Ногиронлиги бўлган шахсни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастури тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, ногиронлиги бўлган шахс (бола)ларни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомнинг мақсадлари учун қуйидаги атамалар ва таърифлардан фойдаланилади:
Ногиронлиги бўлган шахсни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастури (кейинги ўринларда — РЯТД) — тиббий-ижтимоий экспертиза асосида ишлаб чиқилган, ногиронлиги бўлган шахс учун мақбул реабилитация чоралари мажмуи бўлиб, ушбу чоралар организмнинг бузилган ёки йўқолган функцияларини, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахс меҳнат фаолиятининг айрим турларини бажариш қобилиятини тиклашга, компенсация қилишга қаратилган тиббий, ижтимоий, касбий ва жисмоний реабилитация чораларини амалга оширишнинг айрим турлари, шакллари, ҳажмлари, муддатлари ҳамда тартибини ўз ичига олади;
тиббий реабилитация қилиш — ногиронлиги бўлган шахслар аъзоларининг ҳамда организми тизимларининг бузилган ва (ёки) йўқолган функцияларини сақлаб қолишга, қисман ёки тўлиқ тиклашга қаратилган тиббий хизматлар мажмуи;
касбий реабилитация қилиш — ногиронлиги бўлган шахсларни касбга йўналтиришга, касбга ўқитишга ва ишга жойлаштиришга, шунингдек уларнинг бой берилган касбий билимлари, маҳорати ва кўникмаларини тиклашга қаратилган чора-тадбирлар мажмуи;
ижтимоий реабилитация қилиш — ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт фаолияти чекланганлигини енгиб ўтиши учун шарт-шароитлар яратишга, ижтимоий мақомини, ўзига ўзи хизмат кўрсатиш, мустақил яшаш имкониятларини тиклашга, шунингдек, уларни жамиятда оилавий ҳаётнинг одатий шароитларига қайтаришга қаратилган чора-тадбирлар мажмуи;
жисмоний реабилитация қилиш — ногиронлиги бўлган шахслар организмининг бузилган ёки вақтинча йўқолган функцияларини ҳамда уларнинг ижтимоий ва касбий фаолиятга бўлган қобилиятини жисмоний тарбия ва спорт ҳамда параспорт воситалари ҳамда усулларидан фойдаланган ҳолда тиклаш (тузатиш ва компенсация қилиш);
Do'stlaringiz bilan baham: |