Сўз туркумларини ўрганиш методикаси


Download 440.66 Kb.
bet4/6
Sana11.05.2023
Hajmi440.66 Kb.
#1451891
1   2   3   4   5   6
Bog'liq
От ва сифатни ўрганиш

Отларнинг турланиши. Келишиклар синтактик категория ҳисобланади. Келишик отларнинг гапда бошқа сўзлар билан муносабатини ифодалайди. Демак, келишикларни ўргатишда ўқувчиларнинг гапда сўзларнинг боғланишини билишлари назарда тутилади. Келишиклар устида ишлашни ўқувчилар гапда маъно ва грамматик томондан боғланган сўзларни (сўз бирикмаларини) ажратишга ўрганганларидан сўнг бошланади. Келишиклар устида ишлаш гапда сўзларнинг боғланиши устида ишлаш ҳамдир. Келишикларни билиш учун ўқувчи от гапда қайси сўз билан боғланганини аниқ билиши керак. От гапда бошқа сўзлар билан боғланганда қўшимчалар билан ўзгариши анча олдиндан кузатиб борилади. Аслида ўқувчилар 1-синфдаёқ, сўз шаклларининг ўзгариши билан амалий танишадилар, аммо улар сўз шакли нималигини ҳали билмайдилар. Ўқувчилар кейинги синфда шакл ясовчи (сўз ўзгартувчи) қўшимчалар билан танишадилар, бу қўшимчалар гапда сўзларни боғлаш учун хизмат қилишини тушунадилар.
4-синфда от устида ишлашнинг асосий вазифаси фикр баён қилишда отнинг келишик шаклларидан онгли фойдаланиш ва келишик қўшимчаларини тўғри ёзишга ўргатиш ҳисобланади.
Бу синфда от қуйидаги изчилликда ўрганилади:
1) отларнинг келишиклар билан турланиши ҳақида тушунча бериш;
2) кўпликдаги отларнинг турланишини ўргатиш;
3) ҳар бир келишикнинг хусусиятларини алоҳида ўрганиш ва у билан боғлиқ ҳолда келишик қўшимчаларининг ёзилиши ҳақида кўникма ҳосил қилиш.
Отларнинг келишик қўшимчалари билан ўзгариши – турланиш ҳақида тушунча бериш билан ўқувчиларга келишик қўшимчалари гапда сўзларни боғлаш учун хизмат қилиши, ўзбек тилидаги олти келишик, уларнинг номи, сўроқлари, қўшимчалари ва жойлашиш тартиби тушунтирилади.
Ўқувчилар турланиш билан, келишикларнинг моҳиятидан келиб чиқиб гапни таҳлил қилиш жараёнида таништирилади, гапнинг асоси (эга ва кесим) ва сўз бирикмалари ажратилади. Улар гапда бир отнинг бошқа ҳар хил сўзлар билан шакл ясовчи қўшималар (нинг, -ни, -га, -да, -дан) ёрдамида боғланишини кузатадилар, бу қўшимчалар келишик қўшимчалари эканини, отларнинг келишик қўшимчалари билан ўзгариши турланиш дейилишини билиб оладилар. Бош келишикдаги от гапда эга вазифасида, бошқа келишикдаги отлар эса иккинчи даражали бўлак вазифасида келиши билан ҳам таништирилади.
Ишни бажаришда изчилликка катта аҳамият берилади. Бажарилган иш ёзиб борилади: ўқувчилар аввал гапда от боғланган сўздан шу отга савол берадилар ва саволни қавс ичига ёзадилар; кейин сўроққа қараб келишикни аниқлайдилар. Масалан, ўқиди (нимани?) – китобни, тушум келишиги). Улар буни яхши ўзлаштирганларидан сўнг, машқ тез бажарилади, ёзиш талаб этилмайди.
Кўпликдаги отларнинг турланишини ўрганишда ўқувчилар суҳбат ёрдамида бош келишикдаги отнинг сўроғини ва битта шахс, нарсани билдиришни айтадилар, (нима? – китоб, ким? – ўқувчи); ўқитувчи агар шу от икки ва ундан ортиқ, шахс ёки нарсани билдирса, қандай сўроққа жавоб бўлишини, қайси келишикни билдиришини сўрайди, улар қийналмай жавоб берадилар (нималар? – китоблар, кимлар? – ўқувчилар).
Хулоса чиқарилади: кўпликдаги отлар бош келишикда нималар? ёки кимлар? сўроғига жавоб бўлади. Ўқувчилар отларнинг келишиклар билан турланиши жадвалидан фойдаланиб, шу отларни кўпликда турлайдилар ва кўплик қўшимчаси доим келишик қўшимчасидан олдин қўшилишини, сўроқларини билиб оладилар. Келишикларни билиб олиш мақсадида сўроқлардан фойдаланилади. Бунинг учун ўқувчилар, биринчидан, сўроқни отнинг якка ўзига эмас, балки гапда от маъно томондан боғланган сўздан шу отга беришни ўрганишлари, иккинчидан, келишикларнинг сўроқларини яхши билишлари зарур. Келишикларни ўзлаштиришда гапнинг асосини аниқлагач, гапда ўзаро боғланган сўзларни (сўз бирикмаларини) белгилаш, от боғланган сўзни топиш, сўроқ бериб, қайси келишик билан турланганини, бирлик ёки кўпликда қўлланганини аниқлаш изчиллигида ишни уюштириш мақсадга мувофиқ (Масалан, Алишер Нодирни кинога таклиф қилди. Гап Алишер ҳақида айтилган. (Ким?) Алишер – эга (бош келишикда, бирлик); Алишер (нима қилди?) – таклиф қилди – кесим; таклиф қилди (кимни?) – Нодирни (от, тушум келишигида, бирлик); таклиф қилди (нимага? ёки қаерга?) – кинога (от, жўналиш келишигида, бирлик).
Келишикларнинг хусусиятларини ўрганишга қулайлик яратиш учун ҳар бир келишикни қуйидаги умумий режа асосида ўрганиш мақсадга мувофиқ:
1. Келишикнинг грамматик маъноси.
2. Сўроқлари.
3. Қўшимчаси.
4. Гапдаги вазифаси.
Бош келишикнинг хусусиятларини ўрганиш билан отнинг келишик қўшимчаси йўқ ҳолати бош келишик экани, бош келишикдаги от бошқа сўзни ўзига тобе қилиши, ким?, кимлар?, нима?, нималар? сўроқларига жавоб бўлиши, гапда эга вазифасида келиши ҳақида ўқувчиларда кўникма ҳосил қилинади; луғатларда отлар бош келишик шаклида берилиши ва бош шакл ҳисобланиши, баъзан эгалик қўшимчаси олиб қўлланиши билан таништирилади.
Ўқувчилар қаратқич ва тушум келишигини фарқлашда қийналадилар. Мақсадга эришиш учун бу икки келишикнинг маъноси, сўроқлари, қўшимчаси ва гапдаги вазифаси таққосланади ва суҳбат асосида хулоса чиқарилади.
Қаратқич келишигида турланган от: 1) қарашлилик маъносини билдириб, гапда бошқа отга боғланади, у боғланган от эгалик қўшимчаси билан қўлланади (ўқувчининг дафтари, гулнинг барги каби); 2) ким(лар)нинг?, нима(лар)нинг?, баъзан қаернинг? сўроқларига жавоб бўлади; 3) -нинг қўшимчаси билан қўлланади; 4) гапда иккинчи даражали бўлак вазифасида келади.
Тушум келишигида турланган от: 1) ҳаракатни ўзига олган шахс, нарса маъносини билдиради, гапда доим феълга боғланади (вазифани бажардим, китобни ўқиди каби); 2) ким(лар)ни?, нима(лар)ни? баъзан қаерни? сўроқларига жавоб бўлади; 3) -ни қўшимчаси билан қўлланади; 4) гапда иккинчи даражали бўлак вазифасини бажаради.
Ўқувчиларнинг бу икки келишик қўшимчасидан нутқда тўғри фойдаланиш ва билимини такомиллаштириш учун гапда отнинг қайси сўз билан боғланганини аниқлаш, сўроқлар ўрнига гапнинг мазмунига мос сўзни келишик билан турлаб қўйиш, тушириб қолдирилган келишик қўшимчаларидан мосини қўйиб кўчириш, танлаб кўчириш машқларидан, сайланма ва эслатиш диктантларидан кўпроқ фойдаланилади.
Бошлангич синфлар дастурига кўра, ўқувчиларни қаратқич ва тушум келишигида отнинг белгисиз қўлланиши билан таништириш тавсия этилмайди.
Ўқувчилар жўналиш келишигининг хусусиятлари билан таништирилгач, жўналиш келишиги қўшимчасининг ёзилиши тушунтирилади: а) охири жарангсиз ундош товуш билан тугаган сўзларга жўналиш келишиги қўшимчаси -га қўшилганда талаффузда -ка эшитилиши, аммо аслича ёзилиши синфга, ишга, Шавкатга каби сўзларни товуш-ҳарф томонидан таҳлил қилиш билан тушунтирилади; б) ўқувчилар “Меҳнат етказар ҳар тилакка” каби гапни ўқиб, тилак сўзининг ўзгаришини кузатадилар; гапдаги тилакка боғланган сўзни топадилар ва шу сўздан отга сўроқ берадилар (етказар (нимага?) тилакка); бу жўналиш келишигининг сўроғи эканини айтадилар; тилакка сўзи сўз таркибига кўра таҳлил қилинади ва тилак – ўзак, -ка қўшимча экани аниқланади; сўнг уни товуш-ҳарф жиҳатидан таҳлил қилиниб, ўзакнинг охири ундоши билан тугагани, қўшимча ҳам к ундоши билан бошланиши аниқланади. Суҳбат усули билан хулоса чиқарилади: жўналиш келишиги қўшимчаси охири к ундоши билан тугаган отларга -ка шаклида қўшилади. “Балиқ қармоққа илинди” гапидаги қармоққа сўзи устида ҳам юқоридаги каби ишланади.
Ўқувчилар ўрин-пайт келишигининг хусусиятлари билан таништирилгач, келишик қўшимчаси -да нинг -та бўлиб эшитилса ҳам -да шаклида ёзилиши тушунтирилади. Баъзи ўқувчилар ўрин-пайт келишиги ўрнига жўналиш келишиги қўшимчасини ишлатиб, хатога йўл қўядилар. Бундай хатонинг олдини олиш учун ўқувчилар билан феълдан жўналиш ва ўрин-пайт келишигида қўлланган отга сўроқ бериб, сўз бирикмасини топишни кўпроқ машқ қилиш ва келишикларнинг сўроғи ва маъносига қараб фарқлашга ўргатилади. Масалан, борди (қаерга?) – мактабга, бўлди (қаерда?) – мактабда; олдим (кимга?) – укамга, кўрдим (кимда?) – укамда.
Ўқувчилар чиқиш келишигининг хусусиятлари билан ҳам режа асосида таништирилиб, уларга келишик қўшимчасининг ёзилиши тушунтирилади.
Келишиклар ҳақидаги малакани шакллантириш устида ишлашнинг самаралилигини таъминлайдиган шартлар, биринчидан, мақсадга мувофиқ машқ, танлаш, машқ материалини аста мураккаблаштириб бориш билан ўқувчиларнинг мустаққллигини ошириш, иккинчидан, имлони грамматик билимни такомиллаштириб бориш ва ўқувчиларнинг нутқини ўстириш билан боғлаб ўргатишдир.

Download 440.66 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling