Тушунчанинг мантиқий таркибини унинг мазмуни ва ҳажми ташкил этади.
Тушунчанинг мазмуни деб унда акс этган буюм ва ҳодисалар муҳим белгиларининг мажмуидан иборат бўлган билимларга айтилади.
Тушунчанинг ҳажми деб унда акс этган буюм ва ҳодисалар доираси ва кўлами тўғрисидаги билимга айтилади. Масалан, «одам» тушунчасининг ҳажмини ўтмишда яшаган, ҳозир яшаётган ва келажакда ҳам яшаши мумкин бўлган барча кишилар ташкил этади.
Мантиқда тушунчанинг мазмуни ва ҳажми ўртасидаги тескари нисбат қонуни мавжуддир. Бу қонунга биноан, тушунчанинг мазмуни қанча кенг бўлса, унинг ҳажми шунча тор бўлади ва аксинча, тушунчанинг мазмуни қанча тор бўлса, яъни белгилари кам, умумий бўлса, унинг ҳажми шунча кенг бўлади. Бу қонун тушунчада ўзаро жинс-тур муносабатида кўринади. Масалан, «адабиёт» ва «XX аср ўзбек адабиёти» тушунчаларининг ҳажмлари турличадир. Чунончи, «адабиёт» тушунчасининг ҳажми кенг, мазмуни эса тордир. «XX аср ўзбек адабиёти» тушунчасининг ҳажми тор бўлса ҳам, мазмуни кенгдир.
Тушунчалар бир қанча белгиларига биноан ҳар хил турларга бўлинади:
Мазмунига биноан тушунчалар қуйидаги турларга бўлинади: конкрет ва абстракт, нисбатдош ва нисбатсиз, ижобий ва салбий тушунчалар, категориялар.
Конкрет тушунчалар буюм ва ҳодисалардаги асл, туб белгиларни яхлит ҳолда акс эттиради. Масалан: тўлқин, адабиётшунос, об-ҳаво, Ўзбекистон.
Абстракт (мавҳум) тушунчалар буюм ва ҳодисалардаги айрим белгиларни акс эттиради. Масалан: қизиллик, ширинлик, аълочи, гўзал.
Нисбатдош тушунчалар жуфт тушунчалар ўртасидаги муайян алоқадорликни ифодалайди. Масалан: ўқитувчи ва ўқувчи, ошпаз ва хўранда, сотувчи ва харидор. Улар бир-бирисиз мавжуд бўла олмайди.
Нисбатсиз тушунчалар ўзаро алоқадорлик, ўхшашлик ва умумий белгиларга эга бўлмаган тушунчаларни ифодалайди. Масалан: севги, машина, ўғит, ҳақиқат, тупроқ. Улар бир-бирисиз ҳам мавжуд бўлади.
Ижобий (мусбат) тушунчалар буюм ва ҳодисада маълум бир белги мавжудлигини акс эттиради. Масалан: мазмунли, серҳосил, шохдор, гапдон, чаққон, гўзал, тез ҳаракат.
Do'stlaringiz bilan baham: |