41 – мавзу: Сўнгги ўрта асрлар давридаХитой ва Япония.
Режа:
1.Хитойда Мин сулоласининг заифлашуви ва деҳқонлар уруши.
2.Маньчжурия сулоласининг хокимият тепасига келиши. Хитой халқининг маньчжур босқинчиларига қарши кураши. Хитойга Европа мустамлакачиларининг кириб келиши ва Цин сулоласининг уларга қарши кураши.
3.Японияда Токугава хукмронлигининг ўрнатилиши. Ажнабийларга муносабат. Япониянинг яккаланиб қолиши.
Мавзуга оид таянч тушунча ва иборалар:манчжур; сёгун; миссионер;
Мин сулоласининг заифлашуви. XVI аср охири ва XVII аср бошларида Мин сулоласи тўла тушкунликка юз тутган эди. Бу «деҳқонлар» сулоласининг дастлабки даврларида маълум даражада мавжуд бўлган баъзи демократик тенденциялари энди аллақачонлар тугаб кетган эди. Мин монархияси ўзгариб, ўзидан олдинги сулолалар сингари оддий бюрократик деспотияга айланган эди. XVI аср бошларидан эътиборан давлатни идора қилиш ишлари тепасида давлат хазинасини аёвсиз талаган ва шу тарифлама жуда катта бойлик орттирган император харамининг ходимлари бўлган махрамлар турар эди. Ҳаддан ташқари ўсиб кетган бюрократик давлат аппарати, дабдабали император саройининг ниҳоятда катта чиқимлари ва Япония билан бўлаётган уруш янгидан-янги солиқ даромадларини талаб қиларди. Биргина XVII асрнинг иккинчи ўн йиллигида барча давлат солиқларининг ҳажми шундан олдинги ўн йилликлардагига нисбатан 50 фоизга кўпайди. Давлат солиқлари ва бунинг устига маҳаллий феодаллар, судхўрлар ва амалдорлар фойдасига олинадиган ҳар хил оғир тўловлар туфайли деҳқонлар ва шаҳар ҳунармандларининг тинкаси қуриган эди.
Халқ оммаси табиий офатдан: сув тошқинидан, такрорланиб турадиган қаҳатчиликдан, очарчиликдан, эпидемиядан азоб чекар эди. XVII асрнинг биринчи ярмида Хитой халк оммасининг ҳаёти доимо тўйиб овқат емаслик, одамхўрликкача бориб етган очлик, аҳоли ўлимининг авж олиши билан характерланар эди. Шу билан бирга XVII аср бошларида Хитойнинг халқаро аҳволи жуда ёмонлашди. Шимолда, Сунгари дарёси ҳавзасида яшовчи маньчжур қабилалари тахминан 1606 йилда бирлашди.1625 йилда манчжурлар Мукденни ва деярли бутун Ляодун ярим оролини босиб олдилар. 30- йилларда Корея маньчжурларга вассал қарам булиб қолди.Маньчжурларнинг Хитойдаги шимолий вилоятларга хужум қилишлари одат бўлиб қолди. Мин хукумати манчжурларга зарба беришга қодир эмаслигини кўрсатди. Бу эса халқ оммасининг бошига янги кулфатлар келтирар ва уларнинг хаётини чидаб бўлмайдиган даражада жуда танг қилиб қўйган эди. Омманинг мавжуд режимдан норозилиги кучая бориб, оқибат натижада деҳқонларнинг жуда катта урушига айланди ва бу уруш Мин сулоласини халокатга олиб келди.
Do'stlaringiz bilan baham: |