптвахтада ҳибсда сақлаш муддати сафдорлар, сержантлар ва кичик офицерлар таркиби ходимлари учун - 10 суткагача, катта офицерлар таркиби ходимлари учун - 5 суткагача бўлиши мумкин.
Гауптвахтада ҳибсда ушлаб туриш тарзидаги интизомий жазо аёлларга нисбатан қўлланилмайди.
59. Интизомий жазо қўллашдан аввал ходимдан ёзма тушунтириш олиниши лозим. Агар ходим ушбу тушунтиришни беришдан бош тортса, тегишли равишда далолатнома расмийлаштирилади.
Тушунтиришни беришдан бош тортиш ҳолати содир этилган қилмиш учун интизомий жазо тайинлашга тўсқинлик қила олмайди ва жазонинг оғирроқ кўриниши ва чораларини қўллашга олиб келмайди.
Интизомий жазо чораларини қўллаш пайтида бошлиқ ходимнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмаслиги, у билан муносабатда қўполликка йўл қўймаслиги зарур.
60. Интизомий жазонинг қўлланилиши ходимни ножўя хатти-ҳаракат оқибатида етказилган моддий зарарни қоплаш мажбуриятидан озод этмайди.
61. Интизомий жазо ножўя хатти-ҳаракат бошлиққа маълум бўлган кундан бошлаб бир ой муддат ичида, хизмат текшируви ўтказилганда эса - текширув тугаган кундан бошлаб 10 суткадан кечикмай қўлланилиши керак, бунда айбдорнинг хасталик ва таътилда бўлган вақти ҳисобга олинмайди.
Интизомий жазо ножўя хатти-ҳаракат содир этилган кундан бир йилдан ортиқ муддат ўтгандан кейин қўлланилиши мумкин эмас.
62. Маст ҳолатда бўлган айбдорга нисбатан интизомий жазо қўллаш, шунингдек, ундан ҳар қандай тушунтириш олиш ходим ҳушёр ҳолга келгунча кечиктирилади.
63. Қўлланилган интизомий жазо чораси буйруқ билан эълон қилинади. Навбатдан ташқари нарядда хизмат ўташга ёки беш суткагача хўжалик ишларига жалб этиш, бир ой муддатгача таълим муассасаси ҳудудидан навбатдаги чиқиш ҳуқуқидан маҳрум этиш ҳам буйруқ орқали, ҳам оғзаки эълон қилиниши мумкин.
Буйруқда эълон қилинган интизомий жазо қўллаш ҳақидаги қарор интизомий кенгаш хулосаси, шунингдек, ўтказилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланадиган хизмат, комплекс ёки инспекторлик текширувлари асосида қабул қилинади.
Интизомий жазо чораси қўлланилганлиги ҳақида ходимга шахсан, саф олдида ёки кенгайтирилган йиғилиш (мажлис)да эълон қилинади.
64. Амалдаги интизомий жазоси мавжуд бўлган ходимнинг номзоди ушбу жазо бекор қилингунга қадар рағбатлантиришга, навбатдаги махсус унвон олишга ва юқори лавозимларга тайинланишга тақдим этилмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |