Тошкент давлат юридик университети ижтимоий-гуманитар фанлар кафедраси “фалсафа. Мантиқ” ЎҚув фани бўйича


Илмий башоратнинг ўзига хос хусусиятлари


Download 0.87 Mb.
bet80/84
Sana16.06.2023
Hajmi0.87 Mb.
#1499082
1   ...   76   77   78   79   80   81   82   83   84
Bog'liq
1. Фалсафа маъруза матнлари

Илмий башоратнинг ўзига хос хусусиятлари
Башорат, илмий башорат муаммоси олимларни қадимдан қизиқтириб келган. Қадимги Ҳиндистон, Хитой, Марказий Осиё, Юнонистонда шаклланган фалсафий қарашларда башорат муаммосига дахлдор фикрлар кўплаб учрайди. Қадимий Ҳинд фалсафасида олдиндан кўриш амалий фаолиятга боғлиқлиги, тажрибадан келиб чиққан ҳолда ўтмиш, ҳозир ва келажакда содир бўладиган воқеа-ҳодисаларни башорат қилиш мумкинлиги ҳақида фикр юритилган. Қадимги Хитой манбаларида башорат тушунчаси ҳақида фикр юритилган ва унга содир бўлиши мумкин бўлган ҳодиса ҳақида олдиндан ҳосил қилинган билим, деб таъриф берилган. Қадимги Юнон файласуфлари табиий-илмий билимларга таянган ҳолда табиатда бўлиши мумкин бўлган ҳодисаларни башорат қилганлар. Қадимги юнон файласуфи Фалеснинг Қуёш тутилиши ҳақидаги илгари сурган башоратини бунга мисол тарзида келтириш мумкин. Ҳақиқатан ҳам Фалес башорат қилганидек, Қуёш тутилиши Ионияда 585 йил 25 май куни содир бўлгани ҳақидаги тарихчиларнинг маълумоти бор.
Демокрит ҳодисалар орасидаги сабабий алоқадорликларни аниқлаш орқали келажакда юз берадиган ҳодисаларни башорат қилиш мумкин, деб ҳисоблаган. Башорат ҳақида Қадимги Рим файласуфи Тит Лукреций Карр (мил.ав. 96-55 йиллар)нинг баён этган фикрлари диққатга сазовор. Унинг фикрича, табиатда содир бўладиган турли-туман ҳодисалар, жараёнлар орасида алоқадорлик мавжуд. Ҳеч нарса ўз-ўзидан содир бўлмайди. Биз довулни келтириб чиқарадиган ҳаво қатламларини кўрмаймиз, лекин унинг вайрон қилувчилик кучини кўрамиз. Лукреций нарсаларнинг келиб чиқишини табиий сабабларга боғлайди, қуёшнинг, ойнинг тутилиши каби ҳодисаларнинг табиий сабаблари бор, деб билади. Сабабий алоқадорликларни очиш, тушуниш, нарса ва ҳодисаларнинг хосса-хусусиятларини олдиндан билиш имконини беради, деб ҳисоблайди олим.
Табиий ва ижтимоий ҳодисаларни билиш ва башорат қилиш масалалари Ўрта асрлар Марказий Осиё мутафаккирлари фалсафий, табиий-илмий ва ижтимоий-сиёсий қарашларида муҳим ўрин тутади. Ал-Хоразмийнинг математика, астрономия, география, тарихга оид Абу Наср Форобийнинг фозил жамият, фозил давлат, инсониятнинг бахтли келажаги ҳақидаги, Абу Райҳон Берунийнинг табиий-илмий қарашлари, хусусан унинг астрономияга оид фикрлари бу фаннинг келгуси тараққиётига жуда катта таъсир кўрсатди. Абу Райҳон Берунийнинг геология илмига оид қарашлари ўзининг келажакка йўналтирилганлиги нуқтаи-назаридан ҳозиргача ўз аҳамиятини йўқотган эмас.
Башорат, умуман олганда, ҳодиса, жараёнлар йўналиши, хусусиятларини олдиндан кўра олиш, деган маънони ифодалайди.
Илмий башорат - илмий билиш шакли. Бу-табиат, жамият қонунлари ва далилларга таянган ҳолда келажакда рўй бериши мумкин бўлган нарсалар, ҳодисалар, жараёнлар ҳақидаги билим.
Башоратнинг оддий билимдан асосий фарқи, унда келажакда содир бўлиши лозим бўлган ҳодиса, жараён ҳақидаги илмий ахборот акс этади. Аслида олдиндан айтиш-башорат субъект онгининг оламни фаол акс эттириш хусусиятидан келиб чиқади. ХХ асрнинг йирик олими Б.К.Анохин “табиатдаги акс эттириш фаоллиги” ҳодисасини очган. Унинг фикрича, бутун биологик дунё олдиндан қўзғалади, таъсирланади. Масалан, дарахт гўё қаҳратон қишга тайёргарлик кўргандек, “баргларини тўкади, айрим ҳайвонлар қиш уйқусига чўмадилар”. Лекин Б.Анохин баён этган акс эттириш фаоллиги соф биологик ҳодиса, у тирик организмларга, ўсимликларга, ҳавонларга хос.
Башорат, энг аввало ижтимоий ҳодиса, инсон онгининг ўзига хос хусусияти. Шу маънода башорат ижтимоий амалиёт жараёнида шаклланадиган ҳислат. Айни вақтда башорат алоҳида индивидуал онгнинг ҳислати эмас. Башорат, аввало ижтимоий онгнинг ўзига хос намоён бўлиши. Гарчи башорат индивид онгида вужудга келса-да, у фақат шу индивиднинг шахсий тажрибасигина эмас, балки ижтимоий онгда акс этган тажриба-ижтимоий амалиёт натижалари асосида шаклланади. Башорат-ижтимоий характердаги илмий билимнинг ўзига хос кўриниши, у илмий билиш шакллари-тахмин, назария, қонунларга таянган ҳолда ҳосил қилинадиган билимдир. Илмий башорат олдиндан айтиб беришнинг турли шаклларидан ўзининг бир қатор хусусиятлари билан фарқланади:
Илмий башорат нарса ва ҳодисалардаги реал мавжуд ички, моҳиятли алоқадорликларга, қонуниятларга таянади;
Илмий башорат абсолютлик, тамомила ҳақликни даъво қилмайди, унда у ёки бу ҳодисанинг рўй бериши маълум даражада тасдиқланади;
Илмий башорат ҳақиқатга яқин билимдир. Бундай билимнинг чинлик даражаси бир қатор омилларга боғлиқ. Бу омилларни қандай келажак башорат қилинади? Башорат қай даражада қонуниятларга таянган? Башорат қилинувчи ҳодиса, жараённинг барча томонлари илмий билишда қай даражада тўлиқ акс этяпти? каби саволлар орқали ифодалаш мумкин.
Илмий башорат янги қонунлар, назариялар, кашфиётларга сабабчи бўлади. Бунга билиш тарихидан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Абу Райҳон Беруний Осиё, Африка, Европа қитъаларидан ташқари бошқа бир қитъа борлигини башорат қилган. Колумб очган Америка Беруний башоратининг ҳақиқатга айланиши эди. Абу Али ибн Сино касалликни қўзғатувчи кўз илғамас тирик организмлар бўлса керак, деб башорат қилган эди. 1510 йили микроскоп ихтиро қилинди. Ундан фойдаланган биолог олим Пастер ва бошқалар микробни кашф қилганлар. Менделеевнинг кимёвий элементларнинг даврий системаси 1869 йилда кашф этилган. Бунда ҳаммаси бўлиб 63 та элемент маълум эди. Менделеевнинг даврий системасидаги бўш катакларнинг тўлдирилиши, кимёвий элементлардан 108тасининг кашф қилиниши илмий башоратнинг кашфиётга айланишидир. Ёки 1846 йилгача Қуёш системасида фақат еттита планета бор, уларнинг охиргиси Уран, деб ҳисобланар эди. Математик Леверье Уран ҳаракати тенгламаларини синчиклаб текшириб, номаълум жисм унинг ҳаракатига таъсир кўрсатаётганини аниқлади. Астроном Галле шунга асосланган ҳолда саккизинчи планета-Нептунни кашф қилди.
Илмий башорат турлича фан соҳаларида турлича намоён бўлади. Масалан, табиий фанлардаги башорат билан ижтимоий-гуманитар фанлардаги башоратни ўзаро бир-биридан фарқламоқ лозим.
Башорат ўз мазмунига кўра “прогнозлаш”, “планлаштириш” тушунчаларига яқин туради. Илмий башорат “прогнозлаш” тушунчасидан кенгроқ. “Прогнозлаш” илмий башоратнинг намоён бўлиши шаклларидан биридир. Башорат ҳам, прогноз ҳам, планлаштириш ҳам инсон маънавий фаолиятининг кўриниши ва маҳсули бўлиб ҳисобланади. Башорат ўрганилаётган объектнинг барча хосса-ҳислатларини, ички зарурий алоқа ва муносабатларини ҳисобга олишни тақозо этади. Шу асосда объектнинг кейинги, келажакдаги хосса-хусусиятлари, намоён бўлиш шакллари ҳақидаги билим юзага келади.
Прогнозлаш, планлаштириш муайян аниқ мақсаднинг қўйилиши билан башоратдан фарқланади. Ҳозирда махсус фан соҳаси-прогностика фани шаклланган. Прогнозлаш оптимал тараққиётни таъминлашга хизмат қиладиган конструктив ечимларни ишлаб чиқишни талаб қилади. Планлаштириш эса келажак муаммосини ечишнинг аниқ йўлини ифодалашга хизмат қилади.

Download 0.87 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   76   77   78   79   80   81   82   83   84




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling