Диссертацияда баён этилган натижаларни олишда муаллифнинг аниқ шахсий иштироки. Диссертация ишида муаллиф ўз шахсий фикр-мулоҳаза, таклиф ва хулосаларни ўзбек тилида равон ва тўлиқ баён қилган, кўрсатилган илмий тадқиқот натижалари бевосита диссертант томонидан ишлаб чиқилган. Илмий тадқиқотни бажариш жараёнида муаллиф томонидан мавзуга оид турли адабиёт манбалари ва ахборот ресурслари ўрганилган, назарий жиҳатдан умумлаштирилган ва олинган хулосалар илмий жиҳатдан асосланган, олинган илмий натижалар тизимлаштирилиб эконометрик таҳлилдан ўтказилган. Тадқиқот ишининг асосий мазмунини акс эттирувчи анжуман тезислари ва илмий мақолалар шахсан муаллиф томонидан ёзилган.
Тадқиқот натижаларининг тўғрилиги ва асосланганлиги. Тадқиқот натижасида олинган илмий натижаларнинг ишончлилиги ишда қўлланилган методологик ёндашув ва усулларнинг мақсадга мувофиқлиги, ахборотлар базасининг расмий манбалардан олинганлиги, келтирилган таҳлил натижаларининг иқтисодий-математик усуллар воситасида асосланганлиги, хулоса, таклиф ва тавсияларнинг амалда синовдан ўтказилганлиги ҳамда олинган натижаларнинг юқори ташкилотлар томонидан тасдиқланганлиги билан изоҳланади.
Тадқиқотнинг мақсади: глобал сиёсий-иқтисодий ўзгаришлар шароитида ҳудудларда кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ички ресурсларга асосланган инфраструктурани такомиллаштириш юзасидан илмий таклифлар ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
Тадқиқот вазифалари. Илмий ишнинг мақсадига асосланган ҳолда тадқиқот учун қуйидаги вазифаларни бажариш белгилаб олинган:
Ҳудудлар бўйича кичик бизнес ва тадбиркорлик учун инфраструктурани такомиллаштиришда ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларини таҳлил этиш ва уни белгилаб берувчи факторларни аниқлаш;
Ички ресурсларга асосланган инфраструкурани такомиллаштиришнинг ҳудудларда кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳаси ривожланишига таъсирини тадқиқ этиш;
Ички ресурсларга асосланган инфраструктурани такомиллаштиришни баҳолашнинг услубий асосларини тадқиқ этиш ва ушбу асосни такомиллаштиришга йўналтирилган илмий таклифлар ишлаб чиқиш;
Ҳудудларда кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришда “қаттиқ” ва “юмшоқ” инфраструктураларнинг ўрнини ҳудудларнинг ўзига хослиги жиҳатдан аҳамиятини кўрсатиш.
Do'stlaringiz bilan baham: |