Тоғ ва тоғ олди тупроқлар механик таркиби ва уларга эрозия жараёнларининг таъсири


Download 52.5 Kb.
bet1/2
Sana25.12.2022
Hajmi52.5 Kb.
#1064878
  1   2
Bog'liq
Мех состав макола


УДК.631.4
ТОҒ ВА ТОҒ ОЛДИ ТУПРОҚЛАР МЕХАНИК ТАРКИБИ ВА УЛАРГА ЭРОЗИЯ ЖАРАЁНЛАРИНИНГ ТАЪСИРИ


Г.С.СОДИҚОВА, Т.Ш.ШАМСИДДИНОВ
Тошкент Давлат аграр университети

Эрозияланган тоғ тупроқлари унумдорлигини тиклаш, муҳофаза қилиш ва сақлаш муаммолари Республикамиз турли табиий-экологик минтақаларида улардан оқилона фойдаланиш ҳозирги куннинг долзарб масалаларидан ҳисобланади. Механик таркиб муҳим морфологик белги бўлиши билан бир вақтда тупроқни баҳолашдаги асосий диагностик кўрсаткич ҳисобланади. Даставвал механик таркиб тоғ жинсларининг турли нураш жараёнлари таъсирида шаклланиб, кейинчалик тупроқ ҳосил қилувчи омилларнинг бевосита иштироки билан янада такомиллашади. Релъеф шароити ва ётқизиқлар литологияси турлича бўлган ҳудудларда механик таркибнинг профил бўйича шаклланиши янада мураккаблашади.


Тоғ ҳудудларида механик таркиб одатда турли қиялик ва нишабликларда мавжуд бўлган мелкоземли-тошли она жинслар литологияси билан боғлиқ. Тупроқнинг механикавий хоссаси ва таркиби А.А.Роде (1938), Н.А Качинский (1947), Л.Т.Турсунов (1972), Л.А.Гафурова (1982, 1995) ва бошқаларнинг тадқиқотларида батафсил ўрганилган. Уларнинг таъкидлашича, турли хил фракцияларни кимёвий таркиби ҳам ҳар хилдир. Фракциялардаги самарали механик элементларни диаметри кичрайишига қараб гумус миқдори, сингдириш сиғими, шунингдек, максимал гигроскопиклик, нам сиғими, капиллярлилик ва тупроқнинг бўкиши бир неча марта ошади.
Бизнинг изланишларимизда республикамиз жаубий худудида Бойсун тоғида тарқалган тупроқларнинг механик таркиби бўйича олинган маълумотларнинг кўрсатишича, қиялик бўйлаб механик таркибининг бир хил эмаслиги, тупроқ пайдо қилувчи она жинсларга ва эрозияланиш даражаларига боғлиқлиги кузатилди. Ўрганилган худуд тупроқлари ўрта ва енгил қумоқли баъзан эса оғир қумоқлидир.
Типик бўз тупроқлар механик таркиби йирик ва майда чанг фракцияларига бой. Шунинг билан бирга физик лой миқдори ҳам ортиб бориши кузатилади. Қияликнинг жанубий экспозициясида тарқалган тупроқларда физик лой миқдори кескин камайиши кузатилса, шимолий экспозициясида эса аксинча ортган.
Лёсс ва лёссимон ётқизиқларда шаклланган тўқ тусли бўз тупроқларнинг механик таркибида физик лой миқдори эрозия таъсирида камайган. Эрозияланмаган тўқ тусли бўз тупроқларда ҳайдалма қатламда физик лой миқдори 42,3%, ўртача эрозияланган тупроқларда 34,2% ни ташкил этади.
Шунингдек, ўрганилган тупроқларнинг механик таркиби уларнинг тупроқ ҳосил бўлиши она жинсига боғлиқ ҳолда турличалиги кузатилди. Учламчи қизғиш тусли ётқизиқларда шаклланган типик бўз тупроқларда механик таркибнинг оғирлашиши (физик лой 55,3%), тўқ тусли бўз тупроқларда эса аксинча ҳолат (14,0-30,5%) кузатилди ва механик таркибнинг қумлоқдан ўрта қумоқ томон ўзгариши кузатилади. Қизғиш тусли учламчи қизғиш ётқизиқда шаклланган тупроқларда йирик қум зарралари лёссларда шаклланган бўз тупроқларга нисбатан кўплиги, физик лой миқдори эрозияланиш даражаларига қараб ўзгариб бориши кузатилади.
Шундай қилиб, олинган маълумотларнинг кўрсатишича, қиялик тупроқларида эрозия таъсирида тупроқ таркибида кескин ўзгаришлар кечади: механик таркибни оғирлашиши, ил ва майда чанг фракцияларини камбағаллашиши, йирик фракциялар билан бойиши; пастки қатламларда ил ва қум фракцияларнинг ортиши; тупроқ пайдо қилувчи она жинслар бўйича учламчи қизғиш тусли ётқизиқларда шаклланган тўқ бўз тупроқларда механик таркибнинг енгиллашиши каби жараёнлар кузатилади.
Бойсунтоғ ёнбағирларида тарқалган тоғ жигарранг тупроқлар юқорида баён этилганидек элювиал, делювиал, пролювиал ётқизиқларда ва скелетли майда донадор ҳамда лёсс ва лёссимон ётқизиқларда таркиб топганлиги туфайли ҳар-хил механик таркибдан ташкил топган.
Тоғ жигарранг тупроқларининг механик таркиблари тўғрисидаги маълумотларга кўра бу тупроқлар ўрта ва оғир механик таркибли бўлиб, пастки қатламларга томон оғирлашиб боради. Олинган маълумотларни тахлил қилиб шуни кўриш мумкинки, тоғ жигарранг тупроқларида йирик чанг захирасининг (0,05-0,01 мм) кўрсаткичи юқорида баён этилган бўз тупроқлар таркибидаги чанг заррачалари миқдори каби кўп бўлмасада (14,07-48% гача) профил бўйича бу заррачаларнинг тарқалишида фарқи борлигини кўриш мумкин. Жумладан, тоғ жигарранг карбонатли тупроқларда она жинсига томон қум заррачаларининг ошиши туфайли ил фракциялари камайиши кузатилади. Эрозияланган тупроқлардан эрозияланмаган ва йиғилиб тўпланган тупроқлар томон ил фракцияларининг ортиши кузатилса, шимолий қиялик тупроқларига нисбатан жанубий қияликда эрозия жараёнлари туфайли ил заррачалари камайганлигини кўриш мумкин.
Тоғ жигарранг тупроқлар механик таркибидаги хусусиятлардан бири бу – майда чанг заррачалари миқдорининг кўплиги ҳисобланади. Мана шу ўзига хос хусусият тоғ жигарранг тупроқлари ривожланаётган ётқизиқлар соф лёсс ёки лёссимон ётқизиқ бўлмай, балки пролювиал, делювиал типдаги мелкозёмли айрим ҳолларда лёссимон ётқизиқлар табиатидаги ётқизиқ бўлишини кўрсатади. Ўрта (0,01-0,005 мм) ва майда чанг (0,005-0,001 мм) заррачаларининг тарқалишидаги асосий қонуният – бу заррачаларнинг механик таркиби бўйича оғирлашиб бориши билан миқдорининг ошиши ҳисобланади.
Умуман олганда бўз тупроқлардан тоғ жигарранг тупроқларга томон ил фракциясининг ошиши ва механик таркибнинг оғирлашиши кузатилади.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Бойсун тоғи тупроқларининг механик таркибини ўрганиш шуни кўрсатадики, қияликни ҳар-хил экспозицияларида эрозия таъсирида тупроқ таркибида кескин ўзгаришлар кечади: механик таркиб енгиллашиши, ил ва майда чанг фракцияларни камайиши, йирик фракцияларнинг кўпайиши каби жараёнлар кузатилди. Бўз тупроқларга нисбатан тоғ жигарранг тупроқларида физик лой миқдори ошиб бориши, жанубий қиялик тупроқларида механик таркибнинг енгиллашиши кузатилади. Бу бир томондан тупроқ пайдо қилувчи она жинсларга боғлиқ бўлса, иккинчи томондан сув эрозиясига боғлиқлигини ифодалайди.

Download 52.5 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling