Ўсмир ёш тавсифномаси


Download 23.59 Kb.
bet1/3
Sana10.02.2023
Hajmi23.59 Kb.
#1184197
  1   2   3
Bog'liq
Ўсмир ёш тавсифномаси


Ўсмир ёш тавсифномаси.
Ўсмирлик даври шахс шаклланишидаги асосий даврдир. Бу давр айрим махсус психологик адабиётларда “ўтиш даври», “оғир давр”, “инқироз даври” каби номлар билан аталади.
Ўсмирлик даврининг оғир, мураккаб давр эканлиги кўплаб психологик, физиологик, ижтимоий омиллар билан боғлиқ. Бу даврда ривожланишнинг барча жиҳатлари: жисмоний, ақлий, ахлоқий, ижтимоий ва шу кабиларнинг мазмун моҳияти ҳам ўзгаради.
Бу даврда ўсмир ҳаётида унинг руҳияти, организмининг физиологик ҳолатларида, унинг ижтимоий ҳолатида жиддий ўзгаришлар содир бўлади. Бу давр тахминан боланинг 5-9 синфларда ўқиш пайтига тўғри келади ва 11-12 ёшдан 14-15 ёшгача давр оралиғида бўлади ва бу ёш даврларининг характер хусусиятларидаги ўзгаришларини психологик қонуният асосида амалга ошишини билиш мақсадга мувофиқдир.
10-ёш ўсмирлар мувозанатли ҳаётни тез идрок этувчи, ишонувчан, ота-оналарига итоатли, ташқи қиёфага эътиборсиз бўлганлиги боис “олтин ёш” ҳисобланади.
11-ёшда организмда қайта қуриш юз беради, болалар ғайри шуурли, негативликни намоён қилади, кайфияти тез ўзгаради, ота-оналарига нисбатан норозилик билдиради.
12-ёшда дунёга нисбатан ижобий муносабат шаклланади, ўсмирда оиласига нисбатан автономлик ва тенгдошларига интилиш ортади. Уларда ақллилик, ҳазил-мутойибага мойиллик, чидамлилик, ташаббускорлик намоён бўлади, ташқи қиёфа ва қарама-қарши жинсдагиларга эътибори орта бошлайди.
13-ёшда ўзининг ички дунёсига эътиборлик, интровертликка хос бўладики, улар ўзини ўзи танқид қилишга, ва танқидларга нисбатан таъсирланувчан, ота-оналарга танқидий муносабат билдирувчи, дўст танловчи, эмоционаллик ва ҳаяжонланиш ортади.
14-ёш ўсмирларда интроверсия экстраверсияга алмашинади, шижоатли, хушмуомала, ўзига ишонч уйғонади, бошқаларга эътибори ортади ва улар ўртасидаги фарқни ажрата бошлайди.
15-ёшдагилар мустақил бўлишга интилади, бу эса уларнинг оила ва мактаб билан боғлиқ зўриқишларга дучор этади. Уларда гуруҳли ҳаракат қилишга ва гуруҳдагиларга мослашишга интилиш ортади.
16-ёшда ўспиринлик бошланиб, уларда мувозанатлашув, ҳаётдан қувониш, ички мустақиллик, эмоционал барқарорлик, муомалага мойиллик, келажакка интилувчанлик ортади.
Юқорида санаб ўтилган ҳолатлар билан ёш даврларнинг характерли жиҳатларини шарҳлаб ўтдик, чунки ёш хусусиятларининг психологик тавсифи, болаларни хулқ-атворидаги ўзгаришларини баҳолаш имкониятини беради.
Ўсмирлик даври болаликдан катталикка ўтиш даври сифатида ҳар доим қийин давр ҳисобланади ва шу сабабли ҳам доимо психолог ва социологларнинг диққат марказида бўлиб келган.
Бу ёшдаги кризис кичик ёшдаги кризисдан аҳамиятли даражада фарқ қилади. Бу даврдаги кризис энг узоқ давом этиши, энг шиддатлилиги ва кескинлиги билан фарқланади. Бу босқич давомида боланинг ўзига ва атрофдагиларга бўлган муносабати тубдан ўзгаради ва қайта қурилади, ҳаётий позицияси шаклланади.
Боланинг катталар оламига кириб бориши бир лаҳзада рўй берадиган ҳодиса эмас, балки узоқ давом этувчи жараёндир. Бунда боладан биологик, психологик ва ижтимоий томондан вояга етиши талаб қилинади.
Ўсмирлик даврида боланининг ижтимоий муносабатларида ва дунёқарашида ҳам кескин ўзгаришлар содир бўлади. Бу даврга келиб унинг қадриятлари ҳам ўзгаради, илгари унинг учун қадрли бўлган нарсалар аҳамиятини йўқотади. Бола илгари ўзи учун қизиқарли бўлган машғулотга умуман бефарқ бўлиб қолиши ёки аксинча янги машғулотга қизиқиб қолиши мумкин.
Ўсмирнинг жисмоний ва психик ривожланиши жараёнида унда жуда кўп эҳтиёжлар пайдо бўлади. Ўсмирда ижтимоий етилиш етарли бўлмаганлиги сабабли бу эҳтиёжларни қондириш ҳар доим ҳам мумкин бўлавермайди.
Шу сабабли ўсмирлик даврида эҳтиёжлар депривацияси кичик ёш даврига қараганда тез-тез ва кучли ифодаланади. Ўсмирнинг психик ва ижтимоий ривожланишида бир хиллик (мувозанат)нинг йўқлиги сабабли уни енгиб чиқиш ўсмир учун жуда қийин бўлади.
Бу даврга келиб ўсмирнинг интеллектуал имкониятлари ошади, дунёқараши кенгаяди, янги қизиқишлар пайдо бўлади. Унда ҳаётий алоқалар доирасини кенгайтиришга эҳтиёж пайдо бўлади, тенгдошлари билан кўпроқ мулоқотда бўла бошлайди.
Авваллари ота-онаси ва ўқитувчисини ҳар доим ҳақ деб ҳисоблаган бола ўсмирлик даврига ўтганидан кейин тенгдошларининг фикрини ота-онасининг ва ўқитувчисининг фикрига қараганда аҳамиятлироқ ҳисоблайди. Ўсмир ўзида юз бераётган ўзгаришларни ҳис қилади, аммо барча ҳиссиётларини ҳам тўлиқлигича англамайди ва тушунмайди.
Ўсмирлик даврида бола энди “бола” эмас, шу билан бирга у ҳали “катта” ҳам эмас. Объектив ёш даврига қарамасдан ўсмирнинг ижтимоий ҳолати ўзгармайди, у ўқувчилигича ота-онасининг қарамоғида қолади.
Аммо у ўзини “катта одам” деб ҳисоблайди, ўзининг муаммоларини ўзи ҳал қилишга ҳаракат қилади. Шу сабабли унинг кўпгина даъво ва талаблари ҳал қилиб бўлмайдиган қийинчиликларга олиб боради, зиддиятлар ва қарама-қаршиликларни келтириб чиқаради.
Ҳар бир ўсмир билан мулоқотда унинг шахсидаги энг яхши томонларни топа билиш, нимага қобилиятли эканини аниқлаб олиш ҳамда мана шуларга таянган ҳолда, боланинг ўзига бўлган ишончини қўллаб-қувватлаш ғоят муҳимдир. Акс ҳолда тарбия соҳасида катта қийинчиликлар келиб чиқиши муқаррардир.
Ўсмир ўзига яқин бўлган кишиларнинг кўз ўнгида ўз шахсининг мустақиллигини тасдиқлаш, ўзлигини билдириб, ўз “мен”ини англатиш мақсадида у ёки бу даражада ўз имкониятларидан ташқари ишларга қўл уришга ва шу орқали ўз шахсининг таъсирини атрофдаги кишиларга ўтказишга ҳаракат қилиб кўришга мажбур бўлади.
Башарти, бола ўзини ижобий томондан кўрсатишнинг иложини топа олмаса, у ҳолда психологик зарурат туфайли салбий ишларда ўзини кўрсатмоқчи бўлади, ўз камчиликларини ошириб кўрсатади, ўжарлик ва қайсарлик қилади, ҳар хил “ҳунар”лар кўрсатади.
Ўқитувчи мазкур ёшда боланинг ўз-ўзини ҳурмат қилишга ўргатиш туйғусини шакллантириш муҳим эканлигини ҳисобга олиб, ўқувчининг синф ва умумжамоа олдидаги обрўсини кўтариш йўлларини излаши керак.
Бунинг учун ўқитувчи боланинг у ёки бу соҳадаги ютуқларини кўпчиликка маълум қилади, унинг айрим камчилик ва хатоларини йўқотишда донолик билан иш тутиб, уларни дарров кўпчиликка ошкор қилмай, ўсмир билан суҳбатлашиб, унинг кучи ва имкониятларига ишонишини амалда кўрсатади, бу билан ўсмирда шаклланиб келаётган “катта киши” бўлиб қолганлик туйғусини ҳурмат қилишини билдиради.
Бундай қўллаб-қувватлашнинг кераклигини яхши ҳис қилган ўсмир беихтиёр ўқитувчининг таъсирига берилади, чунки ўқитувчи ўсмирнинг муносабатларини йўлга қўйишда унинг учун зарур кишига айланиб қолади.
Амалиёт шуни кўрсатадики, баъзи болалар бошланғич мактабдан бошлаб ўқув материалини ёмон ўзлаштирадилар. Аста-секинлик билан “билмаслик” вужудга келади.
Бошланғич мактабда бу омил камдан-кам ҳолатларда дарс қолдиришга олиб келгани учун прогул баъзан четда қолади, боланинг ўзи ёмон ўқишим муаммо эмас, деб ўйлайди, чунки ҳозирча ота-онанинг мактаб билан алоқаси яхши, синф жамоаси яхлит.
Бу жиҳатдан энг қийин давр деб 5-6 синфларни олиш мумкин. Синфдаги давоматни назорат қилиш қийинроқ, чунки энди фан ўқитувчилари, синф раҳбари давоматни назорат қилиши керак, ота-оналар секин-аста болаларни назорат қилишни пасайтирадилар, ўқув дастури мураккаблашиб боради.
Айнан мана шу вақтда ўзлаштириши қийин бўлган бола баъзи предметларга, айниқса, унинг учун қийин бўлган фанлар бўйича дарсларга кирмайди. Кўп ҳолда бажарилмаган уй вазифаси ўқувчининг дарсга кирмаслигининг асосий сабаби бўлиб қолади.
Бу ерда шу нарсани айтиб ўтиш зарурки, ўқув материалини ўзлаштириш қобилиятининг пастлиги кўпинча боладаги мослашиш қобилиятининг пастлигига тўғри келади, айнан мана шу ўхшашликда синф жамоаси ижтимоий гуруҳларга бўлина бошлайди.
5-8 синфлардаги “билмаслик” ҳажми синф жамоасидан узоқлашиш, мактабдан ташқаридаги “мени тушунадиган” болалар билан мулоқотда бўлиш одати – бу омилларнинг барчаси сурункали дарс қолдириш сабаблари бўлиб қолади.
Бу ёшда болада энди ҳар доим шундай бўлади, шароитни ўзгартириш учун курашиш бефойда, деган фикр ўрнашиб қолади, мактаб ва атрофдагилардан фақат бир нарсани – уни ўз ҳолига қўйишларини хоҳлайди.
Аслида ўсмир ўқитувчиларга қарши норозилик билдирмайди: ёки ўқитувчилардан кўнгли қолган ёки умуман уларга аҳамият бермайди. Бу ота-онага нисбатан бўлган муносабатга ўхшамайди. Ўсмирлик даврида асосий эътибор ўқишга эмас, балки ўз тенгқурлари ўртасидаги муносабатларга қаратилади.
Ўсмирнинг мактабдан безиши ва узоқлашишининг яна бир сабаби ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги шахслараро муносабатларнинг яхши эмаслиги, яъни низолар мавжудлиги дейиш мумкин. Чунки, кўп ўқитувчилар ўсмир ёшидаги болаларни турли нарсалардан сақлаш учун доимо уларни назорат қилиш керак, деб ўйлашади.
Юқорида баён этилган фикрлардан келиб чиқиб, шундай хулоса қилиш мумкинки, ўқитувчи ва ота-оналар ўртасида яқин, узвий алоқа бўлиши зарур ва шартдир.



Download 23.59 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2   3




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling