Тарих факультети Тарих кафедраси битирув малакавий иш


Ёш бухороликларнинг мақсад ва вазифалари. Жадидчилик ва янги усул мактабларининг очиш йўлидаги фаолиятлари


Download 312 Kb.
bet4/10
Sana01.04.2023
Hajmi312 Kb.
#1315289
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10
Bog'liq
бухороликлар ташкило

2. Ёш бухороликларнинг мақсад ва вазифалари. Жадидчилик ва янги усул мактабларининг очиш йўлидаги фаолиятлари
Ёш бухороликлар жамияти янги махфий мактаблар очар ва болаларни ўқитиб, саводли бўлганларигни, Оренбург, Қозон, Уфа, Қрим ва Истанбулга ўқишга юборар эди. Жамият ва унинг аъзоларини савияси тўғрисида Айний бундай ёзади: “Фақат афсуски, жамият сиёсий маълумот руҳида тарбияланмаган эди ва Россия ишчилар ҳаракатидан хабарсиз эди”40. Ҳаммаси бўлиб 20 та аъзоси бўлган бу жамият ўз олдига қуйидагиларни вазифа қилиб қўйган эди:

  1. Кенг аҳоли оммаси орасида маориф ва турли хил адабиётлар тарқатиш.

  2. Исрофгарчилик ва бошқа ножўя урф-одатларга қарши кураш.

  3. Ҳукуматга қарши ташвиқот олиб бориш41.

Абдулла Бадрий ўзининг “Ёш бухороликлар бечора халқ ва деҳқонлар учун яхшими, ёмонми? ” номли рисоласида, ёшларнинг асл мақсадлари маҳаллий халқ аҳволини яхшилашга қаратилганлиги, бунинг учун ҳукумат билан муросага келиш йўли билан ҳаракат олиб бораётганликлари, фуқаролар орасида жамият аҳволини яхшилашга қаратилган турли чора-тадбирларни кўраётганликлари ҳақида ёзади42.
“1884 санаси Боғчасаройда бир мактаби усули жадидча қўймиш эдим, - деб ёзади Исмоилбек. – самараси умидимдан зиёда бўлди. Бир қанча мактаблар усулимни қабул ила ислоҳ ўлдилар. Кўп вилоятлардан усул кўрмакка келуб-кеданлар ўлуб, бу сояда ҳар тарафдан икки юздан ортиқ мактаблар усулимни қабул этдилар”43.
1893 йилда Гаспинский шогирди Мажид Ғанизода билан Туркистонга йўл олади. Самарқандни томоша қилади. У бошлаб берган “усули жадид” ҳаракати вақт ўтиши билан ўз натижаларини бера бошлайди. Россияда, Туркистонда бирин кетин янги усул мактаблари очила бошлайди. Исмоилбек ўз фикрларини қоғозга тушириб, уни рус ҳукуматига, нусхасини Туркистон генераол губернатори Н.О.Розенбахга жўнатади. Аммо кутилган натижа бўлмайди, у рад жавобини олади44.
Бухоро амири Абдулаҳадхон (ҳукмронлик йиллари: 1885-1910)га мурожаат этиб, янги усулдаги мактаблар очишга изн сўрайди45. Амир Абдулаҳадхон 1893 йилнинг бошида Россия зиёрати муносабати билан Боғчасаройга келиб Исмоил Гаспринский билан танишиб, узоқ суҳбатлашади ва уни Бухорога таклиф этади. Бу таклифни мамнуният билан қабул қилган Исмоилбек 1893 йилнинг май ойининг охирларида амир Абдулаҳадхон юборган фойтунга ўтириб, Бухорога ташриф буюради. Амирнинг Шаҳрисабздаги ёзги қароргоҳида меҳмон симимий кутиб олинади46.
Исмоилбек ташрифининг асосий мақсади, албатта Бухорода янги жадид мактабини очиш эди. Лекин у ўз мақсадига эриша олмайди47. Бунинг асосий сабаби, бу вақтга келиб, Бухоро амири Чор ҳукуматининг рухсатисиз, бирор масалани мустақил, ўзи хоҳлаганича ҳал этиш эркидан маҳрум эди. Тадқиқотчи олим У.Долимовнинг маълумот беришича, 1893 йили Исмоил Гаспринскийнинг Бухорога ташрифи чоғида Абдулаҳадхоннинг отаси шарафига “Музаффария” номида жадид мактаби очилган48.
Бухоро амирлиги Россия вассалига айланганидан сўнг XIX асрнинг иккинчи ярмида Бухорога Уралолди ва Волга бўйидан савдогарлик ва ҳунармандчилик қилиш мақсадида ўнлаб татарлар кўчиб келган. Исмоил Гаспринский Бухоро сафарида илғор фикрли татар зиёлиларидан мулла Низом Собитов (Низом Собитий) билан учрашган. Айнийнинг ёзишича49, 1883-1884 йиллардаёқ Бухоро зиёлилари “Таржумон” газетаси орқали тараққийпарварлик ғоялари ва янги усул мактабларидан воқиф бўлишган.
Унинг фикрича, 1907-1908 йилга қадар Бухорода фаолият кўрсатган янги усул мактаблари татарларга тегишли бўлган. 1900-1903 йилларда Бухорода татар ўқитувчилари томонидан янги усул макталари очилган50. Таниқли шарқшунос олим И.Умняковнинг қайд этишича, турли хил сабаблар билан, турли кўринишларда татарлар Ўрта Осиё ҳудудларига кириб кела бошлайди ва айнан улар Туркистонда очилган дастлабки жадид мактабларининг асосчиларидан бўлган.
Таъкидлаш жоизки, 1908-1910 йилларга қадар, яъни ёш бухороликлар томонидан “Тарбияи атфол” (“Болалар тарбияси”) ташкилоти тузилгунига қадар Бухородаги жадид мактаблари – татар мактаблари бўлиб, уларда татар миллатига мансуб муаллимлар дарс беришган51. XIX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Бухоро илм масканларининг ислоҳ этилишга зарурат туғилганлиги, дарс программаларининг қайта тузилишига ва кўриб чиқилишига олиб келган эди. Зеро миллий маърифат ва маънавият, тарих орқали ўсиб келаётган ёш авлодни онгини ўстириш керак эди. Асосий умид жадид мактабларидан эди, албатта. Жадид мактаблари эса, юқорида кўрсатиб ўтганимиздек, XIX асрнинг охирларида бармоқ билан санарли эди.
Бухоро амирлиги ҳудудида илк усули жадид мактабини ким очган? деган ҳақли савол туғилади. Айнийнинг эътирофига кўра, Бухорода илк янги усул мактабини 1900 йилнинг бошларида маҳаллий зийлилардан бўлган Мулла Жўрабой Пирмастий очган52. Олимнинг ёзишича, Мулла Жўрабой Пирмаст туманида (ҳозирги Бухоро тумани) туғилган. У Русиядаги янги усул мактабларини кўриб келиб, Бухоронинг Пўстиндозон (пўстин тикиш) гузарида янги усул мактабини очган53. “Мулла Жўрабой “4-5 ойда ҳар кимнинг саводини чиқараман деб” даво қилган бўлсада унинг сўзига одамлар эътибор бермадилар ва “тижоратдан зарар кўриб саргардон бўлибди” деб унинг устидан кулардилар. Бўрибой, Мирхон ва Қори Бурҳондек “Таржумон” газетасининг ўқувчилари одамларни бу мактабга ташвиқ ва тарғибот қилган бўлсаларда, бундан бирор бир натижа чиқмади”54.
Мулла Жўрабой туғилган жой хусусида турли хил фикрлар мавжуд. Бухоролик таниқли муаррих Мирза Салимбек (1850 -1930) ўзининг “Тарихий Салимий” асарида ёзишича, Мулла Жўрабой Вардонзеда (ҳозирги Шофиркон туманига тўғри келади) туғилган55. Атоқли давлат арбоби ва тарихчи олим Файзулла Хўжаев (1896-1938)нинг фикрича, Мулла Жўрабой Вобкент туманида туғилган56. Шуни ҳам эслатиб ўтиш керакки айни бир замонда яшаган уч муаллиф: Мирза Салимбек, Садриддин Айний ва Файзулла Хўжаевлар Мулла Жўрабойнинг туғилган жойини уч хил кўрсатиб ўтган. Шарқшунос олимлар А.Самойлович (1880-1938) ва И.Умняковларнинг ёзишларича, у Пирмаст туманида таваллуд топган ва Пўстиндўзон маҳалласида жадид мактабини очган.
Бухоро қозикалони Қози Мир Бадриддин “Таржумон” газетасини ўқиб, янги усул мактаби ҳақида билиб олган ва ўзининг яқинларидан бўлган Муҳаммад Аминжон Маҳдумни Мулла Жўрабойга шогирдликка берган57. Рус-Япон уруши (1904-1905) бошлангандан кейин Бухорода “Таржумон” газетасини мутолаа қилувчилари кўпаяди.
Газета орқали бухороликлар дунёда бўлиб ўтаётган турли воқеа ва ҳодисалардан хабардор бўлиб турганлар. Бадриддин Қозикалон ва домулло Икромчалар дарс жараёнида Таржумон газетасидан ҳар хил хабарларни болаларга таништириб борганлар. Айнийнинг қайд этишича, шу пайтдан бошлаб (1905 йилдан) Бухорода ҳам “жадид” ва “қадим” низолари бошланган.
Айний ўзининг “Қисқача таржимаи ҳолим” асарида шундай ёзади: “1905 йил Россияда юз берган революция Бухорога катта таъсир кўрсатди. Прогрессив ҳаракат, ислоҳотчилик ҳаракатлари кучая бошлади. Россиянинг турк ва татарлари “Таржумон” газетасидан бошқа, мажаллари йўқ эди, энди турли газета ва журналлар чиқара бошладилар. Турк ва татарларнинг ҳамма матьбуоти Бухорога ҳам тарқалиб, амирлик аҳолисининг (кўпроқ шаҳарликларнинг) фикрини, янги ғоялар билан чархлардаи, амирнинг ўрта асрчилик давлат бошқарув идорасию, муллаларнинг мутаассиблигига қарши ўз таъсирини ўтказарди. Ислоҳотчилик ғояларига албатта мен ҳам ҳамроҳ бўлдим ва биз лар мактаб ва мадрасани ислоҳ қилиш йўлида ташвиқот олиб борардик”.
1907 йил Бухорода татар Низомиддин Собитов (Собитий) ўз уйида қози Мир Бадриддин қозикалон рухсати билан татар тилида янги усул мактабини очади. Исмоил Гаспринский Низомиддин Собитийга жадид мактаблари учун мўлжаллаб ёзган, кейинчалик 27 марта қайта-қайта нашр этилган “Хўжаи Сибён” (“Болалар муаллими”) номли биринчи дарслиги асосида иш бошлашини тавсия этади. Ушбу дарслик 4 қисм, 27 “Алифбе” дарсидан иборат бўлган. Китобда фойдали маслаҳатлар, ҳикоялар берилган.
Н.Собитов татар болаларини ёш хусусиятларига қараб синфларга бўлган. Ўртача бир кунда 5 соат дарс, ҳар бир дарсдан сўнг 10 дақиқа танаффус жорий қилинган. Биринчи босқичда ўқувчиларга ҳарфлар ўргатилган. Агарда ўқувчи бир дарсни ўзлаштирмаса, иккинчисига ўта олмаган. Бу мактабга қозонлик татар Абдураҳмон Саидий ўқитувчиликка тайинланган. Дастлаб бу мактабда фақат 10-12 нафар татар болалари ўқиган. Тарихнавис адибнинг айтишича, Абдураҳмон Саидий 1930 йилдан Ўзбекистон Давлат Университетида адабиёт фанидан дарс берган58.
Россия империяси сиёсий агентининг 1911 йил 27 январида Ички ишлар вазирига ёзган 22-сонли хатида қайд этилишича, Бухорода илк янги усулдаги мактабни 1902-1903 йилларда татар миллатига мансуб Каипов исмли муаллим Россия фуқаролигидаги мусулмон болалари (асосан татар) учун ташкил этган, лекин у мулла Жўрабой мактаби сингари узоқ вақт яшамаган59. И.Умняковнинг ёзишича, Каипов янги усул мактабини Янги Бухоро (Когонда)да очган. Бу мактаб Бухорода савдо ишлари билан шуғулланувчи татарларга катта қизиқиш уйғотган. 1903 йилга келиб Бухорода 6 та янги усул мактаби очилган60.
1908 йилнинг ёзида Исмоил Гаспринский Бухорога келади ва янги усулдаги мактаби очиш масаласини кўтаради. У Бухоро тараққийпарварларидан Мирзо Муҳиддин Мансуров61, Мирхон Порсоев ва бошваларни Ойим саройида тўплаб, ўз қарашларига даъват этади. Ушбу мажлисда татар мактаби муаллими Низом Собитий ҳам қатнашади. Ушбу мажлис якунида, татар мактаби татарлар учун, бухоролик болаларга эса, ҳукумат тарафидан ташкил қилинажак мактаб учун муносиб бир бино сўралсин. У ердаги мактабни Исмоил Гаспринский номига “Исмоилия” деб номлашга қарор қиладилар. “Лекин, Исмоилбек буни қабул қилмай, марҳум амир (амир Музаффар – Т.Ф)нинг шарафига “Музаффария” деб номлашни муносиб кўрди”62 деб ёзади Айний.
Исмоилбек кетиш вақти амир Абдулаҳадга ва бошқа Бухоро маъмурларига янги мактаб ҳақида ўз тавсияларини беради. Айнийнинг эътирофича, Исмоилбекнинг ташаббуси ва ҳаракатидан бирор натижа бўлмайди, фақат татар мактаби Низом Собитов уйидан, бошқа татар вакили бўлган Холид Бурнашевнинг уйига кўчирилади ва бир қанча бухоролик болалар, бу мактабга қабул қилинади. Татар мактабига қабул қилинган ўқувчилар қуйидагилар бўлган: Мирзо Хайруллоҳ, Мирзо Муҳиддиннинг ўғли (Абдуқодир Муҳиддинов - Т.Ф), Мирзо Салим Мирзо Муқим ўғли, Қиличхўжа Усмонхожа ўғли, Мирзо Барот қори Ҳаёт ўғли, Мирзо Махдум Мирзо Набот ўғли.
Низом Собитийнинг татар мактаби Гавкушон маҳалласидаги Холид Бурнашев ҳовлисига кўчирилгандан сўнг, кўп ўтмай бу мактаб ҳам ёпилган. Архив ҳужжатларида келтирилган маълумотлар. Татар муаллими Холид Бурнашев уйида очилган янги усул мактаби мутаассиб руҳонийлар тазйиқи билан Қўшбеги Остонақулбий томонидан ёпилган.
“1326 йил ҳижрийда, шаввал ойи ўнида ( 1908 йил октябрда ) Бухоро шаҳри ичида дарвозаи Саллоҳхона гузарида Мирзо Абдулвоҳид Мунзим уйида форсий тилида биринчи марта бухороликларга махсус усули жадида мактабини очдик”. Маърифатпарвар олим ўз фикрларини давом эттириб, ёзади: “Бу мактабда дастлаб ўқувчилар қуйидагилар эди: Абдураҳмонбек-Абдуллабек ўғли, унинг хизматкори Абдуғани, Афзал ва Акрам - Аҳмад махдум Ҳамдий ўғли, Муҳаммадамин - Саиджон махдум ўғли, Абдуқайим - Абдушукур ўғли. Иди қурбонгача, икки ой муддатда ўқувчилар адади (сони) 12 тага етди”63.
Ёш бухороликлар фаол аъзоларидан бўлган Усмон хўжанинг қариндоши Латиф хўжа томонидан Гавкушон маҳалласида янги мактаб очилади64. Шаҳар савдогарлари ҳомийлигида ишлаган ушбу мактаб 2 сифндан иборат бўлиб, синфда 3 та глобус, китоблар, парталар, доска, ўқувчиларга берилоадиган дафтарлар бўлган. Битта синфда бошланғич таълим олувчилар, иккинчисида эса олти ой таълим олганлар ўқитган. Дарсларни Усмонхўжа ва Мулла Ғулом Қодирали олиб борган. Дарслар Самарқандда нашр этилган форс-тожик тилидаги дасрликлар асосида олиб борилган. 30 кишидан иборат икки синф ўқувчиларининг барчаси Бухородаги бой савдогарларнинг фарзандлари бўлиб, улар тез ва тўғри ўқийдиган бўлишган. Мазкур мактабда тан жазоси қўлланилмаган.
Бухородаги расман иккинчи мактабни Мукомиллидин Бурҳонов очган бўлиб, унинг мактабида ўқийдиган ўқувчилар сони 40 нафардан ортиқ бўлган65. Бухородаги жадид мактаблари ичида Мукомиллиддин Бурҳонов мактаб ўзининг жиҳозланиши билан ажралибю турган, унда шиша қўйилган (ойналик) деразалар, темирда ясалаган печкалар мавжуд эди. Янги ўқувчилар қабул қилиши, синфдан синга кўчириш, мактабни битириш қатъий тартибда бўлган, ўқучилар билимини баҳолаш 6 йиллик тизим билан амалга оширилган, имтиҳонлар ташкил этилиб, тарғибот учун ошкора, намойишкорона тарзида ўтказилган66.
Учинчи мактабни Мулло Ҳомидхўжа Бозори Нав гузарида67 ўқитувчи уйида очган, унда 32 нафар ўқувчи бўлиб, дарслар рус тилида олиб борилган. Ўқитувчи Мулла Вафо дарсларни Граменнцкий дасрлиги асосида олби борган. Кўп ўқувилар олти ойда рус тилида равон ёзиб ва ўқиб билган. Айрим жадид мактабларда, масалан, Усмонхўжа Пўлатхўжаев, Ҳамидхўжа Меҳрий мактабларида бир неча ўқитувчи ишлаган, шунинг учун педагогика кенгаши фаолият кўрсатган, танаффус пайтида ўқитувчилар навбатчилик қилишган68.
Мактаблар кўпинча унинг ташкилотчилари томонидан таъминлаб турилган, айрим ҳолларда, уларга бой-бадавлат кишилар ҳомийлик қилиб туришган69. Булардан ташқари, мактабларнинг таъминоти ота-оналар томонидан бериладиган ўқиш пули ҳисобидан ҳам йўлга ўйилган. Масалан, Миррзо Абдулвоҳида ва Айнийлар ташкил этган мактабда ўқиш пули ойига 3 сўмни ташукил этган. Ўқувчиларнинг 15-20%и, асосан камбағалларнинг болалари бепул ўқитилаган. Шуни ҳам эътироф этиш лозимки, янги усул мактабида ўқиш пули эски мактабга нисбатан анча юқорироқ бўлган. Бу ўқув жараёнини ташкил этиш билан боғлиқ эди: эски маткбда 6-10 йил ўқилса, янги усул мактабида 4 йил ўқитилган.
Жадид мактаблари икки босқичда ташкил этилган. Биринчи босқич “ибтидоий” (бошланғич), иккинчи босқич “рушдия” (ўрта) деб аталади. Уларда қуйидаги тартибда таълим-тарбия олиб борилган: “Биринчи босқич – Ибтидоий қисм. Бунда таҳсил муддати 4 йил (1-4 синфлар)
- унинг биринчи йилида форсча, арабча ёзув ва ўқиш ўргатилган. Суралар ёд олинган. Ҳисоб илми ўргатилган.
- иккинчи йилида ҳафтияк, иймон ва эътифод дасрлари, туркий, форсий ва арабий тилларида шеърлар ўқитилган.
- учинчи йилида Қуръони карим, иймон, ислом ибодати, тажвид (қироат илми) Саъдий Шерозийдан насиҳатлар (ахлоқ илми), туркий ва форсий тил (тилшунослик илми) ўргатилган, ундан иншолар ёздирилган. Ҳисобдан турли тақсимий ва иш юритиш каби зарурий жиҳатлар ўқтилган.
-тўртинчи йилда эса, Каломи шариф тафсири, муфассал тажвид. туркий ва форсий тилида назму наср (адабиёт), туркий ва форсий тил, ҳисоб, тарих, жўғрофия фанлари ўқитилган.
Бухоронинг жадид мактабларида товушли ўқитиш билан бирга, арифметика, география, табиатшунослик (қаттиқ асос, газ, ҳаво, иссиқ, совуқ), табиий билим асослари (шу жумладан, минералогия ва анатомия) ўқитилган. Бухоро жадид мактабларида ўлик табиат (химия ва физика элемаеннгтлари) билимлари ҳам берилган. Тирик табиат асослари ўқитилмаган70.
1910-1911 йилларда Бухоро амирлигида янги усул мактаблари ўз фаолиятини имкон даражасида ривожлантира борган. Амирликда юзага келган ижтимоий-сиёсий вазият, амир ҳукуматининг олиб борган реакцион сиёсати, Бухородаги Россия Сиёсий агентлигининг таълим соҳасига муносабати, амир Абдулаҳадхоннинг вафоти ва унинг ўрнига ўғли Саид Олимхоннинг ҳокимиятга келиши, 1910 йилнинг январида бўлиб ўтган диний мазҳаблар ўртасида келишмовчиликларнинг (суний-шиа низоси) буларнинг барчаси ўз таъсирини кўрсатди. Расман рухсат этилган Мирзо Абдулвоҳид мактабининг ёпилиши билан ҳам мутаассиб руҳонийларнинг кўнгли жойига тушмаган эди.
Чунки Мунзимнинг мактаби ёпилгандан кейин 50 дан ортиқ ўқувчилар татар мактабига кириб ўқий бошлайдилар. Ушбу ҳолга чидай олмаган бухорлик дин пешволари - муллалар Бухоро ҳукуматига мурожаат қилиб татар мактабини ҳам ёпилишини талаб қиладилар. Аввалига Бухоро ҳукумати ҳам, Россия элчихонаси ҳам бу ишни ҳал қила олмади, чунки татарлар Россия фуқароси бўлиб, улар Бухоро ҳукуматига бўйсунмас эдилар. Ниҳоят, бир чорани топадилар: бухоролик болаларни ўқишга олмаслик шарти билан татар мактабини ишлашига рухсат этилади.
Мирзо Абдулвоҳид мактабининг ҳукумат томонидан ёпилиши, шунингдек, татар мактабининг ҳам ёпиб қўўйилиши Бухорода норозиликни келтириб чиқарган. Бухорода яшаётган татарлар ва янги усул мактаби тарафдорлари бўлган Ёш бухороликлар мактабларнинг ёпилиши хусусида шикоят мактуби тайёрлаб, уни И.Гасринскийга топширганлар. “Таржимон” газетасида бухоролик мулалар номига битилган очиқ мактублар ҳам эълон қилинади. “Русиядаги мусулмон газета ва мажалалар, узун маққолалар ёзиб, бухоро ҳукумати ва уламосини тўғри танқидлар қила бошлади.
Бухоронинг муллалари Амир Олимхонга мактуб ёзиб, янги усул макталарини ёпиш кераклигини айтиб, “Бохабар бўлинг, сизнинг подшоҳлигингизда нохушдик бўлмасин” деб мурожаат қиладилар. Шундан сўнг амир фармони билан Қўшбеги ва Қозикалон бошчилигида мавжуд бўлган янги усул мактабалрини очмаслик учун ўқитувчи ва она-онлардан тушинтириш хати олинади. Шундай қилиб ярим йил фаолият кўрсатган янги усул мактаблари иккинчи марта ҳам ёпилади. 1910 йилнинг январида бўлиб ўтган шиа-суний можароси тинчланиб, амирликдаги ички вазият бирмунча барқарорлашади. Ушбу можароларга сабабчи деб топилган Остонақулбекнигнг ўрнига Мирза Насруллобек Бухоро амирлигида қўшбеги лавозимини эгалайди.
1911-1912 йилларда Бухоро амири Сайид Олимхон томонидан мактаб, маориф ишларига оид айрим тадбирлар амалга оширилади. 1911 йилнинг бошларида амир билан Бухоронинг энг йирик савдогарларидан бўлган К.Азизов ва Ж.Арабовларнинг учрашуви бўлиб ўтади. Учрашув да бошланғич мактабларга кўпроқ эътибор бериш масаласи кўтарилади71. Амир томонидан амалга оширилган тадбирлардан бири – мавжуд кичик-кичик (баъзан 3-4 нафар ўқувчидан ташкил топган) мактабларни йирикроқ қилиб бирлаштирилиши, мактаб ўқитувчилари учун хазинадан маош тайинланиши бўлиб, бу соҳага озроқ бўлса-да ҳукумат томонидан эътибор қаратилганлигидан далолат беради72.
Амир томонидан мактабларга эътибор қаратилган бўлсада, бу мактабларга дарс берувчи муаллимларнинг бесаводлиги, шарт-шаротиларининг тўғри ташкил қилинмаган эди, бунинг устига янги усул ўқиштиш қонун-қоидаларидан кўпчилиги бехабар эдилар. Шунинг учун ҳам ўқитувчиларга маош тайинланиши. Улар фаолиятини назорат қилиш учун тафтишчи ҳам унчалик самара бермаган. “Бир неча фурсат ўтиб, мактабдорлар ўртамиёна муфаттиш (тафтишчи) лар бир-бирларини топдилар. Бир нваи қилиб масҳатни бир жойга қўйдилар. Мактаблар асли ҳолича қолди. Кетгани ҳукуматининг пули бўлди. Бекордан бекорга мактабдорлар чўнтагига кетди. Яъни фарёдларимз ва жаноби олий ташаббуслари зоеъ кетди”73.
Ёпилган татар мактаби яна гавкушон гузарида очилади. Абдураҳмон Саъидийнинг ўрнига татар миллатидан бўлган Исмоил Галлиев муаллимликка чақирилади. Унинг ўзи ўғил болаларга, хотини эса қиз болаларга сабоқ бера бошлайди. Аммо руҳонийларнинг қутқуси билан қўшбеги Насруллобек татар мактабига бухороликларнинг болалар бормаслиги тўғрисида қарор чиқаради. Гавкушон маҳалласида, Ҳовузи Арбоб гузарида мактаблар ишлай бошлайди. Пойи Остона гузарида русча ва мусулмонча мактаб очилади. Хиёбон гузарида Мирза Исмоилнинг укаси томонидан катталар учун савод чиқариш мактаби ташкил этилиб, унда хат-савод ўргатиш, ҳисоб ва географрия ўқитилади.
Бухоро шаҳрининг Мор Кушон ва Хиёбон гузарларида очилган мактабларни шаҳарнинг бой савдогарлари таъминлаб турган. Мактабларда ўртаҳол ва камбағал кишиларнинг фарзандлари ҳам таълим олган. Шайх Абулқосим ва Шайх Мирзо Ҳабиб каби тажрибали ўқитувчилар ҳам мазкур мактабларда ишлаган. Улар кўп йиллар давомида Яқин Шарқ мамлакатларда бўлиб, янги усулда ўқитишнинг сир-асрорларини пухта ўзлаштириб келган эди. Абул қосим мактабидаги ўқувчилар сони 300 нафардан ортиқ бўлиб, ўқув икки сменда олиб борилиб, дарслар Эронда нашр этилган дарсликлар асосида олиб борилган.
1912-1913 йилларда Бухоро шаҳрида мулло Абулқосим, Мукомилиддин махсум, Ғиёс махсум Ҳусайн74 томонидан яширин мактаблар очилиб, уларда 100 да ортиқ болалар ўқишган75. Мактабларни услубий таъминотида ҳам ўзгариш кузатилади. Бошланғич синфлар учун дарсликлар яратилиб, унда ҳафрни ўргатиш, Қуръони каримни ўрганиш қоидалари, шариат тўғрисида маълумотлоар берилади.
1914 йилда Бухорода ном чиқарган, машҳур Усмонхўжанинг мактабида 200 нафар, Эшон ҳомидхўжанинг мактабида (Бозори нав гузарида) 100 нафар, Мулла Вафонинг мактабида 80 нафар ўқувчи таълим олган. Булардан мулла вафонинг мактабида дарслар рус тилида олиб борилган. Мактабларда дарслар аниқ дастур асосида олиб борилмаган. Масалан, энг машҳур бўлган Усмонхўжанинг мактабида аниқ дастур бўлмаган, болалар хат-саводни чиқариб, арифметик тўрт амални ўрганган, “Ҳафтияк” орқали Қуръонни ўрганган.
Рус тилидаги мактабга асосан, савдогар, тижоратчиларнинг болалари борган. Янги усул мактабларининг кўпчилигида майда савдогар ва камбағалларнинг болалари таълим олишган. Бунинг асосий сабаби – ҳукумат томонидан жадид мактабига тазйиқ ўтказилиш эди. Шу боисдан бой табақа янги усул мактабидан хавфсирар эди.
Бухорода ташкил янги усул мактаблари фаолиятини таҳлил этиш шуни кўрсатадики, ушбу мактабларда таълим-тарбия жараёни қатъий режа асосида олиб борилмаган. Одатда дарслар тегишли мактаб раҳбари, ташкилотчиси ва муаллимлари томонидан тузилган ўқув режаси ва дарслик асосида олиб борилган. Янги усул мактабларида дунёвий фанлар ҳам, диний фанлар ҳам ўтилган. Дунёвий фанларда физика, кимё, геометрия, география, арифметика, айри мактабларда рус тили ҳам ўқитилган
Янги усул мактаблари нафақат Бухоро шаҳрида, балки амирликнинг кўплаб беклик ва туманларида ҳам фаолият кўрсата бошлайди. 1908-1912 йилларда Каркида татар болалари учун мактаб, рус тилини ўрганувчилар учун тўгаракалар очилиб. Кутубхонадлар ишга тушади. Қори Йўлдош Пўлотов, Фазлиддин Махзум, Ҳожи Жўрақул, Абдуфаттоҳжонлар бу жараёнда фаол иштирок этишади. Амирликнинг Шаҳрисабз беклигида Исломқул тўқсоба ўз уйида янги мактаб очиб, унда ишлаш учун Тошкет ва Самарқанддан бир неча муаллимларни таклиф этган. Ушбу муаллимлар томонидан кейинчалик бир неча мактаблар ташкил этилган.
Амирликнинг Ғиждувон туманида Абдулҳаким хўа бир неча янги усул мактабини очишгамуваффақ бўлади. Унинг ўзи очган мактаби учун дарсликлар ёзган, ёши катталар учун кечки макталар ташкил этилган. Қоракул туманида амлокдор Ғулом Қодир билан Қози Икром бир неча мактаб очиб, ўз болаларини ва хоҳ\ловчиларнинг болаларини ўитишни ташкил этган. Бу ерда Сулаймонхўжа томонидлан газета таралиб, китоблар келтирилиб, кутубхона ишлари ҳм йўлга қўйилган. Шофиркон ва Вобкент туманларида ҳам мактаблар ташкил этилиб, татар муаллимларидан фойдаланилган.
Биринчи жаҳон уруши йилларида Бухорода янги усул мактабларининг сони анча кўпаядаи. Бундан хабардор бўлган Қўшбеги мактаб ўқувчиларини чақириб, мактабни ёпишни буюради, янги усул мактьаб ўқитувчиларини амир ва подшо ҳукуматининг маъмурлари таъқиб остига олади. Эски таълим усулининг бузуқлиги ва Бухоро мадрасаларидаги тартибсизликларни билган ҳамда амирга хизмат қилишни хоҳламаган Айний кўп ўтмасдан, бу ишни тарк қилади ва ўз ижоди билан шуғулланади. 1912-1913 йилларда Бухоро шаҳрида Мулла Абдулқосим, Мукаммалиддин Махсум, Ғиёс Махсум Ҳусайнлар яширин мактаблар очиб, уларда 100 нафардан ортиқ бола ўқиган.
Ёш бухороликлар ораси энг истеъдодлилардан бўлган Фитратнинг адабий мероси, шоирлик истеъдоди ва унинг Бухоро адабий ва илмий муҳитида тутган мавқеи алоҳида аҳамият касб этади. Айний “Бухоро инқилоби тарихи учун материаллар” номли тарихий асарида Фитратнинг жадидчилик фаолияти, маориф ва маданият соҳасида олиб борган ишлари, сиёсий-ижтимоий қарашлари шунингдек, унинг “Мунозара”, “Сайёҳи ҳинди”, “Раҳбари нажот”, “Оила”, “Сайҳа”, ва “Мусулмонони Дор-ур-роҳат” каби илмий тадқиқотлари тўғрисида муфассал маълумотларни келтириб ўтиб, уни эҳтиром ва самимият билан тилга олади76.
1914 йилга келиб Бухородаги барча янги усул мактаблари каттиқ қаршиликка учрайди. Амирликнинг ўта мутаассиб руҳонийлари жадид мактаблари хусусида шундай фатво бекришади: “У (жадид мактаби) шариатга қарши. Биринчи йилда ўқувчилар газета ўқийди, иккинчи йилда озодлик талаб қитлади, учинчи йилда эса олий ҳазратларини тахтдан ағдаради”77. Амирликнинг чекка ҳудудларидаги янги усул мактаблари ҳам тазйиққа учрайди. Масалан. Қоракўлдаги амалдор Ғулом Қодирнинг мактаби ҳам 1914 йилда амир фармони билан ёпилади.
1914 йилнинг 5 июлида амирнинг фармони билан Бухородаги барча жадид мактаблари ёпилади, уларнинг кўзга кўринган раҳбарларидан бир фисми шаҳрадан чиқариб юборилади, яна бир исмига қфаттиқ огоҳланьтириш берилоади. Шунингдек тўгарак тузиш, газета ўқиш ва уни муҳокама қишил ман этилади78. Шундай қилиб, 1914 йилнинг иккинчи ярмида Бухорода фаолият кўрсатиб келган барча янги усул мактаблари амирлик ҳукумати томонидан ёпиб қўйилади. Аммо бу расмий жиҳати бўлиб, амалда ёпилган тўрт мактаб ўрнига муаллим, ўқитувчиларнинг уйларида 45 норасмий, яширин мактаблар ўз бошлайди79.
Яширинча ва норасмий равишда фаолият кўрсатаётган мактаблар сони ортиб борган. Ўзига тўқ, бой-бадавлат оилалар ўз уйларида индивидуал шаклда ўқитишни ташкил эта бошлаган. Чунки Бухорода янги усул мактаблари ўзларининг самарали ва фойдали эканлигини амалий жиҳатдан халқ олдида исботлаб бўлган эди. Ана шундай вазиятда болаларни европача усулда 4 йиллик бошланғич мактабда ўқитиш ғояси туғилади ва Россиянинг Бухородаги Сиёсий Агентлигига имзосиз илтимоснома юборилади. 1914-1915 йилларда, янги усул мактабларининг ёпилиши амалдаги ҳокимиятнинг жадидлар томонидан илгари сурилаётиган маърифий ғояларини амалга оширишга йўл бермаслигини кўрсатиб берди. Жамиятда ўзгаришлар бўлишги учун сиёсий ҳокимиятни ўзгартириш зарур эди80. Бу йилларда жадидчилик инқирозни бошидан кечирди.
Ёш бухороликлар томонидан Бухоро амирлигида ташкил этилган янги усул мактаблари фаолиятини жонлантириш, уларнинг услубий таъминотини яхшилаш, дарсларни самарали ташкил этишда Туркистон жадидлари яқиндан ёрдам беришган. Айниқса, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдуқодир Шакурий, Сиддиқийларнинг таъсири ва ёрдами катта бўлган.

Download 312 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling