Туркий “меърожнома” асари қЎлёзмаларининг қиёсий таҳлили
Download 93.5 Kb.
|
1 2
Bog'liqTurkiyMerojnomaasariqolyozmalariningqiyosiytahlili
- Bu sahifa navigatsiya:
- Аннотация
- Annotation
- Učmaq
- Tamuğ
ТУРКИЙ “МЕЪРОЖНОМА” АСАРИ ҚЎЛЁЗМАЛАРИНИНГ ҚИЁСИЙ ТАҲЛИЛИ Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети Шарқ тиллари кафедраси ўқитувчиси Турдиев Жаҳонгир jahongirshoh15@mail.ru Аннотация: Мазкур мақола туркий “Меърожнома” асари қўлёзмаларининг қиёсига бағишланган. Унда қўлёзмалардаги тафовутлар матншунослик нуқтаи назаридан таҳлил этилган. Калит сўзлар: Қўлёзма, матншунослик тадқиқи, хаттотлик мактаби, уйғур ёзувли қўлёзма, араб ёзувли қўлёзма, таянч манба. Аннотация: Эта статья посвящена сравнению рукописей тюркского произведения «Меърожнома”. В статье анализированы различия в двух рукописях с текстологической точки зрения. Ключевые слова: Рукопись, текстологический анализ, школы каллиграфии, уйгурский рукопись, арабский рукопись, первый источник. Annotation: This article is devoted to the comparison manuscripts of Turkic "Me'rojnoma". The article analyzed the differences in the two manuscripts from the textual point of view. Keywords: Мanuscript, textual analysis, schools of calligraphy, Uighur manuscript, Arabic manuscript, the main source. Меърож воқеаси ёритилган асарлардан бири “Меърожнома” бўлиб, унинг туркий тилдаги таржимаси бизгача етиб келган. Асар тилининг равонлиги ва бадиийлиги ўзбек тили тарихи ҳамда адабиётимизни ўрганишда муҳим манба ҳисобланади. Туркий тилдаги “Меърожнома” асарининг фанда икки қўлёзмаси маълум. Уларнинг бири уйғур ёзувида, иккинчиси араб хатида битилган. Уйғур ҳарфли қўлёзма ҳозирги кунда Парижда Франция миллий кутубхонасида Suppl. Turc. 190 кўрсаткичи остида сақланмоқда1. Ушбу қўлёзма “Меърожнома” ҳамда Фаридиддин Атторнинг “Тазкирату-л-авлиё” асарларидан иборат. Қўлёзманинг 1b - 69a саҳифалари “Меърожнома”, 70-264 саҳифалари эса “Тазкирату-л-авлиё” асарини ўз ичига олади. Уйғур ёзувли бу қўлёзма ҳижрий 840 (мелодий 1436-1437) йили Ҳиротда Абу Малик бахши томонидан кўчирилган. Бу хусусда шундай таъкидланади: Tazkirada bitilgän mašayix avliyālarnïŋ hikāyat sözläri tügätildi. Tarix sekiz yüz qïrqta at yïl jumadu-l-axira aynïŋ onïda Haruda Abu Malik baxšï bitidim2. (Тарих саккиз юз қирқинчи, от йили, жумаду-л-охир ойининг ўнинчисида Ҳиротда Абу Малик бахши ёздим). Араб ҳарфида битилган қўлёзма Истанбулдаги Сулаймония кутубхонасининг Фотиҳ фондида 2848 кўрсаткичи остида сақланмоқда. Ушбу қўлёзма ҳам 1b-12b саҳифалари “Меърожнома”, 14-153 саҳифалари эса Фаридиддин Атторнинг “Тазкирату-л-авлиё” асарларини ўз ичига олади. Бу нусха ҳижрий 917 йил ражаб ойининг 20 санасида (мелодий 1511 йилнинг 12 октябрида) Мисрда Нуриддин Али бин Кичкина Саййид Aли ат-Талиқоний томонидан ўқилиши қулай бўлган настаълиқ ёзувида кўчирилган. Бу ҳақда қўлёзма тарихида шундай битилган: “Tarix toquz yüz on yetidä rahmat ayïnïŋ yigirmisidä Nuriddin Ali bin Kičkina Sayyid Ali at-Taliqāniy bitidi”. (Тарих тўққиз юз ўн еттида раҳмат ойининг йигирмасида Мисрда Нуриддин ибн Али ибн Кичкина Саййид Али ат-Талиқоний ёзди). “Меърожнома” қисмининг биринчи ва охирги саҳифаларидан ташқари ҳамма саҳифалари 15 сатрдан иборат. Асар жилди рангли қалин қоғозда. Хаттот матнни кўчиришда Қуръон оятлари, ҳадис ҳамда дуоларни, шунингдек, Тангри, Муҳаммад, Расул, Абу Бакр, Умар, Усмон, Али ва яна баъзи сўзларни зархал рангда ёзган. Ҳар иккала қўлёзмада ҳам дастлаб “Меърожнома” кейин эса “Тазкирату-л-авлиё” асари келган. Қўлёзмалар турли даврда ва бошқа-бошқа хаттотлар томонидан кўчирилганига қарамай, улар орасида жуда кам фарқни кузатамиз. Кейинги кўчирилган нусха матнининг уйғур ёзувли матн билан деярли бир хилда. Муҳими шундаки, хаттот қўлёзмадаги асарларни Хирот хаттотлик мактаби анъанасига кўра кетма-кет жойлаштирган. Бу эса араб ёзувидаги Истанбул нусхасига асос бўлган қўлёзманинг илдизи уйғур ёзувли қўлёзмага бориб тақалади деб айтишимизга имкон беради. Шундай бўлса-да, қўлёзмаларни қиёсий тадқиқ этар эканмиз, улар орасида айрим тафовутли жиҳатлар кўзга ташланади. Париж ҳамда Истанбул вариантларини ўзаро қиёслаш натижасида уларда учрайдиган матний тафовутлар турлича. Бирида бор сўз кейингисида тушириб қолдирилган. Айрим ўринларда жумлаларда ҳам фарқлар мавжуд. Шунингдек, уйғур хатидаги матнда қўлланилган сўзлар бошқа матнда уларнинг маънодошлари орқали берилгани билан фарқланади. Матний тафовутнинг биринчи тури тушириб қолдирилган сўзлардир. Париж нусхасида келган “Yänä antin ašïb iki kiši kördüm [Courteille 1882 :9] жумласидаги ašïb сўзи Истанбул нусхасида тушиб қолганини кўрамиз: “Yänä antin iki kiši kördüm” [Нуриддин Али 1511 :3b]. Жумлаларда сўзларнинг тушиб қолиш ҳолатини матндаги қуйидаги жумлада ҳам кўриш мумкин: Бу жумла асарнинг А нусхасида “Yäna rasul alayhi-s-salām äytti: Allāhi, Sulaymānqa pādšāhlïq berdiŋ, Musāqa ‘asā, İysāqa ölükni tirgizmäklik berdiŋ” деб берилган. Кейинги нусхада эса, ‘asā яъни “ҳасса” сўзини тушиб қолганини кузатамиз: “Yäna rasul alayhi-s-sallām äytti: Allāhi, Sulaymānqa pādšāhlïq berdiŋ, Musāqa, İysāqa ölükni tirgizmäklik berdiŋ” [Нуриддин Али 1511 :7b]. Асарда бир ўринда фаришта Жаброил ўзининг асл суратида намоён бўлиши айтилган. Кейинги жумлаларда унинг тасвири берилган. Париж нусхасида бу тасвир қуйидагича келган: “Körämän altï yüz qanatlarïn yaymïš. Bir ekni Mašriqta, bir ekni Mağribda” [Courteille 1882 :18]. Истанбул нусхасидаги жумлалар эса қуйидагича:“Körärmen, qanatlarïn bir ekni Mašriqta, bir ekni Mağribda” [Нуриддин Али 1511 6a].Матнларни қиёслаш натижасида биринчи нусхада фаришта Жаброилнинг қанотлари сони олти юзта эканлиги ва уларни ёйганлиги айтиб ўтилган. Кейинги нусхада эса қанотлар сони ва уларни ёйганлиги ҳақида маълумот йўқ. Бу каби кичик фарқлар матн мазмунининг ўзгаришига олиб келмаган. Қўлёзмаларни текстологик тадқиқ этиб, жумлаларда баъзан сўз ёзиш учун бўш қолдирилган ўринлар мавжудлигига гувоҳ бўламиз. Масалан, Истанбул нусхасида “Ya Muhammad Täŋri ta’ālā seni suyurğadï” [Нуриддин Али 1511 :2b] жумласидаги Muhammad сўзини ёзиш учун Париж нусхасидаги жумлада бўш жой қолдирилган ва шундай ифодаланган: “Ya... Täŋri ta’ālā seni suyurğadï” [Courteille 1882 :4-5]. Бу сўз аслида уйғур ҳарфли қўлёзма матнида ёзилмай қолган. Асарнинг иккинчи бўлимидаги жумлаларда ҳам шундай ҳолатни кузатиш мумкин. Бу жумлалар Париж нусхасида шундай берилган: “Yänä Jabrāil alayhissallām äytti: Ya ... , dоstlаr sarayïn türür yerlärin tafarruj qïldïŋ. Emdi, ... ta’ālānïŋ dušmanlarïnïŋ türür yerlärni taqï tafarruj qïlğïl teb” [Courteille 1882 :33]. Айни жумлалар иккинчи нусхада қуйидагича келган: “Jabrāil alayhissallām aytti: Ya Muhammad, dostlar sarayïn türür yerlärin tafarruj qïldïŋ. Emdi, Täŋri ta’ālānïŋ dušmanlarïnïŋ türür yerlärni dağï tafarruj qïlğïl deb” [Нуриддин Али 1511 :9b-10a].Иккала матнни таққослаш шуни кўрсатадики, биринчи нусхадаги жумлаларда Muhammad ҳамда Täŋri сўзлари йўқ. Паве де Куртейл “Меърожнома”ни нашр қилдирганда, мазкур жумлаларда Muhammad ва Täŋri сўзларини ёзиш учун уйғур ҳарфли қўлёзмада бўш жой қолдирилганини айтиб ўтган.3 Маълумки, Истанбул нусхасида Muhammad ва Täŋri сўзлари зархал рангда битилган. Демак, Париж нусхасида ҳам Muhammad ҳамда Täŋri сўзларини бошқа ранг билан ёзиш мақсадида улар ўрни бўш қолдирилган. Бироқ, бирон сабаб бўлганми, қўлёзма охиригача тугалланмай қолган. Матний тафовутнинг иккинчи тури жумлалардаги фарқлар бўлиб, ҳар иккала нусханинг матнида учрайди. Асарнинг Париж нусхасида шундай сарлавҳа қўйилган: “Rasul ‘alayhi-s-sallam Me’rājqa barğanï” [Courteille 1882 :1]. Истанбул нусхасида эса сарлавҳа қўйилмаган. Аммо асарнинг биринчи саҳифасида сарлавҳани ёзиш учун махсус жой қолдирилган. Бизнингча, хаттот шарқ қўлёзмаларини ёзиш анъаналарига мувофиқ сарлавҳани бошқа хат турида битишни режалаштирган. Биринчи қават осмондаги оқ хўроз тасвири Париж нусхасида қуйидагича: “Antïn ašïb bir aq xurus kördüm. Bašï Arš aldïnda, ayaqlarï yerdä. Bükri bolup türür” [Courteille 1882 :7]. Истанбул нусхасида сўнгги - Bükri bolup türür жумласини учратмаймиз. “Меърожнома”да ҳурлар ҳақида сўз бораркан, Париж нусхада шундай жумлаларни ўқиймиз: “Yänä hurlar har nečä tonlar kiymiš bolsa, bärčä tonlarï bir-biriniŋ аltïndïn körüngäy. Yänä tonlarï аltïnda etläri körüngäy. Etläri ičindä süŋäkläri körüngäy. Süŋäkläri ičindä yilikläri körüngäy. Yänä künülämäk bolmaǧay” [Courteille 1882 :32-33]. Истанбул нусхасида эса ҳурлар ҳақидаги жумлалар қуйидагича берилган: “Yänä hurlar har nečä tonlar kiymiš bolsalar, bärčä tonlarï bir-biriniŋ altïdïn körüngäy. Yänä tonlarï altïnda etläri körüngäy. Yänä künülämäk bolmağay”(В.9b). Кўриб турганимиздек кейинги нусхада “Etläri ičindä süŋäkläri körüngäy. Süŋäkläri ičindä yilikläri körüngäy” жумлаларини учратмаймиз. Бу каби мисоллардан кўриш мумкинки, қўлёзмаларда айрим жумлаларнинг тушиб қолиш ҳолатлари матннинг умумий мазмунига таъсир қилмаган. Париж нашридаги “Меърожнома”нинг иккинчи бўлимида Муҳаммад (с.а.в)нинг жаннат ҳамда дўзах саёҳати баён қилиниб, бу бўлим бошида “İmam Bağavi rahmatu’llahi ‘alayhi Masābih atlïq kitābïnda bu hadisnï keltirmiš türür” жумласидан кейин арабча ҳадис ўрнига “Farsi bitildi” [Courteille 1882 :25] (“форсча ёзилди”) деган жумла, шундан сўнг эса ҳадиснинг туркий таржимаси келади. Истанбул нусхасида “Farsi bitildi” жумласини учратмаймиз. Аммо, бу нусхада “İmam Bağavi rahmatu’llahi ‘alayhi Masābih atlïq kitābïnda bu hadisnï keltirmiš türür” жумласидан кейин 8а саҳифанинг иккинчи ва учинчи қаторларида қайд учун бўш жой қолдирилган. Асарлардаги матний тафовутларнинг яна бири сўзларни қўллашдаги фарқлар билан боғлиқ. Бунда баъзи сўзларни ифодалашда уларнинг муқобил варианти қўлланилганига гувоҳ бўламиз. Бешинчи қават осмонда Муҳаммад (с.а.в.)нинг ўзидан олдинги пайғамбарлар билан кўришгани ва суҳбатлашгани келтирилган. Улар томонидан айтилган жумлаларнинг бирида сўз қўллашдаги фарқни кўришимиз мумкин. Париж нашрида жумла шундай берилган: “Ummatlarïŋnï darxāst qïlğïl, - tedilär” [Courteille 1882 :13] (Умматларингни сўраб илтижо қилгин, - дедилар). “Ummatlarïŋğa du’ā qïlğïl dedilär” [Нуриддин Али 1511 4b]. (Умматларингга дуо қилгин, - дедилар). Асарда Муҳаммад (с.а.в) томонидан айтилган араб тилидаги ҳамд-у санонинг туркийдаги маъно таржимаси берилган. Париж нашрида: “Til birlä har nekim hamd-u sanā, tasbeh äytilsä, hämdä māl birlä sadaqa, zakāt, qurbān har türlük tā’at qïlsalar, Täŋri ta’ālāqa türür” [Courteille 1882 :19]. Истанбул нусхасида “Til birlä har nekim hamd-u sanā, tasbeh äytilsä, yänä māl birlä sadaqa, zakāt, qurbān har türlük tā’at qïlsa, Täŋri ta’ālāğa dürür” [Нуриддин Али 1511 :6a]. Бу ерда ҳам сўз қўллашда унинг эквивалентидан фойдаланганлик ҳолатига гувоҳ бўламиз. Сўз қўллашдаги фарқларга яна бир мисолни Париж нусхасидаги “Yänä Xadičadïn rasulnïŋ Abdullāh atlïq оğlï boldï” [Courteille 1882 :29] жумласи, ҳамда иккинчи нусхадаги худди шу “Yänä Xadijadïn payğambarnïŋ Abdullāh atlïq оğlï boldï” [Нуриддин Али 1511 :8b].жумласида кўришимиз мумкин. Ҳар иккала матнни қиёслаб, бир хил мазмунни ифода этган жумлани кўриб чиқамиз. Париж нусхасида жумла қуйидагича келган: “Yänä rasul alayhi-s-salām äyttikim: Učmaq ul qatunnïŋ ornï türürkim, Täŋri ta’ālā farmānïn yerigä yetkürgäy, taqï abušqasïqa til tekürgäy” [Courteille 1882 :37]. Француз шарқшуноси Паве де Куртейл мазмун тўғри ифодаланиши учун жумлада tekürgäy сўзи ўрнида tekürmagäy сўзини тақазо қилади деган фикрни билдирган [Courteille 1882 :37]. Шунда жумла “Učmaq ul qatunnïŋ örni türürkim, Täŋri ta’ālā farmānïn yerigä yetkürgäy, taqï abušqasïqa til tekürmägäy” (Жаннат ул хотиннинг ўрнидирки, Тангри таоло буйруғини бажаргай ҳамда, эрига тил теккизиб ранжитмагай) тарзида ифодаланади. Биз ҳам шарқшунос олимнинг билдирган фикрига қўшиламиз. Бунга аниқлик киритиш мақсадида, иккинчи нусхадаги матнни кўриб чиқсак. Истанбул нусхаси матнида, бу ўриндаги жумлалар бироз бошқача ифодаланган: “Yänä rasul alayhi-s-salām äyttikim: Tamuğ ul xatunlarnïŋ yeri dürürkim, Täŋri ta’ālā farmānïn yerigä yetkürmägäy, dağï abušqalarïğa til tekürgäy” [Нуриддин Али 1511 :11b]. (Яна расул алайҳиссаллом айтдики: Дўзах ул хотинларнинг еридирки, Тангри таоло буйруғини бажармагай ҳамда, эрларига тил теккизиб ранжитгай). Демак, ҳар иккала матндаги жумла мазмунан бир хил бўлиб, фақатгина биринчи нусхада tekürmagäy сўзи tekürgäy тарзида нотўғри ёзиб кетилган. Асарнинг Париж нусхасида “Farsi bitildi” жумласининг қайд этилиши “Мерожнома” асарини форс тилидаги “Наҳжу-л-фародис”дан туркийга ўгирилган, деган хулосага келишимиз учун асос бўла олади. “Меърожнома”га асос бўлган форс тилидаги “Наҳжу-л-фародис” эса ўз навбатида араб тилидан ўгирилганини айтиш мумкин. “Меърожнома” нусхаларини ўзаро қиёслаш натижасида уларда учрайдиган матний тафовутларни уч хил яъни, тушириб қолдирилган сўзлар, жумлалардаги фарқлар ҳамда сўзларни қўллашдаги фарқлар сифатида кўрсатиш мумкин. Асар нусхаларида бундай текстологик фарқлар мавжуд бўлсада, матннинг умумий мазмуни сақланган. Қўлёзмалар турли даврда кўчирилганлиги сабабли, вақт ўтиши натижасида айрим сўзлар истеъмолдан чиқиб, улар ўрнига халқ тушунадиган сўзлар қўлланилган. Натижада эса асарни кейинги даврда кўчирилган нусхасида сўз қўллашдаги айрим фарқли жиҳатлар юзага келган. Қўлёзмаларни ўзаро чоғиштириш натижасида ҳар иккила қўлёзма кўчирилишида асарнинг турли вариантларига асосланилган. Бироқ уйғур хатидаги қўлёзма кейинги даврда кўчирилган араб ёзувли нусхага билвосита таянч манба бўлиб хизмат қилган. Умуман, туркий “Меърожнома” асари адабиётимиз ҳамда тилимиз тарихининг қимматли ёдгорлиги бўлиб, уни ўқиб-ўрганиш манбашунослар олдида турган вазифалардандир. Download 93.5 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
1 2
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling