Шаҳриёр сафаров


Download 1.63 Mb.
Pdf ko'rish
bet11/82
Sana04.02.2023
Hajmi1.63 Mb.
#1159006
TuriМонография
1   ...   7   8   9   10   11   12   13   14   ...   82
Bog'liq
прагмалингвистика-сафаров ш.

Универсал грамматика ғояси, десам адашмасам керак. 
Чомскийнинг 
уқтиришича, 
универсал 
грамматика 
туғмадир. Шундаймикан? Биринчидан, гўдак ўзи яшаётган 
муҳитдаги, яъни эшитиб турган тили грамматикасини 
ўзлаштиради. Шу маънода бу грамматика универсал (барча 
учун умумий) эмас. Аслида, Чомский ушбу турдаги 
грамматикани бошқача, масалан, «грамматиканинг мағзи, 
негизи» деб атаса, маъқул бўлармиди?! Лекин универсал 
грамматиканинг барча тиллар учун умумий бўлишини ҳеч 
ким назарда тутмаган, у гўдаклар дунёдаги ҳар қандай 
тилни ўзлаштириш жараёнида қўллаши лозим бўлган 
«қуроллар 
(воситалар)» 
мажмуасидир. 
Иккинчидан, 
грамматиканинг туғмалиги қай даражада эканлигини 
билмоқ зарур. «Туғма» (innate) сўзи луғатларда кишида 
«туғилишданоқ мавжуд бўлган» (present at birth) изоҳига 
эга, ҳолбуки, лисоний қобилият ва шунингдек, лисоний 
билим туғилгандан сўнг шаклланмайдими? Ёки олайликки, 
лисоний қобилият инсонга Оллоҳ томонидан инъом 
этилган бўлсин, лекин лисоний билимни ўзлаштириш 
гўдаклик даврида (2-3 ёшликда) кечади. Бу билимни 
ўзлаштиришда атроф-муҳитнинг таъсири ҳам етарлидир. 
Қолаверса, инсон организмининг муҳим аъзоси бўлган тиш 
ҳам туғилгандан сўнг чиқа бошласа ҳам «туғма» сифатини 
олиши мумкинлигини унутмаслик керак. 
Чомский барча тиллар учун умумийлик ва туғмалик 
хусусиятларини ботиний структура учун ҳам хос 
эканлигини таъкидлайди, деган фикр ҳам йўқ эмас. 
Натижада, унинг издошлари генератив грамматикани 
маъно ҳодисасининг моҳиятини билиш калити сифатида 
тарғиб қила бошладилар. Бироқ қатор тилшунослар (Lakoff 
1971; Postal 1970 ва бошқалар) ботиний структурани маъно 
(семантика) билан айнан эканлигини тасдиқлашга қанчалик 
уринишмасин, Чомский ва унинг айрим шогирдлари бу 


32 
фикрга қўшилмадилар. Пировард натижада бу «лисоний 
жанг»да (Нarris 1993) чомскийчилар ғолиб чиқишди. 
Дарҳақиқат, ботиний структура синтактик деривациянинг 
маълум босқичидир ва унинг мазмун доираси барча тиллар 
учун умумий бўлиши шарт эмас. 
Умуман, маъно ва мазмуннинг шаклланиши ҳамда 
лисоний воқеланиши муаммоси ўта мураккаб эканлиги 
барчамизга маълумдир. Бу муаммо устида асрлар давомида 
бош 
қотиришаётган 
психологлар, 
тилшунос 
ва 
мантиқшунослар ва бошқа «шунослар» учун бир хилда 
маъқул тушадиган илмий хулоса ёки ҳеч бўлмаганда 
таҳлил методига ва унинг асоси бўла оладиган 
методологик ғояга эришишнинг ўзи ҳам гумон. Ҳозирча 
барча умид когнитологиядан, унинг муҳим соҳаси бўлган 
когнитив тилшуносликдан (Сафаров 2006), балки унинг 
доирасига маънонинг «туғилиши» ва лисоний ифодаси 
масаласи ўз талқинини тўлиқроқ топар?! Лекин генератив 
семантика йўналиши бу вазифани уддалай олмади. 
Ҳақиқатдан 
ҳам 
агарда 
Чомский 
таълимоти 
шаклланишининг илк даврида айтилган «маънони 
ифодаловчи ботиний структура барча тиллар учун 
умумийдир ва у (маъно –Ш.С) тафаккур шаклларининг 
оддий аксидир» (Chomsky 1966: 35) қабилидаги фикрни 
бир 
томонлама, 
худди 
генератив 
семантика 
тарафдорларидек англасак, унда хатога йўл қўйишимиз ва 
умуман таълимотдан «кўнглимиз совиши» турган гап. 
Ҳолбуки, Чомский ушбу фикрни Пор-Рояль монастирида 
яратилган грамматикадан олиб айтмоқда (уни олимнинг 
ўзи ҳам бир неча бор қайд этган) ва ҳеч қачон маъно-
мазмунни тўлиғича ботиний структуранинг айнан ўзи 
эканлигини таъкидлаган бўлмаса керак. Акс ҳолда, у 
кейинги ишларида (Chomsky 1981) маъно таркиб 
топишини синтаксиснинг яна бир сатҳи-мантиқий шаклдан 
изламаган бўлар эди. 


33 
Менимча, ботиний структурани концептуал жараён, 
яъни борлиқ – предмет воқеаларнинг идрок этилиши ва 
уларнинг онгли ҳазм этилиши жараёнида юзага келадиган 
ҳодиса сифатида талқин қилмоқ керак. Бу жараёнда юзага 
келган бирлик –концепт ҳақиқий маъно бирлигига 
айланиши учун у лисоний қобиқ олмоғи даркор, фақатгина 
лисоний «либос» кийган концептгина лисоний фаолият 
воситасига айланади, маълум мазмун ифодаловчи белги 
сифатига эга бўлади. Шу сабабли маъно ёки семантикани 
лингвокогнитив ҳодиса сифатида қабул қилган маъқулроқ. 
Фақат шундагина когнитив фанлар доирасига кирувчи 
фанлар, шу жумладан, психология ва тилшунослик бир-
биридан ажралиб, иҳоталаниб қолиши хавфининг олдини 
олиш ҳамда лисоний семантика ҳодисасининг моҳияти-ю, 
воқеликка 
айланиши 
механизмларини 
ёритиш 
имкониятини яратиш мумкин. Генератив семантика ва 
формал-мантиқий грамматика ғояларини ўзаро қарама-
қарши қўйсак ва уларнинг алоҳида бирортасига тўлиқ 
эришилганда эса лингвистиканинг когнитилогиянинг 
бошқа қисмидан ажралиб қолиши турган гап. Бундай 
хавфнинг мавжудлиги ҳақида психолог Уолтер Кинчнинг 
кинояси гувоҳлик беради: «Лингвистлар психологларга 
нимани излаш лозимлигини ўргатмоқчи бўлишди ва 
психологлар уни яқин орада топмоқчи бўлишди, аммо 
ушбу лингвистиканинг психологияга айланиш ҳолати 
қанчалик тез пайдо бўлган бўлса, шунчалик тез саҳнадан 
тушди. Чунки, биринчидан, психологлар ҳам (генератив –
Ш.С.) тилшуносларга хос бўлган янги назариялар яратиш 
завқига 
шерик 
бўлмоқчи 
бўлишди, 
иккинчидан, 
MIT(Чомский профессори бўлган муассаса – Massachusetts 
institute of technology назарда тутилмоқда - Ш.С.) ва Беркли 
(генератив семантика ғоясини тарғиб қилган Беркли 
университети –Ш.С.) олимлари мунтазам ўз фикрларини 
ўзгартиришади ва бир-бирларини инкор этишади. Лекин 


34 
энг асосий сабаб шундаки, тилшунослар фақатгина 
синтаксис ҳақида гапиришади, психология нуқтаи 
назаридан қараганда эса, муаммо (маъно муаммоси - Ш.С.) 
янада кўпроқ долзарблашади ва яққол кўринадики, бу 
муаммо тўғрисида бизнинг тилшунос даҳоларимизнинг 
бирор нарса дейишга имкониятлари тобора чекланиб 
боради» (Kintsch 1984: 112). 
У.Кинч жаноблари кинояга уста бўлишлари мумкин, 
аммо мен тилшунос сифатида олимнинг фикрини тўлиғича 
хазм қила олмайман. Мен ҳам «муҳтарам психолог 
биродарлар, сизларнинг маъно ҳодисаси ҳақидаги 
фикрларингиз чалкашликларга лиммо-лим, улар кўпинча 
бир-бирига номутаносиб» дейишга тўлиқ ҳақлиман. 
Ассоциатив тажриба (Ж.Лиз, А.А.Леонтьев, А.А.Брудный, 
Б.А. Ермолаева), семантик дифференциал (Ч.Осгуд), 
семантик радикал (А.Р.Лурия, О.С.Виноградова), семантик 
тавсиф (Ж.Миллер) каби ўнлаб психосемантик таҳлил 
услубларининг яратилиши (Петренко 1997) муаммонинг 
мукаммаллигини яна бир карра таъкидлашдан бошқа бирор 
муҳим хулосага олиб келмади. Аслида ўзи шундай: ҳар бир 
илмий хулоса – марра сари қадам, узоқдаги ёғдуга 
интилиш, абсолют ҳақиқат эса – орзу, кишини ўзига 
чақирувчи маёқ. Милт-милт қилиб турган шамчироқ
бўлмаганда, биз қадам (каттами ёки кичикми – фарқи йўқ) 
қўйишга интилмасдик, фанимизнинг ўзи ҳам тобутга 
тушар эди. Шундай экан, фан тараққиётига кинояомуз 
назардан кўра, завқ билан боқиб, ҳар бир қўйилган 
қадамнинг, билдирилаётган фикрнинг мағзини топмоққа, 
шаклланаётган ғоянинг «шира»сини сўришга ҳаракат 
қилмоқ керак. 
Чомский таълимотининг мағзи унинг изчиллик билан 

Download 1.63 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   7   8   9   10   11   12   13   14   ...   82




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling