Мардикорликка олиш тўғрисидаги бу фармонга кўра Туркистон, Сибир ва Кавказ халқларидан 19 ёшдан 43 ёшгача бўлган эркакларни сафарбар қилиш кўзда тутилган эди.
Сафарбарлик тўғрисидаги фармоннинг эълон қилиниши ва мардикорликка олинувчилар рўйхатини тузиш жараёнидаги адолатсизликлар ва қонунбузарликлар аҳоли ўртасида кескин норозиликларга ва тарихда машхур 1916 йилги халқ қўзғолонларига сабаб бўлди.
ТУРКИСТОН ГЕНЕРАЛ-ГУБЕРНАТОРЛИГИ - Подшо Россиясининг Туркистон хонликларидан босиб олган ҳудудларида 1867 йилда ташкил этган губернаторлиги. Туркистон генерал губернаторлиги дастлаб иккита вилоят (Еттисув ва Сирдарё) дан иборат эди. Босиб олинган янги ерлар ҳисобига кейинчалик Фарғона (1876), Самарқанд (1868) ва Каспийорти вилоятлари (1881) ҳам ташкил этилади.
Туркистон генерал-губернаторлигининг умумий ҳудуди 1,7 миллион кв км бўлиб, бу ерда яшовчи ўзбеклар ва бошқа туб халқлар 1897 йилда 5 миллионни, 1911 йилда эса 6 миллионни ташкил этган.
Губернаторликнинг маркази Тошкент шаҳри қилиб белгиланди. Туркистон генерал губернатори подшо томонидан тайинланиб, унга ўлка бошқарувида мутлақ ҳокимият ваколатлари берилган бўлиб, маҳаллий аҳоли уни «ярим подшо» деб атарди.
1886 йил 12 июлда император Александр III тасдиқлаган Туркистон ўлкасини идора қилиш тўғрисидаги янги Низомга кўра ўлка бошқаруви тўртта асосий бўлимдан таркиб топган эди (маъмурий тузилиш, суд тузилиши, ер тузилиши, солиқлар ва йиғимлар). Туркистон генерал губернаторлиги Россияда подшо ҳокимияти ағдарилгунига қадар амалда бўлди.
Туркистон генерал губернаторлари: К.П. Кауфман (1867-1881), М.Г.Черняев (1882-1884), Н.О.Розенбах (1884-1888), А.Б.Вревский (1889-1898), С.Духовский (1898-1901), Н.А.Иванов (1901-1904), П.Н.Тевяшов (1904-1905), Д.И.Субботич (1905-1906), Н.И.Гродеков (1906-1908), П.И.Мишченко (1909), А.В.Самсонов (1909-1913), Флуг (1913), Мартсон (1913-1916), Ерофеев (1916), А.Н.Куропаткин (1916-1917).
Туркистон генерал-губернаторлиги 1917 йил 31 мартда тугатилиб, ўрнига «Туркистон қўмитаси» тузилган (1917 йил апрелдан ноябргача). Кейинчалик унинг ўрнида Туркистон Автоном Совет Республикаси ТАСР (1918-1924) ташкил этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |