Суюн каримов ўзбек тили функционал стилистикаси
Download 452.46 Kb.
|
O\'zbek tili funksional stilistikasi. 2010. S.Karimov
РАСМИЙ УСЛУБ
Ҳозирга ўзбек адабий тилида расмий услуб (РУ) нинг қўлланиш кўлами Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни қабул қилингандан кейин ва давлат мустақиллиги қўлга киритилгандан сўнг ғоятда кенгайди ва янгича мазмун касб этди. Халқаро доираларда олиб бориладиган дипломатик муносабатлар, давлатни бошқаришнинг замонавий усуллари, ижтимоий-сиёсий ва гуманитар соҳаларда жаҳоннинг илғор андозалари ва технологияларининг мамлакатимиз ҳаёти ва халқ хўжалигига татбиқ этилиши, республикамиз ҳудудидаги барча маъмурий идоралар ва корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларда муомала воситаси сифатида ўзбек тилининг амал қилиши қонуний асосга қўйилиб, иш юритиш шу тилда олиб борилиши натижасида ўзбек тилини билишга ва ўрганишга бўлган талаб янада кучайди. Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги (14.12.2000 й. N 160-Н) Қонунига биноан мамлакатимизда иш юритишнинг ягона давлат тизимини жорий этиш ҳуқуқий асосга қўйилди ва муайян тартибга келтирилди. Ўз навбатида, расмий доираларда бўладиган муносабатларда, халқаро минбарларда ўзбек тилидан фойдаланишнинг ўзига хос услуби ҳам такомиллашиб бормоқда. Юртбошимиз И.А.Каримов таъкидлаганидек, «давлат тилининг халқаро миқёсда ҳам фаол мулоқот воситасига айланиб бораётгани эътиборлидир. Хусусан, хорижий мамлакатлар раҳбарлари билан бўладиган учрашув ва суҳбатлар, музокаралар, тегишли ҳужжатларни имзолаш маросимларида, нуфузли саммитларда, расмий матбуот анжуманларида ўзбек тилининг ўрни ва аҳамияти ортиб бораётгани ҳаммамизга ғурур- ифтихор багишлайди».11 Бемалол айтиш мумкипки, кейинги ўтган йигирма йилга яқин вақт мобайнида мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида ўзбек тили нафақат давлаг тили, балки ҳам расмий, ҳам ўзаро мулоқот тили сифатида ўз мавқеини мустаҳкамлади. Қисқа вақт ичида қонунлар, фармонлар, фармойишлар, қарорлар, буйруқлар, низомлар сингари давлат аҳамиятига молик ҳуқуқий ҳужжатларни муайян бир услубда яратиш ва шакллантириш аста- секинлик билан йўлга қўйилди. Расмий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ёзилишида уларнинг ҳар бирининг хусусий, айни пайтда, барча РУда шакллантириладиган ҳужжатлар талабига мос келадиган умумий меъёрлари такомиллашди. Аслида давлат миқёсида амалда бўлган ҳар бир Ҳуқуқий ҳужжатнинг қатьий меъёрлар асосида яратилиши ҳам умумтил маданиятининг таркибий қисмидир. Ҳужжатлар қанчалик тушунарли тилда ёзилса, услуби қанчалик равон бўлса, уни тушуниш, бинобарин, ижросини таъминлаш ва унга амал қилиш ҳам шунчалик осон кечади. Шунинг учун ҳам бугунги кунда фаол амалда бўлган ўзбек тили РУни замон талабларидан келиб чиқиб тадқиқ этиш, унинг хулосалари ва натижаларини оммалаштириш ўзбек тили маданиятининг янада такомиллашувига ҳамда унинг барча жабҳаларда фойдаланишига қулай имкониятлар яратилишига хизмат қилади. Тўғри, ўзбек тилининг РУ тилшунослигимизда илмий тадқиқот объекти бўлган. 1987 йилда Д.Бобохонова «Ҳозирги ўзбек адабий тилининг расмий-иш услуби» мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. Диссертация муаллифи ўзбек тилшунослигида биринчи бўлиб РУ доирасидаги ҳужжатлар рўйхатини батафсил келтиради ва уларнинг ҳар бирининг бир услуб ичида яна ўз шаклланиш услуби (подстиллари) мавжудлигини таъкидлайди. Масалан: ҳукумат қарорлари, фармонлар, фармойишлар, чақириқлар, қонунлар, буйруқлар, низомлар, йўриқномалар, дипломатик ҳужжатлар, халқаро шартномалар, келишувлар, расмий хабарлар, ноталар, ултиматумлар, элчилик конвенциялари, суд-процессуал ҳужжатлари, кодекслар, чақириқ қоғозлари, ишонч қоғозлари, ижро варақалари, ажримлар, суд варақалари, юридик далолатномалар, раддиялар, тавсияномалар, ташқарига чиқмаслик ҳақида тилхат, айблов, айблов нутқи, суднинг альтернатив қарори, ҳукм, давлат ташкилотлари ўртасидаги ёзишмалар, далолатнома, баённома, тушунтириш хати, маълумотнома, таржимаи ҳол, тавсифнома, ариза ва бошқалар.12 Диссертация ушбу расмий ҳужжатларнимг ҳар бирининг ўзига хос ва умумуслубий хусусиятларини лексик-семантик, морфологик ва синтактик жиҳатдан таҳлил этганлиги билан илмий аҳамиятга эга. Бунинг устига, мазкур услубнинг ўзигагина хос бўлган хусусиятлар уни ўзбек тилидаги бошқа функционал услублар билан таққослаш орқали очиб берилганлиги ҳам эътиборга моликдир. Масалан, лексик-семантик-стилистик жиҳатдан олиб қараганда ушбу услубга оид матнларда бадиий услубга (БУ) хос бўлган, воқеликни, инсон ҳиссиёти, фикри ва ҳаракатларини образли тасвирлашга йўналтирилган бадиий тасвир воситалари учрамаслиги, бинобарин, ўхшатиш, эпитет, жонлантириш, метафора, муболаға, литота ва бошқа воситалар, поэтик .лексика элементлари, чама сонлар, гумон олмошлари, жуфт сўзларнинг қўлланиши хос эмаслиги; морфологик жиҳатдан эса -(и)м, -(и)нг, -(и)миз, -(и)нгиз, -(и)нглар, -ларинг каби эгалик кўрсатқичларининг мутлақо ишлатилмаслиги, -а/-й, -(и)б сингари равишдош шакллари қўлланилмаслиги; синтактик жиҳатдан эса ундов ва сўроқ гапларнинг, шахси маълум, шахси номаълум, шахси умумлашган гапларнинг хос эмаслиги РУ ва бошқа ФУларга доир матнлардаги фактларни қиёслаш орқали далилланганлиги бугунги ўзбек тилшунослиги ва ўзбек тили стилистикаси тараққиёти нуқтаи назаридан ҳам илмий қимматга эга. Аммо мазкур тадқиқотнинг юзага келганига салкам чорак асрга яқин вақт ўтди. Иш собиқ коммунистик мафкура ҳукмрон бўлган даврда ёзилганлигини инобатга олиш лозим. Диссертация муаллифи РУнинг шаклланишида рус тили муҳим роль ўйнаганлигини, кўплаб ҳужжат турлари рус тилидан ўзбек тилига таржима қилинганлигини таъкидлайди.13 Шу мазмундаги фикрлар «Узбек тили стилистикаси» асарида ҳам учрайди: «Узбек адабий тилида расмий ҳужжатлар стили рус тилининг таъсирида янада такомиллашди, ишлатилиш доираси янада кенгайди лугат состави янги сўз ва терминлар билан бойиди».14 Қарашлар ўз даври ва қисман ҳозирги давр нуқтаи назаридан ҳам тўгри, албатта. Шу билан бирга, кейинги ўн йилликларда, айниқса, мустақиллик даврида она тилимизнинг РУ доирасида амал қилиш хусусиятлари мазкур услубда шаклланадиган ҳужжатлар мазмунига боғлиқ тарзда жиддий ўзгарди, имкониятлари батамом кенгайди. Ушбу фикрнинг тўгри эканлигини Ш.Кўчимов томонидан 1995 йилда «Ўзбекистон Республикаси қонунларининг тили» мавзусида номзодлик, 2004 йилда «Ҳуқуқий нормаларни ўзбек тилида ифодалашнинг илмий- назарий муаммолари» мавзусида ҳимоя қилинган докторлик диссертациялари материаллари ҳам тасдиқлайди.15 Мазкур ишларда ҳуқуқий давлат қуришда, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини шакллантиришда қонунчилик техникаси, қонунларнинг ифода усули масалалари муҳим аҳамият касб этиб, қонунларнинг халқаро стандартлар даражасида мукаммал ишлаб чиқилишининг асосий омили ушбу соҳадаги меъёрий ҳужжатлар тилини она тилимизнинг ўз хусусиятларидан келиб чиқиб тайёрлаш эканлиги таъкидланган.16 Тилшунослигимизда ФУлар, хусусан, РУ соҳасида олиб борилган бу тадқиқотлар мазкур услубнинг ўзбек тилида аллақачон шаклланиб бўлганлигини кўрсатади. Унинг мустақил услуб сифатида шаклланганлиги лингвистик ва экстралингвистик омиллар яхлитлиги яққол кўринади. Download 452.46 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling