Таълим вазирлиги Андижон Давлат Университети Тарих ва ижтимоий фанлар факультети


Испан-христиан давлатларини вужудга келиши ва Реконкистанинг бошланиши


Download 0.98 Mb.
bet76/359
Sana17.02.2023
Hajmi0.98 Mb.
#1204737
1   ...   72   73   74   75   76   77   78   79   ...   359
Bog'liq
jahon tarihi seminar (1)

Испан-христиан давлатларини вужудга келиши ва Реконкистанинг бошланиши. 709 –714йиллардаги босқинчилик юришлари давомида араблар Кантабрия тоғлари, Пиреней ва Бискай кўрфази оралиғидаги унча катта бўлмаган худудни эгаллай олишмади. Бу ерларда Пиренейнинг кельтларгача бўлган туб аҳолиси – кантабрлар, астурлар, басклар яшаб, уларни ҳатто римликлар ҳам, готлар ҳам бўйсундира олишмаган, бу жойларда феодаллашув жараёни умуман ёйилмади. Астурияга қочган вестгот қўшинининг оз сонли қолдиқлари маҳаллий аҳоли томонидан қўллаб-қувватланди. Қаршилик кўрсатишнинг бу сўнгги ўчоғининг тугатиш учун юборилган араблар отряди 718 йилда Ковадонга деган жойда яксон этилди.Сўнгги гот қиролининг қариндоши Пелайо ғолибларга қўмондонлик қилди; у Астуриянинг биринчи қироли деб эълон қилинди.
Ал-Андалусдаги ўзаро уруш-низолардан фойдаланиб, VIII – асрнинг 50-йилларини охирларида астурия қироллари, ўз давлатларининг дастлабки худудларидан бир неча марта катта майдонларни босиб олишди. Бу ерларнинг бир қисми(Галисия) қўшиб олинди, бир қисми эса вайрон қилинди. Бу жойлар араблар ҳужумидан ўзига хос тўсиқ вазифасини ўтади. Испан-христиан давлатларининг жанубга томон кенг кўламдаги ҳарбий харакатлари Реконкиста (испанча урушиб, жанг қилиб қайтариб олиш) деб деб ном олди. Реконкиста кўп жиҳатдан Пиреней ярим оролини ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий тараққиётини белгилаб берди. XV – аср охиригача давом этган Реконкиста фақат ҳарбий-сиёсий қаршиликнинг шакли бўлиб қолмасдан, балки шимол ва жануб ўртасида хўжалик, савдо, маданий алмашув соҳаларидаги фаол алоқалар ва ўзаро таъсирнинг шакли ҳам бўлди.
Ерларни жанг қилиб бирин-кетин қайтариб олиш жараёнининг илгарилаб боришини ва охир-оқибатда XV – асрда христианларнинг ғалабага эришганлигининг сабаби шундаки, христианлар яшайдиган худудлар аҳолисининг барча гуруҳлари у ёки бу сабабларга кўра Реконкистадан манфаатдор бўлишган. Феодаллар босиб олишлар давомида янги ер майдонларга эга бўлиб, бўйсундирилган вилоятлар маъмуриятида лавозимлар олишган ҳамда марказий ҳокимиятга нисбатан ўз мустақиллигини мустаҳкамлашган. Черковлар қўшимча кенг ер майдонларига эга бўлибгина қолмасдан, балки собиқ мусулмон мулкларида янги черковлар, монастирлар, епископликлар таъсис қилиб, ўзининг жамиятдаги ғоявий ва сиёсий таъсирини кучайтириш учун христианликни исломга қарши кураш кураш шиорларидан фойдаланди. Ал-Андалус устидан ғалаба қироллик хазинасини бойитиб, ҳам мамлакат ичида, ҳам халқаро миқёсда қиролликни тутган ўрнини ва обрўсини мустаҳкамлади. Деҳқонлар янги худудларда сеньорлик ва давлат мажбуриятларидан енгилликлар олишга, ҳали феодал вотчиналари таркибига кирмаган янги ерларга эга бўлишга интилишди. Реконкиста жараёнида асос солинган ёки жанг қилиб қайтариб олинганидан кейин христианлар келиб ўрнашган шаҳарлар анчагина имтиёзлардан фойдаланишган. Маврларга қарши урушларни барча қатнашчилари учун умумий холат – бу бой ўлжаларни эгаллаб олишга интилиш бўлган.
Реконкиста жами саккиз аср давом этди ва турли босқичларида ўзининг хусусиятларига эга бўлган. Масалан, VIII – асрнинг ўрталарига қадар одамларни жанубдан шимолга кўчиб келиб ўрнашиши, урушда хонавайрон бўлган худудлардан келиб чиққан аҳоли, шунингдек эмигрант – мосараблар томонидан қиролликни ички районларини ўзлаштирилиши, астурия Ресконкистаси учун характерли бўлган. IX-асрнинг ўрталарига қадар кимсасиз чегара ерларни ўзлаштириш айрим деҳқонлар ва вотчиначилар томонидан амалга оширилган. Кейинчалик, Реконкистанинг чегаралари ахоли яшайдиган ерларга, қалъалар ва шахарларга етиб боргач, реконкистага бошчиликни қирол хокимияти ўз қўлига олди.
VIII-асрнинг охирига келиб Пиреней ярим оролида Астурия қироллиги билан бир қаторда Реконкистанинг яна бир маркази – франклар мулки шаклланди. Гарчан Карл Буюкнинг 778- йилда Сарагосага юриши муваффақиятли бўлмасада, шундан кейин тез орада франклар ҳозирги Каталониянинг худудларини босиб олишди. У жойда маркази Барселона бўлган Испан маркаси ташкил этилди. Астурия, Каталония ва арабларнинг мулклари ўртасидаги тоғли районлар қўлдан-қўлга ўтиб турди, IX-X асрлар мобайнида бу жойда иккита унча катта бўлмаган давлатлар – Наварра қироллиги ва Арагон графлиги ташкил топди. Шундай қилиб, яриморолнинг бутун шимолий қисми араблардан жанг қилиб қайтариб олинди.
X-XI аср бошларида Испаниянинг сиёсий харитасида жиддий ўзгаришлар бўлиб ўтди. Каролинглар империяси тушкунликка учрагач, Испан маркаси худудида мустақил Барселона графлиги юзага келди. Астурия қироллари, Дуэро дарёсидан шимолдаги бир нечта йирик шахарларни маврлардан жанг қилиб қайтариб олиб, ўз пойтахтларини Овьедодан Леонга қўчиришди. X-асрнинг иккинчи яримида, халифаликнинг энг кучайган даврида, Реконкиста тухтаб қолди. Мусулмонлар, талантли саркарда ал-Мансур қўмондонлигида бир неча марта Астуро-Леон қироллигини ва Барселона графлигини хонавайрон қилишди. Бу пайтда Леонда қирол хокимияти заифлашди, мамлакатни шарқидаги тарқоқ ерларни бирлаштиришга эришган Кастилия графлари мамлакатда катта таъсирга эга бўлишди. Арагон ва Кастилия 1035 йилда қиролликка айланди. 1037 йилда кастилия қироли Фернандо I леон қиролини енгди ва христиан Испаниясининг ғарбини ўз хокимияти остига бирлаштирди. Шундай қилиб, XI-асрнинг 30-йиллари охирига келиб Пиреней ярим оролида Кастилия, Наварра ва Арагон қиролликлари, вассал худудлари бўлган Барселона графлиги ва ўттизга яқин мусулмон князликлари шаклланди. Адабиётларда христиан Испаниясининг ғарбидаги давлатларни Астуро-Леон (VIII-XIасрлар) ва Леон-Кастилия (XI-XIIIасрлар) қиролликлари деб аталадиган бўлди.

Download 0.98 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   72   73   74   75   76   77   78   79   ...   359




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling