Тарихий манбашунослик


Download 1.58 Mb.
bet133/175
Sana10.02.2023
Hajmi1.58 Mb.
#1186849
1   ...   129   130   131   132   133   134   135   136   ...   175
Bog'liq
manbashunoslik

13.2.6. “Дили ғаройиб
“Дили ғаройиб” ўзбек тилидаги гео-космографик хилдаги, кўп жиҳатдан умумлаштирма асар бўлиб, 1831-1832 йили хивалик олим Худойберди ибн Қўшмуҳаммад тарафидан Раҳмонқули иноқнинг топшириғи билан ёзилган. Муаллиф ўзини бир жойда Сўфизода деб атайди. Шунга қараганда, отаси Қўшмуҳаммад ибн Ниёзмуҳаммад Хива масжидларининг бирида сўфилик қилган ва Кубровия тариқатига мансуб бўлган.
Худойберди ибн Қўшмуҳаммад кенг маълумотли, араб ва форс тилларини яхши билган киши бўлиб, асосан таржимонлик билан шуғулланган. У асосан тарихий ва географик асарларни ўзбек тилига таржима қилиш билан шуғулланган. Масалан, у Шермуҳаммад Муниснинг топшириғи билан Шарафуддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарини 1823-1826 йиллари форсчадан ўзбек тилига қисқартириб таржима қилган.
“Дили ғаройиб” умумлаштирма асар, яъни Маҳмуд ибн Валининг “Баҳр ул-асрор” ва мавлоно Муҳаммад Тоҳирнинг “Ажойиб ут-табоқот” асарларига тақлид қилиб ёзилган ва унда аниқ маълумотлар кам учрайди. Ундаги Хоразм ва унинг шаҳарлари ҳақидаги маълумотлар қимматлидир. Мисол тариқасида баъзиларини келтирамиз;
Хоразм мамлакати. У катта мамлакат. Бир тарафдан Сайхун дарёси билан, иккинчи тарафдан ҳозирги пайтда Бақиртон номи билан машҳур бўлган Оқ қўрғон билан, учинчи тарафдан чўл билан ва тўртинчи тарафдан бир хамонлар Фаридун тарафидан қаздирилган наҳрнинг шимолий тарафида жойлашган Ўнгуз отли манзил билан туташ. Хоразмнинг яна бир тарафида Сарой султон жойлашган. Бу ҳадлар орасида катта-кичик қалъалар ва кентлар жойдашган. Хоразмнинг жанубий тарафида Қизилқум бўлиб, унда саксовул ўсади.
Қадимда Хоразмнинг ўн тўрт дарвозали шаҳарлари кўп бўлган. Шулардан бири Журжония, иккинчиси Утганч бўлган.
Журжония. Журжонияга сув Сирдарёдан олиб келинган. Бу шаҳарнинг жойлашган ўрнини қуйидагича белгилаганлар. Унинг кунчиқиш тарафида Бағлон ва шимол тарафида Оқча денгизи, кунботишида Гурлан, жануб тарафида Кот жойлашган. Уларнинг (Гурганжнинг) харобаликка юз тутиши, айтишларича, сув бўлмай қолиши сабадан бўлган. Сирдарёдан келиб турган сув зироатига етмай қолган. Шу сабабли уч қирни ошиб наҳр қаздириб Амударёнинг сувини буриб олиб келганлар. Аму Гурганжни сув билан таъминлаб, Унқузнинг жанубидан Урганжга қараб оқар ва жануб бўйлаб оқишни давом эттириб ва жанубий-шарқий тарафдан Абулхон тоғларни айланиб ўтиб, Ўғирчагача етган ва сўнг Мозандарон денгизига99 бориб қуйилган.
Журжониянинг теварак-атрофи маҳкам қилиб мустаҳкамланган жойлар, экинзорлар ва боғлар бўлган. Вақт ўтиши билан Журжония қалъси сув остида қолди ва шаҳар харобаликка юз тутди. Айтишларича, ундан фақат битта минора қолган, кейинча уни Бойназар сўфи исмлик бир авлиё буздириб ташлатиб, ўрнига масжид қурдирган. Бу масжид ҳозир ҳам ўз ўрнида турибди. Язир алайҳиссалом ва Юмалоқ авлиё қабриўша ерда. Саксондан ошган ва буларнинг ҳаммасини кўрган ёки (кимдандир) эшитган кексаларнинг сўзларига қараганда, минорани бузаётганларида унда бир ёзувга кўзлари тушган. Ёзувдан маълум бўлишича, мазкур минора шу жойдаги жумъа масжидининг кичик минораси бўлган, теварак-атрофдаги одамларни намозга чорловчи миноранинг баландлиги 100 қаридан кам бўлмаган. Бу ерда “Қуръон” тиловат қилувчи қори, имом, муаззин (сўфи) ва фаррошнинг маоши ҳар бирига 300 оқчадан белгиланган. Масжид ёнида мадраса, бозор ва карвонсарой ҳам бўлиб, уларнинг барчаси сув остида қолган.
Хоразмнинг яна бир шаҳри Гурганж бўлиб, Чингизхон тарафидан вайрон этилган. Ушбу золим келганга қадар унинг 12 жумъа масжиди бўлиб, ...уларнинг ҳар бири уч танобдан майдонни эгаллаган эди. Унинг теварагида дарахтлар ичида чўмган (обод) намозгоҳлар бўлиб, уларнинг ҳар бирига (намоз кунлари) уч-тўрт лак100 халқ тўпланар эди. Уларнинг ҳар бирида 1000 дан олам хизмат қилган.
Шаҳар аҳолисининг катта қисмини Яъқуб пайғамбарнинг ...авлодлари ташкил қилади. Унинг ўғли Шамуннинг муқаддас мозори ҳозирда Хожа эли (Хожайди) деб аталмиш Миздахкандадир.
Шу кунларда Урганч вайронагарчиликка юз тутган, жабр етган шайх Нажмиддин Кубро ва Хожа Али Азизон жанобларининг мақбаралари Гурганчдадир.
Хоразмнинг яна бир шаҳари Рамлдир. Унга (қадимги Эрон подшоҳларидан) Сом ибн Наримон асос солган...Уни отасининг кемасига ўхшатиб қурдирган. Ҳозирда Хивақ номи билан маълум. Айтишларича, бу сўзда (“Рамл” сўзида Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари вафот этган йили тарихи яширинган. Шу боис бу тарихни шаҳарга ном бўлиб қолган...Ва яна айтадиларки, Хивақ кўп бор вайрон қилинган ва қайта тикланган. У аъло ҳазратлари хоннинг (Аллоҳқулиъоннинг) отаси (Аллоҳ тарафидан мағфират қилинган Абулғози Муҳаммад Раҳимхон101 ва унинг оғаси марҳум Қутлуғ Мурод иноқ тарафидан обод қилинган. Уларнинг саъй-ҳаракати билан шаҳарда олий мадраса бино қилинган. Бунга номи юқорида зикр этилган иноқнинг катта хизматкорларидан бири Шер девонбеги ва вазири аъзам Муҳаммад Ризо девонбегиларнинг ҳиссалари катта бўлган. Жаннатмакон хоннинг амри билан яна бир карвонсарой, тим ва уларнинг ўртасида (яна бир) катта мадраса қурилди. (Хивақ) қалъасида саййид Алоуддин Хивақий ва уч юз машҳур шайх дафн этилган. Шаҳар ташқарисида шайх Абулвафо Хоразмий жанобалри, ёнида эса мингдан лртиқ авлиёлар дафн этилган.
Шаҳарнинг жануби-шарқий тарафида, ундан 200 қадам нарида, ҳазрат шайх Ҳусайн Бобонинг ...манзилгоҳи жойлашган. У ерда соя-салқин бериб турувчи гужум отли катта дарахт бор...
Хивақнинг қовуни ва гурунчи жуда мазали. Унинг об-ҳавоси яхши, одамлари хушфеъл, лекин қиши совуқ келади. Энг совуқ кунлари бир ой давом этади. Шу пайтда ерни тахминан уч қарич муз қоплайди. Гурлан, Хўжайли ва Қўнғиротда уч-тўрт газ қалинликда қор ёғади.
Журжониянинг ўрнида ҳозирда сув оқади ва у Сир (денгизи)га бориб қуйилади. Унинг оқибатида Гурганж харобаликка юз тутди ва чўлга айланиб қолди. Бу ҳодиса ҳижрий 984 йили содир бўлди.
Сир (денгизи) ҳеч вақт тўлмайди. Қайиқларда ов қилиб юрган балиқчилар «(денгиз) тубида тшдан қурилган биноларнинг қолдиқларини кўрадилар. Шунингдек, катта бир қалъанинг қолдиғи ҳам бор», деб айтадилар...
Хоразмда мевалар ва ғалла яъши етишади, хусусан қовун шундай етиштирилган, қовун уруғини янтоқ ўзагига жойлаштириб, уни маҳкам боғлаб қўйганлар. У сувсиз, янтоқ томиридан нам олиб, етишган. Лекин жуда ширин бўлган.
Хоразмнинг, хусусан Хазораспнинг олмалари жуда ширин. Айтишларича, бу шаҳарга (Хазораспга) Сулаймон пайғамбар асос солган. Хазораспда асосан шоли етиштирилган.
Хоразмнинг ўриклари ва узуми (ҳам) кўп бўлади. Масалан, Чинкнинг пастида бир қишлоқ бор, номи Экинлик. Унинг узумидан ширин узум (бошқа ерда) учрамайди.
(Хоразмнинг яна бир шаҳари) Замахшар. Хиванинг кун ботиш тарафида,ундан бир кунлик йўлда жойлашган. Жаннатмакон, олий жаноб хон (Аллоҳқулихон)нинг отаси у ерга сув олиб келиб уни обод қилган».
“Дили ғаройиб” асарида Гурлан ва унинг осори-атиқалари, Хиванинг кун-чиқиш тарафида қурилган катта янги бозор ҳақида ҳам қизиқ маълумот келтирилган. Муаллифнинг гувоҳлик беришича, бу бозор шу ердаги катта бир кўл устига қурилган. “45 кун ичида,-деб ёзади Худойберди ибн Қўшмуҳаммад,-майдони беш-олти таноб келадиган кўл кўмиб ташланди”.
ЎзР ФА Шарқшунослик институти хазинасида “Дили ғаройиб” асарининг учта қўлёзма нусхаси мавжуд бўлиб, улардан бири, рақами №1335 матни тўла ва муаллифнинг ўз қўли билан ёзилган деб ҳисобланади.



Download 1.58 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   129   130   131   132   133   134   135   136   ...   175




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling