Суғурта компанияси- суғурта шартномасини тузиш ва унга хизмат қилишни амалга оширувчи, суғурталанувчи билан ҳуқуқий муносабатда бўлувчи юридик шахс. У ўз Низоми асосида фаолият юритувчи мустақил хўжалик субъектидир. Тегишли иқтисодий муҳитда фаолият юритувчи суғурта компанияларининг йиғиндиси суғурта тузимини ташкил этади. Суғурта компаниялари бажарадиган суғурта операцияларига кўра, улар универсал ва ихтисослашган бўлади. Устав капитали миқдори ҳамда келиб тушган суғурта мукофотлари ҳажмига мувофиқ, суғурта компанияларини йирик, ўрта ва кичик гурухларга бўлиш мумкин.
Суғуртавий тиббиёт- турли касалликлардан мажбурий суғуртани назарда тутувчи соғлиқни сақлаш ишини ташкил этиш шакли. Суғуртавий тиббиёт бўйича суғурта фонди ишчи-ходимларнинг иш ҳақидан, тадбиркорларнинг фойдасидан, давлат дотацияси ҳисобидан ҳамда хайр-эҳсон фондларининг мажбурий ажратмаси ҳисобидан шаклланади. Суғуртавий тиббиёт бўйича суғурталанган контингентга тиббий суғурта полиси берилади. Суғурталанувчига тиббий суғурта полиси бўлган тақдирда тиббий хизмат кўрсатилади. Бунда тиббий суғурта компанияси, бир томондан суғурталанувчилар билан, иккинчи томондан тиббиёт муассасалари билан шартнома тузади.
Суғурта баҳоси - суғурталаш мақсадида аниқланадиган мол-мулкнинг қиймати. Амалиётда мол-мулклар ҳақиқий қиймати, бозор қиймати ва бошқа қийматлар воситасида баҳоланади. Зарур ҳолларда суғурта баҳосини тўғри ҳисоблаш учун малакали экспертлар жалб этилади. Суғурта баҳоси тўғрисидаги ҳақиқий маълумот таъриф ставкаси ва суғурта мукофоти миқдорини аниқлашда муҳим аҳамиятга эга. Амалдаги қонунчиликка биноан, суғурта суммаси мол-мулкнинг суғурта баҳосидан ошиб кетмаслиги зарур.
Суғурта тизими - 1) турли хил суғурта компаниялари ва уларни суғурта назорати билан алоқадорлигини йиғиндиси: 2) суғурта ҳуқуқий муносабатларни ташкил этишнинг давлат - ҳуқуқий шакли.
Суғурта суммаси - суғурта манфаати ва суғурта рискига мос келувчи пул маблағи. Халқаро амалиётда суғурта суммаси суғурта қопламаси дейилади. Суғурта суммасига нисбатан суғурта мукофоти аниқланади ва суғурта қопламаси тўланади. Суғурта суммаси ибораси, кўпроқ, шахсий суғуртада - фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғини суғурталашда ишлатилади.
Суғурта майдони - суғуртага тортилиши зарур бўлган объектларнинг энг катта сони. Айрим экспертлар хулосасига кўра, Ўзбекистонда суғурта майдони ҳали тўла ўзлаштирилмаган. Фақат мол-мулкларнинг 20-30 фоизигина суғуртага тортилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |