Тарих факультети Тарих кафедраси битирув малакавий иш
Ёш бухороликларнинг сиёсий ва ислоҳотчилик ҳаракатлари
Download 312 Kb.
|
бухороликлар ташкило
4.Ёш бухороликларнинг сиёсий ва ислоҳотчилик ҳаракатлари
1917 йилдан бошлаб Ёш бухороликлар. маърифатчиликдан сиёсат соҳасига ўтдилар. Ёш бухороликлар амирлик тузумини ислоҳ қилиш тўғрисида дадил фикрлар билан майдонга чиқишди. Бу ишларда А.Бурҳонов, А. Ҳамдий, Мирзо Сирож Ҳаким фаоллик кўрсатишди. Бироқ уларнинг маърифатпарварлик интилишлари аввал амир Абдулаҳад, сўнгра унинг ўғли Олимхон томонидан катта қаршиликка учради. 1917 йил февраль инқилоби Ёш бухороликлар ичида кучлар нисбатининг қайта гурухланишини тезлаштирди. Энди, уларнинг асосий мақсадлари мавжуд бўлган амирлик тузуми доирасида, эскича бошқарув идорасида кенг ислоҳотлар ўтказиш орқали ҳукуматда Ёш бухороликларнинг фаол аъзоларидан мукаммал ассамблеяни тузиш, шунингдек, маҳаллий халқ аҳволини яхшилаш, солиқларни камайтириш, мактаб ва мадраса таълими тизимида жиддий ўзгартиришлар ясашдан иборат эди. Бу ҳақда Абдулла Бадрий қуйидаги фикрларни келтиради: “Ёш бухороликларни ким эканликларини билиб ва англаб қолинглар! Ёш бухороликларнинг бир неча мақсадлари шулардурки, мамлакатни ҳар нав идораларини ислоҳ қилиб, ҳар бир ишнинг бошига ишлатилмак ва иш била турган тўғри ва ҳаққоний одамларни таъин қилмоқ ва ҳозирги золим ва порахўр ҳукмдорларни бекор қилмоқдур, токи мамлакатда, жабр – зулм ва адолатсизликлар йўқ бўлсин”103. Аста-секин ислоҳ қилиш тарафдорлари бўлган жадидларга Абдулвоҳид Бурҳонов, ислоҳот соҳасида фаол ҳаракатларни қўлловчи, нисбатан оз сонли ёш жадидларга Фитрат етакчилик қилди. Ёш бухороликлар Петрограддаги Муваққат ҳукуматга амирликда демократик ислоҳотлар ўтказишни сўраб, 2 марта телеграмма юборди, Фитрат ва У.Пўлатхўжаев Петроградга жўнатилди. Улар Россиядан махсус комиссия келаётгани сабабли Оренбургдан Бухорога қайтишди. Рус резиденти А. Я. Миллер Бухорода У. Пўлатхўжаев, А. Бурҳонов ва бошқалар билан учрашиб, Ёш бухороликлар талаблари билан қизиқди. Ёш бухороликлар ва маҳаллий халқнинг кўпдан бери орзиқиб кутган ислоҳот фармонини эълон қилиш куни етиб келади. 1917 йил 6 апрель пайшанба куни Насрулло қўшбеги томонидан қозикалон, раис, уломалар, ҳарбий бошлиқлар ва қирқ нафарга яқин савдогарларни жума куни соат ўнда Аркка ҳозир бўлишлари ҳақида хабар қилинади. 1917 йил 7 апрелда Бухоро амири Саид Олимхон Миллер ва унинг ёрдамчиси бўлган Шульга томонидан тайёрланган ислоҳот фармони бош қози Шарифжон Махдум Садри Зиё томонидан амирнинг қабулхонасида ўқиб эшиттирилади. Ёш бухороликлар янги усул мактаблари очиш, матбуотга эркинлик бериш, халқ ҳукумати тузиш талабларини илгари сурди. Бухоро амири Олимхон Миллер ва унинг ёрдамчиси Шульга тузган манифест матнини айрим тузатишлар билан фармони олий тарзида эълон қилди (1917 й.7 апр.) Мажлис иштирокчилари орасида ва Бухоро аҳолисининг ушбу ислоҳот фармони билан табриклаш мақсадида Самарқанддан машҳур тараққийпарвар Муфти Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам иштирок этади104. Амир Олимхон ислоҳот фамонида шундай дейилади: “Барча фуқароларимизнинг манфааат ва хайриятларини эсга олиб, кўпчиликнинг ризоси ва миллатнинг тилаги билан бошлаб иқдом қиламизким, бизнинг ҳукумат идораларимиз кенг ислоҳот ва тартиб юзасидан ижро топиб, бурунги ишлар ва ўзбошимчалик ҳаракатлар йўқолсин. Биринчи ишимиз қозихоналар, хирож, закот ва бошқа подшоҳлик солиқларининг ислоҳи бўлиб, санойи ва тижорат билхосса Русия давлати билан бўлатурган тижоратимизга тараққий бермоқдир. Амалдорлар ва давлатхона ҳамкорларининг ҳар бирига муайян бир миқдор ойлик тайин қилиб, уларнинг ўғрилиқ билан иш қилишларини назорат қилмоқ учун махсус муфаттиш тайин қилинади”105. Шунингдек, амир ўз фармонида шахсий хазинасидан алоҳида бўлган давлат хазинасини таъсис этишга ва давлат эҳтиёжларига киришар ва чиқимлар аниқ ҳисоблаб борилувчи бюджетни белгилашга ҳам ваъда беради. Ана шу мақсадда пойтахтда истиқомат қилувчи маърифатли ва ўқимишли, зиёли кишилардан “ассамблея” тузувчи “миллатни”ни сайлашни ҳам мўлжалланган. Манифест қуруқ ваъдаларсиз ҳаммабоп жумлалар билан тузилган бўлсада, жадидлар сафига катта ғулғула солади. Ёш бухороликлар раҳнамолари кейинги ҳаракатлар борасидаги фикр мулоҳазаларида сўзни бир жойга қўя олмадилар. Бошқалар, анча радикал ҳисобланган ислоҳ соҳасида қатъий ва фаол ҳаракатларни қўлловчи Ф.Хўжаев, Фитрат ва Усмонхўжалар янада чуқур ислоҳотлар талаб қилиб, зудлик билан намойиш ўтказишга даъват этадилар. Ёш бухороликлар Лаби ҳавуз, Кўкалдош мадрасаси, Чорбахосса, Заргарон майдони каби Бухоронинг машҳур ва кенг ўринларида ислоҳот фармонини муҳокама қиладилар106. 1917 йил 8 апрелда шанба куни “Баракат ширкати” магазини олдида ёш бухороликлар намойиш ўтказиш учун тўпланадилар. Бунда ёш бухороликлар билан бирга маҳаллий аҳоли ва бир қанча ёшлар қўлларида байроқ кўтариб амирга ўз ташаккурларини билдириш учун йиғиладилар. “Лекин – деб ёзади, Айний – “Баракат ширкати” магазини ичида намойиш ўтказиш масаласи устида ҳамон жанжал бормоқда эди. Когонга борган намояндалар намойишга Миллернинг рози бўлмаганлигини англатдилар. Лекин, кўпчилик ҳеч бир сўзни тингламас, ҳар нима бўлса ҳам намойиш қилмоқчи эдилар”. Ушбу воқеаларнинг бевосита иштирокчиси бўлган Ф.Хўжаевнинг айтишича, Фазлиддин Махдум, Муҳиддин Рафъат, Мирзашоҳ, Мирза Изатулло, Садриддин Айний, Ҳамидхожа Меҳрий ва айримлар намойиш ўтказишга қарши бўлганлар сафида турган. “Ташкилотнинг кўпчилиги бизнинг таклифимизга қўшилганлигидан намойиш бўлди”107. Ёш бухороликларнинг Фитрат, Файзулла Хўжаев ва Усмон Хўжаев бошчилигидаги сўл қаноти фармон эълон қилинган куннинг эртасига Бухоро шаҳрида катта намойиш уюштирди ва Регистонда митинг ўтказди. Намойиш ўтказишда тўпланган ёшларнинг аксарияти 15-20 ёшдагилар бўлган. Намойишчилар Нўғой саройи олдига борган паллада кавказликлар ва яҳудий ёшлари ҳам уларга қўшилиб, байроқ кўтариб чиққан. Намойишчиларнинг байроқларида “Яшасин Амир Олимхон”, “Яшасин ислоҳот”! каби шиорлар остида халқни намойишга дават этганлар. “Намойишчилар “Гавкушон – Ғозиён” йўли билан Хиёбон тарафига қараб борганда, намойишга мингларча киши қўшилиб, халқнинг, хусусан, ёшларнинг ҳиссиёти фавқулодда бир суратда қўзғалган эди. Намойиш туби тамом бир байналминал тусни олган, ўзбек, тожик, эронлик, кавказлик, татар, яҳудийлар байроқ остида тўпланган, бир-бировлари билан кўришмоқда, бир-бировини табрик қилмоқда эдилар”108. Намойишчиларга қарши мутаассиб руҳонийларнинг катта ҳаракат ва қўзғалишларига сабаб бўлади. Ислоҳот масаласи майдонга чиққандан бошлаб дин пешволари, айрим ҳукумат амалдорлари жадидларга қарши аксулҳаракатга жиддий тайёргарлик кўрган. Унинг фикрича, 1917 йил 8 апрелда кўтарилган Ёш бухороликларнинг намойишига қарши собиқ қозикалон Бурҳониддин аксулҳаракат тайёрлашнинг бош ташкилотчиларидан бўлган. Ф.Хўжаевнинг айтишича, намойишчилар Регистонга қараб йўналганларида, уларга қарши муллалар томонидан 7-8 минг қора гуруҳлар ташкил қилинганлиги, амирнинг пиёда ва отлиқ аскарлари; пиёда аскар – 200, отлиқ аскар – 300 тайёрланиб турганлигини айтади. “Уларнинг нима мақсад билан чиққанлигини маълум эмас”109 деб ёзади. Айнийнинг таъкидлашича, апрел намойишида тақрибан 5-8 минг одам иштирок этган. Улар қушбегининг буйруғи билан Ҳожи Мирбобо Муҳсинзода ва Садриддин Айнийлар 75 таёқ, Мирзо Назрулло эса 150 таёқ билан калтакланиб, Обхонага қамалган. Мударрис Абдураҳимхон ва Атоулла Хўжаев ўзларини рус фуқароси эканликларини айтиб, жазодан қутулиб қолади. Бухородаги апрель воқеалари ёш бухороликлар фирқаси учун сергаклантирувчи сабоққа айланди. Маърифатли ва ислоҳотпарвар ҳукмдор сифатида тасаввур этилган Амир Саид Олимхонга бўлган эътиқодлари абадий кўмиб ташланди. Ислоҳотлар бошланмасдан олдин тўхтатилди. 1917 йил 8 апрелда юз берган катта намойиш ёш бухороликлар орасида ҳам тарқоқлик ва турғунликка олиб келди. Озодликда қолган ёш бухороликларнинг кўзга кўринганлари аксулҳаракатчилар қўлидан узоқроққа яшириниш учун Когон, Чоржўй ва Термизга қочишга мажбур бўлишди. 1917 йил 14 апрелда амир ўз фармонини бекор қилди. Ёш бухороликлар энди амир ҳокимиятига қарши яширин кураш йўлига ўтди. Улар Бухоро шаҳрини тарк этишга мажбур бўлди ва Янги Бухоро (Когон)га келиб ўрнашди. Когонда улар сафига Бухородан аввал чиқиб кетган йирик савдогар Муҳиддин Мансуров ўғиллари (Абдулқодир, Амин, Исом Муҳидцинов) ва бошқалар билан келиб қўшилди. 1917 йил апрель вокеалари Ёш бухороликлар партияси ичидаги бўлинишни чукурлаштирди ва унда А. Бурҳонов бошчилигидаги ўнг қанот вақтинчалик устун келди. Кейинчалик Ёш бухороликлар партиясидан қисман ислохотлар ўтказиш тарафдори бўлган жадидларнинг уламолар билан боғланган Икром домла бошчилигидаги гуруҳи ажралиб чикди. Ёш бухороликлар сафидан йирик сармоядорлар чиқиб, унга кўпроқ шаҳар камбағаллари кирди. 1917 йил октябрь — ноябрь ойларида Петроград ва Тошкентда содир бўлган воқеалар Бухоро амирлигида катта акссадо берди.Тошкент ва Фарғонадаги жадидлар Туркистонда мухторият эълон қилиш учун ҳаракат қилган бўлса, Ёш бухороликлар Бухорода амирнинг истибдод тузумига карши курашни давом эттирди. Ёш бухороликлар партияси ичида турли гуруҳларнинг борлиги, карашларнинг хилма-хиллиги туфайли ягона дастур тузишга эҳтиёж туғилди. Марказий қўмита бу вазифани 1917 йил ноябрда Фитратга топширди. Фитрат бу пайтда Самарқандда чиқаётган «Ҳуррият» газетасининг бош мухаррири эди. Марказий қўмита Фитрат томонидан 1918 й. январида ёзилган Ёш бухороликлар партиясининг дастурини тасдиклади ва ислоҳот лойиҳаси сифатида эълон қилди. Унда мамлакатда конституциявий монархия ўрнатиш, Бухоронинг иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий мустақиллигини таъминлаш, маданий тараққиёт, деҳқончилик ва солиқ тизими масалаларига алоҳида эътибор берилди, замонавий армияни ташкил этиш, 2 йиллик мажбурий харбий хизматни жорий қилиш, давлат ҳисобидан мактаблар ва олий ўқув юртлари очиш, 10 нозирликдан иборат Нозирлар кенгаши тузиш таклиф этилди. Файзулла Хўжаев Фитрат лойиҳасининг анча чекланганлигини танқид қилиб, унда бошқарувнинг республика усулини жорий этиш талаб қилинмаганлигини таъкидлади. Октябрь тўнтаришидан кейин совет Россияси билан Бухоро ўртасидаги муносабатлар ёмонлашди. Қўқон шаҳрида фаолият кўрсатаётган Туркистон Мухторияти ҳукуматини қизил аскарлар ва арман дашноқларининг қуролли кучлари ёрдамида 1918 йил 19—12 февралда агдариб ташлаган большевиклар энди Бухорода бир зарб билан амирлик ҳокимиятини ҳам тугатмоқчи эди110. Улар шу мақсадда Файзулла Хўжаев бошчилигидаги Ёш бухороликларни қўллаб-қувватлашди. Ёш бухороликлар эса ўз кучлари билан ҳукуматни қўлга ололмасди. 1918 й. февраль ойининг охирида Туркистон ХКС раиси Ф. И. Колесов Ашхободдан Тошкентга кайтаётганда Когон шаҳрида Ёш бухороликлар рахбарлари билан учрашиб, амир ҳокимиятига қарши курашда ўз «хизмат»ини таклиф қилди. Ёш бухороликларнинг 7 кишидан иборат инқилобий қўмитаси (раис—Файзулла Хўжаев) тузилди. Ана шундай мураккаб бир вазиятда Бухорода 1918 й. март фожиалари содир бўлди (Колесов воқеаси). Оқибатда 3 мингдан ортиқ Ёш бухороликлар ўлдирилди. Бухородан ташқари Ғиждувон, Шофиркон, Вобкент, Қоракўл туманлари ва Чоржўй, Хатирчи, Кармана, Қарши, Шаҳрисабз бекликларида ҳам минглаб кишилар жадидлиқда ноҳақ айбланиб, қатл этилди. Ёш бухороликлар амирлик ҳудудидан дархрл чиқиб кетишга мажбур бўлди ва Туркистон республикасидан сиёсий бошпана сўради. Совет Туркистони раҳбарлари Ёш бухороликларга нохуш муносабатда бўдди. Муҳожирликдаги Ёш бухороликларнинг кўпчилиги очарчилик натижасида қирилиб кетди. Ёш бухороликлар партиясида ғоявий тушкунлик, гуруҳбозлик ва парокандалик юз берди. Муҳожирликнинг дастлабки даврида (1918 йил март—июнь) Ф.Хўжаев Ёш бухороликлар қўмитасининг раиси сифатида сафдошларини ишга жойлаштириш ва моддий жиҳатдан таъминлаш билан фаол шуғулланди. Тошкентда 1918 й. апрель-май ойларида У. Пўлатхўжаев бошчилигида Ёш бухороликларнинг сўл эсерлар гуруҳи ташкил топди111. Самарқанддаги шундай гуруҳга Отаулла Хўжаев раҳбарлик қилди (бу гуруҳ 1918 йил 25 сентябргача ишлади). Муҳожирликнинг 2 даврида (1918 йил ўрталаридан то 1919 йилгача) РСФСР ва Туркистон Миллатлар иши бўйича комиссарликлари кршида Ёш бухороликларнинг бўлимлари очилди, Файзулла Хужаев Туркистон республикасининг РСФСР ҳукумати ҳузуридаги мухтор ваколатхонасида Ёш бухороликлар партиясининг бўлимини ташкил қилди (1918 йил октябрь). Бухоро амирлигида демократик ғояларни тарғиб қилиш учун Ёш бухороликлар томонидан ойида 2 марта ўзбек ва тожик тилларида журнали Нашр этила бошланди. 1918 й. 16 ноябрда Москвада Ёш бухороликларнинг Туркистон МИКдаги мухтор ваколатхонаси йиғилишида Файзулла Хўжаев тайёрлаган дастур (программа) кабул килинди. Унда Бухородаги ижтимоий тузум ва халқ аҳволи ёритилди, Бухородаги амир ҳукуматини ағдариб ташлаш учун ташвиқотчи ходимлар тарбиялаш, Бухоро ва Туркистон халклари билан алоқа боғлаш, амирга қарши халқ кўзғолонини тайёрлаш ва унга раҳбарлик қилиш, қўзғолончиларни қуроляроғ билан таъминлаш масалалари кўзда тутилди. Ёш бухороликларнинг мақсади — Бухорода демократик халқ республикаси ўрнатиш, деб эълон этилди. 1919 йил ўрталарига келиб, Ёш бухороликларнинг Тошкент, Самарқанд, Мари, Карки, Каттақўрғонда бўлимлари ва Когонда шаҳар бюроси тузилди. Шу йил декабргача уларнинг 3 марта қурултойи чақирилди. 1920 йил январида Тошкентда Файзулла Хўжаев бошчилигида инқилобчи Ёш бухороликлар партияси Туркистон Марказий бюрюси ташкил этилди. 1920 йил 15 апрелдан Ёш бухороликлар партиясининг органи «Учқун» газетаси чика бошлади (мухаррир — Файзулла Хўжаев). У Тошкентда чоп қилиниб, Бухорода махфий равишда таркатилди. Инқилобчи Ёш бухороликлар партиясининг Туркистон Марказий бюроси 1920 йил 13— 14 июндаги бирлашган конференциясида Ф. Хужаев тузган дастурни кабул қилди. Дастур «Зулмга қарши бирлашингиз!» деган шиор ва кириш қисми билан бошланади. Бу қисмда Бухоронинг умумий аҳволи ва Ёш бухороликларнинг асосий мақсадлари, 2 қисмида эса Ёш бухороликларнинг амалий таклифлари, ислоҳот ва мамлакатни идора қилишни ташкил этиш режаси баён этилди112. Шариат—адлия ишларини олиб боришнинг негизи деб эътироф килинди. Дастурда амирликни қурол кучи биланн ағдариб ташлаш ва Бухорони демократик халқ республикаси деб эълон қилиш талаби қўйилади. Катта бойлар қўлидаги ерларни мусодара қилиш, бепул бошланғич таълим жорий этиш, ҳунармандчилик, ички ва ташқи савдонинг аҳволини яхшилаш йўлида амалий чора-тадбирлар кўриш зарурлиги таъкидланади. Марказий бюро Бухоро халқи ва аскарларига карата ўзбек ва тожик тилларида «Хитобнома» чиқариб, амир ҳокимиятини ағдариб ташлаш учун халқ қўзғолони бошлашга даъват қилди. 17.000 нусха хитобнома ва 10.000 нусха партия дастури таркатилди. Ёш бухороликлар ташкилотлари бутун амирлик ҳудуди бўйлаб тузилган, ҳатто Эски Бухорода унинг 12 шўъбаси мавжуд эди. Большевиклар Ёш бухороликлардан амирлик ҳокимиятини ағдаришда фойдаланди. Ёш бухороликлар ҳам тактик мақсадларни кўзлаган ҳолда большевиклар билан яқинлашди. 1920 йил 2 сентябрда Туркфронт қўмондони М. В. Фрунзе бошчилигидаги қизил аскарлар кескин жанглардан сўнг Бухоро ш.ни босиб олди (қ. Бухоро босқини). Амир Олимхон ҳокимияти ағдариб ташланди113. Халқ Нозирлар Шўроси, Инқилобий қўмита ва БКП МКнинг умумий йиғилишида (1920 йил 14 сентяюрь) 9 кишидан иборат Бутун Бухоро инқилобий қўмитаси (раиси—Абдулқодир Муҳиддинов) ва республика ҳукумати — 11 кишидан иборат Халқ Нозирлар Шўроси (раиси — Файзулла Хўжаев) тузилди (Бухоро Халқ Совет Республикаси). Ёш бухороликлар ўз ислоҳотчилик ғояларини янги ҳукуматдаги фаолияти давомида амалга оширишга ҳаракат қилди. Бухорода амирлик тузумини ағдариб ташлашдек ўз тарихий вазифасини бажарган Ёш бухороликлар партиясининг аъзолари 1920 йил 11 сентябрда умумий асосда Бухоро компартияси сафига кирди. Ёш бухороликлар партиясининг айрим аъзолари (Усмонхўжа Пўлатхўжаев, Абдулҳамид Орипов ва бошқалар) кейинчалик Бухородаги истиқлолчилик ҳаракати сафларига ўтиб, кизил аскарларга карши курашда катнашди. 1923 йил июнда Москванинг қатъий талаби билан Отаулла Хўжаев (ташқи ишлар нозири), Фитрат (маориф нозири), Саттор Хўжаев (молия нозири), Муинжон Аминов (Экосо раиси) ва бошқа собиқ Ёш бухороликлар лавозимларидан олиниб, Бухоро давлати ҳудудидан чиқариб юборилди. Ёш бухороликлар сафидаги жадидларнинг деярли ҳаммаси 30-йилларнинг ўрталарида қатағон қилинди114. Хулоса Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, Ёш бухороликлар 1910 – 1917 йилларда асосан маърифатпарварлик, янги усул мактабларини ташкил этиш, таълим – тарбия тизимини ислоҳ этиш учун курашган бўлсалар, 1917 йилга келиб бу ташкилот сиёсий тусга киради. Энди, уларнинг асосий мақсадлари мавжуд бўлган амирлик тузуми доирасида, эскича бошқарув идорасида кенг ислоҳотлар ўтказиш орқали ҳукуматда Ёш бухороликларнинг фаол аъзоларидан мукаммал ассамблеяни тузиш, шунингдек, маҳаллий халқ аҳволини яхшилаш, солиқларни камайтириш, мактаб ва мадраса таълими тизимида жиддий ўзгартиришлар ясашдан иборат эди. Бу ҳақда Абдулла Бадрий қуйидаги фикрларни келтиради: “Ёш бухороликларни ким эканликларини билиб ва англаб қолинглар! Ёш бухороликларнинг бир неча мақсадлари шулардурки, мамлакатни ҳар нав идораларини ислоҳ қилиб, ҳар бир ишнинг бошига ишлатилмак ва иш била турган тўғри ва ҳаққоний одамларни таъин қилмоқ ва ҳозирги золим ва порахўр ҳукмдорларни бекор қилмоқдур, токи мамлакатда, жабр – зулм ва адолатсизликлар йўқ бўлсин”115. аввало маҳаллий халқнинг сиёсий онгини ошириш, уларнинг маърифий ва маъний дунёқарашларини шакллантириш керак эди. Бу йўлда жадидлар томонидан янги усул мактаблари, турли яширин жамиятлар ташкил этилди. Лекин, бу мактабларга ҳам мутаассиб руҳонийлар ва айрим ҳукумат арбобларининг қаттиқ қаршилик кўрсатишлари билан ёпиб қўйилди, газета ва журналлар нашр этиш қатъиян ман этилди. Шунингдек, жадидларнинг яширин ташкилот ва жамиятларининг фаолиятларига тўсқинлик қилинди. Амирлик ҳукумати Ёш бухороликларнинг ҳар қандай фаолият олиб боришларига йўл бермади. 1917 йил апрель намойиши оқибатида Ёш бухороликлар қаттиқ жазоланиб, унинг қурбонига айландилар. Улар таниқли намояндаларидан айримлари Бухорони ташлаб муҳожирликка яшашга мажбур бўлишди. Жадидлар аҳолининг асосий қисми ўртасида таъсир ва кучга эга эмас эди. Халқ руҳонийлар таъсири остида бўлиб, исталган вақтда унинг даъвати билан жадидларга қарши қўзғалишлари мумкин эди. Шунинг учун, ўнг гуруҳ вакиллари бўлган С.Айний, Абдулвоҳид Мунзим ва бошқалар ниҳоятда ўйланган, эҳтиёткорона ҳаракатлар, инқилобсиз, айниқса, тўқнашувларсиз, аста-секин, босқичма-босқич ўтказиладиган ислоҳотлар тарафдори эди. 1917 йил Бухорода юз берган апрел намойишидан кейин Ёш бухороликлар бир-бирига зид бўлган икки оқимга – эскича фикрлайдиганлар, яъни ислоҳотларни босқичма – босқич ўтказиш тарафдори бўлганлар (Айний, Мунзим ва бошқалар) ва Фитрат бошчилигидаги қатъий сиёсий ҳаракатлар ўтказиш тарафдорларига (Ф.Хўжаев, Усмон Хўжаев) ажралади. Натижада, ўзаро келишмовчиликлар мавжуд бўлган бирлик юзага келди. Бу ҳолат эса келишиб олинмаган ҳаракатларга сабаб бўлди. Оқибатда, амир манифестини қўллаш учун ўтказилган тинч намойиш қувғин этилди ва жадидларга қарши қатағонлар бошланди. Ф.Хўжаев ана шу сўлчилар гуруҳига мансуб бўлиб, кейинчалик ҳам шу позицияда қолди. Ёш жадидлар кекса авлодлардан фарқ қилиб, очиқ чиқишлар тактикасини хато ҳисобламас эдилар116. Шуни тан олиш лозимки – деб ёзади жадидшунос олима, профессор Д.А.Алимова – ёш жадидларнинг вакилларига ҳурмат ва хайрихоҳлигимиз чексиз бўлсада, кейинги йилларнинг тарихий воқеалари шуни кўрсатдики, Абдулвоҳид Бурҳонов, Усмон Хўжаев, Муҳиддин Рафъат, Мусо Саиджонов, Садриддин Айний ва бошқалар вазиятни тўғри баҳолаганлар”117. Download 312 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling