Ҳукмдор олий ҳазратлари лоренцо деи медичига — никколо макиавеллидан
XXIII б о б ТИЛЁҒЛАМАЧИЛАРДАН САҚЛАНИШ ЙЎЛЛАРИ
Download 0.58 Mb. Pdf ko'rish
|
nokolo makivelliy
XXIII б о б
ТИЛЁҒЛАМАЧИЛАРДАН САҚЛАНИШ ЙЎЛЛАРИ Ҳукмдорларнинг одамни фарқлай олмасликлари ва зукколиги етишмаслиги оқибатида ўзларини тиёлмай йўл қўядиган бир камчиликларини айтиб ўтмоқчиман. Зероки бу ҳам муҳим масалалардан биридир. Бу сохта мақтов ва тилёғламачилар масаласидир. Ҳар бир саройда тилёғламачилик ва тилёғламачилар жуда кўп ўралашади. Ҳукмдорлар ҳам хом сут эмган бандадирлар: ўта шуҳратпараст, ўзларига ортиқча баҳо берувчи эканликларидан бу ифлосликка чап беришлари жуда мушкул бўлади. Лекин масаланинг иккинчи томони ҳам бор: тилёғламаликни таг-туги билан йўқотишга киришган ҳукмдор атрофидагиларнинг назари беписандлигига учраши мумкин. Чунки, хушомад ва тилёғламаликни йўқотишнинг бирдан-бир йўли — сенга ҳақиқатни охиригача, тўғри гапирганида ҳам хафа бўлмаслигингни одамлар онгига сингдиришдир. Мабодо шунга эришсанг-у, одамлар бетингга барини тўғри гапираверсалар, сенга кўрсатишлари лозим бўлган иззат-ҳурматни кўрсатмай қўядилар. Шунинг учун доно ҳукмдор учинчи йўлни танламоғи керак, яъни: дилида нимаики гап бўлса барини очиқ гапириш ҳуқуқини ўзи танлаб олган бир неча ақлли одамгагина бериши лозим. Бироқ шунда ҳам фақат сўралган мавзуда. Бошқа мавзуни аралаштирмасин. Сен ҳамма мавзу ва соҳа хусусида савол беришинг, охиригача эшитишинг керагу, бироқ қарорни ўзинг чиқаришинг шарт. Мажлисларда ҳар бир маслаҳатчи билан ўзингни шундай тутишинг керакки, у қанчалик қўрқмасдан фикрини очиқ айтса шунчалик маъқул эканлигини сезсин, буни бошқалар ҳам кўриб турсин. Мажлисдан ташқарида эса ҳеч ким билан маслаҳатлашмасдан, ҳеч кимга қулоқ солмасдан мақсад томон шахдам юриш, қабул қилинган қарорни қатъий ушлаш керак. Бошқача йўл тутган ҳукмдор ё тилёғламачининг асири бўлади, ё қарама-қарши таклифларни эшитаверганидан фикрини ўзгартиравериб обрўсини тўкади. Ҳозирги замондан бир мисол келтираман. Император Максимилианнинг ишончли кишиси — руҳоний ота Лука, олий ҳазратнинг феъл-атвори ҳақида: у киши ҳеч кимдан маслаҳат олмайдилар, лекин ўз билганларича иш ҳам тутмайдилар. Император биқиқ, нияту режаларини бировга айтмайдиган, бировга маслаҳат солмайдиган тоифаданлар. Бироқ режалари амалга ошабошлагач, атрофидагилар эътироз билдира бошлашади ва император феъллари бўшлигидан ниятларидан қайтадилар. Оқибатда бугунги қарор билан бошланган иш эртага бекор қилинади ва императорнинг истаклари қанақа, мақсадлари нима эканлигини ҳеч билиб бўлмаслигидан қарорларига ҳам ишониб бўлмайди, деб ҳикоя қилинади. Бунинг бари биз юқорида айтган қоидаларга амал қилмаганликдандир. Шундай қилиб, ҳукмдор ҳамиша бошқалар билан маслаҳатлашиши лозим. Фақат, бировлар истаганда эмас, ўзи истаган пайтда. Сўралмаган пайтда маслаҳатини бераётганларни эса, оғзига уриб танбеҳ бермоқ лозим. Бироқ ўз ташаббуси билан ҳукмдор ҳамиша кенг кўламда, ҳар соҳада маслаҳат солиши, сўраганларини эса тоқат билан эшитиши, кимдир ҳақиқатни очиқ айтишга хавотирланаётганини сезса, ўзи хавотирга тушиши керак. Кўпчилик, донолиги билан овозаси чиққан ҳукмдорлар бу машҳурликка ўз ақллари ҳисобига эмас, боёнларининг маслаҳатлари ҳисобига эришганлар деб ўйлашади. Бу фикр хатодир. Чунки, истисноси бўлмаган бир қоиданинг айтиши бўйича, ақлу доноликдан маҳрум ҳукмдорга ақлли ва доно маслаҳат бериш бефойдадир. Бундай ҳукмдор доно маслаҳатни тасодифан, шунда ҳам ўзи тамомила ишонадиган ақлли вазирининг айтганидан сўнг қабул қилиши мумкин. Ишни бир вазирга ташлаб қўйиш, ҳаётда эҳтимоли бор нарса. Лекин бўлганда ҳам бу нарса, тез орада вазирнинг ҳукмдор бўлиб олиши билан битади. Доноликдан маҳрум ҳукмдорнинг маслаҳатчилари кўп бўлган ҳолда ҳам у қарама-қарши фикрларни чоғиштиролмайди, боз устига ҳар бир маслаҳатчи ўз манфаатидан келиб чиқиб гапирганини ҳам тушунолмайди ва чора кўролмайди. Маслаҳатчининг бошқа тури эса ҳаётда бўлмайди. Зероки табиати ёмонлигидан, одам зоти фақат мажбур бўлгандагина яхшилик қилиши мумкин. Хулоса шуки, доно ва оқил режалар — маслаҳат ким томонидан берилишидан қатъи назар, фақат ҳукмдорларнинг доно ва оқиллигидан туғилади. Аксинча, яъни доно ва оқил маслаҳатлар туфайли доно ва оқил ҳукмдор ҳеч қачон пайдо бўлмайди. Download 0.58 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling