Тинчлик ва инсониятнинг хавфсизлигига қарши жиноятлар
Режа:
Урушни тарғиб қилиш жинояти тушунчаси ва юридик таҳлили
Агрессия жинояти тушунчаси ва юридик таҳлили.
Урушни қонун ва удумларини бузиш жинояти тушунчаси ва юридик таҳлили
Геноцид жинояти тушунчаси ва юридик таҳлили.
Ёлланиш жинояти тушунчаси ва юридик таҳлили
Чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириш, ёлланиш жинояти.
Терроризм жинояти тушунчаси ва юридик таҳлили
Миллий, ирқий ва диний адоват қўзғатиш жинояти тушунчаси ва юридик таҳлили
Урушни тарғиб қилиш жинояти тушунчаси ва юридик таҳлили
Урушни тарғиб қилиш халқаро ҳуқуқ нормаларига зиддир.
Урушни тарғиб қилишнинг объекти ҳар қандай давлат тараққиёти ва ҳаётий фаолиятини амалга оширишнинг шарти бўлган тинчлик ва тинч-тотув яшашдир.
Объектив томондан жиноят бир томоннинг иккинчи мамлакатга нисбатан агрессия ҳаракатларини амалга ошириш мақсадида турли шаклдаги қарашлар, ғоялар ёки чақириқларни тарқатишидан иборат.
Тарғиб қилиш ошкора ёки яширин бўлиши мумкин.
Урушни тарғиб қилиш қандай оқибатлар рўй берганлиги, яъни агрессия бошлангани ёки бошланмаганидан қатъи назар тамом бўлган жиноят, деб ҳисобланади.
Субъектив томондан жиноят тўғри қасддан содир этилади, яъни айбдор ўзи содир этаётган ҳаракатларнинг ижтимоий хавфли хусусиятини англайди ва уларни содир этишни хоҳлайди. Қилмишнинг мақсади ва сабаблари жиноятнинг квалификацияси учун аҳамиятли эмас.
Жиноятнинг субъекти 16 ёшга тўлган, ақли расо ҳар қандай шахс бўлиши мумкин.
Агрессия жинояти тушунчаси ва юридик таҳлили
Агрессия ҳаракатларини режалаштириш ёки унга тайёргарлик кўриш ёхуд шу ҳаракатларни амалга ошириш мақсадида тил бириктириш халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ тинчликка қарши қаратилган жиноят ҳисобланади.
Агрессия урушини режалаштириш, унга тайёргарлик кўриш ижтимоий жиҳатдан ниҳоятда хавфлидир, чунки бундай ҳаракатларнинг содир этилиши давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг бузилишига, халқаро муносабатларнинг кескинлашувига, натижада жуда кўп инсонларнинг қурбон бўлишига, турли объектларнинг вайрон бўлишига, шаҳар ва қишлоқларнинг харобага айланишига сабаб бўлиши мумкин. Ҳозирги вақтда агрессиянинг оқибатларини олдиндан айтиш қийин.
Do'stlaringiz bilan baham: |